1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Соғлом бола (ёҳуд соф табиатли бўлиш фазли)

05:00 / 15.02.2017 3324 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур...» (Шуро сураси, 49-50-оятлар).

Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади. Шу билан бирга барча неъматлар каби фарзанд неъмати ҳам Аллоҳ таоло тарафидан Ўз бандасига берилган омонат эканлигини ва унинг муқобилида буюк масъулият борлигини ҳис этади. Айнан ана шу масъулиятни ота-она ўз қарамоғи остида бўлган фарзандларига нисбатан қай даражада адо этаётганликларига қараб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукофотланади ёки жазоланади.

Ояти каримага эътибор берадиган бўлсак, унда Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига қиз ва хоҳлаган бандасига ўғил ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб беришини айтяпти. Албатта, фарзандларнинг ўғил-қиз ёки уларнинг жуфт қилиб берилишида ҳикматлар кўп. Шулардан бири ўғил болани ҳақиқий ўғил бола қилиб тарбиялаш, қиз болани эса ҳақиқий қиз бола қилиб тарбиялаш керак эканлигига ҳам ишора бор. Зотан, ота-онанинг фарзандлар олдидаги масъулиятларидан бири ҳам уларнинг соф ўғил бола ёки соф қиз болалик табиатларини нафақат сақлаб қолиш, балки ривожлантиришлари ҳам кераклигидир. Аксинча, уларнинг барча таълим ва тарбиялари каби ўғилу қизликларига эътибор бермаса, шунга яраша муомала ва муносабатда бўлмаса, омонатга хиёнат қилган бўлади.

Хиёнаткорлик эса қанчалик катта гуноҳ эканлиги ҳаммамизга маълум. Хоссатан, Аллоҳ таоло соф табиат ила берган ўғил-қизларга тўғри тарбия бермаслик билан хиёнат қилиши ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Шу дунёнинг ўзида ҳам фарзандлари туфайли юзи қаро бўлиб, халқ ичида бош кўтара олмай қолади. Охиратда эса қандай уқубатларга қолиши маълумдир.

Шунинг учун ҳам шариатимизда ўғил болаларни ўзига хос бўлган таълим ва тарбия билан парвариш қилиб, келажакда бир оиланинг раҳбари, юртининг қўриқчиси бўлишига сабабчи бўлиш, қиз болаларни эса ўзига хос бўлган таълим ва тарбия билан парвариш қилиб, келажакда бир уйнинг бекаси, хонадоннинг баракаси бўлишига сабабчи бўлиш керак. Бунинг учун эса барча кўрсатмалар мавжуддир.

Яъни, Аллоҳ таоло инсонни икки жинс соҳиблари – эркак ва аёл қилиб яратар экан, уларнинг ҳар бирини ўзига хос биологик ҳамда психологик жиҳатлар билан фарқли қилиб қўйган. Зоҳиран қараганда, эркак билан аёл умуминсонийликда бир хилдир. Лекин ўзига хос бўлган хусусиятларда эса иккаласи икки оламдир. Масалан, эркакларнинг бутун жисми, руҳонияти, ҳис-туйғулари, феъл-атворлари, юриш-туришлари, муомала-муносабатлари, энг кичик ҳужайраларидан тортиб, асаб толаларигача – ҳамма-ҳаммаси аёлларникидан тубдан фарқ қилади. Ҳаттоки уларнинг тирноқларида ҳам бир-биридан фарқ бордир.

