1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Яхши исм баракотидан умидвор бўлиш

20:46 / 14.07.2017 3657 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

915. Абдуллоҳ ибн Соибдан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия йилида Усмон ибн Аффон зикр қилинганида ва Суҳайлнинг қавми у зотнинг ҳузурларига (Суҳайлни) юборганида, у зот ўша йили қайтиб кетишлари ва улар Маккани уларга келаси йили уч кун холи қўйишлари ҳақида сулҳ тузилган. Шунда Суҳайл келиб, «Суҳайл келди», дейилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ишингизни осон қилди», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Соиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган эди».

Шарҳ: Ҳудайбия воқеаси шундай бўлган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан Мадинадан чиқиб, умра қилиш ниятида Маккаи Мукаррамага яқинлашиб, Ҳудайбия деган жойга келганларида, Макка кофирлари: «Сизлар Маккага кирмайсизлар, бўлмаса уруш қиламиз», деб йўлларини тўсиб чиққанлар.

Ўша ерда тўхтаб, музокаралар бошланган. Музокаралар бошланганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Маккага элчи қилиб юборганлар. Бир мунча вақт ўтгандан кейин «Аҳли Макка Усмонни ўлдирибди» деган хабар келган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан байъат олганлар.

Лекин қурайшликлар ҳам ўзларининг элчиларини юборишни бошлаганлар. Шунда бир неча музокарачи келиб, иш битмагандан кейин, Суҳайл ибн Амр деган одам келган.

Аввал бир киши келган, музокара битмагач, қайтиб кетган эди. Кейин иккинчи киши ҳам келиб кетгач, учинчи бўлиб Суҳайл келган.

Шунда одамлар: «Ана, Суҳайл келяпти», де­йишган. «Суҳайл» сўзининг маъноси «осон»дир. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Суҳайл келаётган бўлса, Аллоҳ ишингларни осон қилибди», деганлар, яъни келаётган кишининг исмининг маъносидан бир яхшиликнинг башоратини сездилар.

Дарҳақиқат, Суҳайл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузди. Сулҳга икки тараф рози бўлди. Сулҳ ёзилди, имзо чекилди. Ҳамма нарса осонлик билан тугади.

Демак, мана шундай гўзал исмлардан, хайрли сўзлардан бир яхшиликни умид қилиш бор гап экан. Мана, ҳадисдан маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай гапни айтган эканлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида алАқраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини давоми...

4994 05:00 / 15.02.2017
Ушбу саҳифа болаларни ахлоқодобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, бу саҳифа ҳалолик, поклик, давоми...

3205 05:00 / 15.02.2017
Ёз кунларидан бирида болалар дарё бўйида ўйнашарди. Уларнинг орасида Жаъфар деган бола ҳам бор эди. Болалар уни золим деб аташарди. Чунки у ҳайвонларга озор берар давоми...

2615 05:00 / 16.02.2017
Қадим замонда йўлтўсар ўғрилар одамларнинг йўлини тўсиб уларни асир олиб бозорда қул қилиб сотардилар. Кунларнинг бирида қароқчиларнинг қўлига бир катта ёшли давоми...

2726 05:00 / 16.02.2017