1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Воқеийлик – мисолийлик мувозанаси

05:00 / 13.03.2017 3767 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломнинг умумий хусусиятларидан бири воқеъийликдир.


Воқеийлик деганда биз коинот, ҳаёт ва инсон воқеликларини риоя этмоқни назарда тутяпмиз. Ислом ўзининг фикрий кўрсатмаларида, ахлоқий таълимотларида ва қонуний ташриотларида ушбу воқеликларни унутган эмас, доим уларни ҳисобга олган. Чунки инсонга қонун чиқарган, уни йўналтирган ва таълимот берган Зот коинотни, ҳаётни ва инсонни яратган Аллоҳдир. Яратмишига нима тўғри келади, нима бузади, нима уни фаришталар даражасига олиб чиқадию, нима ҳайвон мақомига туширади фақат У билади: “(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир”. (Мулк сураси, 14-оят).


Инсоний фалсафа, йўл ва мафкуралар эса бирор дастур ёки қонун ишлаб чиқаётганларида муаяйн замон ва макондаги воқеликдан таъсирланадилар. Улар инсоннинг кечаги ва эртага бўладиган воқелигини, балки ҳозирги воқелигинида тўлиқ қамраб ололмаганлик сабабидан шундай ҳолга тушадилар. Биз ҳали ери устида ва осмони остида яшаётганимиз – улкан коинот воқеликларидан уларнинг бехабарлигини айтаётганмиз йўқ. Шу сабабли улар ишлаб чиққан низомларда воқелик билан келишолмайдиган кўпгина ваҳм ва тахайюлотларга йўл қўйилади. Мисолни яқин ўтмишда қулаган коммунистик тузумдан келтиришимиз мумкин. Уларнинг мафкураси барча одамлар ўртасида иқтисодий тенгликни барпо қилиш асосига қурилган эди. Бу фалсафа “кучи етганича бериб, эҳтиёжига қараб олиш”ни олдинга сурарди. “Иқтисодий тенглик” фалсафаси хаёлий, воқеликка таянмаган тушунча бўлгани учун асосий мақсадини амалга ошириш у ёқда турсин, бу йўлда эркини йўқотган халқлар устига бало бўлиб йиқилди.


Бундай ҳолатни Аллоҳ маҳдуд босқич ва муайян қавмга, махсус муаммолар муолажаси учун юборган динлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, насронийлик моддага муккасидан кетган ва ҳақиқий дин руҳиятидан узоқ бўлган яҳудийлар намоён этган хос бир ҳолатнинг муваққат муолажаси учун келган диндир. Шу сабабли насронийлик моддиятга ғарқ бўлиш иллатини руҳониятга ғарқ бўлиш муқобили билан муолажа этди. Моддият балчиғига ботганларни мисолийлик (идеаллик) осмонига кўтармоқчи бўлди. Кескинликни кўпинча кескинлик билан даволанади. Лекин бу маҳдуд, муваққат муолажа бўлиб, ҳеч қачон доимийлик ва шомиллик касб этмаган. Асл самовий дин бўлган масиҳийликнинг ҳар замон ва маконга татбиқ этиш мумкин бўлмаган мисолий таълимотлар соҳиби эканининг сири мана шудир. 

Энди исломга келсак, у ҳамма халққа юборилган Аллоҳнинг боқий калималаридир. У оққа ҳам, қорага ҳам шомил, абадий Аллоҳнинг ҳидояти ва барча оламларга раҳматидир. Шундан ислом инсон қаерда, қачон ва қандай ҳолатда бўлмасин, унинг ҳолига мувофиқ таълимотларни ўз ичига олди, ва ақида,  ибодат, ахлоқ ва ташриотларида воқеликларга риоя қилди. 


Исломий ақида воқеийлиги



Ислом воқеий ақида билан келган. Чунки у борлиқда мавжуд, ақл қабул қиладиган, нафс рози бўладиган ва соғлом фитрат ижобат этадиган ҳақиқатларни васф этди. Ислом ақидаси Унинг борлигига нафс ва уфқлардаги таквиний далиллар, пайғамбарларига ваҳий қилган танзилий оятлар далолат қиладиган ягона илоҳга чақиради. Қуръон бу якка илоҳни омманинг туйғулари рози бўлганидек, файласуфларнинг ақлониятини ҳам қониқтирадиган исм ва сифатлар билан тавсифлайди. 

У Аллоҳ юборган, пайғамбарлар рисолатини хотималайдиган ва гўзал хулқларни тугаллайдиган пайғамбарга иймон келтиришга даъват этади. Бу пайғамбар бизга ўхшаш башар наслидан, биздан уни фақат ваҳий ажратиб туради: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда”. (Каҳф сураси, 110-оят). У илоҳ ҳам, Унинг ўғли ҳам, фаришта ҳам эмас. У овқатланадиган, бозорларда юрадиган, одамлардек яшаб, ўладиган оддий инсон. Рози бўлади, жаҳли чиқади. Севинади, хафа бўлади. Севади, ёмон кўради... 

Қуръон – саҳифаларга ёзилган, тилларда ўқиладиган ва қалбларда сақланадиган илоҳий китобдир. У одамларнинг ақллари ва қалбларига баробар хитоб қилади. Уларда рағбат ва раҳбат ҳисларининг ҳаммасини уйғотади. Башорат беради ва огоҳлантиради. Жаннатга шавқлантиради ва дўзахдан қўрқитади... 

Дунёда яхшилик ва ёмонликка одил илоҳий жазо, ҳамда охиратда савоб ва иқоб бўлишига иймон келтириш, асл фитрий ва воқеий ҳисларга озуқа беради. Чунки золим ва фожирдан ҳақсизлиги учун қасос ва ўч олиш ҳиссига оч инсон, бу дунёда берилмаган жазо учун ухровий азоб борлигига қаноат ҳосил қилади. Мазлумлиги эвазига келажакда кутаётган роҳатига дилдан рози бўлади. 

Жаннат ва дўзахга, ундаги неъмат ва азобга иймон келтиришда ҳам инсон воқелиги учун ҳиссий ва маънавий мувофиқлик бор. Чунки инсон жисм ва руҳдан иборат. Буларнинг ўз талаб ва эҳтиёжлари бор. Одамлар ичида жисмдан ташқари, руҳ неъмати ва азобининг ўзи билангина кифояланмайдиганлари бор. Шунингдек руҳ қолиб, жисм неъмати ва азобигина қаноатлантирмайдиганлари ҳам учрайди. Шунинг учун жаннатда таом, шароб ва ҳурлар бор. Ҳолбуки Аллоҳдан бўлган розилик улуғроқ эди. Дўзахда эса занжиру кишанлар, заққум ва ғислинлар билан бирга, улардан кўра таҳқирловчи хорлик ва зорликлар бор. Буларнинг барчаси инсоннинг воқеий табиати ва шуурига тўғри келадиган ҳолатлардир.


Исломий ибодатлар воқеийлиги


Ислом воқеий ибодатлар билан келган. Чунки у инсондаги руҳий борлиқнинг Аллоҳга боғланишга чанқоқлигини биларди. Шундан ана шу чанқоқни қондирадиган, очликни тўйдирадиган ва нафсининг бўшлиғини тўлдирадиган ибодатларни фарз этди. Лекин бунда инсоннинг маҳдуд тоқатини ҳисобга олди. Уни қийнайдиган, машаққатга соладиган ишларга таклиф этмади: “... бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).

Ҳаёт воқелигини, оилавий, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатларни ҳисобга олди. Канисалардаги роҳибларникига ўхшаган кўринишда, мусулмондан ибодатга узилишни талаб этмади. Агар буни у хоҳлаган тақдирда ҳам рухсат бермади. Балки мусулмонни Раббисига боғлайдиган ва жамиятдан узмайдиган, дунёсини хароб қилмасдан, охиратини яшнатадиган маҳдуд ибодатларга таклиф қилди. Ундан бутун ҳаёти давомида холис руҳоний муҳитда баланд парвоз қилишни фарз этмади. Расуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан бирига: ... Бир соат (охиратга), бир соат (дунёга)”, деганлар.

Ислом инсондаги малол кўриш табиатини ҳам тан олди. Шундан ибодатларни турли туман қилди. Намоз ва рўза каби баданий, закот ва садақалар каби молиявий, ҳамда ҳаж ва умра каби икки жиҳатни ҳам жамлаган ибодатларни фарз этди. Уларнинг баъзисини кунлик, баъзисини эса йиллик ё мавсумий ва айримларини бўлса умрда бир марталик фарз қилди. Сўнг зиёда яхшилик ва Аллоҳга қурбатни хоҳлаганларга, кўнгилли равишда нафл ибодатлар эшигини очиб қўйди. Булар инсоннинг воқеий имкониятига қараб адо этиладиган ибодатлардир.

Ислом инсон бошига келадиган сафар ва касаллик каби фавқулодда ҳолатларни ҳам риоя этди. Шу боис рухсат ва енгилликларни жорий қилди. Мисол, хаста тоқатига қараб намозни ўтириб ёки ётиб ўқиши мумкин. Мусофир эса қаср қилади. Жароҳати бор одам покланишда сув ишлатмай, таяммум қилиши жоиз. Касал, ҳомиладор, эмизикли кейин тутиб бериш шарти билан, қари киши эса фидя эвазига Рамазонда рўза тутмасликлари мумкин. Бу рухсатларнинг барчаси одамлар воқелигини риоя қилиб, уларнинг ўзгарувчан ҳолатларини ҳисобга олиб ва Аллоҳдан енгиллик сифатида жорий бўлгандир: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 185-оят).


Исломий хулқлар воқеийлиги


Ислом воқеий хулқлар билан келган. У кўпчилик одамларнинг ўртача тоқатини риоя қилди. Башарий интилишлар, моддий ва руҳий эҳтиёжлар сабабли унинг заифлигини эътироф этди. 

Ислом мусулмон бўлишни хоҳлаган кишига бор бойлигидан воз кечишга амр этмади. Инжил Масиҳдан ўз тобеъларига: “Ўзингдаги нарсаларни сотиб, менга эргаш”, деганини нақл қилади. Ёки Қуръон Инжил айтгандек: “Албатта туя то нина тешигига кирмагунча, бой киши осмон малакутларига кирмайди”, демайди. У шахс ва жамиятнинг молга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олади. Уни ҳаётнинг тиргаги деб эътибор қилиб, кўпайтириш ва муҳофазасига буюради. Пайғамбар (с.а.в.) Амр ибн Ос (р.а.)га: “Солиҳ кишининг солиҳ моли қандай ҳам яхши!”, деганлар.

Қуръонда ҳам, суннатда ҳам Инжилда айтилган: “Душманингизни севинг, сўкканни ҳурматланг. Ўнг юзингизга урганга чап юзингизни тутинг. Кўйлагингизни ўғирлаганга иштонингизни беринг”, деган сўзлар келмаган. Чунки будай қилиш чекланган босқичда, хос ҳолатда жоиз. У умумий, барҳаёт, ҳар бир одамга, ҳар бир замон ва муҳитда, ҳар қандай ҳолатда ярайдиган кўрсатма эмас. Зеро, инсондан душманига муҳаббатни, сўкканини ҳурмат қилишни талаб этиш, у кўтариши оғир бўлган ишлардандир. Шунинг учун ислом душманига адолат қилишнинг талаби билангина кифояланган: “Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир”.  (Моида сураси, 8-оят).

Шунингдек ўнг юзни урганга сўлни тутиш ҳам нафсга машаққатли, балки кўпчилик мутлақо қилолмайдиган ишдир. Балки бунинг акси ўлароқ айрим ҳолларда, баъзи одамларга қилмишига яраша жавоб қилишга тўғри келади. Кечирсангиз бундай одамлар журму туғёнларида ҳаддан ошишади. Шунинг учун ислом ёмонлик муқобилига унинг мислини машруъ қилганида, унинг ҳақиқий воқеий дин экани намоён бўлади. Бу билан у адолат мартабасини ва душманлик разолатини тўсишни қарор топтиради. Лекин шу билан бирга афвга, сабрга ва гуноҳкорни кечиришга тарғиб этади. Буни мажбурий фарз эмас, марғуб олийжаноблик ҳисоблайди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас”. (Шуро сураси, 40-оят). “(Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир”. (Наҳл сураси, 126-оят).

Ислом одамлар ўртасидаги фитрий ва амалий тафовутни ҳам тан олади. Иймон қувватида, Аллоҳ буюрганини ушлаш ва қайтарганларидан қочишда, ҳамда олий идеалларга боғланишда, ҳамма одамлар бир хил даражада эмаслар. Бу хусусда ислом мартабаси, иймон мартабаси ва энг олий даража –  эҳсон мартабаси мавжуд. 

Шунингдек Қуръони карим иршод этишича, ўзига зулм қилган, муқтасид (ўртача амал қиладиган) ва собиқ (яхшиликларга шошувчи) инсонлар бор. Ўзига золим – қусурли, баъзи вожиботларни тарк этиб, айрим муҳаррамотларни қилиб қўйган инсондир. Муқтасид эса – мустаҳабларни тарк этсада, вожиб амалларнинг ўзи билан чекланган, макруҳ амалларни қилсада, ҳаромларини тарк этган кишидир. Собиқ бўлса – вожиблар устига суннат ва мустаҳабларни зиёда қилган, ҳаром ишларни тарк этиш билан бирга, макруҳ ва шубҳалардан қочган, балки ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб, айрим мубоҳлардан ҳам эҳтиёт бўлган кишидир. Бу тоифа кишиларга Фотир сурасининг 32-оятида Аллоҳ таоло шундай ишора қилади: “Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир.”. Эътибор беринг, ояти карима даражаларидаги тафовутларига қарамай, бу уч тоифани Аллоҳ Ўзи танлаган ва Китобга ворис қилган бандалари сифатида зикр қилди. 

Исломий ахлоқ тақво аҳлига ҳар қандай айбдан пок, ҳар қандай гуноҳдан маъсум, гўёки қанотли фаришталардек бўлишни фарз этгани йўқ. Балки инсоннинг лой ва руҳдан таркиб топганини ҳисобга олди. Баъзида руҳ уни олийликларга кўтарган бўлса, баъзида лой бир қадар тубанликка туширишини эътироф этди. Муттақинларнинг фарқи Аллоҳ таоло тавсифлагандек тавба ва Яратганга қайтишда бўлди: “ (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. (Оли Имрон сураси, 135-оят).


Исломий тарбия воқеийлиги


Исломий тарбия ҳам воқеий тарбия бўлиб, инсонга гўшт, қон, фикр, шуъур, таъсирланиш, хоҳиш, руҳ ва парвоз эгаси сифатида муомала қилади. 

Ҳанзала исмли саҳобий оиласи ва аҳли билан бўлгандаги ҳоли, Пайғамбар (с.а.в.) билан бўлган мусаффолик, шаффофлик ва Аллоҳдан қўрқиш шуури ҳолатидан бошқачалигини кўрганда, буни мунофиқликнинг бир тури деб ўйлади. Уйидан чиқиб то Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларига келгунча, ўзига ўзи: “Ҳанзала мунофиқ бўлди”, деб келди. Келиб ўзи ҳис қилгани уйидаги ҳол билан, у зот (с.а.в.) ҳузурларидаги ҳолат ўртасидаги фарқни изоҳлаб берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга шундай жавоб қилдилар: “Агар сизлар менинг ҳузуримдаги ҳолатда қоладиган бўлсангиз, йўлларда сизлар билан фаришталар қўл сиқиб сўрашган бўларди, лекин эй Ҳанзала бир соат, бир соат.”, деганлар. Шундан: “Бир соат қалбингга, бир соат Раббингга.”, деган мақол пайдо бўлган.

Мувозанатли воқеий ҳаёт боис, ислом мусулмонни Раббиси учун ҳеч нарса қолдирмай, лаҳвга муккасидан кетишга ҳам, қалбига ҳеч  нарса қолдирмай, ибодатда ғулувга кетишга ҳам йўл қўймайди.


Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Исломнинг асосий хусусиятлари” китоби асосида

Мубашшир Аҳмад тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, охирги ўн йилликлар ўзбек халқи учун ҳам баракага, файзга ва тавфиқдиёнатга жуда бурканган давр бўлди. Бу гапда ҳеч қандай давоми...

3871 05:00 / 09.03.2017
Илоҳий мўъжизалар ёхуд Британия музейидаги уч минг йиллик топилма кимга тегишлиСизу биз яшаб турган бу кўҳна очунда ҳар қадамда Яратганнинг беқиёс мўъжизаларига давоми...

1891 17:57 / 14.08.2020
Савол Эваз ҳисобига Қуръон ўқиш мумкинмиЖавоб Қуръон ўқигувчи тўрт ҳолатдан бирида бўлади1 ndash Қуръонни Аллоҳ таолога қурбатshyяқинлик ҳосил қилиш учун ўқийди. давоми...

3469 05:00 / 09.03.2017
Ақл нима, нафс нима, дейсиз.Мен уларнинг ҳар бирига аниқ чегара қўйиб бераман ва равшан фарқлаб ажратиб бераман, деб даъво қилмайман. Чунки бундай ишлар ҳалигача давоми...

12148 05:00 / 13.03.2017
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40707 14:35 / 11.08.2021