1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Тўй қилишни чидаганга чиқарган

05:00 / 04.03.2017 3168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзининг каломи шарифида “Ва ўзингиздан оиласизларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон Зотдир” , деган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Ўзларининг ҳадиси шарифларида “Ким уйланса, батаҳқиқ иймонининг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин” , деган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб солавоту-дурудлар бўлсин.

Ҳар бир ота-онанинг энг интиқлиқ билан кутадиган орзуларидан бири фарзандларининг никоҳ тўйларини ўз қўллари билан уюштириш, унда бош-қош бўлиш, келган меҳмонларни эса кўнглини олиб уларни хурсандчилик билан кузатиб қўйишдир. Бир қараганда бу ишларни барчаси гўёки, хамирдан қил суғургандек осон бўлиб туюлади ва аслида ҳам шундай, агар шариъат аҳкомларига амал қилинган ҳолда бўлса. Бу ҳозирги кунимиздаги баъзиларни “ Исломий тўй ” деб қилаётганидек  ўтказдирилаётган тўйлар дегани  дегани эмас. Номи ўзгаргани билан моҳияти ўзгариб қолмайди, балки тушуниб - тушунмасдан ислом дини аҳкомларига беписандлик қилишдир. Қолаверса, шариъат аҳкомларига амал қилишлик дегани ҳар ким ўзига тўн бичиб олиши дегани ҳам эмас. Бу борада никоҳ валимасига тегишли бўлган барча жараёнларда етук олимлар, устозлар билан бомаслаҳат иш олиб борилишлиги мақсадга мувофиқдир. Аксинча, бир неча йиллар давомида бидъатчи-ю хурофотчилар тамонидан тўқиб чиқарилган ва тўқиб чиқарилаётган урфларга, удумларга амал қилинадиган бўлса натижа қандай бўлишлиги ҳаммага кундай аён.

Одатда никоҳ валимасида бўладиган жараёндаги расмиятчилик, хўжа кўрсинга қилинадиган олди-бердилар ёки одамлар гапиришади қабилидаги мулоҳазалар учун қилинадиган сарфу-ҳаражатлар ҳар иккала қудаларнинг ҳам тинка мадорини қуритиб бурнидан тортса йиқиладиган ҳолга келтириб қўяди. Лекин, халқ орасидаги “обрўни” сақлаш керак “кўпи кетиб ози қолди”, “қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидагин” ёки ҳа энди тўй бир кунда ўтади-кетадида деган мақол ва таскин берувчи сўзлар билан ўзимизни юпатамиз. Аслидачи, бу юпатишларимизни нафақат охиратда балки, бу дунёда ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқ эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Агар бирорта насиҳатгўй тўғри маслаҳат бериб ёрдам қўлини чўзадиган бўлса, насиҳатинг ўзингга сийлов, бошингга тушганида кўрамиз қандай қилишингни деб жеркиб берамиз. Ҳақийқатни оладиган бўлсак ушбу бидъату хурофотлар ҳаммани ҳам жонига тегиб гўёки пичоқ бориб суякка тақалгандай! Аммо улардан қутилиш учун гўёки ҳечқандай чора йўқ, нажот йўқдай!. Ўз қўлимиз билан ковлаган ўрага қулаб бораяпмиз. Ўзимиз тўқиган бидъату хурофат тўрларига ўзимиз ўлжа бўлиб тушаяпмиз. Бундан ким фойда кўраяпти-ю, ким эса зарар ўйлаб кўрмаймиз. Халқимзда бир ажойиб нақл бор “тарихини билмаган халқни келажаги йўқ”. Демак бу муаммоларни ечимини тарихдан қидириб кўриш керак. Қарийб XIV аср олдин бутун дунёни ҳозирда биз бош қотириб турган муаммолардан бир неча баробар каттароқ, кўпроқ, шиддатлироқ муаммолар гирдобидан нима қутқарди? Айтингчи - Ислом дини эмасми, жавоб эса ҳаммамизга маълум. Ҳозирда эса, бу муаммолардан қутилиш учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар мавжуд. Фақатгина ҳаммамиз бир тану ва бир жон бўлиб буни астойдил истасак ва ҳаракат қилсак бўлди. Шунда келажак авлоднинг олдида ҳам юзларимиз ёруғ бўлади. Биз “ота-боболаримиздан қолган- да, қилмасак бўлмайди” деб мажбурланган ҳолда қилаётганимиздек, авлодларимиз қилмайдилар.

