1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Янги олам ва инсоннинг туғилиши

16:00 / 28.04.2017 3806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди об-ҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният қурғоқчилик, куз, иссиқ шамол ва қисир бир фаслдан баҳор, гуллар, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган боғлар фаслига ўтди. Одамларнинг табиатлари ҳам ўзгарди. Қалблар Роббиининг нури ила мунаввар бўлди. Аллоҳга юзланиш умумий бўлди. Инсон ўзи аввал билмаган янги таъм, татиб кўрмаган завқ ва олдин билмаган ҳузурни топди.


Бўшаб, совиб ва қуриб қолган қалблар иймон ҳарорати ва меҳр қуввати ила жонланди. Ақллар янги нур ила нурланди. Қалблар янги ҳузур ила ҳузурланди. Инсоният гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб янги йўлни, ўзининг янги мақомини излай бошлади. Қай бир халқни ёки юртни кўрсанг мазкур соҳада мусобақа қилаётган бўлди. Араблару ажамлар, Мисру Шом, Туркистону Эрон, Ироқу Хуросон, Шимолий Африқою Андалус, Ҳиндистону Жазоир барча-барчаси олий муҳаббат ва самовий файздан сармаст бўлдилар. Олий мақсаднинг ошиқлари бўлдилар.

Ҳа, инсоният асрлар бўйи давом этган қаттиқ уйқудан кўз очиб, уйғониб ўзига келган эди. У энди авваллари қўлдан чиқарган имкониятларни ҳам қайтариб олишга уринар эди. Оламнинг барча томонлари мухлислар, мужоҳидлар, муслиҳлар, мураббийлар, орифлар ва роббоний даъватчиларга тўлди. Улар Аллоҳнинг халқи учун куйиб ёндилар. Инсоният хайри учун бору будларини ва жонларини тутдилар. Улар фаришталарнинг ҳасадини келтирадиган кишилар эдилар. Улар совуқ қалбларда ишқи илоҳий оловини ёқдилар. Илоҳий муҳаббат шуъласини покладилар. Илмлар, адаблар, ҳикматлар ва маърифатлар анҳорларини отилтирдилар. Илму ирфон ва иймону ҳанон булоқларининг кўзини очдилар. Одамлар кўнглида зулм, жабр, душманлик ва кўролмасликка қарши қаҳру ғазаб уйғотдилар. Хорланган халқларга тенглик ҳақида дарслар ўтдилар. Эътибордан четда қолган, ҳаёт четига улоқтирилганни меҳру муҳаббатга тўла бағирларига босдилар. Дунёнинг қай бурчагига борсанг уларнинг меҳнати самарасини кўрасан.

Сен уларнинг қилган ишининг сонига эмас, сифатига назар сол. Уларнинг фикрларининг олижаноблигига ва юқори уфқларда қанот қоқишига қара. Уларнинг ҳассос сезгиларига, латиф ва рақиқ руҳларига, ўткир зеҳнларига ва соғлом табиатларига назар сол. Уларнинг нафслари ва руҳлари халойиққа меҳр-шафқат ўти алангаси ила ёнар эди. Улар халойиққа фойдали бўлган нарсаларга ҳарис эдилар. Улар одамларни қутқазиш, улардан балоларни даф қилиш учун ўзларини бало-офатларга урар эдилар. Уларнинг ҳокимлар ва волийлари масъулиятни ҳис қилар, кечалари тиним билмай халқ хизматида бўлар эдилар. Халқ эса улар билан жипслашган ва уларга итоат қилган эди. 

Шунингдек, уларнинг ибодатлари, зоҳидликлари ва дуо қилишдаги ҳолатлари, ахлоқларининг олиймақомлиги, ўзларига қарши бўлса ҳам ҳақ шаҳодат беришлари, кичикларга ва заифларга меҳрлари, дўстлар ва оғайниларга муҳаббатлари, душманларга бўлган карамлари, афвлари ҳақидаги хабарларни ўқиб кўр. Ана ўшанда шоирлару адиблар хаёли ҳам аввалги мусулмонлар эришган олий чўққиларга ета олмаслигини кўрасан. Бу ҳақдаги хабарлар дўсту душман бирдек кўрган, гувоҳ бўлган воқеъликдаги улкан ҳақиқат бўлмаганида, тарихнинг ишончли гувоҳлиги бўлмаганида афсона деб ўйлаш мумкин эди.

