1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Умра аҳкомлари

13:58 / 24.03.2017 50420 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Умра” сўзи луғатда зиёрат маъносини англатади. Истилоҳда эса бу сўз билан ҳаж мавсумидан бошқа пайтда махсус амаллар билан Масжидул-Ҳаромни зиёрат қилиш назарда тутилади. Қуръони Каримда: “وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ” яъни: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг”, (Бақара сураси,196-оят)деган ояти каримада ҳам ҳаж зиёрати билан умра зиёратини бажарилишга ундалган. Ривоятларга кўра, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан:


الحج فريضة والعمرة تطوع


Яъни: “Ҳаж фарз, умра эса ихтиёрийдир”, деган ҳадис нақл қилинган. (Ибн Абу Шайба “Мусаннафи”да Ибн Масъуддан мавқуф ўлароқ ривоят қилинган)


Шунингдек, Жобир (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан умранинг вожиб-вожиб эмаслиги ҳақида сўралганда, Набий  алайҳиссалом: “لا، وأَنْ تَعْتَمِرُوا هو أَفْضَل” “Йўқ, (вожибмас), лекин умра қилсангиз афзалдир”, дея жавоб бердилар (Термизий ривояти).


Умра моликий ва ҳанафий мазҳабидаги рожиҳ қавлга кўра қурби етган кишиларга суннати муаккада ҳисобланиб, йилнинг барча ойида бажариш дурустдир. Аммо умра зиёратини арафа куни, наҳр куни ва ташриқ кунларида адо этиш макруҳ саналади. Чунки мазкур беш кунда асосан ҳаж амаллари бажарилганидан бундай вақтда ҳаждан бошқа амаллар билан машғул бўлмаслик афзалдир. Рамазон ойида амалга оширилган умра эса энг афзал умра ҳисобланади. Негаки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 


“عمرة في رمضان تعدل حجاً” яъни: "Рамазонда қилинган умра (савоби) ҳажга тенг", дея марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда:


“عمرة في رمضان تعدل حجة معي” яъни: “Рамазонда бажарилган умра мен билан бирга адо этилган ҳажга тенг”, дея марҳамат қилинган. (Юқоридаги ҳар иккала ҳадисни Бухорий ва Муслимлар ривоят қилишган). 


Шуни унутмаслик керакки, рамазон ойида шу ойнинг шарофати, ҳам қадр тунининг шарофати, ҳам умра ибодатининг шарофати биргаликда жам бўлади. Бунинг устига, юқоридаги ҳадислар мазмунига биноан, рамазон ойидаги умранинг савоби ҳаж савобига тенг бўлишдан ташқари Расулуллоҳ алайҳиссалом билан биргаликда ҳаж қилгандек савобга эга бўлиши айтилди. 


Умранинг асосий амаллари хусусида тўхталадиган бўлсак, улар қуйидагилардан иборат: 


1.    Эҳром. Бу умранинг асосий шарти ҳисобланиб, аммо рукнига кирмайди. Яъни умра ибодати мақбул бўлмоғи учун эҳромга кириш шарт. 

2.   Тавоф, яъни Каъбаи муаззама атрофида айланиш. Бу барча фақиҳ уламолар иттифоқига кўра умранинг рукни ҳисобланиб, тавофсиз умра ҳосил бўлмайди.

3. Саъй, яъни Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш. Бу     ҳанафий мазҳабимизга кўра вожиб (яъни фарз маъносидаги вожиб)дир. 

4. Ҳалқ (сочни таги билан қириб олиш), ёки тақсир яъни қисқартириш. Бу ҳам ҳанафий мазҳабидаги саҳиҳроқ қавлга кўра вожиб (яъни фарз маъносидаги вожиб)дир. 



“Эҳром” арабча сўз бўлиб, луғатда “поймол қилиб бўлмайдиган ҳурматли, муқаддас бир ҳолат доирасига, тақозосига кириш” деган маънони англатади. Шаръан эса“махсус ҳурматларга кириб уларнинг риоясини қилиш” деганидир. Шунингдек, эҳром махсус амалларга киришишга ният қилиш ва талбия айтиш деб ҳам таърифланган. Эҳромга кирган кишига эҳромдан чиққунга қадар ундан аввал ҳалол бўлган баъзи нарсалар ҳаром бўлади. Масалан, бошқа вақтларда ўзига хушбўй нарсаларни сепиш ҳалол бўлса, эҳромга киргач, бу нарса ҳаром бўлиб қолади.   