Биз “ота-боболаримиз нима учун шундай бидъатларни қилганлар ёки тўқиб чиқарганлар” деб норози кайфиятда эслаётганимиздек, эсламайдилар. 

Бу хасратли жумлаларни битилишига сабаблар жуда ҳам кўп, лекин гап чўзилиб кетилишидан сақланиб, иккита бўлган воқеъани ҳукмингизга ҳавола қилишлик билан кифояланамиз. 

Ҳожи акаларимиздан бирларини айтишича: “Тошкент шаҳримиздаги энг обрўли икки оила никоҳ тўйигача бўлган барча расмиятчилик-у олди бердиларни ниҳоясига етказиб никоҳ валимасини қачон ва қаерда бўлишигача ўзаро бомаслаҳат келишиб олишибди. Обрўли оилалар бўлганлиги учун ҳар иккала тараф ҳам шаҳримиздаги энг ҳашаматли ва катта тўйхоналардан бирини танлашибди. Тўйхона бир пайтни ўзида 700-750 та меҳмонни ўз бағрига сиғдира олар экан. Одатда шаҳримизда икки ёшни бошини қовуштириш учун керак бўладиган сарф-ҳаражатларни асосий қисмини келин тараф ўз зиммасига олишга мажбур. Шунинг учун ҳам келин қуда тараф, куёв тараф қудадан минг ҳижолатлар билан наҳорга бериладиган ош зиёфатига неча киши бўлиб келишларини сўраган. Қуда эса 200 киши атрофида бўлишларини айтган. Одатдагидек эрта тонгда карнай-сурнай садолари остида ҳашаматли тўйхонага кираверишида ўнлаб “ҳассакаш”лар дарёдек оқиб келаётган меҳмонларни ҳурсандчилик билан кутиб олишаяпти.

Тўйхонанинг олдидаги майдонда эса, бирин-кетин келаётган қуда тарафнинг меҳмонлари жамланишаяпти. Уларни бир жойга тўпланишаётганликларидан тобора ададлари ҳам кўпайиб бораётганлиги маълум бўлиб қолди. Бу эса ўз ўрнида мезбон тарафни ташвишга сола бошлади. Тўғрида, келишувга мувофиқ жой тайёрланган. Мезбоннинг ташвишлангани тўғри чиқди. Қуда тараф кўп эмас кам эмас нақд 500 киши бўлиб келишибди. Наилож мезбон тезлик билан ўзининг тарафидан бўлган мехмонларга узр айтиб, уларни жойларига қуда тарафдагиларни қабул қилишибди. Ҳурматли ўқувчи энди тўйхонада қандай ҳолат юзага келганлигини бир ўзингиз тасаввур қилиб кўринг-а?. Шу билан ҳаммаси якунига етса қаний эди-я. Никоҳ валимаси ниҳоялангандан кейин тўйхонанинг олдидаги майдонда қуда тарафдагиларга чопон кийдириш маросими бошланибди. Мезбон қуда тишини – тишига қўйиб бу расмиятчиликни ҳам қойиллатиб адо этибди. Лекин кўнглига тугиб қўйган бир мулоҳазани қуда бўлмишга айтмасам бўлмайди деб: “Қуда бу меҳмонларни кўпроқ келишини олдиндан айтиб қўймабсизда, шунга яраша тайёргарчилик кўриб қўяр эдик, хижолатвозлик бўлмас эди” дебди. Қуда эса жавобан: “Бу тўй қилишни чидаганга чиқарган” деб жавоб берибди. Шунда мезбон қуда атрофда турганларга мурожаат қилиб, қўлларингизни дуога қўтаринглар : “Азиз меҳмонлар берилган ош Аллоҳ йўлида эҳсон, тўй эса бекор қилинди. Омин!” дебди.

