1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Умранинг амаллари

16:05 / 13.08.2017 12687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1532. Марвон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия замонида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўн неча юзтаси (бир ярим мингга яқин) билан Мадинадан чиқдилар. Зул-Ҳулайфага етганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликларга белги тақдилар, ўркачини тилдилар ва умрага эҳром боғладилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Умра учун ҳам худди ҳаж учун лозим бўлган ишларнинг айни ўзи қилинади. Қурбонликларга белги тақиш уларнинг бўйнига кавуш ёки дарахтнинг пўстлоғини боғлаш билан амалга оширилади. Қурбонликларнинг ўркачини тилиш эса «ишъор» дейилади. Бу ишлар билан ҳаж ва умра учун аталган қурбонликлар белгилаб қўйилади. Бу ҳайвонларни кўрган ҳар бир одам уларнинг қурбонликка аталганлигини билади.

Ҳажнинг мийқотлари умра учун ҳам мийқотдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳажга, ҳам умрага Зул-Ҳулайфадан эҳром боғлаганлар. Ҳамма ўз мийқотидан умрага эҳром боғлайди. 

Маккада ёки ҳарам чегараси ичида турганлар умра қилмоқчи бўлсалар, албатта, ҳарам чегарасидан ташқарига чиқишлари вожиб. Акс ҳолда умра қилиб бўлмайди.

 1533. Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронада турганларида у зотнинг ҳузурларига бир киши келди. У умра нияти билан эҳром боғлаган бўлиб, соч ва соқоли сариққа бўялган ва устига чопон кийиб олган эди. У:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен умра учун эҳром боғладим. Ўзим сиз кўриб турганингиздекман», деди.

«Устингдаги чопонни еч. Ўзингдаги сариқликни юв. Ҳажингда нима қиладиган бўлсанг, умрангда ҳам шуни қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан умрадаги эҳром боғлаш ва унга оид масалалар ҳажникидан фарқ қилмаслигини кўрамиз. Фақат умра тавоф ва саъй қилиб, сочни олдириб ёки қисқартиргандан сўнг тамом бўлади.

 1534. «Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ўз умрасида Байтни тавоф қилган, аммо Сафо билан Марва орасида саъй қилмаган одам ҳақида:

«У аёлига яқинлик қилса бўладими?» деб сўралди. Шунда у киши:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келиб, Байтни етти марта тавоф қилдилар, мақом ортида икки ракъат намоз ўқидилар ва Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилдилар. Батаҳқиқ, сизларга Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, умрада ҳам худди ҳаждаги каби етти марта тавоф ва етти марта саъй қилинади. Умрада ҳам худди ҳаждаги каби амаллари тугамай туриб, эҳром ҳаром қилган нарсаларга яқинлашиб бўлмайди. 

1535. Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилдилар. Биз ҳам у зот билан бирга умра қилдик. У зот Маккага кирган чоғларида тавоф қилдилар, биз ҳам у зот билан бирга тавоф қилдик. У зот Сафо ва Марвага бордилар, биз ҳам у зот билан бирга иккисига бордик. Биз у зотни Макка аҳлидан бирортаси отиб қўймасин деб тўсиб турардик. Менинг бир дўстим:

«Каъбага кирдиларми?» деди.

«Йўқ», дедим.

«Хадичага нима деганларини айтиб бер», деди.

«Хадичага жаннатдаги дурдан бўлган, ичида бақириқ ҳам, чарчоқ ҳам йўқ уйнинг башоратини бер», дедилар», дедим».

Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳудайбиядан кейинги йили қазо умраси қилганларидаги ҳодисалар ҳақида сўз бормоқда. Ўшанда саҳобаи киромлар мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етказиб қўймасин деган мақсад билан у зотни улардан тўсиб туришган. Ана шу умрада ҳам ҳажда қилинадиган амалларга ўхшаш амаллар адо этилган.

 1536. «Жобир розияллоҳу анҳу:

«Ҳудайбия йили Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир туяни етти киши номидан ҳамда бир сигирни етти киши номидан сўйдик», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, қурбонлик сўйишда ҳам ҳажда нима қилинса, умрада ҳам ана шу ишлар қилинади.


 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳу акбар Аллоҳ энг улуғ Зотдир.Бирор байрам ёки хурсандчилик билан кимнидир табриклаш, муборак, шодлик бахш этган кун билан бировни қутлаш инсоний табиат давоми...

2660 21:00 / 19.07.2021
Ҳaжжи бaдaл қaндай узрлaр сабабли жoиз бўлaдиЗиммасига ҳаж фарз бўлган ҳар қандай киши номидан бошқа бир кишини ҳaжжи бaдaл қилиш учун жўнатиш жoиз эмас. У, яъни ҳажжи давоми...

3489 05:00 / 16.01.2017
Тaвoф нaмoзидaн кeйин зaмзaм сувидан ичиш Ҳожи тaвoф нaмoзидaн фoриғ бўлгaч, имкон бўлса Кaъбaтуллoҳ oстoнaсини ўпиб, мултaзaмгa ёпишиб вa юзини Кaъбa дeвoригa қўйиб мурoдларини давоми...

4190 05:00 / 16.01.2017
Ҳaммa тaйёpгapликлар ниҳoяcигa eтиб, ҳaж амалларини бошлаш навбати келади. Шyндa ҳаж aмaллapиshyдaн биpинчиcи эҳром бўлaди. .Эҳром, apaбчa cўз бўлиб, лyғaтдa .ҳapoм қилмoқ, мaънocини давоми...

6053 11:00 / 27.05.2023
Аудиолар

118797 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021