1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Юзланиш кеч қолганини ҳисобга ол

14:55 / 10.12.2017 3024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотдан сенга ато кеч қолганини ҳисобга олма, лекин ўзингдан юзланиш мавжудлиги кеч қолганини ҳисобга ол.

Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган. Бундай қилиш билан инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бандаларини уларнинг ҳавойи нафсларига ва рағбатларига тўғри келмайдиган турли мусибатлар ва хираликлар билан синаб туришни ҳам ирода қилган. Аллоҳ таоло ушбу ҳақиқатни Қуръони Карим оятларида баралла эълон қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир» (155-156-оятлар).

Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».

«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», дейди Аллоҳ таоло. Бошига шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:

«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».

Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. ­Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».

«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.

Кўпчилик мўминлар, хусусан, муридлар бошларига мусибат ва ташвиш тушганда ушбу ояти каримага амал қилиб, Аллоҳ таолога тазарру ила ёлворадилар, илтижо билан дуолар қиладилар. Бошларига тушган мусибатни аритишини, ҳожатларини раво қилишини ва мушкулларини кушойиш айлашини сўрайдилар. Шу билан бирга, дуолари тезда қабул бўлмаса, ташвишга тушадилар, нимага дуоимиз қабул бўлмаяпти, дея сиқиладилар ва уларда ноумидлик аломатлари пайдо бўлади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ биз ўрганаётган ушбу ҳикматида ана ўша ҳолатни муолажа қилмоқда:

«У Зотдан сенга ато кеч қолганини ҳисобга олма».

Аллоҳ таолонинг дуони тезда ижобат қилмаслигининг бир неча сабаблари бўлади:

– Ғофил қалб ила қилинган дуо қабул бўлмайди.

– Ҳаром таом еган одамнинг дуоси қабул бўлмайди.

– Имом Табароний, Байҳақий, ал-Мунзирий ва бошқалар қилган ривоятда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳақида бундай дейдилар:

«Токи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмагунича ҳеч бир дуо қабул бўлмас».

– Дуо қабул бўлишига шошилиш.

– Дуода ҳаддан ошиш, шариат кўрсатмасига хилоф қилиш.

– Гуноҳда бардавом бўлиш ва бошқалар...

Ушбуларнинг барчаси бандадан содир бўлган нуқсонлардан иборатдир. Демак, дуонинг қабул бўлмаслиги, Аллоҳ таолонинг атоси бандага кеч қолишининг асосий сабаблари банданинг ўзидан содир бўлган камчиликлардан иборатдир. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўша камчиликларни бир сўз билан ифодалаб, қуйидаги жумлани келтирмоқда:

«Лекин ўзингдан юзланиш мавжудлиги кеч қолганини ҳисобга ол».

Лекин, эй ғофил банда, ўзингдан Аллоҳ таоло томон юзланиш, У Зот сенга юклаган вазифаларни адо этиш кеч қолганини ҳисобга ол. Ана шунда Аллоҳ таолонинг атоси сенга тезда келади, кеч қолмайди.

Юқорида сифатланган ҳолатда бандада ражо – умидворлик ҳолати устун бўлиб, хавф ҳолати пастлаган бўлади. Бундай ҳолатда банда Аллоҳ таолодан сўраган нарсасини тезроқ беришини, яна зиёда ҳам беришини умид қилиб шошилаверади. Аммо Аллоҳ таоло унга юклаган масъулиятларни адо этмай юрганидан қўрқмайди. Хавф мақоми ҳам ражо мақоми билан баробар бўлиши кераклигини билгиси ва тан олгиси келмайди. Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, қуйидаги ҳадисда сифати зикр қилинган ожиз одамдан иборат нусхага айланиб қолади.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зийрак – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Ожиз – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсалар орзу қилган одамдир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Ўзини билган банда Аллоҳ таолодан бир нарса умидида бўлишдан аввал У Зотнинг айтганини қилиб қўйиши кераклигини яхши билади. Ундай банда қуйидаги ояти кариманинг маъносини вужудига сингдирган бўлади.

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади:  

«Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, сизга ҳам ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур» (7-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга улар учун энг маҳбуб бўлган нидо ила мурожаат қилиб:

«Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз…» демоқда.

Албатта, бу илоҳий нидо мўмин-мусулмонларнинг ҳимматларини олий даражада қўзғаб, ҳар қандай оғир таклифнинг ҳам улар томонидан жон деб бажарилишига олиб келади. Худди ана ўша таклиф нидодан сўнг бевосита келмоқда.

