1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сотувдаги янги маҳсулотлар

«Яхшилик ва силаи раҳм китоби»

05:00 / 02.02.2015 4902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Яхшилик ва силаи раҳм китоби»

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Бандаларини яхшилик ва силаи раҳм қилишга амр этган Аллоҳга У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Яхшилик қилувчиларнинг раҳбари ва силаи раҳм этувчиларнинг сарвари, Пайғамбарларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва тугал саловоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ таоло бизга янги бир китобни бошлашни насиб этиб турибди. Бу китоб Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг қаламига мансуб бўлиб, унинг номи «Китоби бирри вас сила», яъни «Яхшилик ва силаи раҳм китоби»дир. Бошқача қилиб айтганда, одамларга яхшилик ва қариндош-уруққа силаи раҳм қилиш ҳақидаги китоб.
Ушбу сатрлар орқали, Аллоҳ таолонинг ёрдами ила, одамлар орасида бир-бирларига қилиниши мумкин бўлган барча яхшиликларни ўз ичига олган китобни ўрганиш арафасида турибмиз.
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда, қайси нарсалар одамларнинг ўзаро муносабатларида яхшилик ҳисобланиши мана шу китобдан билинади.
Бу китобнинг муаллифи ўзимизнинг Мовароуннаҳр диёридан чиққан уломалардан Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳдир. У киши 246 ҳижрий санада вафот этганлар. Яъни, бу китобнинг ёзувчиси жуда қадимги уламолардан ҳисобланади. Қўполроқ ҳисоб қиладиган бўлсак, Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий бундан 1200 йилдан сал озроқ вақт аввал ўтган уламолардан биридир.
Бу киши ўзларининг «Китобул бирри вас сила» номли китобини таълиф қилишда кўпроқ буюк муҳаддис, улуғ олим Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг дарсларидан ва асарларидан фойдаланган.
Бу китоб ўзига ўхшаган кўплаб қадимги китоблар қотори қўлёзма шаклда қолиб кетган эди. У «Мактабаи Зоҳирия» номли қўлёзмалар кутубхонасида турганда биродаримиз доктор Муҳаммад Саъийд Муҳаммад Ҳасан Бухорий суратини тушириб ўзлари яшаб турган Маккаи Мукаррамага олиб борган. Кейин қўлёзмани тадқиқ қилган.
Кўп вақтдан буён у кишининг бу ёзиқлари илмий иш сифатида ётар эди. Камина ходимингиз уни китоб шаклига келтиришни илтимос қилган эдим. Алҳамдулиллоҳ, мана китоб шаклига ҳам келди. Доктор Муҳаммад Саъийд Бухорий ўз илмий ишини расмий равишда китоб ҳолида чоп қилиб чиқарди. Кўпчилик бу китобни ўқиб фойдаланди.
Доктор Муҳаммад Саъийд Бухорий ўзи муҳаддис бўлиб танилган олимдир. У киши ҳадис бўйича жуда катта илмга эгалар. Имом Таборонийнинг «Китоби дуо» номли катта китобини уч жилдда тадқиқ қилиб чиқарган ва ана шу китоб билан машҳур бўлган. Ундан кейин яна бир неча китоблари чиқди. Яна баъзи китобларни чиқармоқда.
У киши бир муддат Маккаи Мукаррамадаги Уммул Қуръо университитети Усулуд Дин кулясининг декани бўлиб ишлади. Ҳозир илмий ишларини давом эттиряптилар.
«Китобул бирри ва сила» чоп бўлиб чиққанида имкони бўлса, таржима қилиб ва овозда ёзиб халқимизга етказамиз деган гапларни айтиб қўйган эдим.
Аллоҳ таолонинг Ўзи шу ниятга етказди. Аввал «Китобул бирри ва сила»ни оғзаки таржимаси ва шарҳини тақдим этиш шарафига эришдик. Турли илмий суҳбатларда, айниқса, Жума кунлари баъзи аҳбоблар билан қуриладиган суҳбатларда бу китобдан қўлдан келганича оғзаки таржима ва шарҳ қилиб, овозни ёзиб боришни йўлга қўйдик.
Таржима ва шарҳ оғзаки тарзда тамом бўлганидан кейин уни билги сайёр лаппакларига рухсатли қилиб чоп этилди. Мухлислар бу нарсани жуда яхши кутиб олдилар. Ота-онага ва қариндошларга яхшилик қилиш ҳақида биз билмаган маълумотлар бор экан деб бир-бирларига айтиб уни таралишига ҳам ҳисса қўшдилар.
«Китобул бирри ва сила»нинг ёзма шарҳига уриниш жараёнида баъзи шахслар ёрдамида оғзаки шарҳни билги сайёрда кўчириш бошланди. Ушбу машаққатли ишни Озод Мунаввар жаноблари охирига етказдилар. Бу ишда иштирок этганларнинг барчаларига чин қалбдан ташаккурларимизни изҳор этамиз.
Албатта, оғзаки ва ёзма шарҳ орасидаги фарқ жуда катта бўлади. Баъзи кишиларимиз оғзаки нарсани ёзмага айлантиргандан кўра янгитдан ёзиб қўйган осон дейишади. Оғзаки таржима ва шарҳда, айниқса у одамлар ичида, жонли суҳбат давомида бўладиган бўлса, бемалол ўйлашга, керакли далил излашга мутлақо имкон бўлмайди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа турли сабабларга кўра оғзаки таржима ва шарҳда кўпгина ноаниқлик ва хатоларга йўл қўйилиши турган гап.
Ёзма таржима ва шарҳда эса ҳар бир сўз ёки жумлани истаганча ўрганиш, луғат ва шарҳ китобларни кўриш имкони бор. Бир муддат ўтгандан кейин йўл қўйилган хато ва камчиликларни тўғрилаб ўйиш ҳам мумкин. Шунингдек, баъзи нарсаларни чиқариб ташлаш ёки қўшиб қўйиш ҳам осон. Ушбу ишда ҳам айтиб ўтилган ҳолатларнинг барчаси рўй берди десак муболаға қилмаган бўламиз.
«Китобул бирри ва сила»нинг бу шарҳи фақат илмий доираларга эмас, асосан кўпчиликка қаратилган бўлгани эътиборидан, Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳнинг эмас, Муҳаммад Саъийд Бухорийнинг сарлавҳа ва бобларини олишни маъқул кўрдик. Чунки Марвазийнинг сарлавҳалари қисқа ва баъзи вақтларда сарлавҳа остида келган ривоятлар унга унча мос эмаслигини мулоҳаза қилган Муҳаммад Саъийд Бухорий замонавий мавзулардан сарлавҳалар қўйиб чиққанлар.
Бу камтарона ишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин ва уни барчамизга фойдали бўлишини насиб этсин.

МУҲАММАД САЪИЙД БУХОРИЙНИНГ МУҚАДДИМАСИ

Албатта, ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Биз У зотга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз ва Унга истиғфор айтамиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз шарридан ва амаларимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз.
Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни залолатга кетказгувчи йўқдир. Кимни залолатга кетказсса, уни ҳидоят қилувчи йўқдир.
Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу.

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир» (Нисо: 1).

