1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ясаб беришни талаб қилиш

05:00 / 17.02.2017 2953 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саноатчидан нарса ясашни талаб қилиб, уни сотиб олишга истисноъ дейилади. Саноатчидан талаб қилинган нарса аслида тайёр бўлмайди. Истисноъ муайян харидор учун ишлаб чиқариладиган нарсадир. Бугунги кунда бозорга олиб чиқилаётган, аввалдан харидори маълум бўлмаган ишлаб чиқариш биз сўз юритаётган саноат эмас. Истисноъ асосан кийим тикиш, эшик-дераза ясаш ва кўрпа тайёрлаш каби қўл саноати ҳамда кичик ҳунармандчиликда бўлади.

Истисноъ салам ва ижара савдосига ўхшаб кетади. Бунда ҳам салам савдосидаги каби шартнома тузилаётган пайтда савдо молининг ўзи бўлмай, фақат хомашёсигина мавжуд бўлади. Истисноъда ҳам саламдаги каби ясаб бериладиган нарсанинг сифати аниқ айтилади. 

Ижарага ўхшашлиги, харидор ясаб берувчи билан шартнома тузганда, ясаб берувчи ижарага ишлаётган ишчига ўхшаб қолганлигидандир. 

Лекин шу билан истисноънинг салам ва ижара савдоларидан фарқ қиладиган жиҳатлари ҳам бор. Истисноъда буюртма  шартнома қилинаётганда ёки топширилаётган вақтда бозорда унинг ўхшаш бўлишлиги шарт қилинмайди. Салам савдосида бу шарт эди. Яна истисноъда муддатни белгилаш вожиб эмас. Баъзида тезроқ ясаб беришни талаб қилиши ҳам мумкин. Абу Ҳанийфанинг икки соҳиблари (Абу Юсуф ва Муҳаммад) муддатни белгилашга ижозат берганлар. 

Яна истисноъ шартномаси вақтида буюртманинг пулини олдиндан бериб қўйиш шарт қилинмайди. Баъзида оз миқдорини бериб қўйиш ҳам мумкин. Келишаётган вақтда гоҳо нархни аниқ белгиламаслик ҳам мумкин. (Сиз ясаб беринг, унга қараб нархини келишамиз дейиши мумкин). Шундан бу келишув бузиб бўлмайдиган шартномалар жумласига кирмайди. 

Истисноънинг ижарадан фарқи бунда хомашё устанинг ўзи томонидан топилади. Агар харидор устага хомашёни келтириб берганда, ижара бўлар эди. 

Салам ва истисноънинг ўртасидаги баъзи ўхшаш жиҳатларига назар солсак, фуқаҳоларимиз истисноъ масаласини саламдан кейин, гоҳида салам масаласининг ичида баҳс қилганликларини кўрамиз. 

Огоҳ бўлиш керакки, салам савдоси экин-текин, мева-чеваларда тузилганидек, сифати аниқ бўлган саноат молларида ҳам тузилади. Агар бир буюртмани аниқ муддатга белгилаб, ўша мажлисда тўлиқ нархини берилса, у салам ҳукмида бўлади. Ушбу ҳукм деҳқончилик ёки саноат маҳсулотларида ҳам салам қилишликка тегишлидир. Вақтни белгиламай, нархни олдиндан бермай қилинадиган истисноъ шартномасига ҳанафийлар истиҳсон юзасидан ижозат беришган. Бошқа фуқаҳоларнинг бу кўринишдаги истисноъга ижозатлари йўқ. Ижозат берган уламоларнинг далил қилиб келтирган ҳадислари собит эмас ёки лафзи собит бўлса-да, маъносида мулоҳаза бор. 

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий саллолоҳу алайҳи васаллам узук ясаб беришга истисноъ яъни  буюртма қилдилар. 8/165. 

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда минбар ясаб беришга истисноъ қилдилар дейилган. 2/109.


Ушбу истисноъ ҳанафийлар рухсат берган истисноъми ёки устанинг муайян амалини ижарага олишми? 


Фуқаҳолар хатто улардан ҳанафийлар ҳам истисноъни қиёсга кўра жоиз эмас, деганлар. Чунки, бу кишининг ўзида йўқ нарсани савдо қилишдир. Лекин гоҳида уста ўзида бор нарсани савдо қилмоқда, у ушбу ҳунардан хабардор, хомашёга эга ва уни ишлаб чиқаришга ҳам имконияти етарли дейилади. Харидор эса устадан ёки бошқадан хомашёни сотиб олиб, унинг устанинг қўлига нарса ясаб бериш учун топширгандек бўлади. Бунда нарсанинг нархини тўлиқ ёки камроқ бериши баробардир. Агар тўла берса, нақд савдо, озроқ бериб, қолганини буюртма битгач берса, насия савдо қилинган бўлади. 