Эркакларда фазилат бўлган баъзи бир сифатлар аёллар учун нуқсон сифат ёки иллат бўлиши мумкин. Масалан, эркакларнинг муомаладаги бир оз қўпол ва дағалликлари, жисмонан бақувват, руҳан тетик бўлиши, баъзи бир ҳодисаларга совуққонлик билан қарашлари, товушлари ва гапириш оҳангларининг йўғон ҳамда қатъийлиги, бирор муаммони ҳал қилишда шошмасдан кўп ўйлаб, фикрлашлари ва ҳоказолар аёллар учун иллатдир. Аксинча, аёллардаги муомалада ўта мулойим бўлиш, жиcмонан латиф, руҳан нозик бўлиш, атрофда бўлаётган ҳодисаларга сергаклик ва қизиқувчанлик билан қараш, товуш ва гапириш оҳанглари ингичка ҳамда ёқимли бўлиши, бирор муаммони ҳал қилишда кўпроқ ақлга эмас, балки ҳиссиётга берилиш ва ҳоказолар эркаклар учун ноқислигу иллатдир. Шунинг учун ҳам шариатимизда болаларнинг ёшлик чоғлариданоқ ўғил ёки қизлигига қараб, тарбиясига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

 «Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар» (Имом Байҳақий ривоят қилган).

Демак, ўғил болаларнинг ҳақиқий ўғил бола бўлиб тарбияланиши учун уларнинг табиати ва ҳиссиётларига мос бўлган нарсалар билан машғул бўлишларини ота-оналар таъминлашлари керак. Мазкур таълимотларга амал қилган халқимиз азал-азалдан ўғил болалар учун алоҳида ўйинлар ва қиз болалар учун алоҳида ўйинларни жорий  қилган. Масалан, ўғил болалар ёғоч ва лойдан тойчоқлар ясаган, уларни миниш, эгарлаш, ҳаттоки уларга ем-хашак бериб, суғоришларгача ўрганган. Ўғил болаларнинг ўзаро бир-бирлари билан ўйнайдиган ўйинлари ҳам от-уловларга боғлиқ бўлган. Ёки ўқотар қуролларнинг ўйинчоқларини ўйнаш, қилич чопиш, камондан ўқ-ёй отиш, ҳар хил ҳарбий ўйинларни ифода этадиган ўйинчоқ аскарлар, самолёт, танк, машина ва яна шунга ўхшаш нарсаларни ўйнаш билан машғул бўлган.

Қиз болалар эса (асли шариатимизда қўғирчоқ ясаш ва уни ўйнаш мумкин бўлмаса ҳам) қўғирчоқ ўйнаш, уни чўмилтириш, сочини ўриш, кийинтириш, йўрғаклаш, бешигига боғлаш, унга алла айтиб ухлатиш, уни таомлантириш, бундан ташқари уй-рўзғор жиҳозларидан ясалган ўйинчоқлар: идиш-товоқ, чойнак-пиёла, нон ёпиш учун керак бўладиган жиҳозлар, ўқлов, чекич, тикиш-бичишга тааллуқли бўлган жиҳозлардан ташкил топган ўйинчоқларни ўйнаш билан машғул бўлган.

Энг асосийси халқимизнинг урфида қиз болалар билан ўғил болаларнинг ёшлик чоғлариданоқ бирга ўйнашлари учун рухсат берилмаган. Балки уларнинг табиат ва руҳиятлари турли-туман бўлганлиги сабабли уларнинг алоҳида-алоҳида ўзларига хос бўлган машғулотлар ила шуғулланишларини таъминлаган. Чунки уларнинг биргаликда бир ўйинни ўйнашларида ҳар иккаласига ҳам секин-асталик билан ўзларига хос бўлган табиатларига зарар етиши ва бу иллат уларнинг ёши катталашгани сари катталашиб бориш хавфи бор.

Шунинг учун ҳам улуғларимиз болалар 8–10 ёшларга етганларида уларнинг ётоқхоналарини алоҳида-алоҳида қилиб ажратишни тавсия қиладилар. Чунки болалар бу ёшга етганларида улардаги ўғил ва қиз болалик хусусиятлари яққол ажрала бошлайди. Агар  шу ёшда ҳам улар бир-бирларидан ажратилмаса, уларнинг феъл-атворлари, юриш-туришлари, ҳаттоки муомала-муносабатларида ҳам чалкашлик, аралаш-қуралашлик юзага чиқади. Бу эса ҳар иккаласи учун ҳам энг буюк мусибатдир. Чунки бу ҳолатда ҳар иккаласини ҳам асл соф табиати бузилиб, улар мазкур бузуқликни ютуқ ва фахр деб тушунадиган бўлиб қоладилар.