Умра (ёки ҳаж)га эҳром боғлашни ният қилган киши дастлаб баданини тозалаб, агар жунуб бўлса, жунубликни кетказиш ёхуд эҳром учун ният қилган ҳолда ғусл қилиши ва ҳушбўйлик суриши ҳамда изор ва ридодан иборат иккита янги ёки ювилган тоза кийимни кийиши мустаҳаб бўлади. (Аёлларнинг эҳроми сидирға (гулсиз) матодан бўлади).


Шундан кейин эҳром ниятида Аллоҳ учун икки ракъат нафл намоз ўқийди ва дилда ният қилган ҳолда тили билан бу дуони ўқийди: 


“أللهم إني أريد العمرة فيسرها لي وتقبلها مني”


"Аллоҳумма инний урийдул-умрота фа-яссирҳаа лий ва тақаббалҳаа минний!".


Маъноси: "Эй, Аллоҳим, мен умра қилишни хоҳлайман, бас, Ўзинг уни мен учун осон қил ва уни мендан қабул эт!".


Шулардан кейин талбия айтади: 


لبيك اللهم لبيك, لبيك لا شريك لك لبيك, إن الحمد والنعمة لك والملك, لا شريك لك


Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, Иннал-ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулк, лаа шарийка лак!..


Маъноси: “Лаббай, Сенга Ё Аллоҳ, чақириғингга лаббай!.. Лаббай эй Хожам, Сенинг шеригинг йўқ, лаббай Сенга. Албатта барча мақтов ҳам, барча неъмат ҳам, барча оламнинг мулку подшоҳлиги ҳам Сенга хос. Сенинг асло шеригинг йўқ”. 


Шу талбияни айтиш билан эҳромга кирган ҳисобланиб, шу вақтдан эътиборан унга эҳром ҳукмлари жорий бўлади. Эҳромга кирган одам то Каъбага етгунича бот-бот талбия айтади. Яъни намоздан кейин, одамларни учратганда, тепаликка чиққанда ва тушганда, саҳарда уйқудан уйғонганда талбия айтиб турилади. 


Ҳаво йўли билан келадиган зиёратчилар тайёрага чиқишдан олдин ғусл қилиб, эҳром кийимларини кийиб олишса ва мийқотга яқинлашганда умрага ният қилиб, талбия айтсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.


“Маҳзуроту-л-эҳром”, яъни эҳром туфайли қилишдан қайтарилган амаллар


Эҳром туфайли ман қилинган амаллар асосан уч қисмдан иборат: биринчиси, эркакларга ҳам, аёлларга ҳам бирдек ҳаром бўлган амаллар, иккинчиси, эркакларга ҳаром бўлган амаллар ва учинчиси, фақат аёлларга ҳаром бўлган амаллар.   


     1.Эркакларга ҳам, аёлларга ҳам бирдек ҳаром бўлган амаллар: 

Сочини олдириш, қисқартириш ёки юлиш, бадандан бирорта тукни олиш. Лекин кўзига киприк ёки соч толаси кириб қолиб, бундан азият чекса, уни олиб ташлаш жоиз; эҳромдаги кишининг боши қичишса, бошини авайлаб қашлаши мумкин; агар шу ҳолатда бехосдан сочидан биронта тола тўкилса, ҳеч нарса қилмайди; оёқ ёки қўл тирноқларини олиш; агар тирноқларидан бири синиб, оғриқ бераётган бўлса, тирноқнинг синган қисмини қайчи билан олиб ташлаши мумкин; кийим ёки баданга хушбўй суртиш, сепиш ва ҳоказо; аммо эҳромга киришдан аввал ишлатилган хушбўй нарсанинг ҳиди кетмаган бўлса, зарари йўқдир. Чунки хушбўйликни эҳромдалик пайтида ишлатиш ман қилинган, эҳромдан аввал ишлатилган хушбўйлик асорати хусусида таъқиқ йўқ. Шунингдек, хушбўйлик аралашган ичимлик ичиш ҳам жоиз эмас. Масалан, заъфарон солинган қаҳва каби; бировга шаҳват билан қараш, жинсий алоқа ва унга тегишли бўлган ишлар; қўлга қўлқоп кийиш;     

