1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: Уламолар – уммат машъалидирлар

14:56 / 19.04.2017 3057 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва элчиси Муҳаммадга салом ва салавотлар айтамиз!

Ислом умматининг машъали бўлмиш илм аҳлининг даража ва фазилатлари тўғрисида қанчалик кўп гапирилса шунчалик оз. Уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги фазилатларини билиш барчамизга лозим бўлган ишлардандир. Зеро, улар диннинг ҳимоячисидирлар. Уламолар сабаб муқаддас динимиз таълимотлари биз яшаб турган замонларгача етиб келди. Уларнинг шарафли хизматлари қиёматгача давом этади. Уламолар – Пайғамбарларнинг ворисларидирлар.   

Уларнинг мақоми ва фазли хусусида Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас каломида кўплаб оятлар нозил қилган. 

УЛАМОЛАРНИНГ ДАРАЖА ВА ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таоло айтади:

"Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?!" (Зумар сураси 9-оят);

Яна марҳамат қилади:

"Дарҳақиқат, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар." (Фотир сураси, 28-оят);

Имом Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ фойдали илм Аллоҳ таолодан қўрқишлик йўли эканини баён қилар экан шундай деди: 

“Бунинг боиси шуки, албатта фойдали илм икки ишга далолат қилади:

Биринчиси: Аллоҳни танишликка ҳамда Аллоҳнинг лойиқ бўлган гўзал исмлари, олий сифатлари ва ҳайратомуз ишларига далолат қилади. Бу эса У зотни улуғлаш ва буюклашни, Ундан қўрқиш ва ҳайбатланишни, У зотни суюш ва Ундан умид қилишни, Унга таваккул қилиш ҳамда У зотнинг қазосига рози бўлиш ва Унинг синовига сабр қилишни тақозо қилади.

 Иккинчиси: Эътиқод, ошкору пинҳона амал ва сўзлар ичидан, Аллоҳ суйиб рози бўлганини ҳамда У Зот ёқтирмай ғазаб қилганини билишликка далолат қилади. Бу эса буларни билган кимсага, Аллоҳнинг муҳаббати ва ризоси бўлган нарсаларга шошилишни ҳамда Аллоҳ ёқтирмаган ва ғазаб қилган нарсалардан узоқ бўлишни вожиб қилади. Бас, агар илм ўз соҳибига ушбу самарани берса, демак, манашу фойдали илмдир...

Шундай зотлар инсонларнинг Аллоҳдан энг кўп қўрққанидир. Шунинг учун уларни илмсизлик билан фатво беришга журъат қилмаётганларини кўрасиз. Зотан улар Аллоҳдан мутаассир бўлганлардир. Дарҳақиқат, улар Аллоҳ ҳақида уларда қўрқув ва хушуъни зиёда қилувчи илмга эгадирлар. Шунинг учун ҳам, илмлари билан нархи арзон фоний дунё бисотини сотиб олмайдилар”.

Авзоъий раҳимаҳуллоҳнинг онаси унинг намоз ўқиган жойини қидирар ва тун бўйи тўккан кўз ёшларидан у жойнинг ҳўл бўлиб кетганини кўрар эди. 

"Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) раҳбарларга бўйсунинглар! " (Нисо сураси, 59-оят).

Илм аҳлларининг айтишларича, "раҳбарлар" уламолардир. Айрим муфассирлар эса уни амирлар ва уламолар, дея изоҳлаганлар.

“Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари мумкин эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими? (Қолганлари пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантирмайдиларми?! Шояд улар огоҳ бўлсалар”. (Тавба сураси, 122-оят).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ушбу умматдан бир тоифа Аллоҳнинг амри (дини) узра қоим бўлиб давом этади, токи Аллоҳнинг амри келгунига қадар мухолиф бўлган кимсалар уларга зарар етказа олмайди”.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳадисдаги тоифа ҳақида: “Улар – илм аҳлидир” дедилар. 

Уламоларнинг мартабалари нақадар улуғ эканлиги ҳадисларда ҳам ўз ифодасини топган. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг  бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди" деганлар. (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари.)

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: “Бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар”, дедилар”. (Термизий ривояти).

Салаф уламоларимиздан ривоят қилинган асарларда ҳам илм аҳлларининг фазилатлари баён қилинган.

Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: "Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас" – деганлар.

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: "Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир"- деганлар.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар"- деганлар.

