1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Тўғри ҳаёт кечириш сирлари

16:52 / 28.09.2017 6343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг бу дунёдаги умри жуда қисқа. Абадият билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Умр шунчалик тез ўтадики, ўлим бўсағасига келиб қолган одам гўё бир эшикдан кириб ўша заҳотиёқ бошқасидан чиқиб кетаётганга ўхшатилади. Бу биз инкор эта олмайдиган ҳақиқат ва бу ҳақда нафақат Қуръон ва Суннатдан, балки ўз тажрибамиздан келиб чиқиб ҳам биламиз.

Вақтнинг камондан отилган ўқ каби тез учаётганини, фарзандларимиз бир зумда балоғатга етаётганини, қарилик ёшлик ўрнини эгаллаш фурсати нечоғлик қисқалигини ҳис этамиз. Ҳар сафар яқинларимиз ва дўстларимиз билан жудолашар эканмиз, бу ўткинчи дунёни тарк этиш навбати бизга ҳам тез орада етиб келишини ва бу муддат эҳтимол жуда ҳам яқинлигини тушунамиз.

Аллоҳнинг Китобида айтилганидек: “Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатланганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга амримиз келиб, уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз.” (Юнус, 24).

Бу дунё ҳаётининг тез ўтишини ва умр фақат бир марта берилишини ҳисобга олган ҳолда биз ушбу ягона имкониятдан тўлақонли фойдаланишимиз керак. Бироқ қандай қилиб? Бахтимизга бунга ҳамда шу каби ҳаёт учун ўта муҳим бошқа саволларга жавоб Қуръон ва Суннатда келтирилган. «Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, Расулимиз сизларга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни ўзингизга баён қилиб, кўпини афв қилувчи бўлиб келди. Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур». (Моида, 15-16).

Қуръон ва Суннатни ўрганар эканмиз, муҳим санъатни, ҳаёт кечиришни англай бошлаймиз. Биз муваффақиятга эришмоқчи бўлсак, вақтни қадрлашни ўрганиш, биринчи ўринда қилинадиган вазифаларни белгилай олиш ва ўртамиёна, мўътадил йўлда туришимиз ҳамда ўз кунимизни режалаштиришни   ўрганишимиз лозим.

Олижаноб саҳобалардан бири шундай деган эканлар: “Ҳаётимдан бир нималарнидир олиб кетган, бироқ солиҳ амалларимга ҳеч нарса қўшмаган қуёш ботган кунчалик ҳеч нарсадан афсусланмаганман”.

Тобеъинлардан улуғи Ҳасан Басрий эса қуйидаги гапларни айтган эканлар: “Эй Одам авлоди! Чиндан ҳам сен кунларнинг бирисан ва ҳар бир ўтаётган кун сенинг бир парчангни ўзи билан олиб кетади”.

У киши яна шунақа деганлар: “Мен сизлар ўз дирҳам ва динорларингиз ҳақида қайғураётганингиздан ўз вақтлари борасида кўпроқ қайғураётган инсонларни кўрдим”. Вақтга нисбатан бу қадар тежамкор муносабат, албатта, Аллоҳнинг Китоби устида кўп мулоҳаза қилишнинг оқибатидир. Чунки Аллоҳ ўзининг Каломида “Сен: «Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрадилар. Ва албатта, ғайбни ва шаҳодатни билувчи Зотга қайтариласизлар. Бас, У сизларга қилган амалларингизнинг хабарини берур», – деб айт” (Тавба, 105).

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам  эса шундай деганлар: “Риёзат қилинг ва ҳар бирингиз нима учун яратилган бўлсангиз, ўша ишда сизга енгиллик бўлади” [Бухорий; Муслим].

 “Бугунги ишни эртага қўйманг” деган халқ мақоли борлигини ҳаммамиз биламиз. Мусулмон учун бу ўта долзарб гап. Эртага қолдирилган ишни бажара олишимизни ким кафолатлай олади? Ахир эрта умуман бўлмаслиги ҳам мумкин-ку. Боз устига, ҳар биримизнинг ҳаётимизда шунақанги бизнинг муддатимиздан ташқарида қолган эрта умуман кириб келмаслиги мумкинлигини ҳаммамиз биламиз. У кўра олмайдиган эрта. Али ибн Абу Толиб шундай огоҳлантиргандилар: “Бугунги амаллар бор, аммо ҳисоб-китоб йўқ, эртага эса ҳисоб-китоб бўлади, аммо амал бўлмайди”.

Яъни, биз амалларимизга бирор нарса қўша олмайдиган ва ўзгартира олмайдиган фурсат етиб келмасидан вақтдан фойдаланиб олишимиз керак.

Биринчи навбатда қилиниши зарур ишларни аниқ билиш ўз вақтидан унумли фойдаланишдан кам бўлмаган даражадаги муҳим иш саналади. Бу ҳолат нафақат дунёвий, балки ухровий ишларимиз учун ҳам муҳимдир.