Шу ўринда ҳкоямизнинг салбий қаҳрамонига ва у кишига ўхшаганларга, бу димоғдорлик билан айтаётган сўзларингизни айтишликка озгина шошқолоқлиқ қилдингиз. Агар шу бир оғиз сўзингиз ўғлингизни бахтига чанг солишлик эканлигини ўйлаб кўрганингизда, ман-манманликнинг оқибати нима билан якун топишини билганингизда, сиздан аввалгилар ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтиб қўйиб, захрини узоқ йиллар тортганини билганингизда, қолаверса бировни қалби шишасини синдирмоқлиқ уни тиғ билан жароҳатламоқликдан ёмон эканлигини тушунганингизда, ҳеч бўлмаса бирор зиёфатга таклиф этилганингизда мезбонга нисбатан Исломий маданият ила муомала қилишликни неча киши бўлиб боришлик мумкин эканлигини билганингизда бундай оқибатлар бўлмас эди, деб ҳукмингизга қуйидаги ҳадиси шарифни ҳаволв этаман ва ибрат олурсиз деган умиддаман. 

وجَاءَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو شُعَيْبٍ إِلَى غُلاَمٍ لَهُ لَحَّامٍ فَقَالَ: اصْنَعْ لِي طَعَامًا يَكْفِي خَمْسَةً فَإِنِّي رَأَيْتُ فِي وَجْهِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم الْجُوعَ فَصَنَعَ طَعَامًا ثُمَّ أَرْسَلَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وآله وسلم فَدَعَاهُ وَجُلَسَاءَهُ الَّذِينَ مَعَهُ فَلَمَّا قَامَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وآله وسلم اتَّبَعَهُمْ رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَهُمْ حِينَ دُعُوا فَلَمَّا انْتَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم إِلَى الْبَابِ قَالَ لِصَاحِبِ الْمَنْزِلِ إِنَّهُ اتَّبَعَنَا رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَنَا حِينَ دَعَوْتَنَا فَإِنْ أَذِنْتَ لَهُ دَخَلَ قَالَ: فَقَدْ أَذِنَّا لَهُ فَلْيَدْخُلْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ.

Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходими олдига келиб: 

«Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очликни кўрдим», деди. 

У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у Зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига: 

«Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради», дедилар.

«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у».

Термизий ва икки Шайх ривоят қилишган.


Иккинчи воқъеа: Шахримиздаги хонадонлардан бирида катта тантана, хурсандчилик, қўни-қўшни, таниш-билиш ҳамма эшитганлар уларни қўшалоқ келин тушираётганлигидан мамнун. Кўпчилик айниқса аёллар чуқур энтикиш билан: “ бизларга ҳам шундай қўшалоқ келин тушириш насиб этсин”, деб орзу қилишган, баъзилар эса ҳадикда. Тўғрида ҳозирги кунда битта келинни қабул қилиб олиб кўнгилдагидек ҳаёт кечириб кетаётганларни ўзи камчиликни ташкил қилади, аммо бирданига иккита келиннинг машмашаси албатта ўзига яраша. 

Ҳалқимизнинг ажойиб бидъату-хурофотларидан бири, келин туширилаётган хонадонга келин тарафдагилардан бир неча аёллар ва уйни ўлчамини оладиган алоҳида мутахасислар келиб кетишидир. Юқорида айтганимиздек деярли барча молиявий ҳаражатлар келин тарафидан бўлиши етмаганидек, куёв тараф мазкур аёллар ва мутахассислар келишига бир неча хонадан иборат бўлган уйни бўм-бўш қилиб (яланғочлаб) қўйишади. Бизнинг қаҳромонимиз эса бу ишларни қойил мақом қилиб амалга оширибди. Қўш келин тушираётганлиги учун “адолат” билан ҳар иккала келин тарафдагиларга бир ҳил шароитли, яъни чор девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бир неча хонани кўрсатиб қўйишибди. Ана энди тамошани кўринг. Никоҳ тўйига 10-15 кун қолгунича ҳар иккала келин тарафдагилар бир неча йиллардан бери йиғиб келган сарпо-суруғ, турли уй жиҳозлари, мебеллар, гиламлар, кўрпа-тўшаклар қисқаси деворнинг бирор жойи очиқ қолмайдиган даражада қимматбаҳо парда ва гиламлар билан безатишган. Буларнинг барчасини текшириладиган, кўрикдан ўтказдириладиган ва ҳисоб – китобини чиқариладиган кунга ҳам етиб келибди.

