1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тамагирлик уруғи

17:07 / 01.01.2018 5694 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хорлик шохлари фақатгина тамагирлик уруғидан гуркираб ўсар.

Аллоҳ таоло одам зотини азизу мукаррам қилган. Аллоҳ таоло одамга азизлик ҳис-туйғусини қўшиб яратган. Бошқача қилиб айтганда, одамни соф табиат билан яратган ва азизликни ҳис қилишни одамнинг мазкур соф табиатига қўшиб яратган. Одамнинг азизлигини таъминлаш учун Ислом динини жорий қилган. Ислом ақийдаси, шариати ва таълимотлари инсоннинг азизлигини рўёбга чиқаришга йўналтирилган.

Ислом тавҳид ақийдаси асосидаги диндир. Ушбу ақийдага биноан борлиқнинг ягона илоҳи бор, иккинчиси йўқ. Ўша Илоҳ – Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи наф ва зарар берувчидир. Унинг ёлғиз Ўзи тирилтирувчи ва ўлдирувчидир. Унинг ёлғиз Ўзи барча қувват эгасидир. Унинг ёлғиз Ўзи беҳожатдир ва ҳоказо.

Ислом шариатида жорий қилинган барча тоат ва ибодатлар мазкур ақийдани қўллаш ва ҳимоя қилишга қаратилгандир.

Қай бир инсон ушбу тавҳид ақийдасини ва у тақозо қилган ҳақиқатларни ўзига сингдириб олса, катта-кичик барча ҳожатларини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидангина сўрайдиган бўлади. Унинг Ўзигагина ёлворади. Унинг Ўзигагина хору зорлигини изҳор қилади. Ундан ўзгадан ҳожатини раво қилишини сўрамайди. Ундан ўзгага ёлвормайди. Ундан ўзгага хору зорлигини изҳор қилмайди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу ҳикматида банданинг мазкур азизлигини хорликка айлантирадиган нарса – тамагирлик ҳақида сўз юритмоқда.

Олдин тамагирликнинг маъноси, таърифи ва хусусиятлари билан яқиндан танишиб олайлик.

«Тамагирлик» арабча «тамаъа» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. «Тама қилди» ва «ҳирс қўйди» иборалари бир хил маънони англатади.

Роғиб «Муфрадот»да таманинг таърифида: «Тама нафснинг бир нарсага шаҳват ила боғланишидир», деган (207-бет).

Агар тама Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида Иброҳим алайҳиссаломнинг тамаларини шундай баён қилади:

«Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим (тама қилганим) ҳам Унинг Ўзи» (82-оят).

Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган.

У Зот Сажда сурасида:

«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига қўрқув ва умидворлик (тама) ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар», деб марҳамат қилган (16-оят).

Аммо тама дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир», деган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаларнинг чақмоғидандир».

Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумо бирга бўлганларида, Каъб розияллоҳу анҳу:

«Эй Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар?» деди.

«Унга амал қилувчилар», деди.

«Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима?» деди.

«Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишларини сўраш», деб жавоб берди.

Тамагирликнинг зарарлари:

1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир.

2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир.

3. Тамагирлик саховат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир.

4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади.

5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир.

Баъзи ҳукамолар дейдилар:

«Агар тамагирликка:

– Отанг ким? – дейилса,

– Қадарга шак келтириш, – дейди.

– Ҳунаринг нима? – дейилса,

– Хорликни касб қилиш, – дейди.

– Fоянг нима? – дейилса,

– Маҳрумлик, – дейди».

Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади.

Тамагирликдан қутулиш йўлини ахтаришдан олдин билиб қўйиш лозим бўлган нарса шуки, тамагирликни, хусусан, молу дунёга ва шаҳватлардан ҳузурланишга бўлган тамани инсон нафсидан таг-томири билан қўпориб ташлаш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло бу нарсани инсон табиатига қўшиб яратган. Ва бусиз дунё обод ҳам бўлмайди.

Аллоҳ таоло Одиёт сурасида марҳамат қилади:   

«Албатта, у мол-дунёга ниҳоятда ўчдир» (8-оят).

Аллоҳ таоло Фажр сурасида марҳамат қилади:

«Ва молни кўп яхши кўрасизлар» (20-оят).

Шунинг учун инсон ўзидаги ушбу тамани тартибга солишга уриниши керак бўлади. Шариат рухсат берган даражада, ўзини хор қилмайдиган савияда тама бўлса, майли. Бошқача қилиб айтганда, тамани фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан қилсин, бандалардан эмас.