«…Аллоҳга ёрдам берсангиз…» дегани «Аллоҳнинг динига хизмат қилсангиз» деганидир. Чунки Аллоҳ таоло ёрдамга муҳтож эмас. Шунингдек, Аллоҳнинг дини ҳам ёрдамга муҳтож эмас. Парвардигори олам хоҳласа, Ўз динининг ҳимоясини қилиб олади. Бу ерда бандаларга савоб ишлаш, ўз мақомини юксалтириш учун шароит яратиб берилмоқда, холос.

Демак, Аллоҳга ёрдам бериш Аллоҳнинг динига хизмат қилмоқ, Аллоҳнинг амрларига бўйсунмоқни билдиради. Кўҳна тарих шоҳид, мусулмонлар Аллоҳга ёрдам берган пайтларида, улар оз, кучсиз бўлишларига қарамай, Аллоҳ ҳам уларга ёрдам бериб, мусулмонлар дунёни эгаллаганлар ва ҳамманинг олдига тушган пешқадам халқ бўлганлар.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, банда ўзидан Аллоҳ таолога юзланиш кеч қолганини ҳисобга олиб, зудлик билан тавба қилса, гуноҳлардан ажраб чиқса ва Аллоҳ таолонинг айтганида юриб, қайтарганидан қайтса, бутунлай У Зотнинг Ўзига юзланса, ҳамма нарса ўрнида бўлади. Аллоҳ таоло унга атосини кечиктирмайди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Менинг аҳдимга вафо қилинг, Мен ҳам сизнинг аҳдингизга вафо қилурман» (40-оят).

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бандаларидан фаришта сифатли бўлиб, хато қилмайдиган маъсум ҳолатга киришларини талаб қилмайди. Ҳамма нарса инсонлик доираси ва чегарасида бўлиши кераклигини баён қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Тағобун сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг...» ­(16-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Ўзига иложи борича ва имкони борича тақво қилишга даъват этяпти, буюряпти.

«Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг…»

Тақвонинг чегараси йўқ, қанча кўп бўлса, шунча яхши. Лекин инсоннинг ўзини ортиқча такаллуфга уринтириши Ислом ғояси эмас. Аллоҳ таоло бандаларини тоқатидан ташқари ишларга буюрмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Сизларни бир ишга буюрсам, қўлингиздан келганича қилинг, бир ишдан қайтарсам, ундан қайтинг», деганлар. Демак, итоатнинг чеки йўқ, аммо ман қилинган нарсалар бўлакларга бўлинмайди, уларнинг ҳаммасини бирдан адо этиш даркор. Илоҳий амрларни оқилона тинглаб, уларга итоат этиш ҳар бир иймонли шахснинг бурчидир.

Шу билан бирга, мўмин банда камчиликлар йиртиғини ислоҳлар ямоғи билан тузатиб бориши лозимдир. Ўзидан ўтган саҳв ва хатоларни тузатиб, Аллоҳ таолога тавба қилиб, мағфиратини сўраб туриши матлуб.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилиб қўйганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. – Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? – Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар» (135-оят).

Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ҳозир ўрганаётган ояти каримамизда тақводорларга улкан даражалар ваъда қилинмаётир. Лекин ушбу оятда фаҳш иш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу нимага далолат қилади? Бу Ислом динининг бағри кенглигига далолат қилади. Бу Исломда инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билиб, ўзига яраша муомала қилинишидан далолат беради. Инсон нима бўлганда ҳам инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавойи нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётгандек,

«…Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».

Хўш, буларга қандай муносабатда бўлиш керак? «Сен фалон ишни қилиб қўйдинг, бўлди, энди умидингни узавер», дейиладими? Йўқ!

Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалиги, ожизлиги тутиб, баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса:

«…Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».

«...Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар».

Ана шундагина улар тақводорлар сафига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлмайдилар. Аммо тавба қилмасалар ва билиб туриб, яна гуноҳларида давом этаверсалар, бу имконият уларга ҳеч қачон берилмайди.

Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлиги тутиб, гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида мағфират бобидаги барча оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида «Тавба қилдим», деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга У Зотдан бизга ато кеч қолганини ҳисобга олмай, ўзимиздан юзланиш мавжудлиги кеч қолганини ҳисобга оладиган бандалардан бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

3739 13:51 / 02.03.2018
Бандага бу дунёда учрайдиган барча нарсалар икки турга бўлинади унинг ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган ва мувофиқ келмайдиган нарсалар. Банда буларнинг иккисида давоми...

4007 21:04 / 07.05.2018
Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсалар яхшилаб ўрганиб чиқилса, шукрнинг давоми...

3095 17:40 / 27.05.2018
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга давоми...

3342 21:04 / 18.02.2018
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40706 14:35 / 11.08.2021