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий роҳимаҳумаллоҳларнинг: "Агар фақиҳлар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак, Аллоҳнинг дўсти йўқ экан" деб айтганларини, имом Шофеъийнинг эса: "Фуқаҳолар – илмларига амал қилган олимлардир" деб айтганини нақл қилади.

Шу ўринда ҳақиқий олимлар билан сохта олимлар орасидаги дақиқ фарқни билиб олишимиз зарурдир. 

 ҲАҚИҚИЙ УЛАМОЛАРНИНГ АЛОМАТЛАРИ

Ҳақиқий олимлар ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас каломида шундай деб марҳамат қилади: 

“Албатта, аҳли китоблардан Аллоҳга, сизларга туширилган нарсага, уларга туширилган нарсага иймон келтирадиганлари, Аллоҳга ўзини хор тутиб бўйин эгадиганлари, Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотмайдиганлари бордир. Ана ўшаларга Роббилари ҳузурида ажр бордир. Албатта, Аллоҳ тезҳисоб зотдир”. (Оли Имрон сураси, 199-оят)     

Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур “Иҳяу улумид-дин” асарларида ҳақиқий олимлар билан ёмон олимларнинг аломатлари борлигини алоҳида таъкидлаб ўтганлар. 

Охират уламоларининг бир қанча аломатлари бор:

1. Улар илмлари билан дунёни талаб қилмайдилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”, дедилар”. (Абу Довуд,  Ибн Можа ривояти). 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Қачон бир олимнинг дунёга муҳаббат қўйганини кўрсангиз, динингиз ишларида ундан эҳтиёт бўлинглар. Чунки ҳар бир ошиқ севган нарсасига шўнғиб кетади”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Олимларнинг жазоси қалбларининг ўлишидир. Қалбнинг ўлими эса, охират амали билан дунёни талаб қилишдир”.

Яҳё ибн Муоз эса: “Қачон илм ва ҳикмат билан дунё талаб қилинса, уларнинг ҳикмати йўқолади”, деганлар. 

Саид ибн Мусайяб айтадилар: “Қачон бир олимнинг амирлар атрофида ўралашиб юрганини кўрсангиз, билингизки у ўғридир”.

2. Уларнинг амали сўзларига зид бўлмайди, балки ўзлари қилмаган ишни бошқаларга буюрмайдилар. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми?” (Бақара сураси, 44-оят)  

Бошқа бир оятда эса: “Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)” (Саф сураси, 3-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: “Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан кесилаётган қавмлар олдидан ўтдим ва: “Сизлар кимсизлар?” деб сўрадим. Улар: “Яхшиликка буюриб, ўзимиз қилмас эдик, ёмонликдан қайтариб, ўзимиз қайтмас эдик” деб жавоб беришди” (Ибн Ҳиббон ва Аҳмад ривояти).

Муоз розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг адашишидан эҳтиёт бўлинглар. Чунки одамлар наздида уларнинг қадри юқори бўлганлиги учун хатоларига эргашиб кетади”.  

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қуръон амал қилиниши учун нозил этилган. Сизлар эса уни ўрганишни амал қилиб олдингизлар. Яқинда шундай қавмлар келадики, улар Қуръонни сув қилиб ичиб юборадилар. Улар яхшиларингиз эмас. Илмга амал қилмайдиган олим давони сифатлаган бемор ёки таомларнинг лаззатини сифатлаган оч одам кабидир”. 

Фузайл ибн Иёз айтадилар: “Менга шундай сўз етиб келдики, қиёмат кунида бутпарастлардан олдин олимлар ичидаги фосиқлар ҳисоб-китоб қилинади”. 

Ҳотамул Асом дейдилар: “Қиёматда одамларга илм ўргатган, одамлар ўша илмга амал қилиб, нажот топган, лекин ўзи унга амал қилмасдан, ҳалок бўлган кишидан-да қаттиқ ҳасрат қилувчи кимса бўлмайди”.

3. Ҳақиқий уламолар манфаати оз, мужодаласи кўп илмлардан сақланиб, тоатларга тарғиб қилувчи, охиратда фойда берадиган илмнинг таҳсили учун ёрдам берадилар. 

Имом Ғаззолий бу ҳақда шундай дейдилар: “Амалларга тегишли илмдан юз ўгириб, баҳсу-мужодала билан машғул бўлган киши кўп касалликларга мубтало бўлиб, моҳир табибга вақти зиқлигида рўбарў келган ва унинг кетиб қолиш хавфи бўлса ҳам, ўзини қийнаб турган дардларини қўйиб, турли дориларнинг хусусиятлари ва тиббиётнинг ғаройиб масалаларини сўраш билан машғул бўлган касалга ўхшайди. Бу иш ақлсизликнинг айни ўзгинасидир”.

