1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Сирли насиҳат

05:00 / 06.03.2017 3656 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъид ибн Мусайябдан ибн Абу Дунё ривоят қилади:

 Луқмони ҳаким бир куни ўғлига насиҳат қилиб: “Эй, ўғилчам! Ҳаётингда ўзинг рози бўлган ёки ёқтирмаган неки иш бошинга тушмасин, бу ишда албатта, мен учун яхшилик бор, деб билгин” деди. Ўғли ҳайрат билан: “Отажон, сиз айтган ҳолатни ўз кўзим билан кўрсам, кейингина иймоним комил бўлади”, деди. Отаси: “Ҳой, болакай! Аллоҳ таоло пайғамбарларни бежиз юбормаган. Мен билан юрсанг, бунга ўзинг ҳам гувоҳ бўласан”, деди. Ўғли: “Хўп отажон!”  дея отаси билан сафарга чиқишга рози бўлди.

Сафарда зарур бўладиган нарсаларини икки эшакка ортиб, ота-бола йўлга тушдилар. Бир неча кун йўл юрганларидан кейин бир саҳрога келишди. Саҳрода Аллоҳ истаганча юришди. Сув ва озуқа тугаб, машаққатлари ортиб борарди. Саҳронинг жазирама иссиғи ўз кучини кўрсатар, чанқоқ ва очлик уларнинг тинка-мадорини қуритган эди. Уловлари ҳолдан тойганидан, олдларига солиб аранг ҳайдаб боришарди. Кўзланган манзилга етай деб қолишган эди. Луқмони ҳаким диққат билан қарасалар, узоқдан ниманингдир қораси ҳамда тутун кўринди. “Ҳа! Дов-дарахт, тутун, одамлар – қишлоқ бор экан. Машаққатдан қутуламиз!” деб ич-ичидан суюнди. Шу пайт ўғли бир суякни босиб олди. Оғриқнинг зўридан беҳуш йиқилди. Ота бечора келиб ўғлини бағрига босди. Ханжардек қадалиб турган суякни тишлари билан зўрға суғуриб олди.

Боланинг аҳволи жуда аянчли эканидан боласининг бошларини силаб юм-юм йиғлар эди. “Йиғлаяпсизми ота?! Бу кўргулик мен учун яхшиликмикан? Сув ҳам овқат ҳам тугади. Қаерларда қолиб кетдик, ахир. Мени ташлаб кетсангиз, бир умр виждон азобида қоласиз. Мен билан қолсангиз, иккимиз ҳам бу кимсасиз саҳрода нобуд бўламиз...” деди ўғил. Ўғлининг сўзларидан берган насиҳатига шубҳаланиш яққол сезилиб турарди. Луқмони ҳаким оталарча меҳрибонлик ва мулойимлик билан: “Отангман ахир, азобларингга чидолмай йиғлаяпман, болам. Манзилга етолмай бундай ётишинг балки бирор яхшилик белгисидир. Бу қийинчилик сендан буриб юборилган даҳшатли офат олдида арзимасдир, балки?” деб уни юпатар эди.

Юраги тилка-пора бўлган ота бояги тарафга эътибор қилса, на тутун бор, на дов-дарахт. Ҳайрон бўлиб бўй чўзган эди, ўша томондан чиройли отда бир киши шу томонга келаётганини кўрди. Оппоқ кийимли ва оппоқ салла кийган жуда хушсурат киши отини елдек учириб, уларга яқинлашди. Чавандоз диққат билан кузатиб турган Луқмони ҳакимга яқин қолганда юзини беркитиб олди ва: “Сен Луқмонмисан?” деди. “Ҳа”, деди. “Сени Луқмони ҳаким дейишади, тўғрими?” деб такрор савол берди отлиқ. “Ҳа, шундай” деб жавоб қилди Луқмони ҳаким. “Ўғлинг сенга нима деган эди?” деб сўради отлиқ яна. Луқмони ҳаким: “Аллоҳ хайрингизни берсин, биродар. Кимсиз? Овозингизни эшитяпман-у, юзингизни кўра олмаяпман” деди. Отлиқ жавоб қилиб: “Мен Жаброилман! Роббим менга мана шу шаҳарни ва ундаги ким бўлса, барини ер билан яксон қилишни буюрди. Шу шаҳарни қасд қилиб кетаётганингиздан хабар топиб, Роббимдан сизларни тўхтатиб туришини сўрадим. Бу боланинг оёғига суякнинг кириши шундан. Шаҳарга кирганингизда, нобакорлар билан ҳалок бўлардингиз!” деди. Кейин отидан тушиб, боланинг оёғини силаган эди, жароҳат битиб, йигит ўрнидан турди. Идиш ва хуржун ҳам силаши билан сув ва озуқага тўлди. Уловлари ҳам ётган жойидан ирғиб туриб кетишди. Узоқ ва машаққатли, шу билан бирга ибратга тўла бу муборак сафардан кейин бир зумда уйларида пайдо бўлишди.

 

Жалолиддин Суютийнинг “Ад-дурр ул-мансур”  китоби асосида

“Боймоқли” жомеъ масжиди имом-хатиби

 Лутфулло УБАЙДУЛЛО тайёрлади.

 Зомин тумани

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муроқаба.Муроқаба, зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Нафси билан шартлашган банда уни муроқаба қилиб туриши лозим. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига давоми...

2025 20:07 / 14.11.2018
Руҳий тарбия соҳасида .тахаллуқ, ndash .хулқланиш, деганда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ила хулқланиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу борада эргашиш давоми...

3112 05:00 / 28.02.2017
давомиТонг отганда ва кеч кирганда қуйидаги дуони ҳам ўқийди . ,.Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

2713 13:00 / 13.12.2018
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари давоми...

2581 19:00 / 06.08.2022
Аудиолар

120110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41777 14:35 / 11.08.2021