Ҳар ҳолда, биз ҳамма нарсани қамраб олишимиз мумкин эмас. Аслида биз орзу қилаётган ишларнинг миллиондан бир қисмини ҳам амалга ошира олмаймиз. Нималаргадир вақтимиз, нималаргадир кучимиз ва соғлиғимиз етмайди, нималаргадир ҳал этиб бўлмайдиган ҳолатлар халақит беради, нималардандир Шайтон ёки ўз эҳтиросларининг қули бўлган нафс ёки ялқовлик қайтаради.

Демак, биз муҳим ишларни муҳим бўлмаганлардан, асосий ишларни иккинчи даражалиларидан ажрата билишимиз ва биринчи навбатда чиндан ҳам муҳим бўлган ишларга ўзимизнинг чекланган ресурсларимизни сарфлашимиз керак.

Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам  нафақат солиҳ амалларни бажаришга чақирганлар, балки бу амалларнинг қайсиниси муҳимроқ ва муносиброқ эканлигини кўрсатиб келганлар. Амаллар ўз даражасига ва инсоннинг тақдирланишига  қараб тенг бўлмайди.

Биринчи навбатда, қилинадиган амалларнинг муҳимлигини англаган ҳолда саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амалларнинг қайси бири афзаллиги ҳақида савол бериб, кўпроқ савоб ишларни бажариш ва кўпроқ мукофотларга эга бўлишга интилардилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилган ҳадисда айтилишича: “Бир киши Пайғамбардан соллаллоҳу алайҳи васаллам  сўради: “Исломдаги амалларнинг энг яхшилари қайси?” ( Адаб Муфрад). Муоз ибн Жибал ривоят қилишича: “Мен Аллоҳнинг Расулидан соллаллоҳу алайҳи васаллам   Аллоҳ таоло қайси амалларни кўпроқ яхши кўриши ҳақида сўрадим”  [Ибн Хиббан].

Динда фарз ва нафл амаллар борлигини биламиз, бундан ташқари, мубоҳ амаллар ҳам бор, бироқ биз нафл ибодатдан эмас, фарздан бошлашимиз зарур. Негаки, фарз амаллар қилмай қолса, нафлдан кўра кўпроқ савоб йўқотамиз, ҳолбуки нафл ибодатлар ҳам албатта керак.

Ҳадиси қудсийда айтилишича, Аллоҳ таоло шундай деган: “Бандам Менга яқинлашиш учун қилган амаллардан Мен унга фарз қилиб қўйган амалларни яхши кўраман; ва Менинг бандам Мен токи яхши кўришга бошламаганимга қадар нафл амаллар воситасида Менга яқинлашишга ҳаракат қилади” [Бухорий].

Уламолар Шайтон кўп ҳолларда инсонни, гарчи солиҳ бўлса ҳам, унчалик муҳим бўлмаган ишлар билан машғул қилидириб, уни муҳимроқ бўлган солиҳ амаллардан узоқлаштириши ҳақида кўп гапирганлар.

Одамлар камдан кам ҳолларда амаллар муҳимлиги ва қадрининг ўртасидаги фарққа эътибор берадилар ва Иблис  мўмин киши муҳим амаллардан мосуво бўлиб қолиши учун бундан фойдаланиб келади.  Баъзида Шайтон инсонни битта ёвузлик эшиги олдига олиб келиш учун унинг олдида етмишта яхшилик эшигини очиб қўяди ёки шу етмишта яхшилик эшигидан афзалроқ бўлган битта солиҳ амални қилдирмасликка уринади, деган эканлар имом Ибн Қоййим [Бадаи‘ аль-фаваид].

Ислом нуқтаи назаридан яшаш санъатининг яна муҳим бир узвий қисми – бу ҳаддан ошмаслик ва ўрта мўътадилликда бўлишдир.

Қуръонда “Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик.”, дейилади (Бақара, 143).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  бир неча бор бизларни ҳар қандай малол келадиган ишлардан қайтарганлар ва саҳобаларга ҳадларидан ошмаслик борасида танбеҳ берганлар. Бир куни масжидда икки устун ўртасида тортиб боғланган арғамчини кўриб: “Бу қанақа арғамчи?” – деб сўрадилар. Одамлар “Бу Зайнабнинг арғамчиси, у намоздан чарчаганида шу арғамчини ушлаб олади”, – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бу арғамчини ечиб ташланг, ҳар бирингиз тетик ҳолда тургунингизгача ибодат қилинг ва агар чарчаб қолсангиз, ўтириб олинг”, – деб айтдилар (Бухорий; Муслим). 