Заҳҳок ибн Муҳозим айтадилар: “Мен салаф олимларининг бир-бирларидан тақводан бошқа нарсани ўрганганларини кўрмадим. Бугунги олимлар эса фақат калом илминигина ўрганмоқдалар”.

 4. Ҳақиқий уламолар ейиш-ичишда исрофга, кийинишда ҳаддан ошишга ҳамда уй-жой жиҳозларида чиройли бўлишга майл этмайдилар.

Бу каби дунёвий ишларда ўртачаликни устун қўйиш ҳамда бу йўлда салафи солиҳларга ўхшаш ва уларнинг барчасида кифоя қилгулик миқдор билан чекланишлик лозим. 

5. Ҳақиқий уламолар ҳукмдорлардан узоқроқ бўлиб, имкони борича уларнинг ҳузурига кирмайдилар. Чунки дунё зийнатли ва кўркамдир. Султонлар ҳузурига кириб юрувчи киши ё уларнинг чиройли ҳаётларига қараб ўзидаги Аллоҳ берган неъматни кам санайди, ёки уларни шариатга хилоф амалларини инкор этишдан сукут қилиб, уларга хушомад  қилувчи бўлади, ёки уларнинг розилигини топиш ва уларни мақташ учун гапида такаллуф ҳамда сохтакорлик қилади. Хулоса қилиб айтганда, уларга аралашиш ёмонликларнинг калитидир. Охират олимларининг йўллари эса, бу каби иллатлардан эҳтиёт бўлишдир. 

Суфён Саврий айтадилар: “Жаҳаннамда бир водий борки, унда фақатгина ҳукмдорларни зиёрат қилувчи қори-олимлар турадилар”.

6. Ҳақиқий уламолар фатво беришга шошилмайдилар, имкони бўлса фатво беришдан бутунлай сақланадилар ва эҳтиёт бўладилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ернинг энг яхши ва энг ёмон жойи ҳақида сўралганларида, ”билмайман” деб жавоб берганлар. Ҳатто Жибрийл алайҳиссалом тушганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар, у ҳам “билмайман”, деб жавоб берди. Токи, Аллоҳ таоло ернинг энг яхши жойи масжидлар ва энг ёмон жойи бозорлар эканини билдиргунига қадар шундай давом этди. (Имом Аҳмад, Абу Яъло, Баззор ва Ҳоким ривояти)      

Шаъбий айтадилар: “Билмайман, дейиш илмнинг ярмидир”. Кимки билмаган нарсаси ҳақида сўралганида, Аллоҳ ризоси учун сукут қилса, унинг савоби жавоб берганнинг савобидан оз эмас. Чунки билмаслигини эътироф этиш нафсга жуда оғир. Зеро, салафларнинг одатлари шундай эди. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қачон фатво сўралса: “Одамларнинг ишларини ўз зиммасига олган анави амирга бор ва буни унинг бўйнига қўй”, дер эдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса шундай деганлар: “Одамлар сўраган барча масалаларга фатво берадиган киши мажнундир”. 

Абу Ҳафс Нисобурий айтадилар: “Ҳақиқий олим савол сўралган пайтда, қиёмат куни унга: “Қаердан олиб жавоб бердинг?” дейилишидан қўрққан кишидир”. 

Иброҳим ат-Таймийдан бирор савол сўрашса, йиғлашни бошлар ва: “Бошқани тополмай менга кунларинг қолдими?!” дер эдилар. 

Анас розияллоҳу анҳудан қачон бир масала сўрашса: “Саййидимиз Ҳасан Басрийдан сўранглар”, дер эдилар.  

7. Ҳақиқий уламолар маҳзунлик ва шикаста нафслик билан юришади. Аллоҳдан қўрқишлари уларнинг кўринишларида, кийинишларида, ҳаракатларида, сукут қилишларида кўриниб туради. Уларга бирор киши назар солса, Аллоҳни эслатади. Ундай олим кишининг сурати амалига далолат қилади. 

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олинглар. Илм билан бирга хотиржамлик, виқор ва ҳалимликни ҳам ўрганинглар. Сизга таълим бераётган кишига тавозеъли бўлинглар. Сиздан таълим олаётган кишилар ҳам сизга тавозеъли бўлишсин. Жабр қилувчи олимлардан бўлманглар. Илмингиз жоҳиллигингиз устига қойим бўлмасин”.   