Шариатда хилқат жиҳатидан эркак ва аёлликни ўзида мужассам қилган жинс эгалари «хунаса» дейилади. Буларни эса ташқи кўринишидан эркак ёки аёллигини ажратиб бўлмайди. Чунки уларда ҳар иккала жинс эгаларига ҳам ўхшашлик тарафлари бўлади. Аллоҳ таоло гоҳо жинси аниқ бўлмаган инсонларни қанчалик хунук ва беўхшов эканлигини кўрсатиш учун ибрат тариқасида кўрсатиб қўяди.

Ҳозирги давримизга келиб эса барча соҳаларда мисли кўрилмаган даражада ўзгариш, янгиланиш ва мусобақалашиш авж олгани каби инсонлар ўзларининг ташқи кўринишлари, ҳаттоки табиатларини ҳам сунъий ҳолда ўзгартиришга мубтало бўлдилар. Авваллари орлик ва хорлик ҳисобланган иллатлар ҳозирга келиб обрў ва фахрланиш воситасига айланди. Олдинлари бир шаҳар ёки юртда саноқлигина хилқат жиҳатидан табиий хунасалар бўлса, ҳозирга келиб, сунъий ҳолатда ўз хоҳиши ила хунаса бўлаётганлар қанчадан-қанча. Албатта, бунинг сабаблари кўп.

Энг биринчи ўринда диний саводсизлик.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан аёлларга ўхшашга уринганларни ва аёллардан эркакларга ўхшашга уринганларни лаънатладилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Эркакларнинг аёлларга ўхшашга уриниши юриш-туришда, гап-сўзда ва кийимда бўлади. Аёлларнинг эркакларга ўхшашга уринишлари ҳам худди шундай. Бу ишни қилганлар эса Исломда лаънатланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркак сифат аёлларни лаънатладилар ҳамда:

«Уларни уйларингиздан ҳайдаб чиқаринглар», дедилар.

Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини ҳайдаб чиқардилар. Умар фалончини ҳайдаб чиқарди» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилишган).

«Хотинчалиш эркак» деганда аёлларга ўхшаб юришга, гапиришга, кийинишга ҳаракат қиладиган эркаклар кўзда тутилади.

Шунингдек, «эркаксифат аёллар» деганда ҳам сунъий равишда эркакларга ўхшаб кийинадиган, гапирадиган ва юрадиган аёллар назарда тутилади. Шим кийган аёллар яна лаънатга қолмоқдалар. Ҳозирда аёлларнинг ўзларига аталган шим чиққан бўлса, уламолар уни кенг кийимнинг ичидан кийишга рухсат берганлар.

Энди ўзингиз айтинг-чи, мазкур маълумотлардан хабардор бўлган бирор мусулмон ёки муслима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига қолишдан қўрқмайдими?

Агар қўрқмасдан мазкур гуноҳни содир этсалар, уларнинг дунё ва охиратлари куйиб кетмайдими?

Дунёсининг куйиши – «хотинчалиш эркак», «эркаксифат аёллар», умумий айтганда эса хунаса дейилиши, бундайлар билан ҳеч ким оила қурмаслиги, маҳаллага қўшила олмаслиги, қавм-қариндошлардан айрилиши, дўст ва улфатлари бўлмаслиги, ота-оналарига оқ бўлиб, уларнинг беллари букилиб, сочлари оқариб, юзлариги эрта ажин тушишига сабаб бўлишидир.

Охирати куйиши эса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига дучор бўлганлиги туфайли Аллоҳ таолонинг лаънатига ҳам дучор бўлиб, абадул-абад жаҳаннамда куйишига сабабчи бўлишидир.

Иккинчи: кўр-кўрона тақлид.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир», деганлар.

