1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Табук ғазотида

05:05 / 15.11.2017 3926 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

(Абдуллоҳ оталари Каъб ибн Моликнинг кўзлари ожиз бўлиб қолганда етаклаб юрардилар.) Каъб ибн Молик Табук ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бормай қолганларини гапириб бераётганларини эшитганман. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатнашган ғазотларнинг Табукдан бошқа бирортасидан қолмадим. Лекин Бадр ғазотига ҳам бормасдан қолгандим. Бироқ унда бормай қолганлардан бирор киши итоб қилинмади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайш карвонини қўлга киритиш ниятида чиқишган эди. Ҳатто, Аллоҳ таоло улар билан душманларининг орасини ваъда қилмаган ҳолда бир ерга жам қилиб қўйди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан “Ақоба” кечасида бирга бўлдим. Бу кун биз Исломга мустаҳкам аҳд-паймон қилдик. Агар Бадр воқеаси кишилар орасида машҳур бўлса ҳам, мен Ақоба воқеасини Бадрдан кам, деб билмайман. Табук ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бормай қолдим. Ўша ғазотдан қолиб кетган вақтимда ниҳоятда кучли ва бадавлат эдим. Аллоҳга қасамки, бундан аввал туямни иккита қилмаган эдим. Бу ғазотда икки туям бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга боришни хоҳласалар, бошқа бирига борадигандек қилиб кўрсатардилар. (Бу ғазотда борадиган тарафларини аниқ қилиб кўрсатдилар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ниҳоятда қаттиқ иссиқда чиқдилар. Сафар узоқ бўлиб, чўл ерлардан ўтиш керак эди. Сўнг кўп сонли душманга рўбарў бўлиш керак эди. Мусулмонлар ғазотга яхши тайёгарлик кўришлари учун уларга ишларини равшан қилиб, қайси томонга кетаётганларининг хабарини бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга мусулмонлар кўп эди. Уларнинг сонлари ёзилмаган эди. Аммо беркиниб қолишни хоҳлайдиган киши, агар Аллоҳ томонидан у ҳақда ваҳий тушмаса бу нарса билинмай қолади, деб ишонар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ғазотлари мевалар пишиб, соя соладиган пайтга тўғри келди. Менда бундай роҳатларга мойиллик бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар тайёргарлик кўришди. Мен ҳам эрта тонгда у зот билан тайёргарлик қилиш учун борардим-да, лекин бирор нарса қилмасдан қайтиб келар эдим. Лекин ўзимга-ўзим, агар хоҳласам мен ҳам ана шунга қодирман, дер эдим. Шу сусткашликда бардавом бўлдим. Кишилар жиддий тайёргарликда давом этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга мусулмонлар эрталаб жўнашди. Мен эса бирор нарсага тайёрланмаган эдим. Сўнгра яна эрта тонгда келиб бирор нарса қилмай, қайтдим. Шу сусткашлик менда бардавом бўлди. Охири улар тезлаб кетишди, ғазот вақти ўтиб кетди. Сафарга чиқиб, уларга етиб олишни қасд қилдим, қани эди шундай қилганимда. Аммо бу менга насиб қилмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан кейин одамлар олдига чиқдим, мени қайғуга солган нарса бирор ибратли кишини кўрмадим. Фақат мунофиқликда айбланганлар ёки Аллоҳ узрли қилган заифларни кўрардим, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени эсламабдилар. Қачонки, Табукда одамлар орасида ўтириб: “Каъб ибн Моликка нима бўлди?” деб сўрасалар, Бани салималик бир киши: “Эй Расулуллоҳ, унинг кийимлари ҳамда икки ёнига назар солиши (яъни, бойлиги) бу ерга келишидан тўсиб қўйди”, деди. Муоз ибн Жабал унга “Мунча ҳам ёмон сўз айтдинг! Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, биз ундан фақат яхшиликни биламиз”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут қилиб шу ҳолда тургандилар, бир оққа бурканган кишини кўрдилар. Сароб уни ҳаракатлантириб турар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Хайсама бўлсинда!” дедилар. У ҳақиқатда Абу Хайсама ал-Ансорий эди. Бу киши бир соъ хурмо садақа қилганида, мунофиқлар масхаралашган эди». Яна Каъб айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтганликлари хабари келганида, мени ғам боса бошлади. Ва ёлғон (узрлар) ўйлай бошладим. “Нима билан эртага у зотнинг ғазабларидан чиқаман?” деб ўзимга айтар эдим. Ва хонадонимдаги ақлли кишилардан ёрдам сўрар эдим. Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишликлари хабари тарқалганда, мендан ботил тадбирлар кетди. Билдимки, мен бу зотдан асло қутула олмас эканман. Охири рост гапиришга қасд қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда етиб келдилар. Одати шарифлари агар сафардан келсалар, аввал масжидга кириб, икки ракат намоз ўқир, сўнгра кишилар билан (мулоқот қилиш учун) ўтирардилар. Бу сафар ҳам шундай қилганларида, (ғазотдан) ортда қолганлар келиб, у зотга узр айтиб, қасам ича бошлашди. Улар саксон неча киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг зоҳирий узрларини қабул қилиб, улардан байъат олиб, уларга истиғфор айтдилар. Ва ички ҳолатларини Аллоҳга ҳавола қилдилар. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб салом бердим. У зот эса менга ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра “Кел”, дедилар. Мен юриб келиб, олдиларида ўтирдим. У зот менга “Нима сабабдан бормай қолдинг, улов сотиб олмаганмидинг?” деганларида, мен: “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга қасамки, сиздан бошқа дунё аҳлидан бирортасининг ҳузурида ўтирган бўлсам-ку, унинг ғазабидан узр билан чиқиб кетар эдим. Чунки мен фасоҳатли сўзамол кишиман. Лекин биламан, Аллоҳга қасамки, агар бу кун сизга ёлғон гапирсам, мендан рози бўлаверасиз. Бироқ тез фурсатда Аллоҳ мендан сизни ғазаблантириб қўяди. Агар сизга рост гапни айтсам, ўзим сизни ғазаблантириб қўяман. Албатта, мен Аллоҳ таолодан яхши оқибат умидидаман. Аллоҳга қасамки, менда узр йўқдир. Аллоҳга қасамки, сиз билан бирга бормай қолган пайтимда ҳар галгидан кучли ва бадавлат эдим”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу эса ҳақиқатда рост гапирди. Тургин, то Аллоҳнинг ҳукми келгунча кутиб тур”, дедилар. Бани салималик бўлган бир неча кишилар туриб, менинг орқамдан эргашиб, “Аллоҳга қасам, биз сени бундан олдин гуноҳ қилганингни билмаймиз. Сен бошқа ғазотга бормаганлардек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узр айтишдан ожизмидинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истиғфорлари сенинг гуноҳингга кифоя қилар эдику?” дейишди. Аллоҳга қасамки, улар мени маломат қилишда давом этишди, ҳатто мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб бориб, ёлғон гапиришни хоҳладим. Сўнгра уларга “Бу каби ишга мендан бошқа яна бирор киши дуч келдими?” десам, улар: “Ҳа, икки киши келиб, сен айтган сўзларни айтди. Сенга айтилган жавоб уларга ҳам айтилди”, дейишди. “Улар ким экан?” десам, улар: “Мурора ибн Рабийъ ал-Амрий ва Ҳилол ибн Умайя ал-Воқифийлар”, дейишди. Менга икки солиҳ кишини зикр қилишдики, ҳар иккови ҳам Бадр иштирокчилари бўлиб, иқтидо қилишга муносибдир, деб икковиларини менга зикр қилишганида, қароримдан қайтмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга бормай қолганлар орасидан биз уч киши билан сўзлашишни ман қилдилар. Ва бу ҳукм ила халқ биздан четланди ёки бизга нисбатан ўзгариб қолишди. Ҳатто, ер ҳам мен учун ўзгариб қолди, мен билган ер эмас эди. Биз мана шу ҳолатда эллик кеча турдик. Аммо икки шеригим ожизлашиб кетишди. Улар уйларида ўлтириб олиб, фақат йиғлашарди. Мен эса қавмнинг ёши ва бардошлиси бўлганим учун (кўчага) чиқиб, мусулмонлар билан бирга намозда иштирок этар эдим. Ва яна бозорларни айланардим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борар эдим. У зот намоздан кейин бўладиган мажлисда ўлтирганларида, бориб салом берардим-да, ўзимга ўзим: “У зот саломга алик олиш учун, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?” деб, у зотга яқин туриб намоз ўқирдим. Шу аснода ўғринча назар солардим. Агар намозга юзлансам, у зот менга назар солардилар. Агар у зот томонга қарасам, мендан юз ўгириб олардилар. Қачонки, мусулмоннинг жафолари менга нисбатан узайиб кетганда, мен учун одамларнинг энг севимлиси бўлган амакимнинг ўғли Абу Қатоданинг боғи деворига кўтарилдим-да, унга салом бердим. Аллоҳга қасам, у ҳам саломимга алик олмади. Мен унга: “Эй Абу Қатода, Аллоҳнинг номи ила сендан сўрайман, мен Аллоҳ ва расулини яхши кўришимни биласанми?” десам, у сукут қилди. Иккинчи бор сўрадим. Сукут қилди. Учинчи бор сўраганимда, “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ”, деганда, мен икки кўзимдан ёшимни оқизиб, орқамга қайтиб, девордан ошиб ўтдим. Мен Мадина бозорларида юрсам, Мадинага дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: “Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?” деяётган экан. Одамлар менга ишора қилишди. У менинг олдимга келиб, Ғассон подшоҳи томонидан битилган бир мактубни узатди. Мен ёзишни билар эдим, уни ўқиб қарасам, унда қуйидагилар битилган эди: “Аммо баъд! Бизга хабар етдики, сенинг дўстинг (бошлиғинг) сенга жафо қилибди. Сени Аллоҳ хўрлик ва зое бўлинадиган диёрда туришни мажбур қилмаган. Бизнинг ҳузуримизга кел, биз сенга (ғамхўрлик қилиб) тасалли берамиз”. Бу мактубни ўқиган пайтимда “Бу ҳам мусибат-балоларнинг бир кўринишидир”, дедим. Мактубни тандирга ташлаб ёқиб юбордим. Элликни қирқ куни ҳам ўтдики, ваҳий тўхтаб қолган эди. Ногаҳон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан бир элчи келиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинингдан алоҳида бўлмоқни буюряптилар”, деди. Мен: “Талоқ қилайми? Нима қилай?” дедим. У: “Фақат алоҳида бўлиб яқинлашманг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмни икки биродаримга ҳам юборган эдилар. Мен хотинимга “Сен ўз уйингга бориб, то бу ишда Аллоҳ бир ҳукм чиқармагунча у ерда тургин”, дедим. Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, “Эй Аллоҳнинг расули, Ҳилол ибн Умайя бечора қари киши бўлиб, хизматкори ҳам йўқ. Мен унинг хизматини қилишимдан норозимисиз?” деса, у зот: “Йўқ, лекин у сенга яқинлик қилмасин”, дедилар. Буни эшитган хотин: “Аллоҳга қасам, бунга ҳаракат қилишга қудрати ҳам йўқ. Аллоҳга қасам, у бечора ана шу иш бўлгандан бери шу кунгача йиғлаш билан овора”, деди. Менинг ҳам аҳлларимдан баъзилари: “Сен ҳам Ҳилол ибн Умайянинг хотини сўрагани каби хотинингнинг хизмати тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўра”, дейишди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамайман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деб айтишларини билмайман. Мен ёш йигит бўлсам”, дедим. Мана шу ҳолатда яна ўн кеча турдим. Биз билан гаплашиш ман қилингандан буён тўлиқ эллик кеча тўлди. Эллигинчи кечанинг тонгида уйларимнинг бирини тепасида бомдод намозини ўқидим. Мен бир ҳолда ўлтирган эдим, ўша ҳолатни Аллоҳ зикр қилди. Юрагим сиқилиб, ер кенг бўлишга қарамай, торайиб кетгандек бўлиб турган бир пайтда ногаҳон Салъ тепалигига чиқиб олиб баланд овози ила “Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари”, деб бақираётган овозни эшитдим. Ўша заҳоти хурсандчилик соати келганини билиб, саждага йиқилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини одамларга эълон қилибдилар. Одамлар мен ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини беришга кетишди. Бир киши менинг олдимга отини чоптирди. Яна Аслам қабиласидан бўлган бир киши мен тарафга югуриб, тоғ устига чиқди. Унинг овози отдан ҳам тезроқ эди. Менинг ҳузуримга хушхабар олиб келиб бақирган кишига устимдаги икки кийимимни ечиб, унга суюнчи қилиб кийгизиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунларда у икки кийимимдан бошқасига эга эмас эдим. Энди мен икки кийимни қарзга олиб, кийдимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни истаб жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб, тавба қабул бўлгани билан мени табриклашарди. Улар менга “Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани ила табриклаймиз”, дейишар эди. Мен масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эканлар. Атрофларида эса одамлар ўтиришибди. Шунда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен томон югуриб, мен билан қўл бериб сўрашиб табрикладилар. Аллоҳга қасамки, Толҳа розияллоҳу анҳудан бошқа муҳожирлардан бирор киши турмади. Каъб Толҳанинг бу ишини унутмас эди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсам, у зот хурсанд бўлганларидан юзлари ярқираб кетди. У зот: “Туғилганингдан бери ўтган кунларнинг энг яхшиси билан хурсандлик хабарини бераман”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, бу хушхабар сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томониданми?” десам, у зот: “Йўқ, бу Аллоҳ азза ва жалла томонидан”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар хурсанд бўлсалар, шу даражада юзлари нурланиб кетардики, гуёки ой парчасига ўхшаб қоларди. Биз буни билар эдик. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида ўтириб, “Эй Аллоҳнинг расули, мен бу тавбамни қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва расули йўлига садақа қиламан”, десам, у зот: “Молингнинг баъзисини ўзинг учун олиб қўй. Бу сен учун яхши бўлади”, дедилар. Мен: “Хайбардаги улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг расули, албатта Аллоҳ менинг ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси шу бўлсинки, умримнинг қолган қисмида фақат рост гапирай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу сўзларни зикр қилганимдан кейин, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло мусулмонлардан бирортасини ростгўйлик ҳақида мени синаганидан кўра гўзал синаганини билмайман. Аллоҳга қасам, шу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимдан бери мана бу кунимгача қасддан ёлғон гапирмадим. Аллоҳ қолган умримда ҳам ёлғондан сақлашини умид қиламан”. Ўшанда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди. “Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни, тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз” (Тавба сураси, 117-119-оятлар).