2. Фақат эркакларга ҳаром бўлган амаллар: масалан, одатдагидек, тикилган кийимни кийиш; кўйлак, шим, майка ва ҳоказоларни кийиш. Аммо баъзи уламоларнинг сўзларига кўра, мазкур либосларни одатга хилоф равишда кийса, жоиз деб қаралган. Масалан, кўйлакни йиртиб ёки йиртмаса ҳам изор ёки ридо қилиб кийиб олса, айрим уламолар буни жоиз деганлар.  Қўл соати ва кўзойнакни эҳтиёж юзасидан тақиш ҳамда изор ва ридони қисқич билан қисиб олиш жоиз. Махси кийиш жоиз эмас, лекин шиппак топа олмаса, олишга пули ҳам етмаса, оёқларини зарардан ҳимоя қилиш мақсадида мажбуран махси кийса бўлади. Шунингдек, изорга пул топа олмаган киши ҳам мажбуран шалвор кийса бўлади; Бошни салла, қалпоқ, дўппи каби нарсалар билан ёпиш. Булар жоиз эмас. Аммо чодир, шамсия (зонтик) ва машина шифти каби бошга ёпишиб турмайдиган нарсалар билан сояланиш жоиз. Шунингдек, муҳрим киши бирон оғир буюмни сояланишни мақсад қилмаган ҳолда бошига қўйиб кўтариб юрса, дуруст бўлади, валлоҳу аълам... 

3.    Фақат аёлларга ҳаром бўлган нарсалар; юзни ниқоб ва ҳоказо нарсалар билан беркитиш.            



Умра ибодатини адо қилиш ҳолати


Тавофи зиёрат


Ҳарами Шарифга кириш. Маккаи Мукаррамага етиб келгандан сўнг меҳмонхонага жойлашиб, таҳоратларни янгилагач, гуруҳ раҳбарларининг ҳамроҳлигида махсус ажратилган автобусларга ўтириб, Масжиду-л-Ҳаромга йўл олинади. Масжиди Ҳаромнинг “Бабу-с-салам” (тинчлик, омонлик қопқаси) деб аталган эшигидан ўзини хокисор тутган ҳолда, талбия айтиб кирилади.   Байтга кирилаётганда худди бошқа барча масжидларга киргандагидек, аввал ўнг оёқ билан кирилиб, қуйидаги дуолар ўқилади: 


بسم الله والصلاة والسلام على رسول الله, أللهم افتح لي أبواب رحمتك


"Бисмиллаҳ вас-солаату вас-салааму ала Росулиллаҳ Аллоҳумма - ифтаҳ лий абвааба роҳматик!". 


Маъноси: Аллоҳ номи билан кирурман, Аллоҳнинг Расулига салоту салом бўлгай! Эй Аллоҳ, менга Раҳматинг эшикларини очгин!..


Ёки мана бу дуо ўқилади:


"" أعوذ بالله العظيم ، وبوجهه الكريم ، وسلطانه القديم ، من الشيطان الرجيم


Аъувзу биллаҳил-Азийм ва биважҳиҳил-Карийм ва султониҳил-Қадийм минаш-шайтонир-рожийм.


Демак, умрачи Байтга етиб келганда талбияни тўхтатади. Каъбаи Муаззамага нигоҳи тушганда эса қўлларини кўтариб, такбир айтади, яъни “Аллоҳу акбар”, дейди. Сўнг қуйидаги дуоларни ўқийди: 


اللهم أنت السلام، ومنك السلام، حينا ربنا بالسلام (Аллоҳумма антас-Салам, ва минка-с-Салам, ҳаййинаа Роббанаа би-с-Салам) Яъни: “Эй Аллоҳ, Сен ас-Саломсан (ас-Салом Аллоҳнинг исмларидан), Салом, яъни тинчлик-омонлик Сен томондан берилур. Эй Роббимиз Аллоҳ, бизни Ўз томонингдан бўлган салом-тинчлик, офият билан саломла, қарши ол!”.


