1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Суннатни маҳкам тутган адашмайди

05:00 / 06.03.2017 3403 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам: «Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди. «Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул бўлса ҳам қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаши лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар».


Шарҳ: Аввал ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу билан танишайлик: Ирбоз ибн Сория ас-Салмо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадис ривоят қилганлар. Бу зот ҳижратнинг 75-йили Ибн Зубайр фитнасида вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилмоқда. Ҳадиснинг ровийлари Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳикоя қилишларича, бир куни бомдод намозидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўта таъсирли ваъз айтганлар. Бу ваъзни эшитиб, кишилар кўзларидан ёш тўкканлар, қалблари эса, ларзага келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ваъзлари одатдагидан бошқачароқ бўлган. Буни эшитувчилар ҳам пайқашган. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайри оддий ваъз қилганларини тушуниб етишган.

«Шунда бир одам: «Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди». Гапирувчи одам Расули акрам бу дунё билан, саҳобалар билан видолашаётган киши сифатида ваъз қилганларини, бу ваъз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги ваъз¬ларидан бири эканини англаб етган эди. Шунинг учун бу фурсатни ғанимат билиб, Расулуллоҳдан ўз умматларига васият қилишларини сўради.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу видолашувчининг ваъзи эмас, демадилар. Балки ўз сукутлари билан ҳалиги одамнинг гапини тасдиқладилар. Мавъизалари видолашувчининг мавъизаси эканини иқрор қилдилар. Бунинг устига, ўша одамниг талабига биноан ўз васиятларини бошладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан», дедилар. Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ўз васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш У Зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир. Тақводорлик маълум кийим, маълум таом, маълум макон ва маълум қўшимча ибодатлардан иборат эмас. 

«Тақво» сўзининг луғавий маъноси «сақла¬ниш»¬дир Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Тақво араб тилида сертикан майдондан болдирларини очиб, ўзига тикан теккизмай ўтиб кетишини англатади», деган эканлар. Шариатда эса, тақво Аллоҳнинг айтганини қи¬либ, қайтарганидан қайтишни англатади. Яъни, бу дунё ҳаёти майдонидаги гуноҳ тиканларини ўзига теккизмай ўтишни билдиради. Ҳамма бало-офат тақвосизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишни қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларида таъкидланган иккинчи масала: бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлигидир. У зот агар ўша бошлиқ ҳабаш қул бўлса ҳам, ҳеч бошқа хаёлга бормай, унга қулоқ осиб, итоат қилишни васият қилмоқдалар. Бу Ислом таълимотидаги энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида ҳам бунга алоҳида эътибор берганлар. Бунинг маълум сабаблари бор бўлиб, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида баён қилмоқдалар: 

«Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари кўп ўтмай юзага чиқди. Учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилганларидан сўнг саҳобалар ўртасида хилоф чиқди. Кейинчалик бу хилоф кучайиб, кўпгина бало-офатларга сабаб бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари ушбу ихтлофларга ишорадир.

Энди у зотнинг шундай пайтда ўзни қандай тутиш ҳақидаги тавсиялари келади: «Сизлар янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг». Чунки Китоб ва Суннатда, шариатда йўқ бўлган янги бидъатдан иборат ишлар пайдо қилинади. Улар бидъатдан иборат бўлади. Ана ўшалардан сақланиш керак: «Чунки улар залолатдир». Залолатдан сақланиш эса, ҳар бир мўминнинг бурчидир.

«Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар». Яъни, сиздан ким ўша ихтилофлар кўп чиқадиган даврга етиб борса, ўша пайтда менинг Суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини маҳкам ушласин! Рошид (тўғри йўлдаги) халифалар деганда Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум кўзда тутилади. Улардан кейингилар ичидан баъзилари Умар ибн Абдулазизни ҳам шу сафга қўшишган, аммо булар озчиликни ташкил қилади. 

Маълумки, ихтилоф чиққанда гап-сўз кўпаяди. Ҳар ким ўз ишини маъқуллашга уринади. Ҳамма ўзиникини тўғри деб ҳисоблайди. Натижада ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Бу вақтда нима қилиш керак? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаган одам адашмайди. Қолаверса, рошид (тўғри йўлда юрган), ҳидоятли (ҳидоят йўлини топган) халифаларнинг суннатини ушлаш лозим. Ушлаганда ҳам худди тиш билан тишлагандек қилиб ушлаш керак. Одатда авайлаб, эҳтиёт қилиб, гард юқтирмасдан олиб юрилган нарсани «тиши билан тишлаб олиб юрибди», дейилади. 

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатларини ҳам ана шундай қилиб ушлаш лозим экан. Шу билан бирга, тўрт хулафои рошидиннинг айтган насиҳатлари, тутган йўлларини ҳам суннат дейиш мумкинлигини, оғир пайтларда, ихтилофли вақтларда ушбу суннатни маҳкам тутиш зарурлигини англаб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бомдод намозидан сўнг ваъз қилишнинг жоизлиги.

2. Ваъздан таъсирланиб, йиғлашнинг яхшилиги.

3. Гапнинг маъносига қараб, унга баҳо бериш мумкинлиги. Чунки ҳалиги саҳобий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари маъносидан бу гапнинг видолашувчининг гапига ўхшашлигини тушуниб етдилар ва бу баҳони очиқ айтдилар. 

4. Умри охирлаб қолганини гумон қилган кишидан васият қилишни сўраш мумкинлиги.

5. Васият қилиши сўралган киши, васият қилиши кераклиги.

6. Аллоҳ таолога тақво қилиш ўта аҳамиятли экани.

7. Бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлиги.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонлар орасидан турли ихтилофлар чиқишини олдиндан айтиб берганлари.

9. Ихтилофли пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатини яна ҳам маҳкам ушлаш лозимлиги.

10. Халифаларнинг рошидлари ва норошидлари бўлиши.

11. Рошид хулафоларнинг ҳам суннати бўлиши.

12. Суннатни тиш билан тишлагандек, авайлаб ушлаб юриш лозимлиги.


“Ҳадис ва Ҳаёт”, 2-жилд


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

7589 17:30 / 01.01.2020
Б и р и н ч и б о бдавоми96. Абу Воқид алЛайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. давоми...

2600 15:30 / 19.04.2019
4625. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам балонинг шиддатидан, бадбахтлик етишидан, қазонинг ёмонлигидан ва давоми...

4832 19:10 / 12.03.2018
. . Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким илм талаб давоми...

2500 17:00 / 27.10.2021