Бишр ибн Ҳорис айтадилар: “Ким илми билан раҳбарликни талаб қилса, Аллоҳнинг ғазабига яқин бўлади. Чунки уни осмондаю ерда ёмон кўришади”. 

Баъзи салафлар айтишади: “Агар олим киши кулса илмидан бир қисмни туфлаб ташлабди”.

Юқорида ҳақиқий уламоларнинг баъзи аломатлари ҳақида зикр қилиб ўтилди. Ҳақиқий олим билан ёмон олимни ажратиб олиш албатта муҳимдир. 

Муҳаммад ибн Сийрин айтадилар: “Бу илм диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар".

Муҳсин айтадилар: "Ким чиройли сўз айтса-ю, ёмон амал қилса, ундан илм олманглар ва унга суянманглар".

Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лойиқ бўлади”. 

Ҳақиқий олимларнинг аломатларини билиб, уларни чин маънода таниганимиздан кейин уларни эҳтиром қилиш вожиб бўлади. Уларга зарар етказмоқлик, беҳурмат қилиш хатарлидир.  

УЛАМОЛАРГА ОЗОР БЕРИШНИНГ ХАТАРИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ Таоло айтадики: “Кимки Менинг бирор бир дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда Мен унга уруш эълон қиламан”. (Имом Бухорий ривояти).

Ал-Фокиҳоний айтади: “Бу ҳадисда қаттиқ таҳдид-қўрқитув бор. Чунки Аллоҳ кимга уруш эълон қилса, уни албатта ҳалок қилади. Зеро кимки Аллоҳ яхши кўрган одамни ёмон кўрса, Аллоҳга қарши чиқибди. Кимки Аллоҳга қарши чиққан бўлса, Ул Зотга қарши ҳаракат қилибди, қайсарлик қилибди. Кимки Ул Зотга қарши ҳаракат қилса, Аллоҳ уни албатта ҳалок қилади. Энди бу душманлик томонда собит-содир бўлса, дўстлик томонидан ҳам собит бўлади. (Яъни) кимки Аллоҳ дўст тутган инсонни дўст тутса, Аллоҳ уни иззат-икром қилади”.

Ат-Тувфий айтади: “Аллоҳ бир кишини тоат-ибодат ва тақво билан дўст тутгани учун Аллоҳнинг валийси бўлар экан, Аллоҳ бундай инсонни ҳифзу ҳимоясида сақлаш ва унга нусрат (ёрдам-ғалаба) бериш билан унинг ишларини бошқаради. Ҳақиқатда Аллоҳ шундай одат жорий қилдики: душманнинг душмани дўстдир, душманнинг дўсти душмандир. Шундай экан, Аллоҳнинг валийсига душман бўлган Аллоҳнинг душмани бўлади. Энди кимки Аллоҳнинг дўстига душманлик қилаётган бўлса, у билан урушаётган бўлади. Кимки у билан урушаётган бўлса, Аллоҳ билан урушаётгандек бўлади”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: "Бир фақиҳ (олим)га озор берган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган одам эса Аллоҳ таолога озор берибди".

Баъзи олимларнинг: "Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир"- деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди.

Илм аҳлига озор беришнинг энг оммалашган ва кўпчилик эътибор бермайдиган кўриниши – уламоларни обрўларини тўкиш, уларни ғийбат қилиш ва уларга туҳмат ҳамда бўҳтон тошларини отишдир. Айрим жоҳиллар мубтало бўлган дардлардан бири ҳам айнан уламоларга тил билан озор етказишдир. 

Тил офатларидан ҳисобланмиш ғийбат гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "...Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".(Ҳужурот сураси, 12-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мусулмонга мусулмоннинг қони, обрўси ва моли ҳаромдир" (Имом Муслим ривояти).

Ғийбатга охиратда бериладиган жазо ниҳоятда шиддатлидир.

Абу Довуд "Сунан"ида Анас розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини келтирган: "Мен (Меърожга) олиб чиқилганимда тирноқлари мисдан бўлган одамлар ёнидан ўтдим, улар юзлари ва кўксиларини тирнаётган эдилар. "Эй Жибрил, булар кимлар?"- деб сўрадим. У: "Улар одамларнинг "гўштлари"ни еган ва уларнинг обрўларини поймол қилганлар "- деди".

Агар оддий одамларга тил теккизган, уларнинг обрўларини поймол қилганларнинг ҳоли шу бўлса, уламоларга тил теккизганларнинг ҳоли не кечаркин?!

