1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-2016

Яхшилик қил сувга сол...

21:08 / 19.04.2017 4151 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатдаги иш кунларининг бирида тушлик пайти хамкасблар билан сухбатимиз яхшилик ҳақида бўлди.
-Бугунги кунда беминнат яхшилик қиладиган одамни топиб бўлмай қолди, - деди дугонам Мадина. Унинг гапини маъқуллаб Саида қўшимча қилди, -тўғри, кимга яхшилик қилишни ҳам билиш керак. Яхшилик қилиб ўрнига ёмонлик билан жавоб оласан.
-Яхшилик қилиб яшайдиган одамларни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди ҳозир – деди Назокат опа.
-Йўқ, пайғамбаримизни ҳадислари бор, одамзотни қиёматгача яхшилик асрайди, бировга ҳатто билдирмай яхшилик қиладиган инсонлар ҳам бор орамизда. Мен ундайларни биламан. Кейин, нима яхшиликни қайтсин деб қиладими одам? Аҳир яхшилик ҳақида ўйлашнинг ўзи савоб-ку? – дейман жиғибийроним чиқиб.
-Феруза, сиз ҳалиям китобларда яшайсиз чоғи, ҳаёт, одамлар сиз ўйлаганчалик эмас – дея ўз фикрини сингдиришга харакат қилади Назокат опа.
Доимгидай, уларга осонгина енгилиб қўйишни афзал биламан. Чунки улар ўзгаларга яхшилик соғиниш нима эканини билмайдиганлар сарасига киради. Уларнинг фикрича орамизда беминнат яхшилик қилаётган инсонлар гўёки “анқонинг уруғи” бўлиб қолаётган бир пайтда яхшилик ҳақида сўз айтиш бироз эриш туюлар эмиш.
... Ўша пайтлари Андижон телевидениесида маънавий-маърифий кўрсатувлар муҳаррири эдим. Газетада ишловчи бир хамкасбим, Феруза мен бир зўр ижобий қахрамон топдим, фақат у ўзи ҳақида газетага ёзишни истамади. Балки у инсон ҳақида сиз кўрсатув тайёрларсиз – деб қолди. Бир неча кун у одам ҳақида уни биладиганлардан журналистик сўров ўтказдим. Тадқиқотларим шуни кўрсатдики, ҳаётий шиори одамларга яхшилик қилиш, бир кун бировга яхшилик, эзгу-савоб иш қилмаса ухлолмайдиган, одамлар Хизрдек ардоқли кўрадиган, лекин жуда содда, самимий, оддий инсон эканлар.
Бўлажак қахрамоним мақсадимни эшитгач, синглим “яхшилик қил сувга сол балиқ билар, балиқ билмаса Ҳолиқ билар” – деган нақлни асл маъносини биласизми, деб қолди. Ҳайрон бўлиб елка қисдим. Унда эшитинг, дея хикоясини бошлади.
Ривоят қилишларича, бир одил подшохнинг яккаю-ёлғиз ўғли бўлиб у нихоятда эрка бўлиб ўсибди. Кунлардан бир кун шахзода кунгли кемада сайр қилишни тусаб қолганини билдирибди. Ҳаво булутли эканлиги бундай об-хавода сайрга чиқиш хавфли эканини айтган мулозимлар балога қолишибди. Эрка шахзода ўз билганидан қолмабди. Кема қирғоқдан анча илгарилаб кетган бир пайтда бирдан денгизда қаттиқ шамол кўтарилиб кема сувга ғарқ бўлибди. Тақдирни қарангки, бутун ҳамрохлари халок бўлиб ёлғиз шахзодагина омон қолибди ва хушсиз холда нариги қирғоққа чиқиб қолибди. Кеманинг тақдиридан огох бўлган подшох шахзода ва хамрохларини топа олмагач улар учун аза очибди. Шундай кунларнинг бирида шу юртнинг балиқчилари шохнинг фарзанди тирик эканлиги ҳақидаги хушхабарни етказибдилар. Нихоят шох ўғлидан шунча кун кимсасиз жойда, очликда қандай яшаганини сўрабди. Шахзода