1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида (6)

05:00 / 01.03.2017 3039 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУТАВАККИЛ СИФАТИ БОБИ

Улуғ Аллоҳ таваккулга буюрди ва уни иймон билан яқин қўйди. Бунга ушбу ояти далилдир: “Агар мўмин бўлсангизлар, бас Аллоҳга таваккул қилинглар” (Моида, 23)

Аллоҳ таоло ўзига таваккул қилишни иймон ҳақиқати деб билдирди. Таваккал ер юзида Аллоҳ аскари бўлиб, у билан муридлар қалбини қувватлайди. (Сўфийлар назарида мурид – бу тасаввуф усуллари ва ҳақиқатларини билувчи шайх ёрдамида руҳий риёзат йўлига янги кирувчи шахсдир. Сўфийлар шайх билан мурид ўртасининг руҳий боғланишига катта аҳамият беришган. Ҳасан Шарқовий таҳқиқ қилган содиқ ва ёлғончи мурид ўртасидаги фарқни билишда “Улкан юлдуз” китобига қаранг!) Очлик  Аллоҳнинг ер юзидаги таомидир. У билан ростгўйлар таналарини тўйдиради. (Сўфийлар назарида очликнинг ўзига хос тушунчалари бор. Илк вақтлардан бошлаб сўфийлар зоҳидлик ва таркидунёчилик белгиси сифатида очликка даъват этишган) 

  Сўфийлар таълимотида очлик нафсга, унинг ҳиссий талабларига ва хусусан жинсий истакларига қарши кураш билан боғланади. Шу билан бирга очлик ибодатга киришиш, жасаднинг гуноҳлардан халос бўлишида кўприк ҳисобланади.

Очлик биринчи бўлиб Шом зоҳидларида намоён бўлди. Очлик Шомда зоҳидликнинг асосий белгисига айланди. Шайх Калабозий бундай ёзади: “Шомдаги зоҳидларни “очлар” деб номлашганди. Улар тўқлик бепарволикни келтириб чиқаради ва нафсни фикрлашдан узоқлаштиради, деб ҳисоблашган. Очлик йўлини қабул қилган биринчи зоҳидлардан – Умар ибн Асвад Сукуний ва 200 ҳижрий санада вафот этган Абул Қосим ибн Усмон ва Абу Сулаймон Доронийни мисол қилиб келтириш мумкин.

Дороний нафс тўқлигини қуйидаги мисол ёрдамида бундай билдиради: У дон чўқиётган икки қушни кўрди. Улар тўйишганида эркаги урғочисини хоҳлаб қолди! Шунда у айтди: “Иккови тўйган эди, нафси сен кўриб турган нарсага чорлади”. Дороний сўзларидан яна бирини зикр этамиз: “Дунё очқичи тўқлик, охират калити – очликдир”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Таваккулнинг биринчи мақоми – банда Аллоҳ таоло ҳузурида хоҳлаган томонига ағдариши мумкин бўлган ғассол олдидаги маййит каби бўлишдир. Сабабларни тарк этиш ҳалокатдир”.

Зуннун Мисрийдан таваккул ҳақида сўрашди: У жавоб бериб айтди: “Арбоблардан холи бўлиш ва сабабларни тарк этишдир”.

Рувайм[1] айтади: “Таваккул –воситалар мулоҳазасини соқит қилиш ва олий арқонларга осилишдир”.

Жунайд дейдики: “Таваккул – Аллоҳнинг ўзидан бошқасидан тамаъ қилишларни йўқотиш билан қалб жавоҳирларининг Аллоҳга суянишидир. Таваккулнинг зоти сабабларни мулоҳаза қилмай, бепарволик, ғам-аламсиз ва хурсанд бўлмай Сабаб бўлувчидан сабабларни кутишдир”.

Иброҳим Адҳам айтади: “Таваккул – йиртқич оёғига суянишнинг ва тўшакка ёнбошлашнинг баробар бўлишидир”. (Иброҳим ибн Адҳам иборасида келтирилгани авомларнинг таваккули эмас. Бу ерда хослар хосининг таваккулига ишора қилинмоқда).