Албатта, ушбу буюк инқилоб Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан бир мўъжизадир. У зот қолдирган излардан бир издир. Барча замонлар ва маконларни қамраб олган илоҳий раҳматнинг файзидир. 

Улуғ Аллоҳ тўғри айтади:

«Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик».


МУҲИМ САНАЛАР


1. Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишлари–Фил йили, 12-Робийъул Аввал.

2. Пайғамбар алайҳиссаломнинг оналари билан Мадинага боришлари ва оналарининг вафоти — туғилганларининг олтинчи йили.

3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг боболари Абдулмуттолибнинг вафоти ва у зот амакилари Абу Толибнинг кафолатига ўтишлари — туғилганларининг саккизинчи йили.

4. Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиқишлари–туғилганларининг ўн иккинчи йили.

5. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Фижор урушида ҳозир бўлишлари–туғилганларининг ўн тўртинчи йили.

6. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Фузул шартномасида ҳозир бўлишлари–туғилганларининг йигирманчи йили.

7. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Хадийжанинг ғуломи Майсара билан тижоратга чиқишлари–туғилганларининг йигирма бешинчи йили.

8. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳога уйланишлари–туғилганларининг йигирма бешинчи йили.

9. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Каъбани қайта қуришда иштирок этишлари–туғилганларининг ўттиз бешинчи йили.

10. Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий туши¬шининг бошланиши–туғилганларининг қирқинчи йили–пайғамбарликнинг биринчи йили.

11. Ҳабашистонга биринчи ҳижрат–пайғамбарликнинг бешинчи йили.

12. Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат–пайғамбарликнинг олтинчи йили.

13. Қамал саҳифаси–пайғамбарликнинг еттинчи йили.

14. Қамал саҳифасининг бекор қилиниши–пайғамбарликнинг тўққизинчи йили.

14. Абу Толибнинг вафоти–пайғамбарликнинг ўнинчи йили. 

15. Хадийжа розияллоҳу анҳонинг вафоти–пайғамбарликнинг ўнинчи йили.

16. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога уйланишлари–пайғамбарликнинг ўнинчи йили.

17. Қурайшнинг Пайғамбар алайҳиссаломга озорининг шиддатланиши–пайғамбарликнинг ўнинчи йили.

18. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Тоифга чиқишлари–пайғамбарликнинг ўнинчи йили. 

19. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларини қабилаларга таништиришлари–пайғамбарликнинг ўнинчи йили.

20. Оиша розияллоҳу анҳога ақди никоҳ қилишлари–пайғамбарликнинг ўн биринчи йили.

21. Исро ва Меърож–пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.

22. Намознинг фарз бўлиши–пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.

23. Ансорлар билан танишув–пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили, зулҳижжа ойи.

24. Биринчи Ақоба байъати–пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили, зулҳижжа ойи.

25. Мисъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг Мадинага юборилиши–пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.

26. Иккинчи Ақоба байъати–пайғамбарликнинг ўн учинчи йили.

27. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижратлари–пайғамбарликнинг ўн тўртинчи йили, сафар ойи, биринчи ҳижрий сана.

27. Масжиди Набавийни қуриш–биринчи ҳижрий сана, сафар ойи.

28. Азонни жорий қилиниши–биринчи ҳижрий сана.

29. Мусулмонларни биродарлаштириш–биринчи ҳижрий сана, жумадул ула ойи.

30. Урушга изн берилиши–биринчи ҳижрий сана.

31. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша розияллоҳу анҳога уйланишлари–биринчи ҳижрий сана, шаввол ойи.

32. Қибланинг ўзгартирилиши–иккинчи ҳижрий сана, ражаб ойи.