Бандалардан тамагир бўлишнинг давоси сабр, илм ва амалдан иборатдир.

Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади:

1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарф-харажатда мулойим бўлиш.

Ким қаноатли бўлишни истаса, имкони борича ўзидан харажат эшигини беркитишга ҳаракат қилади. Нафсини фақат зарур нарсалар билан кифоялантиришга уринади. Муяссар бўлган таомга қаноат қилади. Хўракни иложи борича озайтиради. Кийимда ҳам содда бўлишга ҳаракат қилади. Мазкур нарсаларни ўзига одат қилиб олади. Оила аъзоларини ҳам шунга ўргатади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан биридир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида:

«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан биридир», дейилган.

Солиҳлик ҳайъати – аҳли солиҳларнинг гўзал кўриниши. Иқтисод – гап-сўз, хатти-ҳаракат ва барча ишларда тежамкор бўлиш. Албатта, бу каби фазилатлар ҳусни хулқдандир.

Термизий ва Муслим қилган ривоятда:

«Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Исломга ҳидоят қилиниб, маишати учма-уч бўлса, унга қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.

2. Ўзига етарли нарса муяссар бўлса, келажаги учун изтиробга тушмайди. Ризқи албатта келишига қаттиқ ишонади. Шайтоннинг унга фақирлик ваъда қилишига ишонмайди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобда бордир» (6-оят).

«Ер юзидаги жонзот» одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар. Унга ибодат ва шукр қилинглар. Унгагина қайтарилурсиз» (17-оят).

Фақат Унинг Ўзигина сизларга ризқ бера олади. Шунинг учун ҳам фақат Унинг Ўзигина ибодатга сазовордир.

«Унга ибодат ва шукр қилинглар».

Аллоҳ таолонинг ризқ берувчилигининг ўзиёқ Унга ибодат ва шукр қилишни тақозо этади. Иккинчи томондан, қиёматда

«Унгагина қайтарилурсиз».

Ҳисоб-китобни Унинг Ўзигина қилур. Шунинг учун ҳам ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қилиш даркор.

Аллоҳ таоло Зориёт сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» (58-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло инсонлару жинлардан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради.

У Зот Нур сурасида марҳамат қилади:

«Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур» (32-оят). 

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (97-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Жаннатга яқинлаштирадиган амал борки, албатта, сизларни унга амр қилдим. Дўзахга яқинлаштирадиган амал борки, албатта, сизларни ундан қайтардим. Бирортангиз ўз ризқини зинҳор кеч қолди, демасин. Жаброил алайҳиссалом сиздан бирор киши ризқи мукаммал бўлмасдан бу дунёдан чиқмаслигини кўнглимга солди. Аллоҳга тақво қилинглар, эй одамлар, талаб(и ризқ)ни гўзал қилинглар.  Бас, уни Аллоҳга маъсият қилиш ила талаб қилмасин. Чунки Аллоҳнинг фазлига маъсият ила етишилмас».

Ҳоким ривоят қилган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Руҳул қудус менинг кўнглимга «Нафс ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас. Аллоҳга тақво қилинглар, талаб(и ризқ)ни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши сизни уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишга олиб бормасин. Чунки Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади», деган маънони солди», дедилар».

Ибн Аби Дунё ривоят қилган.

3. Қаноатнинг фойдасини, ҳирс ва тамагирликнинг зарарини тушуниб етмоғи лозим.

Қаноат шубҳали ва ортиқча нарсаларга сабр қилишдан иборат бўлиб, охиратда савобга ҳам сабаб бўлади. Ўз иззатини ҳавойи нафсидан устун қўя олмаган одамнинг ақли расо бўлмайди.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки ҳузурларидаги нарса тугади. Шунда у зот:

«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай, олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушини яхшилаб таъминлаш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда:

Иффатли бўлиш.

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.

Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.

Аллоҳ таоло бундай одамнинг кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.

Кам бўлса ҳам, ўзига берилган ризққа сабр қилиш.

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва улуғ неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам тийиннинг устида ўмбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.

Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлар экан.

Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Абу Ҳозим: «Кимда уч нарса бўлса, яъни ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса, ақли расо бўлур», деган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир», дедилар».

Имом Табароний ривоят қилган. 