эса қирғоқда эгасиз кемада жон сақлагани ва ҳар куни бир пайтда сув юзида биттадан буғдой нони оқиб келгани шу нонни еб омон қолганини айтибди. Шунда шох бу сирнинг тагига етишларини буюрибди. Мулозимлар қирғоқда ўтин териб тирикчилик қилувчи чолдан бўлак ҳеч кимни топишолмабди. Воқеадан хабардор бўлган қария, ҳар куни иккита нонни белига боғлаб ўтин тергани кетишини ва тушлик пайти битта нонни ўзи еб иккинчисини балиқлар есин деб сувга ташлашини бу иши охиратга савоб учунлигини айтибди. Шох бу сузлардан таъсирланиб сахий чолни сийлабди. Беминнат яхшилиги учун саройга боғбон қилиб ишга олибди.
Халқимизда “яхшилик қил сувга сол балиқ билар, балиқ билмаса холиқ (Худо) билар” - деган нақл шунга айтилган экан. Чунки, яхшилик, эзгу ва савоб ишлар ҳеч қачон мукофотсиз қолмайди. Аслида бир қўлинг билан берганингни иккинчи қўлинг сезмасин, дейди. Синглим, яхшилик қилиш менга куч, кайфият, ризқ, барака ҳамма-ҳаммасини беради. Бу ҳақида мақтаниш шаккоклик бўлади, деди сокингина.
Фақатгина ўзини ўйлаб эмас, бошқалар учун ҳам осон бўлсин деб ўз хисобидан неча километрдан ичимлик суви келтирган, ёзда чанг, қишда лой бўладиган махалла кўчаларини асфальт қилдирган, кимнидир Россиядан келолмаётган касал ўғлини келишига ёрдам берган, кундузми-кечасими, тонгдами кўзи ёрийдиган келиндан тортиб, касал бўлган чақалоғу-қариялар учун ҳам шахсий автомашинаси доим беминнат хизмат қилувчи, қўли юпқагина қўшниларнинг фарзандларига ўз хисобидан хатна тўйи қилиб чексиз савоб олса, янги рўзғор қилган ёш оилага моддий ва маънавий қарашиб, рамазон кунларида кам таъминланган оилаларга егуликлар тарқатиб, хайит байрами кунларида эса қассобхоналарда арзимаган нарх билан ўз хисобидан гўшт соттириб янада чексиз савоб олаётган бу инсонни бежиз Хизрга қиёсламаганликларини тушундим.
Ҳаётий фаолиятингиз кимлар учундир ибрат бўлармиди – деган сўнгги илинжимга эҳ, синглим, яхшилик айтилмайди, ўргатилмайди, миннат қилинмайди, бўлмаса унинг савоби йўқолади – деб сухбатимизга сўнгги сўзни айтди ва қачон кимга ёрдам керак бўлса бемалол мурожаат қилишим мумкинлигини билдирди. Шу ваъда сабаб бу инсонга фаолиятим давомида бир неча бор тўқнаш келдим. Фарзандини ўқиши учун шартнома пулини тўлолмаётган бир хамкасбимнинг бева опасини юбордим. Муаммоси бир кунда ҳал бўлган аёл бутун оиласи билан менга рахмат айтгани келибди.
Бир куни телевидениега бир аёл мени йўқлаб келди. Юраги хаста ёлғиз ўғлини операцияси учун хориж билан келишибди аммо борди-келдисига холис ёрдам берадиган одам тополмаётганини айтиб кўз ёш қилди. Мен яна ўша халоскорга мурожаат қилдим. Хужжатлари билан келсин – деди. Бу масалани ҳам ижобий хал қилди.
Оилавий шароити ночор, ногирон эр ва ногирон фарзанд, турмушдан ажраган қизини бир фарзанди билан фаррошлик қилиб боқаётган бир оила ҳақида рамазон кунларида кўрсатув тайёрладим. Кўрсатув эфирга кетгач, мени йўқлаётганларини айтишди. Ташқарига чиқсам ўша таниш чехра, кўрсатувим таъсирли чиққани бунинг учун рахмат айтиб ўша хонадонга бирга бориб келишимизни илтимос қилиб қолдилар. Мен машинага ўтириб хайратдан ёқа ушладим, бир рўзғор учун нимаики керак бўлса ҳаммаси бор. Қайтар чоғимиз хонадон бекасига бир даста пул тутқазиб, агар бирор муаммога дуч келсангиз бемалол мурожаат қилинг – деб ташриф қоғози тутқазди. Кўз ёшлари юзини ювган аёл то машинанинг қораси йўқолгунча дуо қилиб қолди. Аслида оддийгина тадбиркорлик билан шуғулланиб даромад закотини эзгу ишларга сарфлаётган, яхшилик қилиб савоб излаётган бу инсонни мен гувохи бўлган яхшиликларини айтиб тугатиб бўлмайди.
Бир куни олий ўқув юртларидан бирининг раҳбари хузурида эканимда бир гурух талабалар киритишларини талаб қилишди. Кейин билсам, улар бир курсдошларини шартнома пулини тўлолмагани сабаб талабалар сафидан четлатилгани учун норози эканлар. Отасиз ўсган қиз ўз кучи билан (маълум балл етмагани сабаб шартнома асосида) ўқишга киради. Уч йил давомида тўлов пулини амаллаган ака автохалокат туфайли тўшакка михланиб қолади. Тўлов учун бошқа нажот йўқ. Талаба қизнинг курсдошлари келишиб ўзларининг стипендиялари ва жамғарган пулларини йиғиб шартнома пулини тўламоқчи эканликларини билдириб бугун рахбардан рухсат олмоқчи эканлар. Улар бир фикрни билдирардилар, нима, одамга яхшилик қилиб бўлмайдими? У қиз уч йил биз билан бирга ўқиди. Талабаликни қувончли кунларини бирга кўрдик. Энди шундай кунда унга яхшилик қилмай қараб турсак адолатдан бўлмайди. Уларни тинглаб туриб ичимда ғалаён кўтарилди. Яхшилик қилиш ёш ва жинс, жой ва сабаб танламайди. – Қанчалар яхшисан ЯХШИЛИК – деб, хайқиргим келди.
Бугун орамизда сизу-бизга билдирмай, ҳеч қандай манфаат кутмай яхшилик қилаётган инсонлар бор. Мен озгинагина яхшилигини кўз-кўз қилиб жар солаётган, яхшилик қилган одамини ўзига тобе қилиб олган, яхшилигини манфаатга алмаштирганлар ҳақида гапирмадим. Чунки, уларга сиз кўп бора тўқнаш келгансиз. Яхшилик қилувчиларга эса биз ҳар доим ҳам эътибор қилавермаймиз ёки уларни сезмаймиз. Улар жимгина, донишмандона ҳаёт кечириб, ўзларига тириклигидаёқ одамлар орасида хайкал қўйиб кетадилар.

Феруза ОРИПОВА

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яхши курган бандаларин Худойим Масжидларга туплаб куяр хар доим. Савоб умид килиб, турибмиз коим, Бугунги тун минг ойдан хам яхшидир.Савобларни кила олмай саришта, давоми...

5162 21:11 / 19.04.2017
Одатдаги иш кунларининг бирида тушлик пайти хамкасблар билан сухбатимиз яхшилик ҳақида бўлди. Бугунги кунда беминнат яхшилик қиладиган одамни топиб бўлмай давоми...

4151 21:08 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймРамазон ойи улуғ бир неъматдир. Бу ойда Аллоҳнинг рахмат, мағфирати янада зиёда ҳолда бандаларига тақдим этилади. Росулуллоҳ с.а.в. давоми...

3618 21:12 / 19.04.2017
Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз Қадрrdquo сураси, 2оятmdash Бу кеча ким ухлаб қолмаса Лайлактул Қадрни кўради. У Лайлак кун ботар томондан учиб давоми...

3593 21:07 / 19.04.2017
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021