33. Рўза ва закотнинг фарз қилиниши–иккинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.

34. Бадр ғазоти–иккинчи ҳижрий сана, 12-рамазон.

35. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳонинг вафотлари–иккинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.

36. Ҳазрати Али ва Фотималарнинг никоҳлари–иккинчи ҳижрий сана.

37. Бану Қайниқоъ уруши–иккинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.

38. Сувайқ уруши–иккинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.

39. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланишлари–учинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.

40. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳога уйланишлари–учинчи ҳижрий сана, 14-шаввол.

41. Уҳуд уруши–учинчи ҳижрий сана, 15-шаввол.

42. Хамрнинг ҳаром қилиниши–тўртинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.

43. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланишлари–тўртинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.

44. Давматул жандал ғазоти–бешинчи ҳижрий сана, робийъул аввал ойи.

45. Бани Мусталиқ ғазоти–бешинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.

46. Ифк ҳодисаси–бешинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.

47. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари–бешинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.

48. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланишлари–бешинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.

49. Хандақ уруши–бешинчи ҳижрий сана, шаввол ойи. 

50. Бани Қурайза ғазоти–бешинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.

51. Ҳудайбия сулҳи–олтинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.

52. Пайғамбар алайҳиссаломнинг подшоҳларга мактуб юборишлари–еттинчи ҳижрий сана, муҳаррам ойи.

53. Хайбар уруши–еттинчи ҳижрий сана, сафар ойи.

54. Пайғамбар алайҳиссаломнинг София бинти Ҳуяай розияллоҳу анҳога уйланишлари–еттинчи ҳижрий сана.

55. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳога уйланишлари–еттинчи ҳижрий сана. 

56. Зотур Риқоъ ғазоти–еттинчи ҳижрий сана.

57. Қазо умраси–еттинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.

58. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланишлари–еттинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойининг охири.

59. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг вафотлари–саккизинчи ҳижрий сана, муҳаррам ойи.

60. Муъта ғазоти–саккизинчи ҳижрий сана, жумадул ула ойи.

61. Макканинг фатҳ қилиниши–саккизинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.

62. Хамр ва ўлимтик сотиш ва Мутъа никоҳини ҳаром қилиниши–саккизинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.

63. Ҳунайн ғазоти–саккизинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.

64. Тоиф ғазоти–саккизинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.

65. Жаърона умраси–саккизинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи. 

66. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғиллари Иброҳимнинг туғилиши–саккизинчи ҳижрий сана, зулҳижжа ойи.

67. Вакиллар келиши йили–тўққизинчи ҳижрий сана.

68. Нажоший розияллоҳу анҳунинг вафоти–тўққизинчи ҳижрий сана, ражаб ойи.

69. Табук ғазоти–тўққизинчи ҳижрий сана, ражаб ойи.

70. Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг вафотлари–тўққизинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.

71. Рибонинг ҳаром қилиниши–тўққизинчи ҳижрий сана.

72. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг одамлар билан ҳаж қилиши–тўққизинчи ҳижрий сана, зулҳижжа ойи.

73. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғиллари Иброҳимнинг вафоти–ўнинчи ҳижрий сана, робийъул Аввал ойи.

74. Видолашув ҳажи–ўнинчи ҳижрий сана, зулҳижжа ойи.

75. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотлари –ўн биринчи ҳижрий сана, иккинчи робийъул аввал.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
449. Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги йилнинг давоми...

2268 13:00 / 18.12.2020
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қайси бир аёл ўз уйидан бошқа жойда кийимини ечса, албатта, ўзи билан Аллоҳ таоло давоми...

4263 14:21 / 26.01.2020
356. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва .Унда бир соат бор, қай бир мусулмон банда давоми...

3061 13:30 / 01.05.2020
Умму Салама розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят қилинади.Бир куни Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимда эдилар. quotЁнимга ҳеч ким кирмасинquot деб фармон давоми...

5307 17:04 / 19.11.2018
Аудиолар

118751 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар