1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Усома ибн зайд розияллоҳу анҳунинг фазли

19:49 / 21.04.2017 4904 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига олти йил тўлиб, еттинчи йилга ўтаётган бир пайт эди. Мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларга бўлган жабру ситамлари ҳаддан ошиб бораётган, оз сонли ва заифҳол мусулмонлар қандоқ қилиб бўлса ҳам иймонларини сақлаб қолиш пайидан бўлиб турган бир пайт эди. Улар ўз бошларига кетма-кет тушаётган мусибатларга сабр қилиш билан бирга, навбатдаги мусибат қачон келар экан, дейдиган бўлиб қолишган эди.

Ана шундай пайтда ҳар қандай инсон ҳам ўта ҳассос бўлиб қолади. Жоҳилиятнинг қатма-қат зулумотлари ортидан озгина бўлса ҳам умид учқунини излайди. Салгина яхшиликни ҳам хурсандчилик башорати сифатида қабул қилади.
Аммо ўша салгина яхшиликнинг ўзи қани?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳ таоло ваъда қилган яхшиликларни сабот билан кутмоқдалар. У зот саҳобаи киромларни тинчлантирадилар, уларга тасалли берадилар. Шу билан бирга, ўзлари ҳам саҳобаларига қўшилиб, кушойишни кутадилар. Қани энди, одамларнинг кўнглини кўтарадиган озгина бўлса ҳам бирор хурсандчилик бўлса!
Бирдан, кутилмаганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хушхабар келиб қолди.
Умму Айман ўғил кўрибди!
Қаранг-а!
Умму Айман ўғил кўрибди!
Ҳа, ҳа!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энагалик қилган ҳабашистонлик Барака ал-Ҳабашийя ўғил кўрибди!
Ўша Мадинадан қайтиш йўлида Омина онамиз вафот этиб қолганларида кичик Муҳаммадни олиб келиб, бобоси Абдулмуттолибга топширган қора чўри қиз ўғил кўрибди!
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг хотини Умму Айман ўғил кўрибди!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг энагалари Умму Айманни жуда ҳам яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. Тез-тез у кишини тақдирлаб:
«У онамдан кейинги онам. Аҳли байтимнинг қолгани», дер эдилар.
Кейинчалик ўзлари ниҳоятда яхши кўрадиган яна бир инсон Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Умму Айманни никоҳлаб қўйган эдилар. Мана энди у зотнинг чексиз муҳаббатларига ва ишончларига сазовор бўлган бу икки инсонга Аллоҳ таоло ўғил ато этди!
Янги меҳмоннинг дунёга келиши, оз сонли мусулмонлар сафига янги бир жажжи аъзонинг қўшилиши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз сурур ато этганлигидан саҳобаи киромлар мутлақо ажабланмадилар. Балки бу қувончга улар ҳам қўшилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қувончларига сабаб бўлган ҳар бир нарса, албатта, барча мусулмонларнинг ҳам қувончларига сабаб бўлиши турган гап эди.
Янги меҳмон отасидан кўра кўпроқ онасига ўхшар эди. Ранги қоп-қора, бурни пачоқ. Қуйиб қўйган ҳабашистонлик. Унга Усома деб исм қўйдилар. Мурғак Усоманинг отаси ҳам, онаси ҳам мусулмон. У мусулмон ота-онадан туғилган биринчи мусулмон фарзандлардан бўлган бўлса, ажаб эмас. Бунинг устига, Усоманинг ота-онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломгача ҳам, Исломда ҳам ихлос билан хизмат қилиб, у зотнинг энг ишончли ва маҳбуб кишиларига айланган ва чексиз муҳаббатларига сазовор бўлган кишилар эди.
Усоманинг ўта қийинчилик пайтда худди яхшилик элчиси каби дунёга келиши ҳам унга бўлган муҳаббатни ошириб юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ниҳоятда яхши кўрар эдилар. У эса, Қуръон оятлари нозил бўлиб турган хонадонда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ажойиб бир руҳоний ҳаводан нафас олиб, кўзларни қувонтириб, улғая борди.
Аллоҳ таолонинг изни ила мусулмонлар аста-секин Маккадан Мадинага ҳижрат қила бошладилар. Вақти-соати келиб, сарвари олам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳижрат қилдилар. Шунингдек, Усоманинг отаси Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳам ҳижрат қилдилар. Аммо ҳижрат қилиш қийин бўлганлигидан, мушриклардан беркинган ҳолда ҳижрат қилинганлигидан, икковлари ҳам аҳли аёлларини ўзлари билан бирга олиб кета олмадилар. Усома онаси билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари билан Маккада қолди. Ўша пайтда улар оила бошлиқларидан ажраб, Маккада қолиб, хавф-хатар остида ўта ҳаяжонли кунларни бошларидан кечирдилар. Кейинроқ Усоманинг отаси Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Мадинадан қайтиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларини ва Усома билан унинг онаси Умму Айманни ҳам Мадинага олиб кетди.

РАСУЛНИНГ ЭРКАТОЙИ

Ҳижрат қилиб, Мадинада жойлашганларидан сўнг Усоманинг оиласи одатдагидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларининг бир бўлаги сифатида тинч ва фаровон истиқомат қила бошлади. Усоманинг ота-онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг оилалари хизматида қоиму доим эдилар. Усоманинг ўзи эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эркатойлари бўлиб юрар эди. Саҳобаи киромлар уни «маҳбубнинг ўғли маҳбуб», деб атар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Усомага бўлган муҳаббатлари шу даражада эдики, у зот уни ўз набиралари Ҳасан ибн Али билан тенг кўрар эдилар. Кўпинча у зот имом Ҳасанни бир тиззаларига, Усомани бошқа тиззаларига ўтказиб олар, икковларини бирга бағрларига босар эдилар.
Бир куни Усома остонага қоқилиб, йиқилиб тушди. Унинг пешонасидан қон оқа бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга амр қилиб, Усомага қарашни топширдилар. Аммо сабрлари етмай, ўзлари туриб, тезда бордилар ва Усоманинг қонини сўриб ташлаб, меҳр билан уни юпата бошладилар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Усоманинг бурнини артиб қўймоқчи бўлдилар. Мен у зотга:
«Менга қўйиб беринг, ўша ишни мен қилай», дедим.
«Эй Оиша, унга муҳаббат қилгин! Бас, таъкидлаб айтаманки, мен унга муҳаббат қилурман», дедилар
».
Термизий ривоят қилган.
Ўйлаб кўрайлик-а, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна кимни шунчалик эркалатганлар? Кимга бунчалик муҳаббат қилганлар? Бу оддий мулоҳазалар эмас. Агар Усоманинг отаси қул бўлганлигини, онаси эса, ҳабашистонлик чўри бўлганлигини эсга олсак, фикримиз яна ҳам равшан бўлади. Ўша вақтда қул ва чўриларга ҳамда улардан дунёга келган қоп-қора, пачоқ бурунли болага бунчалик олиймақом муносабатда бўлиш ҳеч кимнинг хаёлига сиғмайдиган бир мўъжиза эди.
Бу Ислом мўъжизаси эди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни асл келиб чиқишига ёки танасининг рангига қараб эмас, тақвосига қараб қадрлаш юзасидан амалий дарс ўтар эдилар.
Усома улғайиб бориши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга бўлган эҳтимомлари ҳам улғайиб борар эди.
Қурайшнинг ашрофларидан бири бўлмиш Ҳаким ибн Ҳазом ўзи Ямандан эллик тилло динорга сотиб олган қимматбаҳо чопонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга совға қилди. У чопон ўша юртнинг подшоҳларидан бири Зу Язанники бўлган экан. Ўша пайтда Ҳаким ибн Ҳазом мушрик бўлганлиги учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чопонни ҳадя сифатида қабул қилмадилар, балки баҳосини тўлаб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша чопонни бир марта жумага кийдилар, холос. Сўнгра уни ечиб, Усомага бердилар. Усома бу чопонни кийиб олиб, ўз тенгдошларига кўз-кўз қилиб юрар эди.
Усоманинг мартабаси қанчалик улуғ эканлигини ушбу набавий эҳтимом яққол кўрсатиб турибди.

УҲУДДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари, эҳтимомлари ва эркалашлари ёш Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни талтайтириб юбормаган эди. Балки у ўзида масъулиятни сезган ҳолда барча томондан етук исломий тарбия олиб, ўсиб борди.
Вақти-соати келиб, мусулмонларнинг Уҳудда мушриклар билан жангга киришларига тўғри келиб қолди.
Шу пайт ёш болалар «Биз ҳам урушда қатнашамиз», деб келиб қолдилар. Улардан Усома ибн Зайд, Барро ибн Озиб, Зайд ибн Арқам, Зайд ибн Собит каби кичкиналарини «Ҳали урушга ёшлик қиласизлар», деб қайтардилар.
Самура ибн Жундаб ва Рофеъ ибн Худайж каби каттароқларини қабул қилдилар. Уларнинг ёши ўн бешда эди.
Ёши етмаганлиги учун ҳарбий хизматга қабул қилинмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байроқлари остида уруш қилишга муяссар бўла олмаган Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу икки кўзидан дув-дув ёш тўкиб, Мадинага қайтди.

ХАНДАҚ УРУШИДА

Мушриклар Ислом жамиятини ер юзидан бутунлай супуриб ташлаш ниятида барча аҳзобларини тўплаб, Мадинаи Мунавварага бостириб келдилар. Шунда оммавий сафарбарлик эълон қилинди ва жангга ҳозирлик кўрила бошланди.
Усома ибн Зайд яна ёш мусулмон йигитчалар билан бирга келиб, ўзининг урушда қатнашиш ниятида эканлигини изҳор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушга яроқли бўлганларни танлаб олиш учун сафдаги йигитчаларни бирма-бир кўздан кечириб келаётганларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бўйини узун қилиб кўрсатиш учун оёғининг учида турар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга раҳм қилиб, урушда қатнашишига изн бердилар.
Ўн беш ёшни эндигина қоралаган Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу қилич кўтариб, биринчи бор Аллоҳ таолонинг йўлида урушга кирди.

МЎЪТА ЖАНГИДА

Ўзларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан урушга изн берилган пайтдан бошлаб, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу барча жангларда фаол қатнашдилар. У киши ўзларининг буюк оталари қўмондонлиги остида ҳам Аллоҳ таолонинг каломини устун қилиш йўлида уруш қилдилар. Мўъта жангида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айнан ўз оталари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг байроқлари остида душманга қарши жангга кирдилар.
Ўша куни ўзларидан сон жиҳатидан бир неча ўн баробар кўп бўлган душманга қарши иймони ила баҳодирларча жанг қилган музаффар Ислом лашкари ичида ёш ўспирин Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Қилич, найза ва камон ўқлари ўрмони ичида уларга чап бериб, ҳаёт-мамот жангини олиб бораётган Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз қиблагоҳининг шаҳид бўлиб, жон берганини ўз кўзи билан кўрди. Бу мусибат Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг шаштини қайтара олмади. У киши ҳеч нарса бўлмагандек, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳунинг қўмондонликлари остида жангни давом эттирдилар. Бу қўмондон ҳам шаҳид бўлганларидан сўнг эса, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг раҳбарликларида ва ниҳоят, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг байроқлари остида жанг қилдилар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Мўътанинг тупроқларига азиз оталарни бериб, улардан қолган тулпорни миниб қайтдилар.

ФАТҲДА

Аллоҳ таолонинг инояти билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этиш учун юриш бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зи Тувога етганларида Аллоҳ берган зафарга шукр қилиб, бошларини эгдилар. У зотнинг муборак пешоналари эгарнинг қошига тегай дер эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларининг устида Фатҳ сурасини тиловат қилиб борар эканлар, у зотнинг ортларига ўзлари озод қилган қулнинг ўғли Усома ибн Зайдни мингаштириб олган эдилар. Бу шараф аслзода арабларга эмас, асл қулнинг фарзандига насиб этганлигида ҳам Исломнинг улуғворлиги акс этиб турар эди.
Ўша буюк зафар ва фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи Муаззама ичига кириб, узоқ қолиб кетдилар. У ерда намоз ўқидилар.
Каъбанинг ичида намоз ўқиш ҳар бир мусулмон учун катта бахт. Каъба ўз номи билан Каъба, яъни Байтуллоҳ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг ичида намоз ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъбанинг ичига Усома ибн Зайд, Усмон ибн Толҳа ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳум кирганлар. Сўнгра эшикни ёпиб қўйганлар. Улар Каъбаи Муаззаманинг ичида бир муддат қолиб кетганлар.
Каъбанинг ичидан қайтиб чиққанларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Билол розияллоҳу анҳудан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилдилар?» деб сўраганлар. Шунда Билол «Бир устунни ўнг, бир устунни чап, учта устунни орт тарафларида қилиб, намоз ўқидилар», деб айтган.
Мулоҳаза қилиб кўрайлик-а, мазкур тарихий кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъбанинг ичига кирган уч кишининг ичида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг исмлари биринчи бўлиб зикр қилинмоқда.

ҲУНАЙНДА

Макка фатҳидан кейин, ададларининг кўплигидан мағрурланиб, душманни назар-писанд қилмай кетаётган мусулмонлар лашкарига тўсатдан пистирмадан шиддатли ҳужум қилиб қолишди. Кутилмаганда қаттиқ зарбага учраган мусулмонлар тум-тарақай бўлиб, турли томонга қоча бошладилар.
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Аббос ибн Абдулмуттолиб, Абу Суфён ибн ал-Ҳорис билан бирга олтита баҳодир саҳобийлар қолдилар, холос. Худди ўша баҳодирларнинг бири, Исломнинг шон-шарафини ўз жонидан устун қўйганларнинг бири Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу иймонли кичик ва баҳодир гуруҳ ила Аллоҳ таолонинг ёрдамида мағлубиятни ғалабага айлантириб юборишга муваффақ бўлдилар. Жангдан қочган мусулмонларни қайтариб, мушрикларнинг адабини бердилар.
Инсоният тарихининг ҳал қилувчи дамларидан бири бўлган ана шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин турган кишилардан бири Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бўлдилар.

АҲЛИМ ИЧИДА ЭНГ МАҲБУБИ УСОМА

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдилар. Агар ривоятларга синчковлик билан разм соладиган бўлсак, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу сафарларда доимо у зотнинг уловларига мингашиб юрганларини кўрамиз. Яна бир бор мулоҳаза қиладиган бўлсак, ҳазарда бўлганларида ҳам Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида хизматда бўлганликларини кўрамиз. Бу ҳолатлар эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга бўлган улкан муҳаббатлари ва ишончларидан келиб чиққан, дея оламиз.

Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Бирдан Али билан Аббос келиб, изн сўраб қолишди.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Али билан Аббос изн сўрашмоқда», дедим.
«Уларни нима олиб келганини билдингми?» дедилар.
«Билмадим», дедим.
«Аммо мен биламан», дедилар.
Бас, у зот изн бердилар. Улар кирдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга аҳлингиздан қай бири сизга энг маҳбуби эканлигини сўрагани келдик», дейишди.
«Фотима бинти Муҳаммад», дедилар.
«У аҳлингиз ҳақида сўрагани келганимиз йўқ», дейишди.
«Аҳлимнинг менга энг маҳбуби, батаҳқиқ, Аллоҳ унга инъом берган ва мен ҳам унга инъом берган шахс, Усома ибн Зайддир», дедилар.
«Сўнгра ким?» дейишди.
«Сўнгра Али ибн Абу Толиб», дедилар.
Шунда Аббос:
«Эй Аллоҳнинг Расули, амакингизни охирига қўйдингизми?» деди.
«Чунки Али ҳижрати ила сендан ўзиб кетган», дедилар
».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятга изоҳ бериш ҳам қийин. Изоҳ бераман, деб маънонинг гўзаллигига футур етказиб қўйишимиз мумкин.
Қаранг-а!
Оламларнинг сарвари, қиёматдаги улкан шафоат соҳиби бўлган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳлимнинг менга энг маҳбуби, батаҳқиқ, Аллоҳ унга инъом берган ва мен ҳам унга инъом берган шахс, Усома ибн Зайддир», демоқдалар.
Бу гапни у зоти бобаракот унча-мунча одамларга эмас, ҳазрати Али билан ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳумога айтмоқдалар.
Бу гапни у зоти бобаракот унча-мунча пайтда эмас, айнан ўзларидан аҳллари ичида энг маҳбуб шахс ҳақида алоҳида сўралган пайтда айтмоқдалар.
Биргина мана шу омилнинг ўзи Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга ҳар қанча шон учун, ҳар қанча шараф учун етарлидир.

УЙЛАНИШ

Имом Муслим келтирган ривоятда Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога бирданига уч киши: Абу Жаҳм ибн Хузома, Муовия ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум совчи қўйганлар. Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўраганларида, «Абу Жаҳм асосини елкасидан туширмайди, Муовия камбағал, моли йўқ, Усома ибн Зайдга теккин», деганлар.
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳо Қурайш қабиласидан бўлса ҳам, асли қул бўлган Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга текканлар. Бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан бўлган.
Имом Муслим, Термизий, Аҳмад ва Насаийлар Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Уни (Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳони) Абу Амр ибн Ҳафс ўзи ғойиб бўла туриб, боин талоқ қилди. Сўнг вакили орқали арпа юборди. Аёл бундан ғазабланди. Шунда у (эр), «Аллоҳга қасамки, сенинг бизда ҳеч қандай ҳаққинг йўқ», деди. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бу нарсани хабар қилди.
Бас, у зот: «Сенинг унда нафақа ҳаққинг йўқ», дедилар ва Умму Шарийқнинг уйида идда ўтиришга амр қилдилар. Сўнгра: «У аёлнинг олдига асҳобларим кириб турадилар. Яхшиси, Ибн Умму Мактумнинг олдида идда ўтириб қўя қол. У аъмо (кўзи ожиз) одам. Кийимингни ечишинг бор. Қачон ҳалол бўлсанг, менга хабар бер», дедилар.
Ҳалол пайтимда у зотга Муовия билан Абу Жаҳм совчи қўйганларини зикр қилдим. Шунда у зот «Абу Жаҳм асосини елкасидан туширмайди, Муовия бўлса ялангоёқ, ҳеч моли йўқ. Яхшиси, Усома ибн Зайдга никоҳлан», дедилар.
Мен уни ёқтирмадим.
Шунда у зот: «Сен Усомага никоҳлан!» дедилар.
Бас, мен унга никоҳландим. Аллоҳ менга ундан яхшилик берди. У сабабли ҳавас қилиндим».
Оила қурмоқчи бўлган кишиларнинг аҳли фазл, илмли зотлардан маслаҳат сўрашлари яхши иш эканлигини шундан билиб олса бўлади. Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда маслаҳат сўрашлари шуни кўрсатади.
Маслаҳат сўралган киши Аллоҳ учун холис маслаҳат бериши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилдилар. Абу Жаҳм елкасидан калтаги тушмайдиган, яъни хотинини кўп урадиган одам эканлигини, Муовия эса камбағал эканлигини баён қилиб, Усома розияллоҳу анҳуга тегишни маслаҳат бердилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир маслаҳатларида хайр-барака бор. У зотнинг маслаҳатларига амал қилиб, Усома розияллоҳу анҳуга эрга теккан Фотима бинти Қайс розяллоҳу анҳо кўп яхшиликларга ноил бўлганлиги, бошқа аёллар ҳавас қиладиган даражага эришганлиги шуни кўрсатади.
Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг бошқалардан устун фазлга эга эканлигини ҳам баён қилмоқдалар.

НАБАВИЙ ДАРСЛАР

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга бир умрга татигулик танбеҳ ва дарслар берар эдилар. У зот Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни ўз вақтида эркалатганлари каби, вақти келганда койир ҳам эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад»ларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Жуҳайнанинг ерларидан Ҳурқага юбордилар. Биз уларни тонг чоғида босдик. Уларнинг ичида бир одам бор эди. Улар биз томон бостириб келсалар, ўша одам ичларида бизга қарши энг ашаддийси бўлар эди. Агар қочсалар, у орқаларини ҳимоя қилиб борар эди. Мен ансорийлардан бири билан унинг устига бостириб бориб қолдим. Биз унга етай деб қолганимизда у «Лаа илаҳа иллаллоҳу!» деди. Ансорий тўхтади. Мен уни қатл қилдим.
Бас, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Бас, у зот:
«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деганидан кейин ҳам уни қатл қилдингми?!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.
У зот ўз гапларини қайта-қайта такрорлайвердилар, такрорлайвердилар. Ҳатто «Ўша кунгача мусулмон бўлмай турсам бўлар экан», деб орзу қилдим».
Ушбу ривоятни Имом Бухорий ва Муслимлар ҳам келтирганлар.
Ибн Исҳоқнинг ривоятида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда хабар бердик. Шунда у зот:
«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.
«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» дедилар.
У зотни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, менга ўша гапларни қайта-қайта такрорлайверганларидан «Олдин ўтган Исломим бўлмаса эди, Исломга бугун кирган бўлсаму, уни қатл қилмасам эди», деб орзу қилдим ва:
«Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, энди ҳеч ҳам «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган одамни қатл қилмайман!» дедим.
«Мендан кейин ҳам-а?» дедилар у зот.
«Сиздан кейин ҳам», дедим».
Ҳа, ўшанда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу учун бир умрга етиб, ортадиган набавий дарс берилган эди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ушбу дарсни умр бўйи унутмадилар ва «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган бирор кишига ёмонликни раво кўрмадилар.
Энди Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга берилган иккинчи набавий дарсга бир назар ташлайлик.
Имом Бухорий, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу, Термизий, Аҳмад ва Насаийлар шундай ривоят қиладилар:
«Ўғрилик қилган маҳзумиялик бир аёлнинг ҳоли қурайшликларни ташвишга солди. Улар:
«У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?» дейишди.
Кейин: «У зотга Усома – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбубидан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?!» дейишди.
Бас, Усома у зотга бу ҳақда гапирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Аллоҳнинг ҳаддларидан бирида шафоатчилик қиласанми?!» дедилар.
Сўнгра туриб, хутба қилиб:
«Эй одамлар! Албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларида шарифлари ўғрилик қилса, қўйиб юбориб, заифлари ўғрилик қилса, унга ҳаддни қоим қилишлари сабабидандир. Аллоҳ номи билан қасамки, агар Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилса ҳам, албатта, унинг қўлини кесурман!» дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Сўнгра ҳалиги аёл ҳақида амр қилдилар. Унинг қўли кесилди», дейилган».
Ўғрилик қилган аёлнинг исми Фотима бинти ал-Асвад ал-Махзумия бўлиб, у машҳур Қурайш қабиласининг Бани Махзум уруғидан бўлган.
Қурайшликлар ўз обрўларини сақлаб қолиш учун воситачилик қилиб бўлса ҳам, жиноятчини жазодан қутқариб қолиш одатини бу ерда ҳам ишга солмоқчи бўлиб, воситачи излашган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари, яъни эркатойлари бўлганлиги учун у зот унинг гапини қабул қилишларини яхши билишган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳақиқатдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким гапира олмайдиган гапларни гапира олишга журъати бор одам бўлганлар. Шунинг учун ҳам қурайшликлар у кишидан воситачиликни сўрашганда, дарҳол ўртага тушганлар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақнинг олдида ҳеч нарсага эътибор бермас эдилар.
Аллоҳ таоло белгилаб қўйган жазо – ҳадд тўғрисидаги иш ҳокимга етиб борганидан кейин афв этилмайди. Агар ҳоким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлсалар ҳам, бу қоида ўз кучида қолаверади.
Ҳа, Ислом шариатида ҳокимнинг ўзигача етиб келган жиноий ишни афв этмаслиги ўта муҳим ишдир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ўзларига ёки қурайшликларга айтиб қўявермай, хутба қилиб, ҳаммага эълон қилдилар.
Исломда жиноятчи ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари бўлса ҳам, белгиланган жазони олиши шарт.
Мана бунинг номи «Қонун олдида ҳамма баробарлиги» дейилади. Бундай адолат эса, фақат Исломдагина бўлиши мумкин.
Ана шу тарзда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яна бир набавий дарс олдилар. Бу дарс ҳам бир умрга етарли дарс бўлди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу шундан сўнг умрларининг охиригача Аллоҳ таолонинг ҳаддларида ўртага тушиб, воситачилик қилмадилар.

ИФК ҲОДИСАСИДА

Душманлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза жуфти ҳалоллари, мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳога қарши туҳмат уюштириб, у кишининг номларини булғаш мақсадида ҳаракат қилдилар. Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган бу ҳодиса Ислом уммати учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари учун катта синов бўлган эди.
Ўшанда оғир аҳволда қолган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли кишилардан маслаҳат сўраганлар. Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзлари қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келавермаганидан кейин Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдларни чақириб, аҳлидан ажраш ҳақида маслаҳат қилдилар.
Усома Расулуллоҳга у зотнинг аҳлида ҳеч қандай айб кўрмаганлиги ва уларга нисбатан ўзида муҳаббат борлиги ҳақида сўзлади.
«Эй Аллоҳнинг Расули, улар сизнинг аҳлингиз, Аллоҳга қасамки, улар ҳақида фақат яхшиликни биламиз, холос», деди».
Албатта, бу ривоят Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшадиган бир ривоятдир.
Аввало, у киши «Ифк ҳодисаси» рўй берганида жуда ҳам ёш бўлганлар. Ана шундай шахсдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оилавий ишларида, бошларига тушган энг ташвишли масалада маслаҳат сўрашлари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ким эканликларини яна бир бор кўрсатади.
Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат сўраганларнинг ичида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари мақсадга ва ҳақиқатга тўғри келадиган маслаҳат бўлган. Бир оз ўтиб, ўша фикрни тасдиқловчи оятлар нозил бўлган.

ВИДОЛАШУВ ҲАЖИДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажига борганларида ҳам, одатдагидек, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу у зот билан бирга эдилар. Мазкур ҳажни васф қилган уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни орқаларига мингаштириб юрганларига алоҳида эътибор берадилар:
«Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (улов) миниб мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини ўша ердаги катта тошларга тўғри қилдилар. Пиёдалар қаршиларида бўлиб қолди. У зот қиблага қараб турдилар. Шу туришларида қуёш ботгунича турдилар».
Имом Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Тобақоту Кубро» китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома ибн Зайдни деб ифозани (Арафотдан қайтишни) кечиктирдилар. Уни кутиб турдилар. Бас, бир бурни пачоқ қора ғулом келди. Аҳли Яман «Ҳали шуни деб тутилиб турдикми?» дедилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомани орқаларига мингаштириб, қайтишни бошладилар. У зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. Кейин ўнг қўллари билан ишорат қилиб:
«Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» дер эдилар. Қачон қумтепачалардан бирига келганда туя унга чиқиб олиши учун жиловни бир оз бўшатар эдилар.
Муздалифага етиб келганларидан кейин шом ва хуфтонни бир азон, икки иқома билан ўқидилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар».
Бу ҳам Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу учун катта шарафдир. Видолашув ҳажи каби катта бир тарихий ҳодисанинг бош қаҳрамонларидан бири бўлиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермаган.

ЁШ ҚЎМОНДОН

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан Зулҳижжа ойидан беш кун қолганда қайтиб келдилар. Янги, ўн биринчи ҳижрий йилнинг биринчи, яъни Муҳаррам ойи ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб, душанба куни у зотнинг хасталиклари бошланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хаста бўлишларига қарамай, Шом тарафга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бошлиқ сарийя юборишга аҳамият бердилар.
Ибн Асокир Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини аҳли Убнага тонг чоғида жанг қилишга амр қилган эканлар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомага:
«Аллоҳнинг исми ила юриб бор», дедилар.
У байроғини кўтариб чиқди. Уни Бурайда ибн Ҳусойб ал-Асламийга берди. Бас, у байроқни Усоманинг уйига олиб бориб, ўрнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомага амр қилган эдилар, у Журфга аскаргоҳ қурди. У ўз аскарларини бугунги Сулаймоннинг сувхонаси бор жойга жойлаштирди. Одамлар ўша томон чиқа бошладилар. Ким ўз ҳожатидан фориғ бўлса, аскаргоҳга келар эди. Ҳожатини чиқармаганлар эса, чиқаришга ҳаракат қилар эди.
Умар ибн Хаттоб, Абу Убайда, Саъд ибн Абу Ваққос, Абул Аъвар Саъид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ва бошқа аввалги муҳожирлардан бирор киши қолмай, мазкур жангга чиқдилар.
Ансорийлардан ҳам кўпчилик чиқди: Қатода ибн Нўъмон, Салама ибн Аслам ибн Ҳурайш ва бошқалар.
Баъзи бир муҳожирлар, уларнинг ичида энг қаттиқ сўзлиси Айяш ибн Абу Робийъа эди. «Ушбу болани биринчи муҳожирларга бошлиқ қиладими?» дедилар.
Бу ҳақда гап кўпайиб кетди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу гапларнинг баъзисини эшитди. У гапларни гапирганларга раддия қилди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, гапнинг хабарини берди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазабга келдилар. У зот бошларини боғич билан боғлаб олган эдилар. Елкаларида қатийфа бор эди. Сўнгра минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва:
«Аммо баъду, эй одамлар! Усомани амир қилганим ҳақида менга етган, баъзиларингиз айтган гап нима ўзи?!
Аллоҳга қасамки, агар Усоманинг амирлигига таъна қилаётган бўлсангиз, бундан олдин отасининг амирлигига ҳам таъна қилган эдингиз. Аллоҳга қасамки, у амирликка лойиқ бўлган бўлса ва менга одамларнинг энг маҳбубларидан бўлган бўлса, албатта, бу ҳам менга ундан кейинги одамларнинг энг маҳбубларидандир. Албатта уларнинг икковлари ҳам барча яхшиликка лойиқдирлар. Унга яхшилик қилинглар. Чунки у сизларнинг яхшиларингиздандир», дедилар.
Сўнга у зот тушиб, уйларига кириб кетдилар. Бу шанба куни, Робиъул аввалдан ўн кун қолганда бўлди.
Усома билан бирга чиқишлари лозим бўлган мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хайрлашиш учун келдилар. Уларнинг ичида Умар ибн Хаттоб ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар:
«Усоманинг юришини амалга оширинглар!» дедилар.
Умму Айман кириб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Тузалиб олгунингизча Усомани аскаргоҳида туришига қўйиб берсангиз бўлар эди. Усома шу ҳолатда чиқадиган бўлса, кўнгли нотинч кетади», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Усоманинг юришини амалга оширинглар!» дедилар.
Одамлар аскаргоҳ томон кетдилар. Улар якшанба кечаси ўша ерда тунадилар.
Якшанба куни Усома ўзи тушиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолган эдилар. Ўша куни у зотга дори ичиришган эди. Усома кўзларидан ёш оқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. У зотнинг олдиларида Аббос, атрофларида аёллар бор эди.
Усома у зотга бўйин эгди ва ҳазратни ўпди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирмас эдилар».

Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолганларида тушдим. Одамлар ҳам Мадинага тушдилар. Мен у зотнинг олдиларига кирдим. Бас, жим бўлиб қолган эканлар. Гапирмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини устимга қўйиб, кўтара бошладилар. У зот мени дуо қилаётганларини билдим».
Термизий ривоят қилган.
«Сўнгра Усома аскаргоҳга қайтиб кетди. Душанба куни бўлганда у аскаргоҳидан келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келиб қолган эдилар. Бас, Усома у зотнинг олдиларига келди. У зот:
«Аллоҳнинг баракаси ила жўна!» дедилар.
Усома билан видолашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тетик эдилар.
У зотнинг роҳатларидан масрур бўлган аёллари бир-бирларининг сочларини тарай бошладилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу кириб келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, алҳамдулиллаҳ, тетик бўлиб қолибсиз. Бугун Хорижанинг қизининг куни, менга изн берсангиз», деди.
У зот унга изн бердилар. Бас, у Санҳга кетди. Усома ўз аскаргоҳи томон отланди ва ўз асҳобларига аскаргоҳга бориш ҳақида жар чақирди. У аскаргоҳига бориб тушди ва одамларга жўнаш ҳақида амр берди. Наҳор анча чўзилиб қолган эди».

СЎНГГИ ВИДОЛАШУВ

Усома Журфда уловига минмоқчи бўлиб турганда Умму Айманнинг хабарчиси келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этишлари аниқ бўлиб қолганлигини айтди.
Усома Мадинага қараб юрди. У билан бирга Умар ва Абу Убайдалар ҳам бор эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб борганларида у зот жон бераётган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Робиъул аввалнинг ўн иккинчи санаси, душанба куни қуёш заволга кетган пайтда вафот этдилар.
Журфда аскаргоҳ қуриб турган мусулмонлар Мадинага кирдилар. Бурайда ибн Ҳусойин розияллоҳу анҳу ҳам Усоманинг байроғини кўтариб, кириб келди ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдига ўрнатди.
Шундан сўнг катта мусибатга учраган Ислом уммати ўз Пайғамбарини дафн қилишга тайёргарлик кўра бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ювиш, кафанлаш ва ерга қўйиш керак эди. Бу ишларни у зотга энг яқин бўлган кишилар қиладиган бўлдилар. Ана шу энг яқин кишилар ичида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.
Омир аш-Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Али, Фазл ва Усома ибн Зайдлар ювишган. Улар у зотни қабрга ҳам қўйишган. Фориғ бўлгандан сўнг Али: «Кишига ақраболари валий бўлади», деган».
Абу Довуд ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ювиб, қабрга қўйган кишилар бахтли кишилардир. Уларга ана шундай улуғ иш насиб этганлиги учун ҳам улар бахтлидирлар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу у зотнинг амакиваччалари ҳамда куёвлари.
Фазл ибн Аббос амакилари Аббос ибн Абдулмуттолибнинг ўғиллари.
Усома ибн Зайд Пайғамбаримизнинг маҳбублари, у зотнинг мавлолари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ўғиллари.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, мазкур уч кишига яна уч киши ёрдам бериб туришган: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Шақрон розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Аббоснинг яна бир ўғиллари Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу. (Бу киши розияллоҳу анҳу Самарқандда дафн қилинганлар.)
Али розияллоҳу анҳунинг: «Кишига ақраболари валий бўлади», деган гаплари «Ўлимдан кейинги шунга ўхшаш дафн ишлари қариндошларнинг ҳаққидир», деган маънода айтилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ювмоқчи бўлганларида «Нима қилсак экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини ҳам бошқа маййитларимизникини ечганимиз каби ечсакмикан ёки кийимларини устларида қолдириб, юваверсакмикан?» дейишди. Ихтилофга тушганларида Аллоҳ уларга уйқу солди. Улардан бирор киши ҳам қолмай, ҳаммасининг жағи кўксига тиралиб қолди. Сўнгра уларга уй томондан бир гапирувчи гап гапирди. Унинг кимлиги билинмас эди. У:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини устиларидан ечмай ювинглар», деди.
Шунда туриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўйлакларининг устидан ювдилар. Кўйлакнинг устидан сув қуйишар, қўлларини (баданга) теккизмасдан, кўйлакни ишқар эдилар».
Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ювиш пайтида кийимларини ечиш ёки ечмаслик ҳақида турли фикрга бориб, нима қилишни билмай, ухлаб қолишлари, сўнгра ғойибдан овоз келиб, кийимларини ечмасликнинг буюрилиши Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иноятдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ривоятда васф қилинганидек қилиб ювганлар, Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо сув қуйиб туришган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум қабрга қўйганлар.
Ушбу зикр қилинган маълумотлардан Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг фазллари очиқ-ойдин кўриниб турибди. У киши кимларнинг устидан қўмондон бўлганларига эътибор берсак, бу нарса яна ҳам ойдинлашади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хасталиклари оғирлашган пайтда ёнларида турган, у зотни ювиш ва дафн қилиш пайтида иштирок этган оз сонли кишилардан бири Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу эканлиги ҳам у кишининг фазллари ҳақида гапни чўзиб ўтиришга ҳожат йўқлигига далолат қилади.

ҲАЗРАТИ АБУ БАКР ДАВРЛАРИДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин мусулмонлар жумҳури томонидан Ислом жамиятига бошлиқ қилиб сайланган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик ишларини айнан Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга тегишли ишдан бошладилар.

УСОМА ЛАШКАРИНИНГ ЮБОРИЛИШИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вафотларидан олдин Рум томонга юбориш учун Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бошчиликларида ҳозирлаган лашкарни у зот амр этган ишларни бажариш учун юбориш зарур эди.
Ўша пайтда Усома розияллоҳу анҳу 17–18 ёшлик йигитча эдилар. Шундай бўлса-да, Пайғамбар алайҳиссалом уни румликлар билан Мўътада бўлган урушда шаҳид бўлган отаси Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг хотирасига катта саҳобаи киромлардан ташкил топган лашкарга раҳбар қилган эдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганларидан кейинги биринчи қилган ишлари Усома лашкари ишини охирига етказиш бўлди. У киши бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қатъий васиятлари сифатида қарадилар.
Ал-Байҳақий Урвадан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликларида:
«Усоманинг лашкарини ижро қилинглар», дедилар.
У юриб бориб, Журфга етди. Шунда хотини Фотима бинти Қайс одам юбориб, «Шошилмай тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолдилар», деди. Кўп ўтмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилиндилар. У зот қабз қилинганларида у (Усома) Абу Бакрнинг олдига қайтиб келиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юбораётганларида ҳозиргидан бошқа ҳолат эди. Мен арабларнинг кофир бўлишидан хавфдаман. Агар улар куфр келтирсалар, энг биринчи уруш очиладиганлар ўшалар бўлади. Куфр келтирмасалар, кетавераман. Мен билан одамларнинг сараси ва энг яхшилари бор», деди.
Шунда Абу Бакр одамларга хутба қилди ва:
«Аллоҳга қасамки, албатта, мени қуш олиб қочиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларидан олдин бошқа ишни бошлашимдан кўра яхшироқдир», деди. Кейин уни юборди».
Дарҳақиқат, ўша пайтда аҳвол жуда нозик ва оғир эди. Миллатнинг сараси Усома розияллоҳу анҳунинг лашкарида эди. Усоманинг ўзи эса, жуда ҳам ёш эди. Баъзи кишилар унинг ёшлигини айтиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан унинг ўрнига бошқа одамни қўйишни таклиф қилишди. Аммо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайинлаган одамни бўшатиб, ўрнига бошқани қўяманми», деб кўнмадилар.
Охири катта саҳобаи киромлардан бир гуруҳи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан алоҳида жиддий суҳбат қилишга қарор қилдилар.
Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзларининг «Фатҳул Борий» номли китобларида келтирадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақидаги хабар арабларга етиб, муртадлар Исломдан муртад бўлганда Абу Бакр Усомага:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени йўллаган томонга жўна», деди.
Одамлар чиқиб, аввалги жойларга аскаргоҳ қурдилар. Бурайда байроқни олиб чиқиб, аввалги жойига тикди. Бу аввалги муҳожирларнинг катталарига оғир ботди. Абу Бакрнинг олдига Умар, Усмон, Саъд ибн Абу Ваққос ва Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳум кирдилар ва:
«Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Араблар сенга ҳар тарафдан бузилишди. Албатта, сен манави ёйилган лашкар билан бир нарса қила олмайсан. Сен уларни Ридда аҳллари учун тайёрлаб қўй. Булар билан уларнинг кекирдагидан оласан. Аҳли Мадинанинг ғарот бўлиб қолишидан омонлигини ҳам ўйлаш керак. Унда бола-чақалар, аёллар бор. Ислом барқарор бўлгунча ва Ридда аҳли ўзлари чиққан нарсага қайтгунларича ёки уларни қилич битиргунча Рум жангини ортга суриб турсанг. Ўшандан кейин Усомани юбораверар эдинг. Румнинг бизга ҳужум қилиб қолишидан ҳам эмин бўлар эдик», дедилар.
Абу Бакр уларнинг гапини яхшилаб эшитгандан сўнг:
«Сизлардан бирор киши яна бошқа гап айтмоқчими?» деб сўради.
«Йўқ. Гапимизни ўзинг эшитдинг», дедилар.
«Нафсим қўлида бўлган зот ила қасамки, агар мени Мадинада йиртқичлар еб кетишига аниқ ишонсам ҳам, ушбу лашкарни юбораман. Бундан аввал бошқани қилмайман. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлиб турганда «Усоманинг лашкарини ижро қилинглар», деганлар-ку! Лекин бир гап бор. Уни Усомага айтаман. Унга Умарни бизнинг ҳузуримизда қолдириб кетиши ҳақида гапираман. Унга бизнинг ҳожатимиз бор. Аллоҳга қасамки, билмадим, Усома буни қилармикин ёки йўқ. Аллоҳга қасамки, агар бош тортса ҳам, ёмон кўрмайман», деди.
Қавм унинг Усома лашкарини ижро қилишга азму қарор қилганлигини англади.
Абу Бакр Усоманинг уйига бориб, Умарни қолдириб кетиш ҳақида у билан гаплашди.
Усома:
«Хўп», деди.
Абу Бакр унга:
«Чин кўнгилдан изн бердингми?» деди.
«Ҳа», деди у.
Кейин у унинг олдидан чиқди ва жарчисига «Мен азм қилдимки, Усоманинг лашкарига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидан қўшилганлардан бирортаси ортда қолмасин! Агар ким у билан чиқишдан кечикса, мен уни ортларидан пиёда юбораман!» деб жар чақиришга амр қилди. Усоманинг амирлиги ҳақида гап қилган муҳожирларга алоҳида одам юбориб, уларнинг чиқишларига қаттиқ турди. Бирор киши ҳам чиқмай қолмади.
Усома ва мусулмонларни кузатиш учун Абу Бакрнинг ўзи чиқди. Улар Журфдан отланиб, жўнадилар. Ададлари уч минг киши эди. Мингта отлари бор эди. Абу Бакр Усоманинг ёнида пиёда юриб борди.
«Усома унга:
«Эй Расулуллоҳнинг халифаси, ё сиз мининг, ё мен тушай», деди. Абу Бакр унга:
«Аллоҳга қасамки, сен тушмайсан! Аллоҳга қасамки, мен ҳам минмайман! Аллоҳнинг йўлида қадамимни бир оз чанг қилсам нима бўлибди. Ғозийга ҳар бир босган қадами учун етти юз савоб ёзилади ва етти юзта хатоси ўчирилади» деди».
Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Усомага ва унинг одамларига тавсия сўзларини айтдилар:
«Хиёнат қилманглар. Ҳеч кимни алдаманглар. Ўлжадан беркитиб олманглар. Ўлганларга тегманглар. Ёш болани ва қари кишиларни ўлдирманглар. Хурмоларни кесманглар ва куйдирманглар. Мевали дарахтни кесманглар. Қўй, сигир ва туяларни ейишдан бошқага сўйманглар. Қачон ўзларини ибодатхонага бағишлаган қавмнинг олдидан ўтсангиз, уларни ўзларини бағишлаган нарса ила тек қўйинглар. Қачон бошларининг ўртасини олдириб, атрофини боғлаганга ўхшатиб олдирмаган қавмни кўрсангиз, қилич билан сочини олдирган жойига уринг. Қачон сизга таом қўйилса, Аллоҳнинг исмини айтиб енг. Эй Усома, Қузоъа юртида Набиюллоҳ сенга амр қилган ишларни адо эт. Сўнгра Абулга бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини камчиликсиз адо эт», дедилар.
Сўнгра улар билан хайрлашиб, Журфдан Мадинага қайтдилар.
Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ерга етиб борди. Қузоъа юртига лашкарлар юборди. Усома ва унинг одамлари Исломдан қайтмоқчи бўлиб турган қабилаларнинг олдидан ўтганларида улар «Агар буларнинг қуввати бўлмаганда, бунчалик аскарни юбора олишмас эди», деб, ниятларидан қайтдилар.
Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қирқ кун ичида амалга ошириб, Мадинага музаффар ҳолда қайтди. Бу лашкарнинг юборилиши катта фойда келтирди. Дўсту душман Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳам Ислом жамияти кучли ҳолда эканлигини тушуниб етдилар.

ҲАЗРАТИ УМАР ДАВРЛАРИДА

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жамият мулкидан фуқароларга маош тайин қилар эдилар. У киши маош тайин қилишда одамларнинг кимлигига қарар эдилар. Шунинг учун маошлар турлича бўлар эди. Ўша вақтдаги мавжуд ҳақиқий халқчиллик сиёсати ва вазиятидан фойдаланиб, баъзи кишилар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга эътирозлар ҳам қилар эдилар. Эътирозчилар асосан ўзига белгиланган ҳақ кимникидандир оз бўлганига норозилик билдирар эдилар. Одил халифа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларнинг ҳаммасига жойида жавоб берар эдилар.
Бир куни ана шундоқ эътирозлардан бири ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўз ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан содир бўлди. Келинг, воқеанинг тафсилотини имом Термизий келтирган ривоятдан ўрганайлик:
«Умар Усома ибн Зайдга уч минг беш юз тайин қилди. Абдуллоҳ ибн Умарга уч минг тайин қилди.
Шунда Абдуллоҳ ибн Умар отасига:
«Нима учун Усомани мендан афзал кўрдингиз? Аллоҳга қасамки, у бирор машҳадга мендан олдин борган эмас», деди.
«Чунки Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг отангдан маҳбуброқ бўлган! Усоманинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сендан кўра маҳбуброқ бўлган! Бас, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини ўз муҳаббатимдан устун қўйдим», деди Умар».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қачон Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни кўрсалар:
«Марҳабо, амирим!» деб сўрашар эдилар. Агар бирор киши бунга ажабланадиган бўлса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни менга амир қилган эдилар», дер эдилар.

ҲАЗРАТИ АЛИ ДАВРЛАРИДА

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни жуда ҳам яхши кўрар ва ўта ҳурмат қилар эдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўзларига қарши чиққан мусулмон тоифаларга карши кураш бошлаганларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳақ у кишининг томонида эканлигини яхши билар эдилар. Аммо бу ишда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ёнларида туриб, жанг қила олмас эдилар. Чунки у киши «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни ўз жонини сақлаш учун айтган мушрикни ўлдириб қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир умрга етгулик танбеҳ олган эдилар. Ўшанда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотдан кейин ҳам «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтган бирорта одамга ёмонлик соғинмасликка ваъда берган эдилар.
Шу боис Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга одам юбориб:
«Агар сен шернинг оғзига тушсанг, мен сен билан унинг оғзига киришга тайёрман, аммо бу ишни қила олмайман», дедилар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўша вақтдаги ихтилоф ва урушлар вақтида уйларидан ташқарига чиқмай ўтирдилар.
Баъзи яқин одамлари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг олдиларига келганда:
«Мен ҳеч қачон «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган бирор кишига қарши урушмайман», дедилар.
Шунда улардан бирлари:
«Аллоҳ «Ва улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча уруш қилинг», деган эмасми?!» деди.
«Улар мушриклар эдилар. Батаҳқиқ, биз улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча уруш қилдик», деб жавоб бердилар Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

КАМОЛОТ СИФАТЛАРИ

Юқорида кўрганимиздек, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу етук мўъмин бўлиб улғайган эди. Унда комил мусулмонга хос барча сифатлар мавжуд эди. Энди у кишининг ўша сифатларидан баъзиларини ўрнак учун ўрганиб чиқамиз.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу онани ҳурмат қилишда барчага ўрнак эдилар.
Имом Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида бир туп хурмонинг нархи минг дирҳамга етди. Усома розияллоҳу анҳу ўзининг бир туп хурмосини кесиб, унинг чарвисини (ичидаги мазали мағзини) онасига олиб берди. Одамлар унга:
«Сени бунга нима мажбур қилди? Бир туп хурмонинг баҳоси минг дирҳамга чиққанини ўзинг кўриб турибсан-ку?!» дедилар.
«Онам мендан ўшани сўрадилар. У киши мендан ўзим қодир бўлган нарсамни сўрасалар, албатта, бераман», деди у киши».
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу нафл ибодат қилишда ҳаммага ўрнак эдилар.
Имом Термизий, Аҳмад, Насаий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳим ривоят қиладилар:
«Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз молининг талабида Водий ал-Қуро томон жўнади. У душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эди. Бас, ходими унга:
«Нима учун қари чол бўла туриб, душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутасиз?» деди.
«Аллоҳнинг Пайғамбари бу икки куннинг рўзасини тутар эдилар. Бу ҳақда сўралганларида:
«Албатта, бандаларнинг амаллари душанба куни ва пайшанба куни арз қилинади. Менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман», дедилар», деди».
Водий ал-Қуро Мадинаи Мунаввара билан Шом орасидаги бир водий бўлиб, у ерда Мадина аҳлининг мол-мулклари бўлар эди.
Улуғ саҳобий Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу қариб қолганларига қарамай ўша мулкларига бориб келар, устига устак нафл рўзасини ҳам қўймас эдилар. Аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлар рўзасини тутганлари учун шундай қилар эдилар.
Ҳа, саҳобаи киромлар, чин мусулмонлар ҳар бир каттаю кичик ишларини ўз ҳабиб Пайғамбарлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати санияларига мослаб қилишга ҳаракат этганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф иш қилишни залолат, деб билганлар.
Қолаверса, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга у кишининг ходимлари берган саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи саҳобалар ҳам бериб, нима учун душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш афзал кўрилишини билишга қизиққан эканлар. Сабаб эса, ҳадисда зикр қилинганидек ҳар душанба ва пайшанба кунлари бандаларнинг амаллари Аллоҳ таоло ҳузурида арз қилинар экан. Албатта, ўша арз қилинадиган амалларнинг қабул бўладигани бор, қабул бўлмайдигани бор. Арз пайтида амал эгаси рўза тутган ҳолида Аллоҳ таолога илтижо қилиб турса, унинг сабабидан амали кўпроқ қабул бўлиши мумкин экан.
Шунинг учун ҳам Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу қариб қолган чоғларида ҳам душанба ва пайшанба кунларининг нафл рўзаларини тутиб юрган эканлар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу оталари, оналари ва Умму Салама оналаримиздан ҳаммаси бўлиб, 128 та ҳадис ривоят қилдилар.
Бу зот ҳижратнинг 54-йили Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этдилар.
Биз Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг шон ва шарафга тўла муборак ҳаётларини ўрганар эканмиз, Ислом қул ота ва чўри онадан туғилган болани қандоқ қилиб инсонийликнинг олий чўққиларига олиб чиққанлигининг гувоҳи бўлдик.
Биз Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг шон ва шарафга тўла муборак ҳаётларини ўрганар эканмиз, Ислом қоп-қора рангли, пучуқ бурунли ҳабашийни қандоқ қилиб ўн минглаб аслзода араблардан устун бир мақомга олиб чиққанлигининг гувоҳи бўлдик.
Биз Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг шон ва шарафга тўла муборак ҳаётларини ўрганар эканмиз, Ислом шарофати билан отаси Ямандан олиб келиниб, бозорда сотилган ва онаси Ҳабашистондан чўрилик учун олиб келинган, бошқа қариндошлари бўлмаган бир «келгинди»нинг, ўн саккиз ±шида қанчадан-қанча ерлик аслзодаларни ўз ичига олган музаффар лашкарга олий қўмондон бўлганлигига гувоҳ бўлдик.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг шон ва шарафга тўла муборак ҳаётларини ўрганар эканмиз, Ислом бундан ўн тўрт аср илгари қандай инсоний мўъжизалар содир этганлигининг гувоҳи бўлдик.
Аллоҳ таоло Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан рози бўлсин ва у зот каби буюк кишиларни тарбиялаб етказган Исломни доимо қувватли қилсин, омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
УМАР ИБНИ ҲАТТОБНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛЛАРИ СИФАТ ВА ОИЛАЛАРИУмар ибни Ҳаттоб қорувли, узун бўйли, қуюқсоқол мўйловли, бошларининг олд томони сочсиз, икки қўллари билан давоми...

17361 20:19 / 21.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар.Аллоҳ биз билан,6қисм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4380 16:34 / 21.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар САЙФУЛЛОҲ ТУФАЙЛИ ИХТИЛОФ 20қисмСайфуллоҳ Аллоҳнинг қиличи лақабини давоми...

4374 16:53 / 20.04.2017
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига келиб киришга рухсат сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларида ўша давоми...

2367 11:30 / 29.12.2021
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40748 14:35 / 11.08.2021