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар. Сизнинг амалларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир» (Аҳзоб: 70-71).
Аммо баъду:
Аллоҳ таолонинг менга ато қилган неъмати ила дин имомларидан бир имомнинг, мусулмонларнинг кўзга кўринган арбобларидан бир арбобнинг, илмда, фиқҳда ва амалда етишган зотнинг суҳбатида уч йил бардавом бўлдим. Мен у кишини 1399 – 1401 ҳижрий йилларда лозим тутдим. Ўша йиллар менинг илмий ҳаётим баҳоридаги энг гўзал йиллар бўлди.
Ўша олимнинг ўзига билдирмасдан, у туғилиб, ўсган Хуросоннинг Марв шаҳридаги уйига кирдим. Бу шаҳар илм ва кутубхоналар шаҳри, уламоларнинг қибласи ва толиби илмларнинг қалби ошиққан шаҳар эди.
Унинг тақводор тожир отаси билан танишдим. У ўғлидан ҳеч нарсани аямас ва уни талаби илмга ундар эди. У ўғлига уламолар мажлисларида бўлишга шароит яратиб берар эди.
Умри йигирма уч ёшдан ўтмай туриб илм олган қадимги шайх билан ҳам танишдим. Бу улуғ имом толиби илм бўлган чоғидаёқ гўзал одобли бўлганини билдим. Унинг ёдлаш қобилияти ва мулоҳазаси ўткир бўлиб, тинглаш ва ёзишга муҳаббати кучли эди.
У ўзи ҳақида бизга хабар бериб: «Одобни ўттиз йил, илмни йигирма йил талаб қилдим», дейди.
Унинг илм ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини талаб қилиб, Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилиб ва Байтуллоҳни ҳаж қилиб ислом юртларига қилган сафарлари кўплигидан «дунёнинг чораги» деб сифатлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитган ва қабул қилиб олган шайхларининг адади тўрт мингга етган. Улардан минг кишидан ҳадис ривоят қилган.
Мен унинг шайхларидан беш юз ўттиз тўққизтасининг олдида тўхтаб ўтдим. У илмни ўта машҳур зотлардан олган экан. Уларнинг ичида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва одамлар ҳақидаги илмда диннинг имомлари бўлганлар бор.
Шунингдек, уларнинг ичида ҳадисда мўминларнинг имоми, аҳли замонининг имоми, Шом диёрининг фиқҳдаги имоми каби лақабларни олганлари бор.
Уларнинг ичида зоҳидлик ва ибодатда кўзга кўринган зотлар бор.
Уларнинг ичида қирқ йил ёнбоши тўшак кўрмаганлар, ўтириб ухлаганлар бор.
Уларнинг ичида бир кеча ва кундузда икки юз ракъат нафл намоз ўқийдиганлари бор.
Уларнинг ичида ҳарамайннинг обиди ва Куфанинг роҳиби лақабини олганлар бор.
Уларнинг ичида умрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитиб, шайхлар билан учрашиб ва китоблар тасниф қилиб ўтказганлар бор.
Уларнинг ичида султоннинг олдига ҳожат сўраб бормаслик ва бироддарларидан ҳадия олмаслик учун тижорат билан машғул бўлганлари бор.
Уларнинг ичида дуоси қабул бўладиганлари бор. Хуллас, у илмни юлдузлардан ва катталардан олди ва улардан таъсирланди.
Ишингдан ажабландим, уламоларнинг улуғи!
Сенинг ҳаётинг ҳақида сўзлаган ҳар бир киши, албатта, у зоҳид эди, деди. Балки сени зоҳидларнинг ўрнаги ва имоми дейишди. Отлиқлар ва зоҳидлар сенинг парҳезкорлигинг, ибодатинг ва қўрқувинг ҳақидаги хабарларни бир-бирларига нақл қилдилар.
Мен сенинг жун ёки ямоқ кийим кийганингни билмадим. Чиллахона ёки зовияга кириб олиб аёллардан четда бўлмадинг ва ўз ўзинг ила машғул ҳам бўлмадинг.
Тарки дунё қилиб, мол жамлашдан бош тортмадинг. Балки менга маълум бўлишича сармоя миқдори тўрт юз минг динор бўлган тижоратинг юртларни кезиб юрарди. Бир йиллик даромадинг юз минг дирҳамдан кўп бўлган. Эй зоҳидларнинг ўрнаги, ишингдан ажабландим!
Гўёки унинг менга қуйидагиларни айтаётганини эшитмоқдаман:
«Болагинам, ажабланма! Зоҳидлик маъносини ва ҳақиқатини бил!
Зоҳидлик дунёни, ҳалол касбни, яхшилик ва хайр йўлида нафақа қилишни бир йўла тарк қилиш дегани эмас.
Болагинам!
Зоҳидлик ҳаромни тарк қилишдир.
Зоҳидлик шубҳали нарсаларни тарк қилишдир.
Зоҳидлик ҳар бир ҳалол ва мубоҳдан ортиғини тарк қилишдир.
Буларнинг ҳаммасини жамласак, зоҳидлик сени Аллоҳдан машғул қиладиган ҳар бир нарсани тарк қилиб, Аллоҳга яқинлаштирадиган ва Аллоҳни танитадиган ҳар бир нарсани олишингдир.
Аллоҳим! Дунёни қалбимизда эмас, қўлимизда қилгин!»
Менинг гапимни Фузайл ибн Иёзнинг унга айтган қуйидаги гаплари бўлди:
«Муҳтарам имом! Сен бизни зоҳидликка ва озга қаноат қилишга амр қиласан. Ҳолбуки, ўзингнинг Хуросондан Аллоҳнинг ҳурматли юрти Маккага савдо молини олиб келганингни кўрамиз. Бу қандай бўлди!?»
«Эй Абу Али! Мен буни юзим шувит бўлмаслиги, обрўйим тўкилмаслиги ва Роббим Аллоҳнинг тоатига ёрдам олишим учун қиламан. Агар Аллоҳнинг ҳақини кўрадиган бўлсам, албатта, уни адо этишга шошиламан.
Эй Абу Али! Агар сен ва сенинг соҳибларинг бўлмаганида мен тижорат қилмас эдим», дея жавоб берди.
Ҳа! Эй зоҳид тожир! Менга сенинг тижоратинг ва касбинг ҳақида етган хабарларга қараганда яхшилик ва хайрия йўлларига, ҳадис илми толибларига ва улардан баъзиларини ўқишга юборишга, камбағалларнинг қарзини узишга, ҳожиларга ва меҳмонларга атаб вақфлар қилгансан.
Сафарларим давомида биттаси мени мусулмонларнинг Рум тарафдаги чегара шаҳарлари бўлмиш Туртус, Масийса ва Ҳийт тарафларга олиб борди. Қарасам, ўша имом Аллоҳнинг йўлида чегара қўриб юрибди! Балки, қиличини ялонғочлаб ҳақ йўлида олдинги сафда турибди. Ўлжа тақсимлаш пайтида назардан четда турибди!
Албатта, у мужоҳидларнинг фахридир. Унинг ҳақида «У кўп ғазотларда иштирок этар эди. Бир йил Аллоҳнинг йўлида чегара қўриқлар эди. Бир йил Байтуллоҳни ҳаж қилар эди», дейдилар.
Ўғлим Абдуллоҳ ушбу сатрларни унга ва ўртоқларига ўқиб бераётганимда мени тўхтатиб:
«Отажон! Бу муборак хислатларни; илмни, сафарни, зоҳидликни, парҳезкорликни, ибодатни, қўрқувни, тижоратни, Аллоҳниннг уйига ҳаж қилишни ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишни жамлаган имом ким ўзи?» деб сўраб қолди.
«Болагинам! Сен унга адашсан. Ўз қалбингга қулоқ сол», дедим.
Бу олим Аллоҳнинг азиз китобини тафсир қилишга ҳам машғул бўлди. Унда китоб тасниф қилди. Тафсир уламолари китобларида унинг қилган ривоятларини ва гапларини нақл қилганлар.
У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўзининг ёди ва қалами ила жамлаган эди. У иснодни текширишда жуда қаттиқ йўл тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳимоя қилишда ишлатиш учун заиф ҳадисларни ёзган эди. Саҳиҳ ҳадисларни эса, ривоят ва амал қилиш учун ёзган эди.
Олти машҳур китобдаги унинг ривоятлари 776 тага етган. Улардан 250 таси икки саҳиҳ китобда келган.
У ҳадис ровийлари ҳақида уларнинг жароҳатли ёки адолатли экани ҳақида ёзган. Аммо кўп эмас. Уларни танқид қилишда мўътадил бўлиб, шиддатга ҳам, ўта енгил санашга ҳам йўл қўймаган. Унинг бу борадаги гаплари ҳадис уламолари наздида мақбул бўлган ва ҳужжат саналган.
Ушбу илмнинг қоидаларини ва истилоҳларни ишлаб чиқишда иштирок қилган. Бу ишлари ва ўзининг таснифотлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини кечасини худди кундузидек оппоқ ва покиза сақлашда ўз ҳиссасини қўшган ва ҳақ ила мўминларнинг амири лақабини олган.
У фиқҳни Саврий, Абу Ҳанийфа ва Моликдан олди. Ҳадис ва аҳли рай мадрасасини жамлади. Молик раҳматуллоҳи алайҳ уни улуғлар, ҳурматлар ва гўзал одобидан ажабланар эди. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ Унинг ҳадиси кўплигига, заковотига ва гўзал одобига гувоҳлик берган. Шу билан бирга уни яхши биладиганлар уни Хуросон фақиҳи дея сифатлаганлар.
У зуҳд, рақоиқ, ва жиҳодга ундовчи кўплаб ҳикматларни ўз ичига олган шеърларни назмга солган. Кўплаб ҳикматли сўзлар унга оиддир.
Бу имомни танидингми?
У 191 ҳ-с.да вафот этган Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийдир.
Унинг васфида имом Нававий: «Албатта, у ҳар бир нарсада имомлигига ва улуғлигига ижмоъ қилинган зотдир. Унинг зикри ила раҳмат нозил бўлиши сўралур ва унинг муҳаббати ила мағфират умид қилинур», деган.
Мен ўша Аллоҳ унга яхшилик хислатларни жамлаган зотга соҳиб бўлдим. Унинг атр сийратидан миск ҳидини ҳидладим. Мен унга «Абдуллоҳ ибн Муборак – муҳаддис ва танқидчи имом» деб аталмиш магестирлик илмий ишим орқали 1399 – 1401 ҳ-с.ларда ҳамсуҳбат бўлдим.
У зотнинг қўлёзма китобларини излаб 1400 ҳ-с.да Шом ва Туркияга сафар қилган эдим. Ўша илмий сафардан унинг муснадини, ҳадисдидан бир жузни, «Китобул бирри ва сила»ни ва баъзи ўзимга керакли манбаларни «Филм» суратини олиб қайтдим. Филм суратларни «Уммуд Қуро» дорулфунуни марказий кутубхонасига жойладим ва ўзимга қоғозга туширилган суратни олдим.
Илмий ишни ёқлаб бўлишим билан «Китабул бирри ва сила»ни алоҳида махсус варақларга ёзиб чиқдим. Кейин имом Тобароний раҳматуллоҳи алайҳнинг «Китобуд дуо»си ила машғул бўлиб қолдим. Баъзи пайтларда мазкур варақлардаги йиллар чангини артиб, ундаги баъзи ҳадислар ва асарларни чиқарар эдим. Шундай қилиб, бу нусха кутубхонамнинг токчаларида ўн етти йил туриб қолди.
Охири Аллоҳ менга 1417 ҳ-с.да илмий таътийлни насиб этди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, ўшанда бу китобни охирига етказишга азму қарор қилдим.
Китобнинг васийқаси ва муаллифига нисбати.
Ким бу китобнинг ушбу нусхасини Ибн Муборакка нисбат берган бўлса, албатта, хато қилади ва шайх Албонийга тақлид қилиб ушбу хатога йўл қўйган бўлади. У Зоҳирияя кутубхонасидаги китобларга қилган феҳристида бу китобни 391 – рақам билан Ибн Муборакнинг китобларига қўшиб қуйидагиларни ёзган: «ал-Бирр вас Сила иккинчи жуз, ҳадис 328 (қ. 101-123).
Китобнинг рақамида ҳам хатога йўл қўйилган ёки чоп қилиш пайтида тушиб қолган. Чунки «Китобул бирри вас сила»нинг Зоҳирияя кутубхонасидаги рақами 76 (221а -251а). Албоний келтирган рақам эса Ибн Муборак ҳадисининг иккинчи жузи рақамидир.
Ибн Муборакнинг «Китабул бирри вас сила»си борлигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Уни 378 ҳ-с.да вафот топган Ибн Надийм ва 1345 ҳ-с.да вафот топган Шайх Муҳаммад ибн Жаъфар Каттонийлар Ибн Муборакнинг таълифотлари жумласида зикр қилганлар.
Ибн Муборакнинг «Китабул бирри вас сила»сини баъзи уламолар тинглаганлар ва уни ривоят қилишга ижозат ҳам олганлар. Мисол келтирадиган бўлсак, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Сарифийний (469 ҳ-с.да в-э.) Абу Тоҳир Мухалласдан тинглаган. Имом Абдулкарийм ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний (562 ҳ-с.да в-э.) Қози Абу Абдуллоҳ Жаллобийдан танглаган.
Кўп уламолар ўз китобларида ушбу китобдан иқтибослар келтирганлар:
1. Ҳофиз Ироқийнинг (806 ҳ-с.да в-э.) «Ал-Муғний ан ҳамлил асфор фий тахрийжи маа фил Эяяаи минал ахбор» китобида.
2. Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг (852 ҳ-с.да в-э.) «Ал-Исоба» китобида.
3. Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг (852 ҳ-с.да в-э.) «Фатҳул Борий» китобида.
4. Ҳофиз Саховийнинг (902 ҳ-с.да в-э.) «Ал-Мақосидул Ҳасана» китобида.
Уламолар тўққизинчи ҳижрий асрда келтирган ушбу иқтибослардаги ривоятлардан бирортаси ҳам бизнинг нусхамизда келмаган. Бу эса ўз навбатида бизнинг нусхамиз Ибн Муборакнинг «Китабул бирри вас сила»си эмаслигига далилдир.
Бизнинг ўрганаётган нусхамиз «Зоҳирияя» кутубхонасида 76 (с 221-251) рақам билан сақланаётган Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг (246 ҳ-с.да в-э.) таълифидир. Бунинг далиллари қуйидагилар:
1. Китобнинг номига «Китабул бирри вас сила Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг таълифи, Ибн Муборак ва бошқалардан» деб ёзилган. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Иброҳим Дувайлийнинг Абул Ҳасан Аҳмад ибн Иброҳим ибн Фирос Абқасийдан эшитган.
2. Бу китобни Абу Бакр Муҳаммад ибн Хайр ибн Умар Ишбийлий (575 ҳ-с.да в-э.) эшитган ва «Китабул бирри вас сила» уни менга Абу Муҳаммад ибн Итоб раҳматуллоҳи алайҳ Абулқосим Ҳотим ибн Муҳаммад Тороблусийдан, у Абул Ҳасан Аҳмад ибн Фирос Маккийдан, у Муҳаммад ибн Иброҳим Дубайлийдан, у муаллифи Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳдан эшитган.
3. Ушбу китобдан Ҳофиз Ироқий (806 ҳ-с.да в-э.) иқтибос олган ва бир ҳадис ҳақида: «Ва Ибн Муборакнинг «ал-Бирри вас Сила»сига Ҳусайн Марвазийнинг зиёдаларидан», деган.
Шунингдек, Ҳофиз Ибн Ҳажар (856 ҳ-с.да в-э.) иқтибос олган ва бир ривоят ҳақида «Буни Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китабул бирри вас сила»да Ибн Муборакдан чиқарган», деган.
Ушбу нусхага «Тарихи туросил арабий»нинг соҳиби ҳам ишора қилган ва унинг Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийники эканлигини зикр қилган.
Буларнинг ҳаммаси бизнинг «Китабул бирри вас сила» деган ушбу нусхамиз Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг таълифи эканига кифоя қиладиган далиллардир.
Баъзилар, Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий Ибн Муборакнинг ривоятчиси, у андан «Китобуз зуҳд вар рақоиқ»ни ривоят қилган. Бас, китоб аслида Ибн Муборакники бўлиб, уни Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ривоятчиси бўлиши мумкин. Баъзи мирзалар китобни унга насбат берганлар, дейишлари бор.
Уларга жавоб тариқасида айтаманки, ким олдин ўтган уламоларимизни ва уларнинг ёзганларини, хусусан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан шуғулланганларни яхши биладиган бўлса, унинг учун бу эҳтимол жуда йироқ. Кичик ҳисоблаш амалиёти ила бу хаёл парчаланиб кетади. Мен «Китабул бирри вас сила»нинг бизнинг нусхамиздаги ривоятлари сонини ҳисоблаб чиқиб қуйидагиларни топдим:
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий Ибн Муборакдан бошқалардан қилган ривоятлар 220 та.
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий Ибн Муборакдан қилган ривоятлар 151 та.
Демак, китобдаги ривоятларнинг ярмидан ози Ибн Муборакдан ва қолгани, ярмидан кўпи Ибн Муборакдан бошқалардан.
Аммо Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ривоят қилган «Китабуз зуҳд вар рақоиқ»даги ривоятлар сони 1627 тага етган. Улардан:
Яҳъя ибн Соъиднинг Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийдан бошқалардан қилган ривоятлари 42 та.
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг Ибн Муборакдан бошқалардан қилган ривоятлари 373 та.
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг Ибн Муборакдан қилган ривоятлари 1212 та.
Яъни, китобнинг тўртдан учидан кўпроғи Ибн Муборакнинг ривояти. Эҳтимол, шу сабабга кўра бу китоб уламолар орасида «Ибн Муборакнинг Китоби зуҳди» номи ила машҳур бўлгандир ва Ҳусайн ибн Ҳасан зикр қилинмагандир. Унинг китобга киритган 373 та зиёда ривояти бўлишига қарамай фақат ровий деб билинган.
Бизнинг нусхамиздаги номни тааммул қилсак, унда «Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг Ибн Муборак ва бошқалардан таълифи» дейилган. Бундан бизга номнинг тўғри келиши ва уни китобдаги ривоятларга далолат қилиши аён бўлади.