Мазкур иллат, аввало, ғарбда пайдо бўлиб, бир неча ўн йиллар давомида ривожланиб, алал-оқибат уларнинг ажралмас урфига айланди. Бу иллат ғарбда ҳам бошланган пайтида кўпгина қаршиликлар, эътирозларга учраб, ҳаттоки маълум бир жазоларга ҳам тортилиб, халқ ўртасида шарманда ҳам қилинган. Лекин «демократия», «глобаллашув», «ҳуррият», «жинсий инқилоб» ва ниҳоят, ҳозирги кунга келиб «оммавий маданият» байроғи остида секин-секин ривожлана борди. Албатта, ўз ўрнида бу иллатга хайрихоҳ бўлганлар, уни моддий-молиявий тарафдан қўллаб-қувватлаб турувчилар, сиёсий тарафдан ҳимоя қилувчилар ҳам топилди. Чунки баъзи шахслар, жамоа ва гуруҳлар ўзларининг ғаразли ғоялару режаларини мазкур иллатлар соясида ривожлантириб, бутун дунё халқларига ёйиб, унинг натижасида ҳар тарафлама манфаат кўришни мақсад қилдилар. Ва уларнинг мақсадлари кенг миқёсда ёйилиб, илдиз отиб кундан-кунга қувватлашиб боришига эса кўр-кўрона тақлид қилувчилар беминнат хизмат қилиб беряптилар. Аслида эса мазкур ғояларни «оммавий маданият» байроғи остида тарқатаётганларнинг ҳақиқий башараларини кўрганларида эди...

Юртимизнинг баъзи ёшлари нафақат уларга тақлид қилиш, балки уларнинг номини эшитишдан ҳам хазар қилишлари мумкин эди. Минг афсуслар бўлсинки, сиртидан роҳату фароғат, кайфу сафо, замонавийлик ва мода бўлиб кўринаётган нарсалар аслида шайтоннинг нағмалари бўлиб, жаҳаннамга даъватдир. Шу маълумотларни билган ёшларимиз, ўғил-қизларимиз ўзларини ўшаларга ўхшатишлари мимкинми?

Учинчи: шароит ва муҳит.

Инсоннинг ҳаётида унинг яшаб турган жойидаги шароит ва муҳит катта аҳамиятга эга. Қолаверса, атрофида бўлаётган ҳар хил ҳодиса ва воқеалар ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бунда эса ҳозирги кунда матбуот, телеведения, телефон ва интернет алоқа воситалари асосий вазифани бажаради. Минг афсуслар бўлсинки, аслида инсониятнинг маънавияти, илм-маърифати, таълим ва тарбияси учун чексиз хизматлар қилиш имкониятларига эга бўлган тараққиёт ва кашфиётларнинг самараси ўлароқ дунё юзини кўрган мазкур жиҳозлардан асосан маънавиятсизлик, ахлоқсизлик, маданиятсизлик ҳамда инсонийликка тўғри келмайдиган нарсаларни тарқатишда унумли фойдаланилмоқда. Бу борада санъат аҳли бўлмиш қўшиқчилар ва кино юлдузлари асосий ролларни ўйнайди, десак, муболаға бўлмайди. Чунки ойнаи жаҳонда кўрсатилаётган фильмларни кўз олдингизга келтиринг, унда бош рол ижрочиларининг эркак ёки аёллигини ҳам ажрата олмай қоласиз. Чунки уларнинг кийим-боши, соч турмаклари, пардоз-андозлари, юриш-туришлари деярли бир хил. Эрталабдан кечгача ёки тундан тонггача берилаётган концертларни айтмайсизми?

 Авваллари қўшиқчилар эркак ва аёлларга бўлинар эди. Улар ҳар тарафлама бир-биридан фарқланиб турарди. Ҳозирда эса деярли уларнинг ўртасида фарқ йўқ. Рақсга тушишларидан тортиб, овози, юриш-туриши, юз, кўз, қош, лаб ва қўл-оёқларининг ҳаракатлари-ю либосларигача бир хил. Яъни бир-биридан бачкана. Ҳаттоки оила даврасида, хоссатан фарзандлар иштирокида умуман томоша қилишнинг имконияти йўқ. Ойнаи жаҳоннинг ўзида уларни танқид қилишга аталган қанчадан-қанча кўрсатувлар эфирга узатилаётган бўлса-да, лекин нимагадир натижаси кўзга кўринмаяпти.