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг бу маънода айтган шундай иборалари бор: "Кўплаб парҳезкор инсонларни кўрасизки, зулму бузуқликлардан сақланган бўлишади. Бироқ, айтаётган сўзларига аҳамият бермай, тиллари тириклар ва ўликлар обрўсига чанг солади".

Илм аҳлларини ғийбат қилиш, уларни обрўларини тўкишга айрим ҳолларда ҳасад ва ғайирлик сабаб бўлиши мумкин. Бу ердаги ғайирликдан мақсад билим савияси яқин бўлган уламоларнинг бир-бирлари ҳақида айтган сўзларидир. Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтганлар: "Уламоларнинг илмига қулоқ солингиз. Бир-бирлари ҳақида айтган танқидий гапларини эса тасдиқламангиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, улар, қўтонларидаги эчкиларнинг бир-бирлари билан аралашиб кетишидан ҳам тезроқ ўзгарувчандирлар".

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ эса: "Савияси тенгдош бўлганларнинг бир-бирлари ҳақида айтган гапларига эътибор берилмайди. Айниқса, у гаплар ҳасад ё мазҳаб ёки нафс-ҳаво сабабли айтилган бўлса" дейдилар.

Уламоларнинг обрўларига нисбатан жиноят қилишга мутаассиблик ҳам сабаб бўлади. 

Ўз юртининг уламоларини кўкларга кўтариб, бошқа юрт уламоларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш, уларни ғийбат қилиш, уларни ҳар хил номлар билан аташ, обрўларига тил теккизиш ҳозирда кенг тарқалиб бораётган иллатлардан бири десак, хато қилмаган бўламиз. 

Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ мутаассибликни қоралар экан: "Мутаассиблик – кишиларни ҳақиқат мезони билан эмас, ҳақиқатни кишилар мезони билан танийдиган ақли заиф инсонларнинг одатидир"- деган эдилар.

Уламоларни ёмон кўриш, уларга ҳурматсизлик қилишга кишидаги нифоқ ва ҳақиқатни тан олмаслик иллатлари ҳам сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:  

"Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди" (Бақара сураси, 10-оят).

Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ансорларни яхши кўриш – иймон аломати, уларни ёмон кўриш – мунофиқлик аломати”. Уламоларимиз илм аҳлларини ҳам ҳадисдаги “ансор”ларга қиёс қилишган. Албатта, олимлар диннинг ҳимоячилари, ёрдамчиларидирлар. Уламоларга хоҳ қўли билан бўлсин, хоҳ тили билан бўлсин, хоҳ бошқа воситалар билан бўлсин, ёмонлик қилган кимсалар мазкур ҳадис таҳтига дохил бўлиб қолишдан қўрқсинлар!!!

Уламоларга озор бериш, уларни беҳурмат қилиш қуйидаги оқибатларга олиб келади: 

1. Ҳақиқатни инкор этиш. 

Уламоларни айблаш – оддий инсонларни айблаш каби эмаслигини зинҳор унутмаслик керак. Айрим ҳолларда бу айбловлар олимнинг шахсияти доирасидан чиқиб, у баён этаётган ҳақиқатни инкор қилишга олиб боради. Бу эса айни хатардир.

2. Олимнинг илми қораланиши. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар тилла ҳам, кумуш ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмнигина мерос қолдирганлар. Кимда ким уни олган бўлса, мўл улушни олибди”. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари)

Демак, олимни айблаган одам шаръий илмни қоралаган бўлади. Шаръий илмни қоралаган одам эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросини қоралаган бўлади. Шунинг учун ҳам бундай одамлар, ўзлари сезмаган ҳолда ИСЛОМга тил теккизган бўладилар.

3. Олимни қоралаш халқни улардан узоқлаштиради. Натижада улар пешвосиз, йўлбошчисиз қолиб, ҳақ йўлдан тойиладилар. Уламоларнинг илмларидан фойдаланиш ўрнига уларни айблаш, ҳақорат қилиш илмга бўлган ҳурматсизликка сабаб бўлиб, пировардида ундай кимсалар илмдан бебаҳра жоҳилларга айланадилар. 

4. Уламоларга зарар етказиш дин душманларини хурсанд қилади. Ҳозирда дин душманлари қўллаётган усуллардан бири ҳам – мусулмонлар ўртасида уламоларнинг обрўларини тўкиш, уларни умматга қоралаб кўрсатиш ва натижада ислом умматини парчалашдир. Кўпчилик уларнинг бу найрангларидан бехабар ҳолда, улар чалаётган ноғорага ўйинга тушиш билан овора. Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган бечоралар қилаётган ишлари жуда ҳам хатарли эканлигини наҳотки билмаётган бўлсалар?! 