ҚЎЛЁЗМАНИНГ ВАСФИ

«Китабул бирри вас сила» ягона нусхадир. У «Зоҳирияя» кутубхонасида сақланади. Мен бу нусхадан бошқасини топа олмадим. У Юсуф ибн Абдул Ҳодийнинг хати ила ёзилган.
Ўрта ҳажмдаги ўттиз битта лавҳага ёзилган. Бир бетдаги сатрлари 17 билан 21 орасида. Ҳар бир сатрда 15 тадан 17 тагача сўз бор.
Хунук ва кўпинча нуқта қўйилмаган хат билан ёзилган. У самоъатлардан холийдир. Чеккасида баъзи ҳолатларда бир ёки бир неча калималар ёзилган. Гоҳида битта ҳадис бўлиши ҳам мумкин.
Китобнинг муқовасида «У «Китабул бирри вас сила» Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг Ибн Муборак ва бошқалардан таълифи», Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Иброҳим Дубайлийнинг Абул Ҳасан Аҳмад ибн Иброҳим ибн Фирос Абқасийдан эшитганига биноан қилган ривояти» деб ёзилган.
Китоб тўлиқ бўлиб унинг охирги бетида «Китабул бирри вас сила» тамом бўлди. Муҳаммад ва У зотнинг олига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин», дейилган.
муаллифнинг таржимаи ҳоли
У Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Ҳарб Абу Абдуллоҳ Силмий Марвазийдир. Маккада яшаган. Ибн Муборакнинг соҳиби. Ундан «Китабуз зуҳд вар рақоиқ»ни ривоят қилган. Унинг ўша китобда 373 та зиёда ривояти бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаган ва менинг аниқлашимча иккита китоб тасниф қилган:
- «Китабул бирри вас сила» Ибн Муборак ва бошқалардан.
- «Китабус сиями».
Унинг ривоят ва илмдаги тутган ўрни ҳақида Абу Ҳотим: «У ўта содиқдир», деган.
Ибн Ҳиббон уни ишончлилар ичида зикр қилган.
Маслама ва Ибн Ҳажарлар: «Ишончли, ундан олти китоб соҳибларидан имом Термизий а имом Ибн Можалар ривоят қилганлар. У киши раҳматуллоҳи алайҳ 246 ҳ-с.да вафот топган», деганлар.
Ушбулар унинг таржимаи ҳоли ҳақида зикр қилинган нарсаларнинг боридир. Бундан бошқа унинг шайхлари ва шогирдларнинг исмлари ҳам бор.
Эҳтимол унинг таржимаи ҳолидаги бу қисқалик тўлин ойнинг нури сураёнинг нурини тўсиб қўйганидандир. Сураё Ибн Муборакни лозим тутган, унинг суҳбатида бўлган ва китобларини ривоят қилган. Ибн Муборак кимлигини ўзингиз билдингиз. У нур сочиб турувчи ой. Юлдуз йилтиллаб туриши мумкин. Аммо ҳамма нур таратиб турган ойга боқади.
Бунинг устига Ҳусайн ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳнинг жамлаши, тасниф қилиши ва ривоятлари, бизга маълум бўлишича, саноқли ва чегараланган мавзуларда; Бирр, сила, рўза, зуҳдда бўлган, холос. Унинг ривоятларининг кўпи шайхидан ва унинг китобларидан бўлган. Бу ҳам одамларнинг унинг ҳадисидан бурилишларига ва кетидан ошиқмасликларига сабаб бўлган. Чунки, муҳаддислар доимо олий санадларни ва ривояти кенг ҳамда шайхлари кўпларни излашади.
Унинг ижтимоий ва илмий ҳаёти ҳақидаги маълумотларнинг оз бўлишига қарамай, унинг сийратида ва ҳаётида ўз шайхи Ибн Муборакдан кўп тасирланганига ва унинг шахсиятидан баъзи қирраларни касб қилганига ҳеч шубҳам йўқ. Зотан уни кўриш, унга суҳбатдош бўлиш ва ундан ривоят қилиш шарафига ноил бўлган-ку.
Бундан кейин ҳам уни Ибн Муборакка қўшиб эсланади. Аллоҳ иккиларини ҳам раҳмат қилсин ва бизни ҳам улар билан жаннати наъиймда жамласин!

ШАЙХЛАРИ

Мен Маззийнинг «Китабут таҳзийбил камол», унинг «Китабул бирри вас сила» ва Ибн Муборакнинг «Китабуз зуҳд вар рақоиқ»ида топган унинг шайхлари 63 тага етди.

ШОГИРДЛАРИ

Ҳофиз Маззий ундан ривоятлар олган шогирдларидан ўн тўққизтасини зикр қилган.
(Шайх ва шогирдлар ҳақидаги маълумотларни баён қилувчи жадвал келтирилган. Биз уни кўчирмадик).
Китобнинг мавзуси:
«Бирр ва сила»нинг маъносини равшанлаштириш учун луғат, мўъжам ва ғарийб китобларига қайтадиган бўлсак, уламоларнинг «Бирр»ни маъноларидан бирини ишлатишганини кўрамиз. Яъни, лутф, яхшилик, гўзал бирга яшаш ва суҳбат, мулойимлик, озорни кўтариш, эҳсонни кенгайтириш, ҳамма одамлар учун умумий тарзда яхшилик қилишда кенг бўлиш маъноси.
Қачон ушбу эҳсон ота-онага хос бўлса, биррул волидайни дейилади.
Қачон ушбу эҳсон яқинлар ва қариндошларга хос бўлса, силаи раҳм дейилади.
Ибн Асир айтади: Бирр яхшиликдир. Биррул волидайни – ота-онага ва яқинларга қилинса оқликнинг зидди. Оқлик эса уларга ёмонлик қилиш, ҳақларини зое қилишдан иборатдир.
Яна айтади: Силаи раҳм насаб ва қудачилик орқали яқин бўлганларга яхшилик қилишдан, уларга меҳр кўрсатишдан, уларга юмшоқлик қилиш ва аҳволларидан хабар олишдан киноядир. Агар улар узоқлашган ва ёмонлик қилган бўлсалар ҳам. Раҳмни кесиш эса, буларнинг барчасининг зиддидир. Раҳмини боғлади дейилади. Бунда худди уларга яхшилик қилиш ила ўзи билан улар орасида қариндошлик ва қудалик алоқаларини боғлаган бўлади.
Бирр ва сила умумий маънога қараганда барча халойиққа оммавий яхшиликни ўз ичига олади.
Китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ва саҳоба ҳамда тобеъийнларнинг сўзларидан 351 та ривоятни ўз ичига олган. Уларда ота-онага ҳаётларида ва ўлимларидан кейин яхшилик қилиш, оқ бўлишдан огоҳлантириш, фарзандларга яхшилик қилиш ва уларга одоб бериш, ота-онанинг ва аҳли аёлнинг нафақаси, силаи раҳм, уни кесишдан огоҳлантириш, садақалар ҳақида, яқинларга ва қариндошларга садақа қилиш, етимлар, бевалар ва мискинларга яхшилик қилиш, хизматчи ва мамлукларга яхшилик қилиш ва қўшнининг ҳақини риоя қилиш ва ҳадиялар ҳақида сўз кетади.
Ривоятларни чуқур мулоҳаза қиладиган бўлсак, улардан икки юзтасини саҳоба ва тобеъийнлардан ворид бўлганини ва яхшилик ва силаи раҳм бўйича набавий суннатнинг мураббийларга амалий татбиқий намунаси эканини кўрамиз.
Агар ушбу инсоний муомалалар одоби бўйича инсоннинг яратувчиси ва унинг ҳожатларини билувчи Аллоҳ томонидан келган комил амалий барномани маҳкам тутадиган бўлсак, мусулмонларга бу дунё саодати кафолати берилиши ва охиратга жаннати наъиймга эришиш кафолати бўлиши бор.

КИТОБНИНГ ИЛМИЙ ҚИЙМАТИ

... Саҳобаларнинг гаплари ва тобеъийнлар розияллоҳу анҳумларнинг асарлари китобда яхшилик бўйича дақиқ, тафсилий ва амалий мавзуларни ўз ичига олгандир. Бу нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида умумий тарзда учратишимиз мумкин холос. Мисол учун, ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги ҳадисларда уларга яхшилик қилиш умумий тарзда, унга тарғиб қилиш ва фазлини баён қилиш ила кифояланган. Аммо саҳоба ва тобеъийнларнинг асарларида қуйидагиларни топамиз:
1. Бирр ва оқ бўлишнинг тафсири.
2. Уларга яхшилик қилишнинг турларидан бири уларнинг рағбатини амалга ошириш эканлиги.
3. Эрталаб ва кечқурун ота-онаси олдида қандай ҳозир бўлиш.
4. Уларга яхшилик қилишнинг турларидан бири аларнинг ишларни қилиш экани.
5. Отага яхшилик қилишнинг турларида бири намозда ва йўлда юрганда, ҳамда бошқа ҳолатларда ундан олдинга ўтмаслик экани.
6. Боланинг отасига барча яхшиликларни олдин қилишга уриниши, узр айтиш ва ортга қайтишда ҳам.
7. Ота-онага яхшилик қилишни баъзи нафл ибодатлардан ҳам устун қўйиш.
8. Ота-онага лутф ила муомала қилиш, уларга амр ва наҳий қилмаслик.
9. Ота-онага гапираётганда ишора учун ҳам қўлини кўтармаслик.
10. Ота-онага тик қарамаслик.
11. Ота-онани Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан боғлаб қўйиш.
«Китабул бирри вас сила»да ота-онага яхшилик қилиш ва бошқа ишлар бўйича келган ушбу нозик тафсилотлар ўқувчини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билангина танишиб саҳоба ва тобеъийнларнинг гапларига мурожаат қилмаса, топа олмайдиган маълумотлардир.
Китобнинг илмий қиймати шу ерда юзага чиқади. Унда энг афзал асрда яшаб ижтимоъий муомалалар бўйича оламга олий мақом намуна тақдим этган кишилардан нақл қилинган тарбия, ахлоқ ва одобга тўла матнлар. Уларни ким татбиқ қилса, унга абадий саодат кафолати берилади.
Аллоҳим! Уларни ҳаётимизга татбиқ қилишга муваффақ қилгин!

БИРР ВА СИЛА БЎЙИЧА КИТОБЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаб тасниф қилган дастлабки мусаннифлар ўзларининг таснифотлари ва жамловчи китобларида бирр ва сила бўйича махсус боблар очганлар.
Ҳофиз Абу Бакр Абдурраззоқ Санъоний (211 ҳ-с.да в-э.) ўзининг «Мусаннаф» номли жамловчи китобида «Биррул волидайн»га махсус боб очган (11-жилд).
Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайбанинг (235 ҳ-с.да в-э.) «Мусаннаф» китобида «Китабул Адаб»да бирр ва сила бўича алоҳида боб бор (8-жилд).
Улар мазкур бобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳамда саҳоба ва тобеъийнларнинг сўзларидан ота-онага яхшилик қилиш ва силаи раҳм ҳақидагиларини ривоят қилганлар. Уларнинг боблар ёки ҳадисларни тартибга солишлари, ҳар бир илмда таснифнинг бошланишида бўлгани каби, муъаяян услуб ёки яхши тартиб асосида бўлмаган.
Сўнгра имом Бухорий (256 ҳ-с.да в-э.) келиб саҳиҳ бўйича асар таълиф қилди ва саҳиҳ ҳадисларни жамлаб алоҳида китоб қилди.
У кишига бу ишда шогирди имом Муслим (261 ҳ-с.да в-э.) эргашди. Шунингдек, сунан эгаларидан имом Абу Довуд Сижистоний (275 ҳ-с.да в-э.) ва имом Термизийлар (279 ҳ-с.да в-э.) ҳам.
Аммо Ҳофиз ибн Можа (275 ҳ-с.да в-э.) биррул волидайни бобини Китабул адабда зикр қилган.
Ибн Ҳиббоннинг (354 ҳ-с.да в-э.) Саҳиҳ китоби бор. Уни Ибн Балабан (739 ҳ-с.да в-э.) тартибга солган. Бас, ўша Саҳиҳ китобида ота-онанинг ҳақи бобини ва силаи раҳм ва уни узишни «Китабул бирр вал эҳсон»да зикр қилган.
Байҳақийнинг (384 ҳ-с.да в-э.) «Шуъабул иймон» деган китоби бор. У эллик бешинчи шўъбада «Силатул арҳом» бобини зикр қилган.
Ҳоким ўзининг икки саҳиҳга қилган «Мустадрак»ида «Китабул бирри вас сила»ни зикр қилган.
Шундай қилиб ҳадисга оид ва боблар шаклида тартибга солинган барча мусаннафотлар ота-онага яхшилик қилиш ва силаи раҳмга боғлиқ ривоятлардан холий эмас.
Аммо яхшилик ва силаи раҳмга боғлиқ ривоятларни алоҳида китобга жамлаган муаллафотларнинг биринчиси Ибн Муборакнинг «Китабул бирри ва сила»си бўлса ажаб эмас. У киши қирқ ҳадис ва жиҳод бўйича биринчи таълиф қилган зотдир.
Мен ўзим танишган нарсалар ичида ундан олдин яхшилик ва сила бобида алоҳида китоб тасниф қилган кишини учратмадим. У кишидан кейин бу борада таълиф қилганлар бирин-кетин келишаверди. Ўшалардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.
1. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг (246 ҳ-с.да в-э.) «Китабул бирри вас сила»си. У ушбу китоб.
2. Муҳаддисларнинг имоми Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг (256 ҳ-с.да в-э.) «Биррул волидайни»си бор.
3. Ҳофиз Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Аби Дунёнинг (281 ҳ-с.да в-э.) «Китабул бирри вас сила»си бор.
4. Ҳофиз Қосим ибн Асбағ Абу Муҳаммад Қуртубийнинг (340 ҳ-с.да в-э.) «Китабу биррил волидайни»си бор.
5. Абуш Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Ҳайён Ансорийнинг (369 ҳ-с.да в-э.) «Китабул бирри вас сила»си бор.
6. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Бағдодий Халлолнинг (439 ҳ-с.да в-э.) «Биррул волидайни»си бор.
7. Абу Бакр Муҳаммад ибн Валийд ибн Халаф ибн Сулаймон Феҳрий Туртушийнинг (225 ҳ-с.да в-э.) «Китабу биррил волидайни»си бор.
8. Абул Фараж Абдурроҳман ибн Жавзийнинг (597 ҳ-с.да в-э.) «Китабул бирри вас сила»си бор.
Бирр ва сила бўйича алоҳида ёзилган китоблардан шуларни топишга муяссар бўлдим.