Даққоқ дейди: “Таваккул – яшашни бир кунга орқага қайтариш ва эртанги ғамни соқит қилишдир”.

Рувайм айтади: “Таваккул – ваъдага ишончдир”.

Абу Усмон: “Таваккул – дунё ишларига сабр қилиш ва дунёдан қалбни узишдир”, деган.

Ҳаввос[2] айтади: “Мутаваккилларнинг йўли – таваккулдир. У ҳақиқатан Аллоҳ Ризқ берувчи, барча нарсаларни Яратувчи, Қайтарувчи, Зарар қилувчи, Фойда берувчи, Қабз этувчи, Ато қилувчи эканига, У кечиктирган нарсани ҳеч бир зот тезлата олмаслигига, тезлаштирган нарсани ҳеч бир зот кечиктира олмаслигига қалбнинг эътимод қилишидир. Чиндан ҳам банда ўз ҳаракати билан ризқини зиёда қила олмайди, ҳаракатсиз ўтириш ва ризқ талабини тарк қилиш эса ризқини камайтирмайди, зеро, Аллоҳ  таоло ризқларни азалдан тақсимлаб қўйгандир. Унинг ўзи ризқ тақсимотида қоимдир, бас, баъзан ризқ сўраш орқали келса, унинг айрими талабсиз ҳам ҳосил бўлади. Ким маърифат аҳлидан бўлса, ризқи кифоя қилиши йўлида Аллоҳ таолога таваккулдан ҳаё қилади. Хусусан, халқ учун кифоя қиладиган ризқ Аллоҳ таолода мавжуддир. Маърифат аҳли ўзига кифоя ризқ берган Аллоҳдан бирон нарсани талаб этишдан ҳаё қилади. Дарҳақиқат, ориф ўлим ва унинг даҳшати, ўлим вақтидаги собитлик, қабр ваҳшати ва унда ёлғиз қолиш, Мункар ва Накир мулоқоти, қайта тирилиш ва қиёматда узоқ вақт аросатда туриб қолиш, у куннинг иссиқ шиддати каби ишларда, ўзига бирон кафолат берилмаган охират ишида Аллоҳга астойдил таваккул қилади. Аллоҳ таолога холис ва мукаммал таваккул қилмоқчи бўлсанг, мана шундай таваккулни ният эт, таваккул қилувчиларнинг жуда кўпи бу таваккулдан ғафлатдадир.

Хаввос айтди: “Ким тадбир қилишни тарк этса, таваккул роҳатида яшайди. Унинг мисоли: банда хоҳлаганича парвариш қиладиган онаси қўлидаги гўдак кабидир”.

Иброҳим Хаввос “Мутаваккиллар китоби” асарида ёзади: “Таваккул қалбнинг мол-дунё, сабабга ва махлуқларга, яъни одамларга суянмай, фақат Аллоҳнинг ўзига суянишидир. Шунда қалб ато вақтида топган ҳаловатини ман этилган вақтда ҳам топади. Таваккул қалбнинг ўзига ғайбда тақсим этилган нарсага кўнишидир. Унинг ғайб ва махфийлиги маълум вақтгача бўлади, қалб таскини қўлдаги нарсага бўлади, чунки, қўлдаги нарса ҳодисалар таъсирида ўзгаради. Бугун бўлса, эртага йўқ. Аллоҳ ҳузуридаги нарса боқий бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган вақтда бандага беради. Агар банда маърифатни муттасил таниса, дунё завол топиб ундан йўқ бўлса ҳам ва дунё унга келса ҳам баробар кучли бўлиб қолаверади”.

Айтишларича ризқ уч хил бўлади: ҳаракат сабабидан бўлган омма ризқи, тақсимотдан бўлган хослар ризқи ва қудрати илоҳийдан бўлган хослар хосининг ризқи.

Муҳаммад ибн Карром[3] айтади: “Таваккулда Ўзидан бошқани ёрдамчи қилишдан, ризқингга Ўзидан бошқасининг хазиначи бўлишидан, илмингга Ўзидан бошқанинг гувоҳ бўлишидан сақлан!”