Биз мусулмон уммати уламоларимизнинг мавқеъ ва таъсирларини сақлаб қолиш йўлида ўз зиммамиздаги масъулиятларни сидқидилдан адо қилишга ўтмоқлигимиз керак: 

1. Уламоларга нисбатан эҳтиром намуналарини кўрсатиш.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Каттамизни ҳурмат қилмаган, кичигимизга раҳм қилмаган ва олимимизнинг ҳаққини танимаган кимса биздан эмас!” (Имом Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривояти)

Салафи солиҳларимизнинг ўз уламоларига қилган муомалаларида бизлар учун ўрнак ва намуналар бор.

Ироқий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Муҳаддис – ўзидан кўра билимдонроқ бўлган муҳаддис олдида сукут қилсин. Чунки, Иброҳим ва Шаъбий бир ерда бўлсалар, Иброҳим оғиз очмас эди". 

Яҳё ибн Муин роҳимаҳуллоҳ айтади: "Бирон шаҳарда ҳадис ривоят қилишга ўзидан кўра лойиқроқ олим бўла туриб ҳадис айтган одам аҳмоқдир".

Саълукий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Устозига масхаромуз: "Нега энди?" деган талабанинг юзи ёруғ бўлмайди."

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга нисбатан шу қадар одоб сақлаган эканки, илмий масалалардан бир масалани сўрайман деб, бир йил юриб, сўрай олмаган экан. 

Товус ибн Кайсон роҳимаҳуллоҳ айтади: "Олимни ҳурмат қилиш – суннатдир".

Муғийра роҳимаҳуллоҳ айтади: "Иброҳимдан амирдан ҳайбатлангандек ҳайбатланар эдик".

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Ким билан мунозара қилган бўлсам, Аллоҳ таолодан унинг тилида ҳақиқатни сўзлатишини умид қилдим".

Имом Аҳмад бетоб ётган ҳолида унинг ҳузурида уламолардан бири тилга олинди. Шунда у зудлик билан ўтириб олди-да: "Солиҳ кишилар тилга олинар экан, бизнинг ёнбошлаб олишимиз яхши эмас"- деди.

Халифа Ҳорун ар-Рашид ўз ўғлини илму адаб ўргансин, деб Имом ал-Асмаъий роҳимаҳуллоҳга юборди. Бир куни халифа унинг таҳорат олаётиб, оёғини ўзи юваётганини, ўз ўғли эса устозининг оёғига сув қуяётганини кўриб қолди. Халифа бу борада ал-Асмаъийга маломат қилиб: “Мен ўғлимни сизнинг олдингизга илму адаб ўргансин учун юборган эдим. Нима учун сувни бир қўли билан қуйиб, бошқа қўли билан оёғингизни ювишга буюрмадингиз?!” деди. 

Ҳозирда интернет тармоқлари орқали уламолар билан тортишаётган, уларга савол беришда одобсизлик ва қайсарлик қилаётганлар юқоридаги ҳақиқатни яхшилаб англаб олсинлар! Уламоларнинг номи зикр қилинганда ҳурмат кўрсатиш лозим экан, улар билан бўладиган ҳар қандай мулоқотда одоб доирасидан чиқмаслик албатта лозимдир. 

2. Уламолар ҳам хато ва камчиликлардан холи эмасликларини билишимиз лозим. 

Ҳар бир олим хато қилиши мумкин эканини назардан қочирмай, ижтиҳод қилганида хатога йўл қўйса кечиришимиз ва уларнинг хатоларини излаб, санаб юрмаслигимиз керак.

Имом Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ҳеч бир киши хато қилишдан маъсум эмас".

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Хато ва ғалатдан ким ҳам қутула олади?!".

Термизий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Зеҳнлари кучли бўлишига қарамай катта-катта имомлар ҳам хатога йўл қўйганлар". 

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ айтади: "Адолатли экани маълум бўлган бир шайхнинг ҳадисини унинг ривоятидаги ноаниқликлар сабабли олмаслик инсофдан эмас. Агар шу мантиқ билан иш кўрсак Зуҳрий, ибн Журайж, Саврий ва Шуъба роҳимаҳумуллоҳларнинг ривоят қилган ҳадисларини олмаслигимиз керак бўлади. Ҳолбуки улар, ривоятлари соғлом ҳамда ўта зеҳнли ва ишончли бўлсалар-да,  хатолардан маъсум эмаслар". 