Каъб розияллоҳу анҳу яна давом этадилар: “Аллоҳ таоло мени Исломга ҳидоят қилганидан кейинги берган неъматларининг энг каттаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида рост гапиришга муваффақ қилганидир. Агар ёлғон сўзлаганимда, мен бошқа ёлғон сўзлаб ҳалок бўлганлар каби ҳалок бўлардим, чунки Аллоҳ таоло ваҳий нозил қилаётган пайтда ёлғон гапирганларни бирор кишига айтмайдиган ёмон ваъидлар ила тилга оляпти: “Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларининг (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди” (Тавба сураси, 95-96-оятлар).

Бошқалар қасам ичиб байъат қилишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан буни қабул қилиб, уларга мағфират талаб қилгандилар. Биз уч нафарнинг ишимиз эса улардан кейинга сурилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳукм чиқармагунча бизнинг ишимизни ортга суриб қўйдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Ўша уч кишининг (тавбаларини қабул қилдики …)” (Тавба сураси, 118-оят) сўзи билан ҳукм қилди. Бу сўздаги “орқада қолганлар”дан мақсад ғазотдан орқада қолганимиз эмас, балки қасам ичиб, узр айтиб, узрлари қабул қилинганлардан авф этилишида орқада қолганимиздир” Муттафақун алайҳ.

Бошқа бир ривоятда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига пайшанба куни чиқдилар, у зот (сафарга) пайшанба куни чиқишни яхши кўрардилар”, дейилади.

Ва яна бошқа бир ривоятда айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келадиган бўлсалар, кундузи чошгоҳ вақтида келиб, аввал масжидга борар, икки ракат намоз ўқиб, кейин у ерда ўтирардилар”.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Қуёш чиққан ҳар бир кунда одамларнинг ҳар бир бўғими учун садақа давоми...

2999 16:35 / 16.02.2018
Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга таом келтирилди. У рўзадор эди. Шунда у .Мусъаб ибн Умайр давоми...

3250 10:40 / 05.07.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларни кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа фаришталар кузатиб туради. давоми...

3122 09:10 / 17.03.2018
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом кафилдир, муаззин омонат эгасидир. Аллоҳим Имомларни иршод давоми...

1592 09:33 / 23.10.2019
Аудиолар

118768 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40725 14:35 / 11.08.2021