Яна ривоятларда Расулуллоҳ алаҳиссалом мана бу дуони ўқиганлари ҳам ворид бўлган:


اللهم زد هذا البيت تشريفا وتعظيما وتكريما ومهابة. وزد من شرفه وكرمه ممن حجه أو اعتمره تشريفا وتكريما وتعظيما وبرا 


(Аллоҳумма зид ҳаза-л-байта ташрийфан ва таъзийман ва такрийман ва маҳаабатан. Ва зид ман шаррофаҳу ва карромаҳу мимман ҳажжаҳу ав-иъ-тамароҳу ташрийфан ва такрийман ва таъзийман ва биррон)


Маъноси: “Эй Аллоҳ, ушбу Байтнинг шарафини, азаматини, ҳурматини ва ҳайбатини зиёда қил! Ҳаж ва умра қилувчилардан ким Уни шарафласа ва ҳурматини жойига қўйса, ўша кимсанинг ҳам шарафини, ҳурматини, улуғлигини ва яхшилигини зиёда қил!”. 



Шундан кейин тавофни бошламоқчи бўлганда эса изтибоъ қилади. Изтибоъ деб ридонинг ўртасини ўнг елка остидан ўтказиб, кейин икки тарафини эса чап елка устига ташлашга айтилади. Шуларни бажариб, тавофни ҳажари асваддан бошлайди. Яъни бутун бадани билан ҳажари асвадга рўбарў бўлади. Унинг қаршисида туради, сўнгра тавофни бошлайди. Агар қурби етса уни истилом қилади, яъни қўли билан ушлаб, ўпади. Мабодо бунинг имкони бўлмаса, ҳажари асвадни қўли ёки бирон ҳассасимон нарса билан силаб, қўлини ёки ўша ҳассасини ўпади. Агар бунинг ҳам имкони бўлмаса, узоқдан ҳажари асвадга қўли билан ишора қилади, бироқ бунда қўлини ўпмайди. Ҳажари асвад ва рукни ямоний олдида бу дуони ўқийди: 


بسم الله والله أكبر


"Бисмиллаҳи валлоҳу акбар!".


Ҳажари асвадни ўпаман деб, одамларни уриб-суриб, туртиб, озор бериш яхши эмас. Ҳажари асвадни ўпиш суннат, аммо одамларга озор бермаслик эса вожибдир. Суннатни бажараман деб, вожибни зое қилиш, зиёратчиларга азият етказиб, гуноҳкор бўлишдан тийилмоқ даркор. Ҳар шавтда яъни байтни ҳар сафар бир марта айланганда ҳажари асвадни қўл билан ушлаб, ўпиш машруъдир. Агар издиҳомда бунга қодир бўлмаса, узоқдан қўли ёҳуд ҳассаси билан ишора қилади, лекин бунда қўлини ёки ҳассасини ўпмайди. 


Каъбани тавоф қилганда Ҳатимни қўшиб айланиш вожиб. Ҳатим бу Каъбаи Муаззама ёнида худди тақасимон шаклда, пойдеворга ўхшаб кўтариб қўйилган жой бўлиб, қадимда унинг ичи ҳам Каъба деворлари ҳудудига кирган. Лекин, Набий алайҳиссалом ёшлик даврларида Каъбани қайта қуриб, таъмирланганда, маблағ етмагани туфайли Каъба биносини Ҳатимни ҳам қамрайдиган даражада кенгайтириш имкони бўлмаган. Шу боис, мазкур ер ҳам Каъба ичидан эканини билдириш учун ердан бироз кўтариб, чегара қилиб қўйилган. Шунинг учун ҳам тавоф пайтида Ҳатимни ҳам қўшиб айланилади, унинг орасидан ўтилса, тавоф ўрнига ўтмайди. Мазкур жой “Ҳижр” деб ҳам аталади. 


Рукни ямоний эса фақат қўл билан истилом қилинади, ўпилмайди. Агар тавоф қилувчи киши рукни ямонийни истилом қилишга (қўл билан ушлаш) қодир бўлса, истилом қилади, бордию қодир бўлмаса, ҳеч нарса қилмайди, ишора ҳам қилмайди. Чунки бу ҳақда ҳужжат ворид бўлмаган. (Рукни Ямоний тавоф йўналиши бўйича ҳисоблаганда, Каъбанинг Ҳажари Асвадга яқин қолган бурчагидир). Икки рукн орасида ҳамда ҳар шавт ниҳоясига етганда ушбу дуони ўқийди: 