4. Ўтган қавмлардан дунёга ҳирс қўйган ва тамагир бўлганларнинг ҳоли нима бўлганига назар солсин. Шу билан бирга, ўтган пайғамбарлар, аҳли солиҳлар ва азиз-авлиёларнинг ҳолидан ўрнак олсин.

Мусулмонларнинг аввалги авлодлари Аллоҳ таолодан бошқадан тама қилиш хорлигидан озод бўлганлар. Улар учун дунёнинг зийнатлари бир пулга арзимайдиган нарсага айланган. Буни ҳамма, ҳатто душманлар ҳам яхши билган.

Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири – Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди.

Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Уларга мусулмонларнинг вакилини музокара учун олдига таклиф қилишни топширди. Арабларнинг қадимдан дунёга ўчлигини билгани учун ўзининг қароргоҳини молу дунёга тўлдириб ташлади. Мол-дунё билан ҳузурига ташриф буюрадиган мусулмон вакилнинг кўнглини овламоқчи, уни қойил қолдирмоқчи бўлди.

Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини топа олмай, анча вақт овора бўлдилар. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида, ерда гаплашиб ўтирган ҳолда топдилар.

Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарларининг мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканини билдирдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос шундай орқаларига қараган эдилар, кўзлари ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ ибн Омир исмли саҳобага тушди. Унга:

«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.

Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб, бир сакраб отга минди ва элчиларга қараб: «Кетдик», деди.

Элчилар лол бўлиб, туриб қолдилар. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»­га қарадилар. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: «Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.

Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу эса отдан тушмай, уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, кулиб, ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғларининг олдига от миниб бориб бўлмаслигини тушунтиришди.

Робиъ розияллоҳу анҳу отдан бамайлихотир тушди. Сўнгра ўша ердаги кимҳоб ва зарга кўмилган нарсаларни тепкилаб, отни бир устунга боғлади. Шу орада баъзи матоҳларни йиртиб ҳам юборди. У қасддан шошилмай, дунёнинг зийнатларига парво қилмай ҳаракат қилар эди.

Сўнгра Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур қилишди. Шунда Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу:

«Мен сизларнинг ҳузурингизга ўзимча келганим йўқ. Ўзингиз чақирган эдингиз, келдим. Энди ўзим истаган жойда ўтиришим керак. Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди.

Рустам ишора қилган эди, одамлари четланишди. Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу курсига ўтирди.

Форсларнинг каттаси таржимонга:

«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.

Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан, асрлар давомида қоида бўлиб қолган жумлани айтди:

«Аллоҳ таоло бизни бандаларнинг бандаларга ибодат қилишидан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.

5. Мол жамлашнинг хатарини тўлиқ тушуниб етиш лозим.

Молнинг офатларини унутмасин. Ўртаҳолликнинг фазлини билсин, бунинг учун эса молу дунёда ўзидан пастга назар солсин ва динда ўзидан юқоридан ўрнак олсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангизнинг назари молда ва халқда ўзидан афзал қилинган шахсга тушса, (ўша заҳоти) ўзидан пастга назар солсин», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Мана шу Аллоҳнинг сизга берган неъматига беписанд бўлмаслигингизга муносиб», дедилар».

Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизни тамагирлик хорлигидан асрасин! Ўзидан бошқага мухтож қилмасин! Фақатгина Ўзидан умидвор бўлиб, иззатли бўлиб яшаб боришимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бешинчи тақсимҒийбатчи бир одамни қандай услубда айблашига қараб, ғийбат тўрт қисмга бўлинади1. Сароҳатан ғийбат қилиш. Сароҳатан ғийбат қилиш деганда бирор давоми...

3395 16:41 / 06.02.2018
Ҳаёнинг биринчи хили ndash инсон яратилганда унинг асл табиатига қўшиб яратилган, касб қилинмаган ахлоқдир. Бу ахлоқларнинг энг улуғидир. Уни бандага Аллоҳ давоми...

4347 18:31 / 24.10.2017
Ғийбат ndash ҳаромлиги қатъий ояту ҳадислар ҳамда ижмо билан собит бўлган амалдир. Ғийбатнинг ҳаромлигини инкор қилган, яъни уни ҳалол санаган киши кофир бўлади ва давоми...

3401 15:36 / 08.03.2018
Ичкарига беркитилган сирлар ташқарида кўриниш ила ошкор бўладир.Яъни қалбларга беркитилган асрорлар ташқи аъзолардаги аломатларда кўринади. Ҳар бир инсоннинг давоми...

3959 21:06 / 22.08.2017
Аудиолар

118743 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021