Иброҳим ибн Шайбондан: “Таваккул нима?”, деб сўралди. У бундай жавоб берди: “У Аллоҳ билан банда ўртасидаги сирдир. Бас, банда сирини Ундан бошқага билдирмаслиги вожибдир”.

Яҳё ибн Муъоз Розий[4] айтди: “Таваккулнинг уч даражаси мавжуд. Биринчиси: шикоятни тарк этиш. Иккинчиси: тақсим қилинган нарсага рози бўлиш. Учинчиси: муҳаббат. Биринчи даража солиҳ кишилар учун, иккинчи даража аброрлар ва учинчи даража набийлар учундир”.

Шиблийдан таваккул ҳақида сўрашганида бундай жавоб берди: “Қалб ҳозир бўлган вақтда таваккулни унутиш”. Ва ушбу байтни ўқиди:

Ўзингдан яширдим бор ҳожатларимни, Аҳадо,

Мулоқот чоғи қўрқдим уларни эслашдан ҳатто.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Ризқ талабидаги ҳаракатни ким инкор қилса, суннатга таъна қилган бўлади. Ким таваккулни инкор қилса, иймонга таъна қилган бўлади”.

[1] У Рувайм ибн Аҳмад Бағдодий бўлиб, Бағдод сўфийларининг улуғларидандир. У Довуд Исфаҳоний мазҳабидаги фақиҳ эди. У муҳаддис, қорий ва шариатдан хабардор олиш, жувонмардлик ахлоқидан хабардор ва таваккулни билувчи зот эди. У 303 ҳижрий санада вафот этган.

[2] У Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адмад Ибн Исмоил Хаввос бўлиб, Абул Қосим Жунайд ва Нурийларнинг сафдоши эди. Унда олий сўфийлик мақомлар ва завқий иборалар мавжуд эди. У зоҳидлик ва таваккулликда ҳаёт кечириб 291 ҳижрий санада вафот этди.

[3] Муҳаммад ибн Карром Абу Абдуллоҳ Сижистоний мусулмонлар ўртасида муҳим фирқалардан бўлган “Карромия” фирқасининг шайхи эди. У 255 ҳижрий санада вафот топди. Шу йили Басрада Занжийлар қўзғолони бўлган эди.

[4] Яҳё Ибн Муъоз Розий Воиз лақаби бўлган, у Рай шаҳрининг улуғ сўфийларидан эди. У зоҳидлик ва тарки дунёчилик билан танилган оиладан эди. Бир акаси билан Хуросонга боради. Найсабурни зиёрат қилиб, Балхга киради. Розийнинг тасаввуф ҳақида бир қатор китоблари мавжуд. Калабозий руҳий муомалалар ҳақида китоб тасниф этганлар жумласида унинг номини ҳам зикр қилган. Шунингдек, у ўзининг сўфийлик иборалари ва завқий ҳикматлар шаклидаги сўзлари билан ҳам машҳур бўлган. Унинг сўзларидан намуналар: “Дунё – машғулотлар уйи, охират –даҳшатлар уйи бўлиб, банда ё жаннатда ё дўзахда қарор топгунга қадар даҳшат ва мушғулотлар ўртасида бўлади”. Розий Журжон қишлоқларининг бирида (Хуросон) 258 ҳижрий санада вафот топди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
КИФОЯ ТАВАККУЛ САВОБИ БОБИТаваккул қилувчилар уч табақа бўлади мўминлар таваккули, хос аҳлининг тавакккули ва хослар хосининг таваккули. Бу Шиблийнинг таваккул давоми...

3241 05:00 / 01.03.2017
Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 407 сана, милодий 1016 санада Фармадда туғилиб, ҳижрий 477 сана, милодий 1084 санада Тусда вафот этганлар.Абу Али Фармадий давоми...

5740 15:10 / 11.01.2019
Магистр талабаларига бир савол берилди. quotОта кимquot Жавоблар ҳар хил чиройлиси ҳам, оддийси ҳам бўлди.Лекин энг афзали бир талабанинг қуйида келтирган жавоби давоми...

6820 09:33 / 16.07.2018
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. давоми...

1359 19:00 / 26.03.2023
Аудиолар

120132 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41795 14:35 / 11.08.2021