1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот — молиявий ибодат

05:00 / 16.01.2017 5034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимиз маънавий меросининг нодир намунаси «Алпомиш» достонида бойсунлик ака-ука бийлар Бойбўри билан Бойсарини бир тушунмовчилик билан юз кўрмас бўлиб кетишади. Ука ҳатто ота юртидан бош олиб кетишгача боради. Нафақат икки қариндошни, балки бутун бошли ўн минг уйли Қўнғирот элатини ҳам ларзага солиб, ҳаётларини ўзгартириб юборишга сабаб бўлган масала — закот эди.  


Закот бериш молиявий имконияти бор мусулмон кишига Аллоҳ томонидан фарз қилинган амал, Исломдаги бош рукнлардан. Закот иккинчи ҳижрий санада Мадинада фарз қилинган. Қуръони каримнинг йигирма етти ўрнида намоз билан баробар закот ҳақида зикр қилинади. Закот ояти карима ва Пайғамбаримизнинг кўплаб ҳадисларида фарз қилингани боис молиявий ибодат, дейилади.  

Бундан ташқари, у эзгу инсоний ғоялар, ахлоқий тавсиялар ва маънавий қадриятларни ҳам мужассам этган. Зеро, закот орқали берувчига ҳам, олувчига ҳам, жамиятга ҳам манфаат етади. 

Закот Аллоҳ таоло инсонларга берган неъматларига шукр қилиш ҳамдир. Имом ўаззолий шундай дейди: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва дунё неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар эса дунё неъматининг шукри». Мамлакатимизда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукмрон. Фаровон ҳаётимиз учун доимо шукр этмоғимиз, тинчлик ва маъмурчиликни қадрламоғимиз керак.

Закот ҳикматларидан бири яна шундан иборатки, у туфайли жамиятда ўзаро тенглик қарор топади, илиқ муносабатлар қарор топади, берувчининг моли покланиш баробарида талафотдан асралади, кўпайишига замин тайёрланади. 

Закотни адо этиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳга яқинлаштиради, иймоннинг ортишига сабаб бўлади, мол учун закот ўташ ўташ гуноҳлардан фориғ бўлишга ҳам олиб келади. Зеро, у  садақа кабидир. Садақа эса, ҳадисларда таъкидланганидек, сув оловни ўчиргани каби гуноҳларни ўчиради. Ёки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, «Бирон-бир садақа молни камайтирган эмас!»

Закот бериш орқали киши муҳтож, камбағал-бечораларга раҳм-шафқат кўрсатади, уларнинг дард-аламларини ҳис қилади. Бу эса, закот берган кишининг руҳияти тиниқлашиб, қалб чигалларининг ёзилишига энг яхши омилдир. 

Тақдим этилаётган закот туфайли қайсидир ҳожатманднинг ҳожати раво бўлиб, муҳтожнинг эҳтиёжи қопланди. Ўксиклар дили чароғон бўлади.  Закот ва хайру эҳсоннинг яна бир хосияти шундаки, у туфайли кишининг хатою камчиликлари унутилади, ҳурматга, муҳаббатга сазовор бўлади. Ўз навбатида инсон феъл-атворидаги бахиллик, зиқналик каби нуқсонлар ҳам барҳам топади. 

 Юқорида молиявий ибодатнинг жамият учун ҳам фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидлагандик. Дарҳақиқат, ижтимоий ночор қатлам эгалари —  бева-бечора, етим-есир, имконияти чекланган, якка-ёлғиз, қаровга муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олинади, моддий эҳтиёжларининг бир мунча қопланиши эса, уларга маънавий далда ҳам беради.

Қолаверса, закот жамиятда иноқлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, молиявий ибодатни бажариш давлатга қут-барака киришига ҳам сабаб бўлади. Иккинчи томондан, закот тадбиркорликнинг ривожланишига ҳам туртки бўлади. Молидан закот бериб юрувчи одам ўз сармоясини кўпайтиришнинг янгича усулларини топишга ҳам ҳаракат қилади. Чунки нисобга етган мол айлантирилмай турса, маълум вақтдан сўнг закотга бутулай «ем» бўлиши ҳеч гапмас. Сармоянинг муттасил ҳаракатда туриши эса нафақат тадбиркор учун, балки, давлат ва жамият учун ҳам иқтисодий юксалишни таъминлайди. 

Молиявий ибодат учун муайян миқдордаги маблағга эга бўлиш жоиз. Бу нисобдир. Закот тилла, кумуш, пул, деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз томонидан қатъий белгиланган. Тилланинг нисоби 20 мисқол (85 гр.) бўлиб, ундан  0,5 мисқол (2,5 гр.), яъни  қирқдан бири.  закот учун ажратилади. 

Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.

Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида, нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун бир йил давомида кўпайиши, ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо ем-хашак 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Бундан ташқари, нақд пул ва тижорат молларидан ҳам закот берилади. 

Закотнинг савоби мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга бериш муҳим. Айни пайтда юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув-шартнома тўловларига ёрдам бериш энг мустаҳиқ ўринлардан бири, дейиш мумкин. Зеро, улар келажакда юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлиб етишадилар. 

Закот ота-она, фарзандлар, эр-хотин ўртасида берилмайди, масжид ва турли ишлаб чиқариш корхоналари қурилишига ҳам сарфланмайди. Шунингдек, ўзи яшаб турган ҳудуд ва шаҳарда фақир ва мискинлар қолиб, ўзга ҳудудлардаги муҳтожларга юбориш ҳам макруҳ. Закотни беришда маслаҳат ила маълум ўринларга, юқорида қайди келган закотни олишга ҳақли бўлган, эҳтиёжманд кишиларга бериш амалнинг айни қабул шартидир. турли нопок ғаламис кишиларнинг қўлига бериб қўйиб, алалоқибат афсус ва надомат чекишдан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ушбу маънавий ибодатни адо этмоққа чоғланганлар, аслида эл-юрт манфаати, мискинлар фароғатини ўйлаган дарёдил кишилар десак, янглишмаймиз.


Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин»

жомеъ масжиди имом хатиби.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки У Зот исрофчиларни яхши кўрмас,, деган Анъом 141.Шарҳ Ушбу оятда Аллоҳ зироат экинлари давоми...

3650 05:00 / 14.01.2017
Закотни адо қилувчи банданинг зиммасида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак. У уч нарсадан иборат Аллоҳ давоми...

3772 12:50 / 12.06.2018
Молмулклар ичида ўзидан закот олинмайдиган, лекин эгасига даромад келтириб турадиганлари бор. Ҳозирда баъзи кишилар кўплаб бинолар қуриб, ижарага қўядилар ва давоми...

2974 05:00 / 14.01.2017
. .Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва ҳар бир ўттиз сигирдан битта эркак ёки давоми...

2197 09:00 / 01.05.2021
Аудиолар

120102 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021