Бундай кунни шариъатимизда қиёмат куни деб аталади. Ҳалқимизнинг урфида эса “мол ёяр” куни деб аталади. Бу кунда барча нарсани одатда “бош ҳакам” қайнона ҳал қилади. Ҳайъат аъзолари эса қавму-қариндош ва қўни–қўшнилардан иборат бир гуруҳ ғийбатчи аёллардир. Бир овоздан катта келиннинг сепи аъло баҳога лойиқ деб топилган, бечора кичик келинга нисбатан ҳақоратли сўзлар “гулдастаси” отилди. Эмишки кичик келиннинг сепидаги барча нарсалар ўзимизники “импортний” ҳеч нарсаси йўқ. Бундай имтиҳондан кичик келин тарафдагилар ўта олмаганлар. Натижада эса кичик келин томон кўч-кўронини кўтариб тўйни бекор қилиб кетишган. Бундан бўлажак қайнона ҳеч таш-вишлангани йўқ, чунки у кишининг ҳаёлларида кичкина ўғилга ҳам катта ўғилникидек бой – бадавлат хонадоннинг қизини келин қилиб олиб бериш нияти бор эди. Аммо у кишининг ҳам ҳаёллари пуч эканлиги маълум бўлиб қолди.

Биринчи қуда бўлмиш яъни катта ўғилга қиз бераётган тараф виждонли, иймонли, инсофли экан. Қайнона ва ҳайъат аъзолари тарафидан чиқарилган ҳукмга норози бўлишиб, агар ҳамма нарса мол дунё билан ўлчанадиган бўлса, биз ҳам бундай оила билан қуда–анда бўла ололмаймиз деб, кичик келин томон қилганини қилиб кетишибди. 

Бундай воқеъа ва ҳодисалар ҳар куни ҳар қадамда учраши мумкин. Лекин кўпчилик қуда - анда бўлаётганлар бир - бирларини юқоридагига ўхшаган муаммоларга сабр қилишдан ўзга чоралари йўқ. Гўёки ҳар тарафини ўйлашади, мулоҳаза қилишади, ке қўй боламни бахтига зомин бўлмайин деб паст кетишга мажбур бўлишади. Мана шундай нотўғри фикрлар, мулоҳазаларни йиғиндиси эса қайсидир маънода фарзандларимизнинг бахтига чанг солишлик эканлигини ўйлаб кўришмайди. 

Шифокорларни ажойиб бир қоидалари бор. “Дардни даволагандан кўра уни олдини олмоқ осондир”. Бизнинг ҳикояларимиз қаҳрамонлари эса айнан ачинарли оқибатларга олиб бориши муайян бўлган фалокатдан, дарддан ўз фарзандларини сақлаб қолган ҳалоскорлардир. Агарда ҳамма оталар ҳам ўз фарзандлари тўғрисида, уларни келажаги, оилавий ҳаёти ҳақида тўғри қарор қабул қилганларида эди, юқорида бўлган воқеъалар каби нохушликлар мутлоқо бўлмас эди. Қолаверса, бу ишлар фақат ота-оналаргагина тегишли эмас, балки барча мўъмин–мусулмонларга омматандир. Зеро суюклигимиз, Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай деганлар: 

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم يقول : قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرَهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفَ اْلإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.


Бегматов Исҳоқжон, Тўхтабой жомеъ  масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эди. У уловидан йиқилиб тушиб бўйни синиб вафот этди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Уни давоми...

3548 15:00 / 13.01.2021
Жамиятда олий маълумотли, олий даражали шахслар борки, барчалари институт ёки университетларда таҳсил олишган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, биринчи университет давоми...

1734 15:30 / 24.12.2021
Абдурроҳман ибн Зайд розияллоҳудан ривоят қилинади.Робийъ жумъа куни Алқаманинг олдига кеар эди. Ўшанда мен бўлмасам, менга одам юборишарди. Бир сафар у келса, мен давоми...

2957 05:00 / 03.03.2017
Бу фаслда эркак кишиларнинг узуги ҳақида сўз кетади. Аёлларга тилло узук ва бошқа тилло тақинчоқлар ҳалол эканлигини аввал батафсил ўрганиб чиққанмиз.Ибн Умар давоми...

3526 05:00 / 02.03.2017