МУАЛЛИФНИНГ ТУТГАН ЙЎЛИ

Ушбу китоб пок набавий суннат бўйича иккинчи ҳижрий асрнинг бошида таълиф ва тасниф ишлари қандай бўлгани ҳақида ва ўша асрда китоб ёзиш йўналиши бўйича ҳақиқий тасввурни тақдим этади.
Китоб муаллифнинг таълиф ёки таснифнинг сабабларини, тутган йўлини ва бошқа ишларни баён қилган муқаддимасидан холийдир.
Муаллиф очган боб ва таржималар ўнта бўлиб, улар умумий ва мужмалдир ҳамда ривоятлардаги одоб ва ҳукмлар ҳақида равшан фикр ҳамда тўлиқ тасаввур бера олмайди. Шунинг учун мен маъноси бир-бирига яқин ҳадис ва асарларга бағишланган бобларга таржималар қўйдим. Уларни ишлатиш ва ривоятларга етиш осон бўлиши учун ферист қисмига қўйдим.
Сўнгра муаллиф ҳадислар ва асарларнинг боб ва таржималар бўйича тартибида ҳам ҳеч қандай режаси йўқ. Балки баъзи ривоятларни таржимага мувофиқлиги бўйича муаллифнинг мақсадини била олмадим.
Шу билан бирга, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳга ва унинг даврида китоб тасниф қилганларга санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳоба ва тобеъийнларга етиб борадиган ривоятларни жамлаганларининг ўзи етарли. Улар ҳадис талабида, уни эшитиш, жамлаш, солиштириш ва ёзиш бўйича сафар қилиб барча қийинчилик ва машаққатларни кўтардилар. Улар ўзларидан кейингиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳоба ва тобеъийнларнинг сўзларини муҳофаза қилишнинг мазкур муборак силсиласига қўшилиш имконини тарк қилдилар.

ШАРҲГА КИРИШ

Бизларни яхшилик ва силаи раҳмга буюрган Аллоҳ таолога У зотнинг улуғлигига мос ҳамду санолар бўлсин!
Яхшилик ва силаи раҳм қилувчи бандаларнинг имоми ва устози Муҳаммад ибн Абдуллоҳга солавоту дурудлар бўлсин!
Яхшилик ва силаи раҳм қилиш бўйича ислом умматига ўрнак бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!
Яхшилик ва силаи раҳм ҳақидаги оят, ҳадис, ривоятларни ҳамда динимиз таълимотларини бизга етказган уламоларимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Муҳтарам ва азиз китобхон! Аллоҳ таоло жанобингизга тақдим этишни муяссар қилган ушбу китобимизнинг бошқа китоблардан фарқли бир қиссаси бор. Камина ходимингиз уни шарҳ қилиб охирлаб қолганда Аллоҳ таолонинг иродаси ила кўнгилсиз иш содир бўлди. Ўғлим Исмоилжон билан билги сайёримдаги баъзи нуқсонларни бартараф қилиш ҳақида келишдик. У келишилган ишни бажаришга киришди. Мен эртароқ туриб китобни якунлашни ният қилиб дам олишга ётдим.
Одатдагидек, Бомдод намозидан олдин иш бошлаб билги сайёрни ишга туширдим. Шартли равишда «Шарҳи бирр» деб номланган файлни очсам, бошқа нарса чиқди. Юрагим шувв этиб, шошилиб бошқа тарафларни қарай бошладим. Аммо тўрт ойдан отиқ муддат ичида ёзилган тўрт юз саҳифа атрофидаги китоб йўқ эди.
Эрталаб йўқолган китобни билги сайёрдан кўпчилик бўлиб излашга тушдик. Кун бўйи олиб борилган ҳаракатлар самара бермади. Бу каби ишларни яхши биладиган мутахассис борлиги ҳақида хабар топдик. Болалар билги сайёрни унинг ҳузурига олиб боришди. Мутахассис уч кунлик уринишдан сўнг иложи йўқлигини эълон қилди.
Аллоҳ таолонинг иродаси. Эҳтимол бунда биз учун ўзимиз билмаган яхшлик бордир. Ҳикматини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Биздан гўзал сабр қилиш ва янгитдан ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан баракотни тилаб ҳаракатни бошлаш.
Шундай қилиб, икки минг еттинчи йилнинг йигирма еттинчи декабри, чоршанба куни, саҳарги соат тўртдан ўтганда шарҳни қайтадан ёзиш бошланди. Унда шарҳни йўқолган нусхадан кенгроқ қилиш нияти туғилди. Жумладан ҳар бир мавзуга оид Қ-к. оятларининг тафсирини ҳам келтиришга қарор қилинди. Бу ишни китобнинг номидаги «бирр» ва «сила» ибораларига оид маълумотларни келтиришдан бошладик.

