1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Зафар топган мўминлар

14:38 / 15.03.2018 5517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар.

Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг зафар топишларига очиқ-ойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Суранинг аввалида «Батаҳқиқ» – «ҳақиқатан» сўзи билан бошланган жумла шунга далолат қилади. Қолаверса, жумланинг охирида «зафар топдилар» дейилиши нажот бўлиши аниқлигини билдириб, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди. Аслида, «зафар топадилар» дейилиши керак эди. Аммо «зафар топдилар» дейиш «албатта зафар топадилар» деган маънодан ҳам кучлидир.

Бу таъкиддан кейин Аллоҳ таоло ўша нажот топган мўминларнинг сифатларини зикр қилади:

«Муъминун» Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.

Хушуъ қўрқув билан сокинликнинг бирга қўшилганидир. Мазкур зафарга эришувчи мўминларнинг сифатларидан бири – намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида қалбларини, вужудларини, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир. Бу ҳолат эса фақат намозни олий даражада қойилмақом қилиб адо этадиган мўминлардагина бўлади. Ўша мақомга етган мўмин зафардан умид этишнинг битта сабабини ўзида мужассам қилган бўлади. Намозни хушуъ билан ўқимайдиган, қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш ва сокинлик ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин, тезда ўзини ўнглаб олсин.

«Муъминун» Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир.

Беҳуда сўз, беҳуда иш, беҳуда тафаккур, беҳуда ҳис-туйғу, умуман, беҳуда нарса учун мўмин кишининг қалбида жой йўқдир. Чунки мўмин инсоннинг қалби иймон билан тўла бўлади. Унинг қалби Аллоҳнинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳнинг амрларини тафаккур этиш билан банд бўлади. Мўмин кишининг қалбида бошқа нарсага жой йўқдир. Шунинг учун у беҳуда нарсаларга умуман тоқат қила олмайди, улардан юз ўгиради.

Ана ўша даражага етган мўмингина зафардан умид қилса бўлади.

«Муъминун» 4. Улар закотни адо қилувчилардир.

Мўминлар ўз шахслари, ибодатлари ва қалбларинигина эмас, молларини ҳам поклаб юрадилар. Мазкур иш молдан закот чиқариб, ҳақдорларга бериш билан бўлади. Зотан, «закот» сўзи ҳам поклаш маъносини билдиради. Мўмин инсон ҳалолдан топган молини поклаш учун закот беради. Аллоҳ таолога молиявий ибодат қилади. Ана ўшандагина нажотга эришишнинг шартларидан бирига амал этган бўлади. Молидан ҳақдорларга закот чиқариб бермаган одам бу мартабани умид қила олмайди.

«Муъминун» Улар фаржларини сақловчилардир.

«Муъминун» Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар.

Мўмин кишилар ўз қалблари, шахслари, ибодатлари, сўзлари ва ишлари ҳамда молларини покиза тутишлари билан бирга, жинсий ҳаётларини ҳам пок юритадилар. Бу эса ўз навбатида, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти поклигига далолат қилади. Мўмин кишилар фақат ўз жуфти ҳалоллари ва мулк бўлиб тушган чўрилари билангина алоқа қиладилар. Бошқа жинсий алоқалар мўминлар учун ҳаромдир. Бу поклик бошқалари қатори, ниҳоятда зарур покликдир. Шу туфайли, аввал айтилганидек, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти покланади. Шу туфайли инсоннинг насли пок бўлади. Зинодан сақланиш мўминларни нажотга элтувчи мазкур асосий сифатлардан биридир. Бусиз ул нажотдан умид қилмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам келгуси оятда айтиладики:

«Муъминун» Ким ана шундан бошқани тиласа, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир.

Яъни кимки жуфти ҳалоли ва чўрисидан бошқа билан жинсий яқинлик қилишни тиласа, тажовузкор бўлади, ҳаддидан ошган бўлади, гуноҳкори азим бўлади.

«Муъминун» Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир.