Мўминлар онаси Оиша розиаллоҳу анҳо ривоят қилишларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  унинг олдига кириб келганларида ҳузурларида бану Асад қабиласидан келган аёл ўтирганди. “Ким бу?” деб сўрадилар Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам . “Бу фалончи-фалончи, у тунлари ухламайди”, – деб жавоб бердилар. Шундан кейин Оиша розиаллоҳу анҳо бу аёлнинг қандай намоз ўқиши ҳақида гапириб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бунақаси кетмайди... Ўзингизнинг кучингиз етадиган амалларни танланг, ило Валлоҳи, сизга ибодатингиз малол келмаса, Аллоҳга ҳам сизни тақдирлаш малол келмайди”, – дедилар. (Бухорий; Муслим).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай деганлар: “Чиндан ҳам дин осондир ва ким ўз зиммасига кучи етмайдиган ишларни юклаб дин билан олишадиган бўлса, албатта, дин уни енгади, шунинг учун тўғри йўлдан юринг, шунга яқинлашинг ва ўзингизни (мукофотлар ҳақидаги башоратлар билан) қувонтиринг”, – (Бухорий).

Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам  олдиларига келган ҳамда: «Умримнинг охиригача туни билан ухламай намоз ўқийман!”, “Умримнинг охиригача рўзадор ўтаман” ва “Умримнинг охиригача уйланмай аёл зотини ёнимга яқинлаштирмайман”, деган уч киши ҳақидаги ҳадисни эслайлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  уларнинг олдига келиб: “Фалон-фалон гапларни сизлар гапирдингизми? Аллоҳга қасамки, мен ҳаммадан кўра Аллоҳдан қўрқаман ва шунга қарамай мен баъзи кунлари рўза тутаман ва баъзи кунлари оғзим очиқ бўлади, тунлари намоз ўқийман ва ухлайман, шунингдек, аёлларга уйланаман ва кимки менинг суннатимга эргашишни истамас экан, у одам мендан эмас”,  – дедилар  [Бухорий; Муслим].

Фақат ўртамиёна, мўътадил ҳаёт чинакамига самарали бўлиши мумкин. На совуққонлик ва на ҳаддан зиёд жидди-жаҳдлик яхшиликка олиб келмайди.

Ялқовликка ёки бепарволикка берилиб кўпгина мукофотлардан қуруқ қолишимиз мумкин. Бироқ ўз зиммамизга ортиқча, кучи етмайдиган ибодатларни юклаб олиб ўзимизни чарчатиб қўйишимиз, тез орада кучдан қолишимиз, саломатлигимиз ва ғайратимизни йўқотишимиз ва ҳатто ибодатда мўътадил йўлни тутган мўминлардан ортда қолиб кетишимиз мумкин.

Ўз ҳаётини тўғри ташкил этиш ҳам жуда муҳим. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳаётларига назар ташласак, аниқ ташкил этилган кун тартибини кўришимиз мумкин. У киши эрта туриб, бомдод намозидан кейин ухаламаганлар, тушдан кейин дам олардилар, хуфтон намозидан сўнг уйқуга кетардилар ва туннинг бир қисмини нафл ибодатларига бағишлардилар.

У киши саҳобаларга, оилага ва ҳоли қолиб Аллоҳ таолога ибодат қилишга вақтларини бағишлардилар. Ушбу қатъий кун тартиби самарали меҳнат қилиш, буюк бунёдкорлик ишлари учун кучларини сақлаб қолиш ҳамда кўплаб фарзларни энг яхши тарзда бажариш учун зарур эди.

Чунки Қуръонда айтилганидек: “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Азҳоб, 21).

Бугунги кунда кунни режалаштириш ҳамда соғлом одатларни шакллаштиришнинг аҳамияти кўп йиллар олдинга қараганда кам эмас. Бу ушбу куннинг янгилиги ёки кашфиёти эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  суннатларидир. Агар биз бу тўртта кўникмага одатлансак, ҳаёт кечириш санъатини ўзлаштириб оламиз: тўғри, фаол ва максимал даражада самарали ҳаёт кечириш; энг яхши тарзда ҳаёт кечириш; чинакам мусулмон каби ҳаёт кечириш.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Буюк Британиялик собиқ насроний Брюс Патерсон ўзининг Исломга кириши қиссаси ҳақида шундай ҳикоя қилади .Фурсатдан фойдаланиб ўзимнинг Исломга қандай кирганим давоми...

2288 17:00 / 14.06.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳим, мен Сендан ... дангасаликдан ... паноҳ сўрайман,.Сиз шахсий жиҳозингизни ёқиб, унинг бир неча тугмачаларини давоми...

7482 16:25 / 13.12.2017
Абу Саъид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади.Уларнинг иккилари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Ким .Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, давоми...

5242 05:00 / 02.03.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Маккага кирганларида бошларида қора салла бор эди,.Шарҳ Бу жуда ҳам машҳур давоми...

3035 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

118794 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40745 14:35 / 11.08.2021