БИРР ВА СИЛА МАЪНОСИ ҲАҚИДА

Биз шарҳ қилаётган китобнинг номи «Китобул бирри вас сила» - «Яхшилик ва силаи раҳм» бўлгани учун аввал «бирр» ва «сила» ибораларининг маъноси ва улар ҳақида Қ-к.да келган оятларнинг тафсири билан яқиндан танишиб олишимиз мавзуъни яхши англаб етишимизга хизмат қилади деган умиддамиз.
Араб тилида «бирр» сўзи содиқлик, тоат, боғлаш, ислоҳ қилиш, одамларга кенг миқёсда яхшилик қилиш маъноларини англатади.
Уламолар истилоҳида «бирр» барча яхшиликларни жамловчи исмдир. «Бирр» одамларга яхши ахлоқлар ила муомалада бўлиш, уларга яхшилик қилиш, раҳм кўрсатиш ва содиқ бўлиш, Аллоҳ таоло билан бўладиган муомалада У зотнинг буюруқларини лозим тутиш ва қайтариқларидан қайтишдан иборатдир. Шунингдек, гуноҳлардан холис бўлган доимий амалга ҳам «бирр» дейилади.
Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири «Барр»дир. Яъни, улуғ яхшилик қилувчи.
Биз ушбу луғавий ва истилоҳий маъно ҳамда таърифларни билиб олганимиздан кейин ўзимизга енгиллик яратиш учун «бирр»ни ўз тилимизда бир оғиз сўз билан ифода этиш учун «яхшилик» сўзини ишлатишга келишиб олсак қулай бўлади. Бас, бундан кейин китобимизда «бирр» деган арабча сўз ўрнига «яхшилик» сўзини келтиришга ҳаракат қиламиз.
Қ-к.да яхшилик ҳақида бир қанча оятлар келган. Келинг, мазкур оятларнинг баъзилари билан танишиб чиқайлик.
1. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», (177-оят).
Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.
Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
«Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир», демоқда.
Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:
1. Иймон.
«…ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса…»
Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни, қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан ҳаммасига иймон келтириш.
Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни, иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.
2. Молу дунёсидан нафақа қилиш.
«…яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса…»
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш.
Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
3. Намоз ўқиш.
«…намозни қоим қилса…»
Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи–буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.
4. Закот бериш.
«…закот берса…»
Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига моявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
5. Аҳдига вафо қилиш.
«…Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар…»
Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.
6. Сабр қилиш.
«…камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар…»
Фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.
Сабр ҳам иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан, иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди. Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.
Ҳа, ўшалар иймонида, исломида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:
«Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:
«Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.
Бундан кейин келадиган ўттизта оятда гўёки юқоридаги «яхшилик» ояти шарҳ қилинади. Бу оятда мадҳ этилган тақводорларнинг сифатлари батафсил келтирилади. Тақво сўзи ва унинг муродифлари тез-тез такрорланиб туради.
2. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!» (44-оят).
Маълумки, яҳудийлар ва хусусан уларнинг диний олимлари аҳли ширк бўлган арабларни самовий динга, янги келадиган Пайғамбарга эргашишга, китобга амал қилишга, Аллоҳ берган аҳдга вафо қилишга ва бошқа кўпгина яхшиликларга чорлар эдилар.
Вақти етиб, Аллоҳ Қуръони Каримни тушириб, Муҳаммад алайҳиссаломни охирзамон Пайғамбари қилиб юборганда, араб мушрикларидан кўплари иймон келтирдилар, аммо яҳудийлар ўзларини унутиб, кофир бўлдилар. Аслини олганда, улар иймонга аввалроқ киришлари керак эди. Чунки улар Аллоҳ таоло томонидан туширилган Таврот китобини тиловат қилиб турардилар. Унда эса, сўнгги Пайғамбар келиши тўғрисида хабар бор эди. Китобни, яъни илоҳий китобни тиловат қилиб, одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзини унутиш ақлдан эмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти карима охирида:
«Ақлни ишлатмайсизларми?!» дея хитоб этиб, уларни ақлсизларга тенглаштиряпти.
Аввал айтиб ўтганимиздек, бу ояти каримадаги хитоб фақат Бани Исроилга хос эмас, балки ҳаммага тегишлидир. Айтганига амал қилмайдиган дин уламолари ҳар бир уммат учун катта офатдир. Эътиборни жалб қиладиган, диний тус берадиган кийим кийиб олиб, чиройли-чиройли сўзларни танлаб, ширали овоз ила амру маъруф, наҳйу мункар қилиб, аммо айтганига ўзи амал қилмайдиганлар ҳар бир жамиятдан топилади. Айниқса, динни ўзларига касб қилиб олганлар хавфли. Улар эгаллаб турган мақомларини бой беришдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашлик қилишга тайёрлар. Уларнинг офати ҳаммага уради. Касофати умумийлашади. Дин номидан, Аллоҳни, иймонни аралаштириб яхшиликка чақирадиган, лекин ўзи унга хилоф иш тутадиганлар кишиларнинг қалбларидаги ҳис-туйғуларини оёқости қиладилар, фикрларини остин-устин қилиб, қалбларида ақида ёққан шуълани ўчириб, иймон нурини кеткизадилар. Шунинг учун ҳам илмига амал қилмайдиганларнинг бу дунёю у дунёда азоб-уқубатлари улкан бўлади.
Имом Аҳмад Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Аллоҳ таоло қиёмат куни саводсизларни уламоларни ҳимоя қилмаган нарсалардан ҳимоя қилади», дейилган.
Баъзи бошқа ривоятларда:
«Аллоҳ илмсиз кишини етмиш марта мағфират қилганда, олимни бир марта мағфират қилади», дейилган.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Қиёмат куни бир кишини дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахилар уни ўраб олиб:
«Эй фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амру маъруф, наҳйу мункар қилмаганмидинг?» дейишади.
Шунда у:
«Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», дейди», деганлар.
Имом Аҳмад Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:
«Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишиларнинг олдидан ўтдим ва:
«Анавилар кимлар?» деб сўрадим.
«Умматингдаги аҳли дунё ваъзхонлар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларини унутганлар ва ҳолбуки китобни ўқирдилар, ақлни ишлатмайдиларми?»дейишди».
Аллоҳ шундай оқибатдан Ўзи сақласин.
Айтганига амал қилиш, ақидага мувофиқ юриб-туриш осон иш эмас. Бунинг учун сабр-матонат, тиришқоқлик керак. Энг муҳими–доимо Аллоҳ таолога боғлиқ бўлишлик талаб этилади.
3. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки нажот топсангиз», (189-оят).
Ушбу ояти карима яхшилик бобида катта бир қоидага асосдир. Ҳар бир яхшилик шариат белгилаган яхшиликдир. Одамлар ўзларича ўйлаб чиқарган нарса динда яхшилик бўла олмайди.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:
«Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одат бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда: «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...», ояти тушди», деганлар.
Бу ҳақда тўлароқ маълумот қуйидагичадир: ансорийларнинг тушунчасига кўра, ҳаж қилиб гуноҳидан покланиб уйига қайтган одам, ҳаждан қайтиб уйига биринчи киришида, гуноҳкорлик қилиб юрган пайтида кириб юрган эшикдан кирмай, уйнинг орқасидан дарча очиб кириши яхшилик эди. Улар шу тасаввурларга амал қилишарди. Иттифоқо, улардан бирлари ҳаждан келиб, уй орқасидан дарча очиб эмас, балки тўғри эшикдан кирибди. Бу иш бошқаларга айб бўлиб кўринибди. Табиийки, бу эски одат хусусида мусулмончиликнинг ҳукми нима бўлар экан, деган савол пайдо бўлади. Оят ўша бўлиши эҳтимол тутилган саволга жавоб тариқасида ва бўлиб ўтган ҳодисага баҳо бериш бўлиб келган:
«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир».
Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар хил сифатлар бериб адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни, Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан ҳосил бўлар экан.
Ояти каримадан билиниб турибдики, шариатда кўрсатилмаган иш билан Аллоҳга қурбат ҳосил бўлмайди, бунга, яхшиси, уринмаслик керак. Қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлган одам фарз, вожиб, суннат амалларга қарасин, агар унга ўхшашини топса, яхши бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба айтаётиб, қарасалар, бир киши офтобда тик турибди. У киши ҳақида сўраганларида:
«У Абу Исроил, офтобда тик туришни, ўтирмаслик ва сояга чиқмасликни ва рўза тутишни назр қилган», дейишади.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Айтинглар, гапирсин, сояга чиқсин, ўтирсин ва рўзасини охирига етказсин», дедилар».
Бу ҳолатда Расули акрам алайҳиссолату вассалом шариатда ибодат ҳисобланган рўзани давом эттиришга, савоб берилмайдиган бошқа ишларни эса тўхтатишга буюрдилар. Мусулмонлар ўзларича тақводорлик деб турли ишларни ўйлаб чиқаравермасликлари керак. Афсуски, одамлар бу ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли ҳар хил хатоларга йўл қўядилар.
4. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида айтади:
«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир», (92-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада яхшиликка эришиш учун қилиниши лозим бўлган ишлардан бирини баён қилмоқда.
Мусулмонлар бу маънога тўлиқ тушунган замонларида яхшиликка эришиш учун ўзларининг энг яхши, суюкли молларини нафақа қилиб, улуғ даражаларга эришганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматтуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:
«Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида «Ҳаа» номли қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, ширин сувидан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ «Ўзингиз суйган нарсадан анфақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Ҳаа» қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман.
Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», деди.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Яхши, яхши, бу фойда берувчи мулк, бу фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман», дедилар.
Абу Толҳа:
«Худди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига таъйин қилди.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?» дедилар.
У зоти бобаракот:
«Аслини ушлаб тургинда, тушган фойдани садақа қилиб тур», дедилар.
5. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир», (2-оят).
Аллоҳ таоло узун оятнинг бир бўлаги бўлган ушбу жумлаларда сиз билан бизга олам-олам таълмотни тақдим этмоқда.
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Ҳа, Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъий назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам,
«Аллоҳга тақво қилинг!» деб алоҳида таъкидланмоқда.
Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина, ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам, ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:
«Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир».
6. Аллоҳ таоло «Мужодала сурасида айтади:
«Яхшилик ва тақвога сирли суҳбат қилингиз. Ҳузурига тўпланиб борадиганингиз Аллоҳга тақво қилингиз», (9-оят).
Биров эшитмайдиган суҳбат қурилганда ҳам фақат яхшилик ва тақво ҳақида гапириш лозим экан. Бу Исломнинг яхшилик ва тақво дини эканлигидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам «бирр» - яхшилик ва унинг таърифи ҳақида бир қанча маълумотлардан келган. Бир фақат бир дона ҳадисни келтириш ила кифояланамиз.
Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот:
«Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у зот:
«Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Яхшилик-кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик-кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам», дедилар.
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:
«Яхшилик-фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.
Ёмонлик кишининг фикрига келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.
Дарҳақиқат, разм солиб мулоҳаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.
Бу ҳадиси шарифда «Яхшилик ҳусни хулқдир» дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.
Шу билан бирга бу ҳадиси шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини ҳам билиб оламиз. Энди яхшиликларни ўрганишга киришамиз.
Шу билан бирга биз шарҳ қилаётган китобдаги маълумотлар одамларнинг бир-бирларига қиладиган яхшиликлари ҳақида эканини ёдга олиб қўйишимиз керак.
«Сила» сўзи араб тилида қўшиш, боғлаш, жамлаш ва пайвандлаш маъноларини англатади. Шунингдек, моддий мукофот ва мол беришга ҳам ишлатилади.
Уламолар истилоҳида эса, асосан силаи раҳм, яъни қариндошларга ва яқин кишиларга яхшилик қилишга сила дейилади.
Бадриддин Айний имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига қилган шарҳи «Умдатул Қорий» номли китобида «Сила силаи раҳмдир. У насбдош ва қудачилик асосидаги қариндошларга яхшилик қилишдан, уларга меҳр-мурувват кўрсатиб ҳолларидан хабар олишдан киноядир», деган.
Бу таърифда қудачилик асосидаги қариндошларга ҳам яхшилик қилиш силаи раҳм эканлиги алоҳида эътиборга сазовордир. Бу ҳақиқатни кўпчилик англаб етмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини «сила»га амр қилган, унга амал қилганларни мақтаб, амал қилмаганларни қоралаган.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида айтади:
«Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан чўчирлар ва ёмон ҳисобдан қўрқарлар» (21-оят).
Ақл эгаларининг муҳим сифатларидан бири:
«Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар».
Бу ишларнинг бошида «силаи раҳм» – қариндошлик алоқаларини боғлаш, уларга яхшилик қилиш туради.
Ақл эгаларининг яна бир сифати:
«Роббиларидан чўчирлар»
Яъни, Аллоҳ таолонинг қудрати сўнгсиз эканлигини доимо сезиб, ҳис этиб турадилар.
Аллоҳ таолонинг буюклиги қаршисида ўзининг ожизлигини тушуниб, гуноҳ ишлар қилишдан сақланиб турадилар.
Ақл эгаларининг бошқа бир сифати:
«...ва ёмон ҳисобдан қўрқарлар».
Яъни, охиратда ҳисоб бериш лозимлигини яхши билганлари учун доимо ўша ҳисоб-китобдан қўрқиб, фақат яхши амалларни қиладилар ва ёмонларидан қочадилар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир» (27-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ кофир ва мунофиқларнинг учта катта сифатини келтирган.
Биринчи сифат:
«Аллоҳнинг аҳдини боғлаганидан сўнг бузадиган...»
Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Бу аҳд кўп нарсаларда боғланган, жумладан:
а). Ҳар бир банда яратилиш чоғида Аллоҳ унинг табиатига диндорликни солган, кофир ва мунофиқлар ўша табиатга хилоф чиқадилар;
б). Аллоҳ таоло одам боласини Ўзининг ердаги халифаси қилган, улар бу аҳдни бузиб, халифаликка хиёнат қиладилар;
в). Ҳар бир шариат келганда, Аллоҳ Ўзидан бошқага сиғинмаслик аҳдини олган бўлса ҳам, кофир ва мунофиқлар хиёнат қиладилар.
Шунингдек, фосиқлар, яъни, кофир ва мунофиқлар ҳаётларида Аллоҳнинг шариатига амал қилиш, унинг кўрсатган йўлидан юриш каби нарсаларга боғланган аҳдларни бузадилар.
Иккинчи сифат:
«Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган...» Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ–кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар.
Учинчи сифат:
«Ер юзида фасод қиладиган...»
Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод–борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.
Мазкур сифатлар нима натижага элтади? Шундай сифатдаги кишилар, албатта, ютқазадилар. Бу дунёларини ҳам, у дунёларини ҳам ютқазадилар.
«Ана ўшалар ютқазувчилардир».
Мазкур ютқазувчилар ичида қариндошлик алоқасини узувчилар ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида айтади:
«Аллоҳнинг аҳдини мийсоқдан кейин бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни узадиганлар ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга, ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор» (25-оят).
Бу оятда васф қилинаётган бадбахт бандаларнинг бош айблари Аллоҳ таолога ал-Мийсоқда берилган бош аҳдни–иймон аҳдини ва ўша иймон тақозоси ила амал қилиш мийсоқини бузишларидир. Ушбу асосий ва марказий аҳд бузилгандан кейин бошқа аҳдлар ҳам бузилиши муқаррар. Чунки Аллоҳга иймон аҳди бўлмагандан кейин, бошқа қандай аҳд бўлиши мумкин?! Шу боисдан ҳам улар:
«Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни бузадиганлар»га айланиб қолдилар. Яъни, қариндошлик алоқаларини бузадиган, силаи раҳмни кесадиган нобакорларга айланиб қолдилар.
Аллоҳга иймонлари бўлмаганидан кейин У зотнинг айтганларини ҳам қилмайдилар. Жумладан, Аллоҳ боғланишга амр этган қариндошлик алоқаларини, инсонийлик ва бошқа алоқаларни ҳам узадилар.
Натижада:
«...ер юзида бузғунчилик қиладиганларга» айланадилар.
Уларнинг иши бузғунчиликдан иборат бўлиб қолади.
«Ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам «сила»га кўп тарғибот қилинган. Ушбу биз шарҳ қилаётган китобда айнан шу мавзуъдаги ҳадиси шарифлардан келади. Муқаддимада улардан умумий маънодаги бир-икки ҳадиси шарифни зикр қилиш билан кифояланамиз.
Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло «Мен Аллоҳман! Мен Роҳманман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир! Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, Мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Келажак сатрларда мўмин-мусулмон одам яхшилик ва сила қилиш лозим бўлган тоифалар ва уларга қилинадиган яхшилик ва силалар ҳақида Аллоҳ таолониг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда сўз юритилади.

маълумот учун телефон: 216-29-27

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб .Ҳадис ва Ҳаёт, туркумининг .Савдо, зироат ва вақф, деб номланган 11жузи қайта нашр давоми...

1580 11:22 / 23.12.2020
quotОлтин силсилаquot китобининг 1жузи қайта нашр этилдиКитобнинг муқаддимаси httpislom.uz Муаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва таржимонлар гуруҳиНоми ОЛТИН давоми...

3213 05:00 / 02.02.2015
Зикр аҳлидан сўранг59

2887 10:00 / 02.02.2015
.Ҳилол, тақвимининг янги 1437 ҳижрий йил 2 4сони.Ҳилолнашр, матбаанашриёти сиз азиз мухлисларга ўзининг .Ҳилол, тақвимининг навбатдаги сонини тақдим этади. Ушбу давоми...

2489 05:00 / 02.02.2015
Аудиолар

118786 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40737 14:35 / 11.08.2021