595 13.02.2018

«Тақво» луғатда «Аллоҳдан қўрқиш», «буйруқларига бўйсуниш» ва «қайтариқларидан сақланиш» дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир» (Ҳужурот, 13).

Али ибн Аҳмад ибн Абдон Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Муҳаммаднинг оиласи кимлар?», деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: «Ҳар бир тақводор инсон», деб жавоб бердилар.

Бундан келиб чиқадики, тақво барча яхшиликларнинг жамловчиси экан. Яъни Набий алайҳиссалом ва у зотнинг оилалаларига салому саловот айтилганда у зотнинг ҳар бир тақводор уммати ҳам ушбу саломнинг остида зикр қилинган бўлар экан.

Тақвонинг ҳақиқати Аллоҳнинг тоати билан У зотнинг иқобидан сақланишдир.

Тақвонинг асли – ширкдан сақланиш, ундан сўнг гуноҳ ёмонликларидан сақланиш, сўнг шубҳалардан (иш, таом) сақланиш, сўнг ортиқча нарсалардан сақланиб, нарсаларни етарли миқдорда ўз ҳожати йўлида ишлатишдир. 

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг»  (Оли Имрон, 102) ояти тафсирида қуйидагича сўз айтилган. «Бунинг маъноси – Аллоҳга итоат қилиниши, осий-гуноҳкор бўлмаслиги, доимо зикр қилиши, эсдан чиқармаслиги, шукр қилиши, куфр келтирилмаслигидир».

Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Кимнинг тақвоси мукаммал бўлишини хоҳласа, барча гуноҳларни тарк этиши шарт бўлади».

Абу Абдуллоҳ Рузборий раҳматуллоҳи алайҳ: «Тақво – бу сизни Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарсалардан сақланишингиздир», деганлар.

Абул Ҳусайн Занжоний айтадилар: «Молининг сармояси тақво бўлган кишининг ундан кўрадиган фойдасини васф этишдан тиллар чарчаб кетади», деганлар.

Кишининг тақвоси бор ёки йўқлигига ундаги учта хислат далолат қилади: етишмаган нарсасига чиройли таваккул қилиши, етишган (ёки унга етган) нарсага розилигини чиройли намоён этиши, қўлидан кетган нарсага чиройли сабр қилиши.


«Ар-рисолатул қушайрия» китобидан 

Ҳасанбой Эргашов таржимаси