ربنا أتنا في الدنيا حسنة وفي الآخرة حسنة وقنا عذاب النار


(Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил-ахироти ҳасанатан ва қина азабан-нар!). Маъноси: “Эй Раббимиз Аллоҳ, бизларга дунёда яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин ва бизни дўзах азобидан асрагин!”. (Бақара сураси, 201-оят)  


Тавофни адо этишда Байтни ўзининг чап томонида қолдирган ҳолда бошлайди. Яъни, соат стрелкасига тескари равишда етти шавт тавоф қилади. Офоқий, яъни узоқдан келган, Макканинг ташқарисидан келган ҳожи ёки умрачи аввалги уч шавтда рамл қилади. Рамл деб қадамлар орасини катта ташламаган ҳолда, шахдам қадамлар билан, югуришга яқин маънода тез юришга айтилади. Баъзилар буни лўкиллаш ҳам дейдилар. 


Агар бошдаги уч шавтда қилинмаса, ундан кейин рамл қилинмайди. Беморлар, гўдаклар ва аёллар рамл қилмасдан, одатдагидек юрадилар. Шунингдек, Макка аҳли ёки Маккага яқин жойда яшовчилардан ҳам рамл соқит бўлади. 


Рамл ва Изтибоъ умрада фақат илк тавоф, яъни тавофи зиёратда қилинади. Тавофи вадоъ (хайрлашув тавофи)да рамл ёки изтибоъ қилинмайди. Лекин бошқа тавофларда ҳар шавтда ҳажари асвад билан рукни ямоний истилом қилинади. 


Қолган икки рукн яъни шимолий ва ғарбий рукнлар истилом қилинмайди. Чунки, у рукнлар Иброҳим алайҳиссалом қолдирган қоида, яъни пойдевор ва устунлардан эмас. 


Рукни ямоний билан ҳажари асвад ўртасида бўлганда ҳам "Раббано атино..." дуоси ўқилади. 


Қодир бўлганларга юриб тавоф қилиш вожиб. Аммо, касаллиги ёки майиб ва мажруҳлиги туфайли бунинг имкони бўлмаса, махсус арава ёки замбилда тавоф қилдирилиши мумкин.      


Тавоф пайтида ўқиладиган махсус дуолар ривоят қилинмаган. Лекин бу вақтда истаганча дуо ўқиш, ҳатто Қуръон тиловат қилиш ҳам мумкин. Фақат дуо ёки тиловат товушни баланд қилмасдан, бошқаларга халал еткизмаган ҳолда амалга оширилади. 


Бундай вақтларни киши ғанимат билиб, ўзи, оиласи, қариндош уруғлари ва ёру биродарлари учун Аллоҳдан хайрият-яхшилик сўраб дуо қилмоғи, барча мўъмин-мусулмонлар ҳақига дуо қилмоғи нур устига нур бўлади. Зеро, тавоф ҳам ибодатдир. Ибодат асносида ҳар-хил дунёвий нарсаларга чалғимасдан, қалб ва тил Аллоҳнинг зикри, Аллоҳдан қўрқув, Унинг раҳматидан умидворлик, дуо, истиғфор ва ҳоказолар билан машғул бўлиши мақсадга мувофиқдир.   


Тавоф ниҳоясига етгач, умрачи Мақоми Иброҳийм ортида икки ракъат намоз ўқиши суннат бўлиб қолган. Биринчи ракъатда "Кофирун" сурасини ўқийди, кейинги ракъатда эса Ихлос сурасини ўқийди. Бу намоз “ракъатай ат-тавоф” яъни икки ракъатлик тавоф намози деб аталади. Бу намозни Ал-масжиду-л-Ҳаромнинг ҳар қандай жойида ўқиса ҳам маъқул. Бироқ масжид ташқарисида жоиз эмас. 


Икки ракъатлик тавоф намозидан сўнг, замзам сувига бориб, ундан ичиш ва озроқ олиб бошидан қуйиш суннатдир. Шунингдек, замзам сувни ичаётган вақтда ҳам дуо қилиш суннат. Зеро, ҳадисларда: 


زمزم لما شرب له


Яъни: "Замзам нимани ният қилган ҳолда ичилса шунгадир!", дея марҳамат қилинган. (Аҳмад ва Ибн Можжа ривояти). Яъни замзам нимани ният қилган ҳолда ичилса, Аллоҳнинг марҳамати билан ўша тилак ёки дуоси ижобат бўлади, валлоҳу аълам. Замзам ўта қадимий, тарихий ва муборак сув бўлиб, ундан тўйиб-тўйиб, қониб-қониб ичиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ алайҳиссалом замзам ҳақида: 


إنها طَعَامُ طُعْمٍ وشِفاءُ سُقْمٍ 


яъни: “Албатта у очни тўйдирувчи тўйимли таом, касалликни кеткизувчи даводир”, дея марҳамат қилганлар. (Муслим, Таёлисий ва бошқалар ривоят қилган).


Эслатма: Умра ёки ҳаж ниятида Масжиди ҳаром ичкарисига кираётган киши таҳийятул-масжид намозини ўқимайди. Балки, тавофга шуруъ қилади. 


Умра ниятида Маккага кирган киши тавоф ва саъйдан чалғитадиган ҳар хил тижорат ва ҳоказо нарсалар билан машғул бўлмагани маъқулдир. 


Ал-Масжидул-Ҳаромдан чиқишда ўқиладиган дуо: 


بسم الله والصلاة والسلام على رسول الله, أللهم إني أسألك من فضلك, أللهم اعصمني من الشيطان الرجيم 


"Бисмиллаҳ вас-солату васаламу ала Расулиллаҳ, Аллоҳумма инний асъалука мин фазлик, Аллоҳум-маъсимний минаш-шайтонирражийм" 


Маъноси: "Аллоҳнинг номи билан, Аллоҳнинг Расулига салоту салом бўлсин! Аллоҳим, мен Сендан фазлу марҳаматингни сўрайман. Аллоҳим, мени қувилган шайтоннинг ёмонлигидан сақлагин!". Бу дуо фақат масжидул-ҳаром учун хос эмас, балки ҳар қандай масжиддан чиқишда ўқилиши суннатдир.    


Айрим масалалар: 


Агар умрачи ёки ҳожи Байтни тавоф қилаётган пайтда фарз намозга такбир айтилса ёки жаноза намози бошланиб қолса, тавоф қилувчи фарз намоз учун тавофни тўхтатиб, намозга бориши фарз. Жаноза намози учун эса тавофни тўхтатиши фарз эмас, балки мустаҳаб ҳисобланади. Намоз ўқиб бўлингач, қаерда тўхтатилган бўлса, ўша жойдан тавофни давом эттирилади. 


Агар издиҳом ва тиқилинч кучли бўлса, айрим шавтларни Каъба атрофида бажариб, қолганларини масжиднинг пастки ёхуд юқори қаватларида бажариш жоиздир. 


Ҳижр (Ҳатим) ичида ва Каъба ичида нафл намоз ўқиш жоиз. 


Саъй:


Умрачи тавофни ниҳоясига етказиб, замзам сувини ичиб бўлгач, навбатдаги бажариладиган амал Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилишдир. Масъаа, яъни саъй қилинадиган жойга етиб келганда сафо эшигидан бошлайди. Чунки, бу осонроқдир. Сафога кўтарилади ва Сафога яқинлашганда бу оятни тиловат қилади: 


" إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ" 


"Иннас-Софаа вал-Марвата мин шаъааириллаҳ. Фаман ҳажжал-байта ави-ътамаро фалаа жунааҳа ъалайҳи ай-йаттоввафа биҳимаа. Ва ман татовваъа хойрон фаинналлоҳа Шакирун Алийм". 


Маъноси: "Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишнинг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри ила яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир".  (Бақара сураси, 158-оят).


Сўнгра мана бу ҳадисни ўқийди: 


نبدأ بما بدأ الله به


"Набдаъу бимаа бадаъаллоҳу биҳ". Маъноси: "Аллоҳ (оятда) бошлаган (яъни бошлаб айтган) жойдан (саъйни) бошлаймиз!" (Муслим ривояти). 


Чунки ояти каримада дастлаб Сафо, ундан кейин Марва зикр қилинган. Шу боис, ояти каримага мувофиқ бўлиши учун саъй ҳам Сафодан бошланади. 