3. Уламолар ўртасидаги ихтилоф токи қиёматгача давом этишини унутмаслигимиз лозим. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

“Бас, уларнинг ўрталарида то қиёмат кунигача буғзу адоватни авж олдирдик”. (Моида сураси, 14-оят). Мазкур оят тафсирида Ибн Жарир Иброҳим Нахаъийнинг: “диндаги хусумат ва тортишувлар” деганини келтирган. Уламолар ўрталаридаги ихтилоф мусулмонларни, хусусан толиби илмларни чалғитмаслиги керак. Улар илм ўрганишдан мақсад фақат амал қилиш эканини, илм ўқиш орқали ибодатларини тузатиш, муомалаларни ўнглаш ва ақийдаларини тўғрилаш эканини асло ёдларидан чиқармасликлари лозим. Илмда бир даражага етмай туриб, ихтилофли масалаларга шўнғиш толиби илмларнинг ақлини лол қилиб, илм ва амалда сусткашлик қилишларига сабаб бўлиши мумкин.  

4. Уламоларимизнинг сўзлари ва фатволарини олмасакда, уларга ёмон гумонда бўлмаслигимиз лозим.

Бир олимнинг сўзини олмаслик билан уни айблаш ўртасида катта фарқ бор. Яъни, бир олимнинг сўзларига қаноат ҳосил қилмаслигимиз – унга тил теккизиб, обрўсини тўкишни тақозо этмайди. Мана шу дақиқ нуқтада кўпчилик тойилиб кетади. 

Имом Шофиий: "Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир", дер эди. Бу сўз бошқа талайгина уламолардан ҳам ривоят қилинган. 

Умар розияллоҳу анҳу айтади: "Мусулмон биродарингизнинг оғзидан чиққан сўзга ёмон гумонда бўлманг. Уни яхшиликка йўйинг!"

5. Уламоларнинг хато ва камчиликларини қидирмай, ўз хато ва камчиликларимиз ислоҳи билан машғул бўлишимиз ва уларнинг сирларини муҳофаза қилишимиз лозим. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юмингиз" деганлар. (Абу Довуд ривояти)

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Мен болалар билан ўйнаб турганимда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар ва бизга салом бердилар. Ва мени бир ишга жўнатдилар, шундан онам олдиларига кечикиб бордим. Келган пайтимда онам: "Нимага ушланиб қолдинг?", дедилар. Айтдим:" Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир иш билан юбордилар.". Нима иш экан дея сўради онам. Бу сир, дедим. Онам айтдилар: "Расулуллоҳнинг сирларини ҳеч кимга сўзламагин".

Уламолардаги айбу-нуқсонларни излаб, ўзидагиларни унутган одамнинг мисоли шоирнинг қуйидаги сўзларига ўхшайди:

Қояни парчалаш учун сузди-ю,

        Шохини синдирди тоғнинг такаси...

Гоҳида олим хатога йўл қўйиши мумкин. Бу – унинг билими ва қилган ишларини тарк этишни тақозо қилмайди. 

6. Уламолар ҳақларида айтилаётган сўзларни текшириш ва унинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш.

Уламолар ҳақида турли ғаразли мақсадлар йўлида ҳар хил миш-мишлар тарқатилади. Аввало, шу миш-мишларнинг тўғрими, нотўғри эканига ишонч ҳосил қилиш керак. Чунки, баъзан бундай гап-сўзлар асоссиз ва нотўғри бўлиб чиқади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” (Ҳужурот сураси, 6-оят)

7. Уламоларга улар муносиб бўлган даражада мақтов айтиш. Мақтовда ҳаддан ошмаслик, олимларга муносиб равишда мақтов айтиш жоиз. Лекин мақтовда ғулувга кетиш, мақталаётган олимни ўзида йўқ бўлган сифатлар билан мақташ қоралангандир. Бундай мақтовга кўпинча ёлғон аралашиб қолиш эҳтимоли кучли. Барча амалларда бўлгани каби бунда ҳам меъёр ва чегарани билмоқ мақсадга мувофиқдир. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қачон ўзларига нисбатан мақтов сўзни эшитсалар шундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, ўзимда йўқ сифатларни айтганлари учун мени ҳисоб қилмагин ва улар билмайдиган хатоларимни Ўзинг кечиргин!” (Ал адаб ал муфрад)

Уламоларни ҳаддан ошиқ мақташга кўпинча уларга бўлган муҳаббат сабаб бўлса, гоҳида мутаассиблик ҳам сабаб бўлади. Уларга бўлган муҳаббат уларни ўзларида йўқ  сифатлар билан мақташга зинҳон олиб бормаслиги керак. Агар мақташ лозим бўлса: “Мен фалончи олимда шундай сифатлар бор, деб гумон қиламан” дейиш лойиқроқ бўлади.  