Минг афсуслар бўлсинки, аксарият ёшлар ўзлари учун намуна сифатида айнан улардан андоза оладилар. Мисол учун коллеж ёки олийгоҳларнинг талабалари ўртасида “Сиз учун намуна бўлган инсон ким?” деган савол билан сўровнома ўтказилса, талабаларнинг 70 фоиздан ортиғи, албатта, бирор қўшиқчи, актёр ёки спортчининг номини айтади. “Бунинг нимаси ёмон?” дейишингиз мумкин. Сабабини эса юқорида айтиб ўтдик.

Энг ачинарлиси, нима учун юқоридаги саволга “Мен учун намуна бўлган инсон ота-онам, устозим ёки фалон кашфиётчи, ихтирочи”, деб жавоб беришмайди? Чунки ёшларимиз илм-маърифат, ота-оналарнинг хизмати, юрт учун кашфиёт ва бирор ихтиро қилишдан кўра енгил-елпи ҳаёт тарзи бўлмиш ўйин-кулгуни афзал кўради. Натижада эса ўзини ана шундай инсонларга ўхшатишга ҳаракат қилиб, улардек беўхшов кийимлар кияди, пардоз-андоз қилади ва ҳаттоки муомалаларида ҳам уларга эргашади.

Тўртинчиси: ҳамроҳлар.

Улуғларимизнинг “Дўстингнинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингни айтаман”, деган ҳакматли сўзлари бор. Ундан ташқари, “Жинс – жинси билан, кабутар – кабутар билан, ғоз – ғоз билан”, деган нақл ҳам бор.

Шунинг учун ҳам халқимизда доимо фарзандлар тарбиясида уларнинг кимлар билан дўст ва ҳамроҳ бўлаётганлигига қаттиқ эътибор берилади. Акс ҳолда, ҳар қандай тарбияли хонадоннинг фарзанди бетарбиялар билан ҳамроҳ бўлганлиги туфайли келажакда ота-онасининг юзини ерга қаратиб қўйиши муқаррар.

Асарларда:

 “Суҳбат таъсир қилувчидир”, дейилган.

Воқеликда ҳам бунинг исботи ниҳоятда кўп. Ҳозирги кундаги энг катта мусибатлардан бири бўлмиш биз сўз юритаётган иллатда ҳам айнан шунинг таъсири бор. Чунки фарзандларимиз ёшлигидан, олий ўқув юртини тамомлагунча ўғил бола билан қиз бола доимо бирга бўлиши, бирга ўтириши, бирга овқатланиши, бирга бирор машғулотга қатнашиши, бирга дам олиши айни ҳақиқатдир.  Натижада уларнинг бир-бирларига нисбатан таъсирлари уриб, ўғил болалар қиз болаларга ўхшаш ранг-баранг кийинадиган, пардоз-андоз қиладиган, сочларини ўстириб, юзларига оро берадиган (баъзилари ҳаттоки қошини терадиган), тилла занжир осиб, узук тақадиган бўлишган. Қизлар эса ўғил болар каби шим, футболка ёки тор спорт кийимларини кийиб, сочларини кесиб, керак бўлса, ўғил болаларга хос бўлган ҳаракатларни қиладиган бўлишган. Мазкур иллатларга мубтало бўлганлар асосан ўзларининг ташқи кўринишлари ва либосларига бино қўядилар. Шунинг учун қуйида либос ҳақида ҳам қисқача маълумот келтириб ўтамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир», дедилар» («Сунан» эгалари ривоят қилганлар).

Абу Римса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юриб бордим. У зотнинг устиларида икки яшил рангли бурдани кўрдим» («Сунан» соҳиблари ривоят қилганлар).

Яшил ранг чиройли бўлиши билан бирга кўзга ҳам фойда берар экан. Аҳли жаннатнинг кийими яшил рангда бўлиши ҳам бежиз эмас.