Агар киши Сафо тепалигига чиқа олмаса, лоақал Сафо ва Марва ўртасидаги масофани қамраган ҳолда юриши керак. Масалан, қадамларини Сафо тепалигининг пастига ёпиштиради ва Марвага қараб саъй қилади, Марва тепалигига ҳам чиқмаса, оёқларини Марва тепалигининг пастига теккизади ва ҳоказо. 


Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига иқтидо қилган ҳолда Сафо ва Марва ўртасида саъй қилганда мазкур тепаликларга чиқиш албатта афзалдир. Сафо ва Марва тепаликларига аёллар чиқиши эркаклар билан аралашиб, сиқилишиб қолмаслик учун суннат эмас. Шу боис, аёллар учун тепаликка кўтарилишни тарк қилиш тасаттурга мувофиқроқ ҳисобланади.


Шундай қилиб, умрачи ёки ҳожи Сафога кўтарилгач, Каъбани кўрадиган даражада Каъба томонга юзланади. Агар бунинг имкони бўлмаса, имкон қадар ўша тарафга қарайди ва қўлини кўтарган ҳолда уч марта Аллоҳу акбар, дейди, сўнгра бу дуони ўқийди:


 لا إله إلا الله وحده, لا شريك له, له الملك وله الحمد, يحيى ويميت وهو على كل شيء قدير لا إله إلا الله وحده أنجز وعده ونصر عبده وهزم الأحزاب وحده    


"Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамд, юҳйий ва юмийт, ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, Анжаза ваъдаҳ ва насоро ъабдаҳ ва ҳазамал-аҳзааба ваҳдаҳ". 


Маъноси: "Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Барча мулк Уники, барча ҳамд ва санога У лойиқ. Унинг Ўзи ҳаёт беради, Унинг Ўзи ўлдиради. Ва У  ҳар ишга қодирдир. Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир. У Ўз ваъдасини бажарди ва Қулига (Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) мадад берди ва Унинг якка ўзи душман фирқаларини тор-мор этди!". 


Шундан кейин ўзи учун дуо қилади ва юқоридаги зикр ва дуоларни уч марта такрорлайди. Сўнгра Марвага йўналган ҳолда, юриб пастга тушади. Демак, оддий юриш билан тушиб келади, ва токи, яшил чироқли яшил устунга етиб келганда тез-тез юради, яъни саъй қилади. Худди шундай иккинчи белгили устунга етганда эса яна оддий юрилади. Демак, саъй фақат икки устун оралиғида қилинади. Бу нарса яъни тез-тез юриш фақат эркакларга хос. Марвага етиб келганда эса Сафода нима қилган бўлса, ўша ишларни қилади. Яъни Марва тепалигида ҳам Каъбага юзланиб, Сафо тепалигида ўқилган дуолар ўқилади. Шу билан бир шавт ниҳоясига етган ҳисобланади. Ундан кейин навбатдаги шавтни бажариш учун Марвадан Сафога юзланган ҳолда тушиб келади. Бу вақтда юриладиган жойларда юради, югуриладиган жойларда эса югуради. Хуллас, шу тариқа етти шавтни бажаради. Умумий етти марта бориб, етти марта қайтади. Сафодан бошлаб, Марвада тугатади.      


Сафо билан Марва ўртасида саъй қилаётган киши Аллоҳни қалби ва тили ила кўп ёдга олмоғи, ўзи учун Аллоҳдан кўпроқ мағфират ва яхшиликларни сўраб юрмоғи ва ёддан Қуръон ўқиб юрмоғи лозим. Мўмин киши бу пайтларда ҳар хил қийлу қол, бекорчи гаплар, ғийбат, бировни масхара қилиш, устидан кулиш ва урушиш ҳамда бегона аёлларга қараш каби амаллардан эҳтиёт бўлмоғи даркор. Зеро, киши бу пайтда Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган маконда турган бўлади. 


Абдуллоҳ Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Сафо ва Марва ўртасида саъй қилган пайтларида қуйидагича дуо қилардилар:


" رب اغفر وارحم واعف عما تعلم وأنت الأعز الأكرم"   


"Рабби-ғфир ва-рҳам, ваъфу ъаммаа таълам ва Антал- Аъаззу-л-Акрам!" 


Маъноси: "Эй Раббим, гуноҳимни кечир, менга раҳм айла ва Ўзинг билган барча хатоларимни афв эт. Ахир, Сен энг Азиз, энг Карамли ва Олийжанобсан!". 