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА

Уламоларимиз умматнинг йўлбошчиларидирлар. Улар қўлларида илм машъали билан одамларнинг йўлларини ёритиб берувчи устозлардир. Салафлардан бирлари шундай деган эканлар: “Агар уламолар бўлмаганида кишилар чорва ҳайвонлари каби бўлардилар”. Халқимиздаги “Устоз – отангдан улуғ” деган нақл бежизга айтилмаган. Ота-оналар фарзанднинг камолотида қанчалик ўрин эгалласалар, уламолар, устозлар унданда баландроқ мартабада турадилар. Зеро, улар одамларнинг динларига масъулдирлар. Биз улар сабаб Аллоҳни таниймиз, У Зотга қандай қилиб ибодат қилишни ўрганамиз. Улар бизларга иймон ва куфрни, савоб ва гуноҳни, ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни таълим берадилар. Улар бизларни жаннат сари етаклаб, дўзахдан қутқарадилар, зулматдан нурга олиб чиқадилар. Қанийди уларнинг дин йўлида, уммат ислоҳи йўлида чеккан заҳматларини билганимизда! Қанийди кечалари кўзларининг нурини сарфлаб илм ўрганган олимнинг заҳматини ҳис қилганимизда!

Афсуски, ҳозирда айрим жоҳиллар илм ўрганиш, уламолардан таълим олиш ўрнига уларни беҳурмат қилишмоқда, озор беришмоқда. Улар илмнинг, уламоларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаларини қаердан ҳам билишсин! 

Интернет тармоғидаги форумлардан бирида бир нечта машҳур уламоларнинг рўйхатини келтириб, уларни “фалоний” деб маломат қилаётган “тақводор” ғийбатчиларни кўриб ачиниб кетдик. Ўшандай кимсалар уламоларни бу тарзда ҳақорат қилишга ўзида қаердан бунчалик журъат ва жасорат топганини кўриб ҳайратимиз ошди. Худди мана шундай ҳолатлар ҳам юқоридаги сатрларни ёзишимизга туртки бўлди, десак, хато бўлмас. 

Ҳозирда ислом умматининг парчаланиб кетишига асосий сабаблардан бири – мутаассиблик, уламоларни ёмон отлиқ қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ерга уришдир. Дин душманлари томонидан ислом уммати ичига усталик билан киритилган бу “фитна қурбонлари” тобора кўпайиб кетишидан хавотирдамиз. Ислом уламолари қайси давлатда яшашидан, қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар уларни умумий “ислом миллати”нинг олими эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ислом умматини бир дарахтга ўхшатиш мумкин. Мусулмонлар дарахтнинг шохлари бўлишса, уламолар ўша дарахтнинг илдизидирлар. Бизлар ўз илдизимизга болта урмайлик! 


Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ва ҳидоят ато қилсин!

Субҳонака Аллоҳумма ва биҳамдика. Ашҳаду ан лаа илааҳа илла анта. Астағфирука ва атубу илайка.  



Умиджон Турсинов

Робийъул аввал 1435 ҳижрий йил 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳамда у зотнинг аҳли байтига саломсаловотлар бўлсинАллоҳ таоло ер давоми...

11774 14:54 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Аллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва элчиси Муҳаммадга салом ва салавотлар айтамизИслом умматининг давоми...

3057 14:56 / 19.04.2017
Ортимдан дуо қилинглар...Руҳимдан ажралганда бир кун бу тан,Кийдиргайдирлар унга оппоқ кафан.Қабристонни тутганимда мен ватан,Ортимдан дуо қилинглар давоми...

2946 15:30 / 19.04.2017
Мадинаи Мунавваранинг бир йўлида, Набий солаллоҳу алайҳи васаллам Умму Маъбаднинг чодири ёнидан ўтдилар. Унинг чодирининг бир ёнида сут бермайдиган эчки боғлаб давоми...

2376 15:31 / 19.04.2017
Аудиолар

120071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41736 14:35 / 11.08.2021