Истисноъ масаласида муҳим нуқта бор. Абу Ҳанийфа ва имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳ наздларида истисноъ лозим бўлмаган шартномадир. Бунда икки томоннинг ҳам ихтиёри мавжуд. Сотувчи ясалган нарсани буюртма бергандан бошқа кишига сотиб юборишлиги мумкин. Чунки буюртмачи билан уста хомашё ва ясаб беришлик асосида келишишган. Муайян бир нарса устида келишув бўлмаган. Агар уста буюртмадаги тайёр бўлган маҳсулотни буюртмачига кўрсатса, устанинг ихтиёри соқит бўлади. Энди буюртмачи маҳсулотни қабул қилса савдо боғланади, қабул қилмаса боғланмайди.

Бу масалада кучли гап Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг ва «Мажаллатул аҳком ал-Адлия»нинг келтирган фатвосидир. Унда истисноъ келишувини амалга ошириш икки тарафга ҳам лозимдир дейилган. Чунки, талабгор буюртма берган маҳсулотни уста бошқа одамга сотиб юборса ёки уста ваъда қилиб ваъдасининг устидан чиқмаса, талабгорнинг хотиржамлиги йўқолади. Энда бошқа уста топиб, унга буюртма қилишга вақти етмайди. Шунингдек, уста буюртма қилинган маҳсулотни ўзига хос сифат билан тайёрласа, мисол учун маҳсулот оёқ кийими бўлиб унинг ўлчови 45 бўлса, агар буюртмачи уни олмай ташлаб кетса, бундай ўлчамдаги оёқ кийимининг харидори одатда кам бўлади. Натижада, уста маҳсулотга, вақти ва хомашёсига куйиб қолиши мумкин. Демак, уста ўзидан талаб қилинган маҳсулотни мувофиқ сифатда тайёрлаши, буюртмачи эса шартномада талаб қилинган сифатга мувофиқ маҳсулотни олиши вожиб бўлади. 

Ушбу  янги пайдо бўлган муомалалардаги қабул қилинган  қоиданинг кўринишидир. Муомалаларнинг барқарорлиги учун, жанжалларнинг олдини олиш, вақт, мол ва жидди-жаҳд зое бўлмаслиги учун энг тўғри йўл шудир.

Гоҳида истисноънинг аниқ муддатини белгилаб қўйиш ҳам мумкин. Шартномаларни амалга оширишда ваъдага вафо қилиш ва уни эҳтиром этиш, инсонларни ўз табиатлари, мижоз ва ҳулқларига ҳавола қилиб қўйишдан афзалроқдир. Истисноъ шу жиҳати билан ҳам саламдан фарқ қилади. Унда шартноманинг амалга оширишликдаги мажбурият хусусий ва умумийдир. Буюртмачи маҳсулотнинг сифатини айтса бўлди. Чунки одатда хомашё мавжуд ва кўриниб турган бўлади. Шундан кейин вақтни белгилаш, нархнинг баъзисини ёки ҳаммасини ўша мажлисда бериш муҳим эмас. Истисноъда нархни келишиш муомаласи саламдаги каби бўлиши мумкин. Яъни нақд берса арзонроқ, насия берса қимматроқ. Унинг миқдори ва муддати шартнома вақтида келишиб олинади. 

Шунингдек маҳсулот муддатидан олдин тайёрлаб берилса уни арзон қилинмайди, балки уста нархни зиёдароқ олиши мумкин. Аммо маҳсулотни тайёр бўлиш муддати чўзилиб кетса, нархни бериш шартномасига қаралади. Агар буюртмани тайёр қилиб бўлгач нархни беришга келишилган бўлса, бунда маҳсулотнинг нархини ошириш ёки туширишга имкон қолмайди. Агар буюртма тайёр бўлишидан олдинроқ нархни беришга келишилган бўлса, бунда маҳсулотнинг тайёр бўлиш муддати чўзилган сари нархидан ҳам камайтириш жоиз бўлади. Шунинг учун буюртма кўп миқдорда бўлса бунинг аҳамияти ҳам шунга қараб ортади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёда ҳеч ким, ҳеч бир таълимот молдунёнинг айнан ўзини ёмонламаган, одамларни молдунёдан қайтармаган. Фақат инсоннинг молдунёга бўлган муносабатидаги иллатлар давоми...

2988 05:00 / 17.02.2017
Саламнинг шартлари саламга қўйиладиган нарсанинг жинсини мисол учун, буғдой навини суғориладиган, сифатини яхши ва муддатини фалон куни баён қилишдир. Унинг ози давоми...

3566 21:27 / 10.04.2018
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бозорга кирганда .Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва давоми...

32758 05:00 / 17.02.2017
Сарф нақдни бошқасига сотишдир. Сарф деб номлашига нақд пулни бошқасига айлантирилгани сабаб бўлган бўлса ажабмас. Сарф айлантириш маъносидадир. Нақд пуллар давоми...

4394 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021