Ҳалқ ёки Тақсир (сочни қирдириш ёки қисқартириш)


Сафо ва Марва ўртасида саъй ниҳоясига етказилгач, умрачи сочини олдиради ёки қисқартиради. Лекин, ҳалқ қилдириш, яъни сочни таги билан олдириш афзалдир. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади: 


Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳума-ғфир лил-муҳаллиқийн!" яъни "Эй Аллоҳим, сочини ҳалқ қилганларни мағфират қил!", дедилар. Шунда саҳобалар ё Расулаллоҳ, қисқартирувчилар-чи? -дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса яна: "Аллоҳума-ғфир лил-муҳаллиқийн!" дедилар. Саҳобалар яна ё Расулаллоҳ, қисқартирувчиларчи? -дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса яна "Аллоҳума-ғфир лил-муҳаллиқийн!" дедилар. Саҳобалар яна "қисқартирувчиларчи?!", дейишган эди, охири тўртинчисида: "Ва лил-муқассирийн!" яъни "Сочини қисқартирганларни ҳам мағфират қилгин!", дея Аллоҳга дуо қилдилар. (муттафақун ъалайҳ). Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом сочини қирдирганлар ҳаққига уч марта, қисқартирганлар учун эса бир марта дуо қилишлари сочни тўлиғича олдириш қисқартиришдан кўра фазилати юқорироқ эканига очиқ-ойдин далолат қилади.


 Аёл киши эса сочининг ўримларидан тирноқ миқдорида, яъни тахминан икки сантиметрча қисқартиради. Фақат шуни эсдан чиқармаслик керакки, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин қисқартиришда сочининг барча жойидан қисқартириши керак. Масалан, аёл киши сочларини йиғиштиради ва уларни жамлаб туриб, сочларининг энг учидан тирноқ миқдоридагисини кесдиради. Эркак киши ҳам сочининг ҳамма жойидан бир хилда қисқартиради. 


Шуларни адо этиш билан Умра ниҳоясига етган ҳисобланиб, умрачи эҳромдан чиқади. Яъни эҳром туфайли таъқиқланган барча ишлар унинг учун ҳалол бўлади.


Тавофул Вадоъ – Видолашув тавофи 


Видолашув тавофи ҳожиларга вожиб, аммо умрачилар учун эса мустаҳабдир. Бу тавоф ҳамма амалларни бажариб бўлгандан кейин уйга қайтиш олдидан қилинади. Бу тавоф ҳам етти шавт қилинади, аммо рамл қилинмайди. Яъни шахдам қадамлар билан тез-тез юрган ҳолда тавоф қилинмайди. Изтибоъ ҳам қилинмайди. Шундан сўнг уйга қайтилади...


Муҳтарам умра зиёратини ният қилиб, йўлга отланган юртдошимиз, ушбу мухтасар рисоламиз умра амалларини мукаммалроқ суратда адо этишда сизларга кўмакдош бўлса, унинг муаллифлари ўз ҳақларига муборак зиёратгоҳларда дуойи хайр қилишингиздан умидвордирлар. Аллоҳ таоло зиёратингиз ва ибодатингизни ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин!..      


Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика Ашҳаду алаа илааҳа илаа Анта астағфирука ва атувбу илайк!..



Одилхон Юнусхон ўғли, 

Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш давоми...

3308 10:07 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло бандаларини .ухувват,га, яъни бирбирларига биродар, дўст бўлишга буюрган. Ухувват ndash Ислом биродарлиги, дин қардошлиги, қондошлиги, барча давоми...

2586 10:04 / 24.03.2017
1. Севишга қурбинг етмаса, ҳеч бўлмаса жароҳат ҳам етказма 2. Инсоний алоқалар худди чумчуқларга ўхшайди. Агар қаттиқроқ ушласанг, ўлдирасан, агар бўш ушласанг, учиб давоми...

4874 21:08 / 21.04.2017
Ибн Сийрийн айтади Биз Абу Убайда ибн Абий Ҳузайфа билан бирга унинг чодирида эдик. Унинг олдида ўчоғи бўлиб, ичида олов ёниб турган эди. Шу пайт бир киши келиб давоми...

2612 15:23 / 27.03.2017
Аудиолар

118793 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40743 14:35 / 11.08.2021