Мўминлар якка ҳолларида ҳам, жамоат ҳолларида ҳам омонатларига ва аҳдларига риоя қиладилар. Ўзлари билан Аллоҳ таоло орасидаги омонатларга ва аҳдларга риоя этадилар.

Мўмин билан мўмин орасидаги омонатларига ва аҳдларига риоя қиладилар.

Ўзлари билан ўзгалар орасидаги омонатлар ва аҳдларга ҳам риоя қиладилар. Омонатга ва аҳдга риоя қилмаслик мўминликка зиддир. Ушбу сифатни ўзида мужассам қилган мўмингина зафарга эришиш учун зарур сифатлардан бирига эга бўлади.

«Муъминун» Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир.

Яъни улар намозларини ўз вақтида, бекаму кўст адо қилувчилардир.

Мўминларнинг зафарга эришиш сифатларининг аввалида намозни хушуъ билан адо этиш келган эди, энди эса ўша сифатларнинг охирида намозни муҳофаза қилиш – ўз вақтида, бекаму кўст, фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларини жойига қўйиб бажариш келмоқда.

Бу эса мўмин кишининг ҳаётида намознинг аҳамияти нақадар катта эканини кўрсатади.

Мазкур сифатлар мўминларни алоҳида ажратиб кўрсатиб турувчи сифатлардир. Ўша сифатлар уларни зафарга элтади. Аслида бу дунёда инсоннинг баркамол саодатга – зафарга эришиши нисбий бўлиб, чин зафар – абадий саодатга у охиратда эришади. Шунинг учун мазкур сифатларга эга бўлган мўминлар ҳам мартабаларининг ҳақиқийсини охиратда оладилар.

«Муъминун» Ана ўшалар ворис бўлувчилардир.

«Муъминун» Улар Фирдавсни мерос олурлар, улар унда мангу қолувчилардир.

Ана ўша юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган мўминлар иймонлари ва солиҳ амаллари учун Фирдавс жаннатига ҳақдор бўладилар.

Имом Аҳмад, имом Термизий, имом Насаийлар Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ушбулар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлган вақтда у зотнинг юз томонларида асалари овозига ўхшаш овоз чиқар эди. Бир куни шундай бўлди. Бир оз кутдик. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзландилар ва икки қўлларини кўтариб: «Аллоҳим! Бизни зиёда қилгин, нуқсонга учратмагин, мукаррам қилгин, хор қилмагин, атолар бергин, маҳрум қилмагин, устун қилгин, остин қилмагин, биздан рози бўлгин, бизни рози қилгин, – дедилар. Сўнгра: – Батаҳқиқ, менга ўн оят нозил қилинди. Ким уларни тўлиқ адо этса, жаннатга киради», – дедилар-да, «Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар»дан бошлаб ўн оятни охиригача ўқидилар».

Имом Насаий ривоят қилган яна бир ҳадисда Язид ибн Бабнус қуйидагиларни айтадилар:

«Биз мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳога:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай бўлган эди? – дедик. У:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон бўлган эди! – деб, «Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар» оятидан то «Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир» оятигача тиловат қилди ва: – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари мана шундай эди, – деди».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани орқасига давоми...

4990 17:23 / 17.08.2017
Маълумки, Ҳазрати Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло барча фаришталарни таъзим қилишга буюришининг асосий сабаби, у зотнинг илмлари шарофатидир. Дарҳақиқат, илм ва давоми...

3359 16:27 / 26.12.2017
Ва чап тараф соҳиблари... Чап тараф соҳиблари недирСамум ва қайноқ сувдадирлар.Оловли шамол ndash самум кишининг баданини ташқаридан тешиб ўтувчи шамолдир.Қайноқ давоми...

3870 17:39 / 28.01.2018
Қуръон билан даволаш руқя қилиш ndash касалга шифо топиш мақсадида Қуръон ўқиб дам солиш жоиздир. Бунинг эвазига ҳақ олиш ҳам жоиз.Бухорий ва бошқа имомлар Оиша давоми...

1905 19:00 / 27.12.2022
Аудиолар

120319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41958 14:35 / 11.08.2021