1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

У Аллоҳдир

09:45 / 02.04.2019 7281 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир.

Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундай Зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ, демак, Унгагина ибодат қилиш керак.

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлик ва раҳмлилик сифатлари ҳақида аввал сўз юритганимиз боис, ҳозир такрорлаб ўтирмаймиз.

У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир.

Аввалги оят каби, бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва У Зотнинг бир неча исмларини эслатмоқда, жумладан:

Малик – ҳақиқий Эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хожа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Эгага қул бўлишлари лозим.

Қуддус – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.

Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ таоло «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

Муъмин – иймон ва омонликни берувчи.

Муҳаймин – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ таоло бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

Азиз – барчанинг устидан Ғолиб.

Жаббор – олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.

Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот.

Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришидан ҳам покдир.

У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исм­лар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.

Суранинг ушбу сўнгги оятида Аллоҳнинг яна бир неча сифатлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:

Холиқ – яратувчи.

Бориъ – йўқдан бор қилувчи.

Мусоввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи Зот.

Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг тасбеҳларини тушунмаймиз. Аллоҳ Ғолибдир ва Ҳакийм – барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Зотдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясордан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Кимки тонг чоғи уч марта «Аъуузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм» деса ва «Ҳашр» сурасининг охирги уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло саловот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади», – деб марҳамат қилганлар.

"Тафсири ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, унинг хазиналарини қидиришди ва бир қулфланган сандиқ топиб олишди. Сандиқни очишди. Унда бир қути бўлиб, қутининг давоми...

2385 07:30 / 02.04.2019
Имом Табарийнинг айтишича, ҳижрий ўн бешинчи йили тинч ҳаёт жабҳасида ҳам кўплаб фатҳлар бўлган эди. Улардан бири ҳазрати Умар томонларидан девоннинг ташкил давоми...

2565 17:04 / 27.11.2018
Аллоҳ таоло юракни Қуръони Каримда зикр қилган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида зикр қилганлар. Қуйидаги маълумотларда юрак давоми...

4874 19:00 / 23.11.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади .Набий алайҳиссалом .Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқиш савобини билишганда эди, унга давоми...

5217 14:10 / 26.01.2019
Аудиолар

120040 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41712 14:35 / 11.08.2021