Мазкур икки ҳадиси шарифда эркаклар учун энг маҳбуб ва мақбул бўлган кийимларнинг ранги баён этилган. Демак, эркаклар учун ранг-баранг кийиниш ва бошқа ҳадиси шарифларга мувофиқ ипак, шойи, яна ўта латиф бўлган кийимларни кийиш ман этилган. Балки ўртача қалинлик ва дағалликда бўлиши маъқул кўрилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак киши заъфарон чаплаб олишидан наҳий қилдилар» (Бешовлари ривоят қилганлар).

Шарҳ: ушбу ривоятдаги заъфарон чаплашдан мурод, баданга ва кийимга ёки иккисидан бирига чаплашдир. Заъфарон сариқ рангли бўлиб, у ранг бошқа диндагиларнинг шиори, аломат-белгиси бўлганидан шундоқ наҳий бўлган, бундан ташқари қип-қизил кийим кийиш ҳам мумкин эмас, дейдилар уламо аҳли.

 «БатаҳқиқБиз инсонни энг яхши суратда яратдик». (Тийн сураси, 4 оят).

Демак, инсон Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг ичида шакл-шамоилда энг гўзалидир. Ушбу гўзалликни янада мукаммаллаштириш учун Аллоҳ таоло бошқа мавжудотлардан фарқли ўлароқ, инсонларга зийнат қилиб либос кийиб юрмоқликни буюрган. Ва унинг қонун-қоидаларини шаръий жиҳатдан белгилаб берган. Кимки мазкур шариат қоидаларига риоя қилмасдан кийинадиган бўлса, Аллоҳ яратган гўзал суратни ўзининг қўли ила сунъий ҳолда ўзгартирган бўлади, натижада дунёдаги энг хунук мавжудотга айланади.

«Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг» (Аъроф сураси, 31-оят).

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга  авратларини беркитиб юришликни буюришлик билан бирга либосни зийнат деб атади. Ҳақиқатан ҳам либос ўз ўрнида зийнат, қолаверса, инсоннинг танасидаги нуқсонларини беркитиб турувчи, уни иссиқ ва совуқдан ҳимояловчи, бошқа мавжудотлардан фарқини ва афзаллигини кўрсатиб тургувчи воситадир. Ундан ташқари, либос инсоннинг жинсини (эркак ва аёллигини), қайси юрт, миллат ва элат ҳамда қандай дин вакили эканини, ҳаттоки унинг ёш-кексалигини, мақому мартабасини, бой ва камбағаллигини, қайси соҳа вакиллигини билдириб турувчи омилдир. Шундан келиб чиққан ҳолатда ҳар бир соҳа вакилларининг, хоссатан эркак ва аёлларнинг ўзларига хос ва мос ташқи кўринишлари (кийимлари) бўлиши керак. Акс ҳолда, либос ўзининг вазифасини бажармаган бўлиб, уни киювчисининг халқ олдида шарманда, Аллоҳнинг ҳузурида эса осий бўлишига сабабчи бўлади.

«Оммавий маданият»  байроғи остида юртимизга суқилиб кириб келганбундай иллатлардан қутилмоғимиз учун барчамиз биргаликда юқорида зикрисабабларга қарши курашишимиз керак. Бу борада Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи ёрдамчи бўлсин. Омин.

 Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг ndash агар уларнинг боласи бўлмаса ndash ярими тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган давоми...

3741 05:00 / 14.02.2017
Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалиб кетганда сўнг одатда куёвнинг ўзлари учун тайёрланган хоналарида кутиб ўтирган келин ҳузурига дастлаб киришига алоҳида эътибор давоми...

5600 05:00 / 15.02.2017
ҚАРС ИККИ ҚЎЛДАН...Ассалому алайкум, азиз устозлар Менинг турмуш қурганимга олти йил бўлади. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ўғил қиз фарзандли бўлдик. Лекин давоми...

3404 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таоло .Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам, хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, давоми...

3400 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118749 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40708 14:35 / 11.08.2021