1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Саҳарлик баракадир

16:52 / 28.05.2018 4019 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар",— деганлар. Қанчалик Аллоҳ  марҳаматли Зот, рўзада қиладиган саҳарлигимиз учун ҳам мусулмонларга ажр-савоблар ато этади. Ҳадисларда саҳарлик учун бериладиган мукофотлар ҳақида кўп айтилган. Аллома Айний раҳматуллоҳи алайҳи саҳарликнинг савоби ҳақида ўн етти саҳобадан ҳадис келтирган ҳамда уламолар саҳарликни мустаҳаб эканлигига иттифоқ қилишганини айтган.

Баъзилар дангасаликдан унинг савобидан маҳрум бўлишади. Бошқалар эса таровеҳдан сўнг таомланиб уйқуга кетадилар ва савобдан бебаҳра қоладилар. Луғатда тонгга яқин таомланиш саҳарлик дейилади. Баъзилар унинг вақти ярим кечадан бошланади дейишади. "Кашшоф" асари муаллифи саҳарлик вақти туннинг олтидан бир қисмининг сўнггисидир дейди. Яъни тун вақтини олтига бўлсак охирги қисми саҳарлик вақти бўлади. Масалан, кун ботишидан тонггача ўн икки соат бўлса, охирги икки соат саҳарлик вақти ҳисобланади. Шунда ҳам бироз кечроқ қилган афзал, албатта, саҳарлик вақти чиқиб кетиш хавфини инобатга олиб.

Саҳарликнинг баракалари ҳақида яна кўплаб ҳадислардан билиб олишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг ва аҳли китобларнинг (яҳудий ва насронийлар) рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарликдадир деганлар. Аҳли китоблар саҳарлик қилмаганлар. Бир ҳадисда Аллоҳнинг ризолиги учун саҳар қилинади дейилган. Бошқа ҳадисда шундай дейилган “Барака уч нарсададир: жамоат, сарийд ва саҳарликда”. Бу ҳадисда жамоат умумий маънода келган. Жамоат билан қилинган ишга Аллоҳ осонлик ато этади. Сарийд – гўшт солинган ва нон тўғралган араблар севиб ейдиган таом. Ва учинчиси – саҳарлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимнидир саҳарликка таклиф қилсалар шундай дердилар: “Кел, Аллоҳ рози бўладиган таомни еймиз”.

Бир ҳадисда “Саҳарлик қилинг, рўза учун қувват олинг. Пешинда ухлаб олинг, туннинг сўнгги қисмида туришингиз осонлашади” дейилган.

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда менга, албатта, саҳарлик баракадир, дедилар”. Кўп ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилишга ундаганлар. Ҳеч нарса бўлмаса ҳам бир хурмо ёки бир қултум сув билан саҳарлик қилишни тавсия қилганлар. Саҳарликни учун мукофот ваъда қилинган бўлиб, рўза учун саҳарлик қилишимиз ўзимиз учун фойдадир. Лекин шунда ҳам ўртача йўл тутган афзал. Саҳарликда кам овқатлансак ибодатларда мадорсизланиб қоламиз, кўп овқатлансак – куни билан беҳузур юрамиз. Юқоридаги ҳадисда саҳарликни жуда бўлмаса бир хурмо ёки бир қултум сув қилишга кўрсатма берилган. Овқатни ортиқча емаслик ҳақида ҳам алоҳида ҳадислар келган. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи имом Буҳорий ҳадислари шарҳида ёзадики, бир нечта сабабларда саҳарликнинг барокати бордир. Бу суннатга эргашиш, аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик, яъни улар саҳарлик қилишмайди ва биз улардан фарқланиб туришимиз лозим. Сўнгра ибодат учун куч ва рағбат тўплаш. Яна очлик сабабли кайфият ёмонлашади, саҳарлик эса уни яхшилайди туради. Бирор муҳтож кимса келса саҳарлик унга мадад бўлади, ночор қўшнига эса – ёрдам. Саҳарлик вақти – дуо қабул бўлиши учун жуда қулай фурсатдир. Саҳарликда дуо қилиш билан бирга зикр ва бошқа савобли амаллар қилиш имкони пайдо бўлади.

Ибн Дақиқул Ийд раҳматуллоҳи алайҳи саҳарлик борасида шайхларда ихтилоф бор дейди, яъни саҳарликда кўп овқатланиш рўзанинг мақсадларига зид экан. Рўзадан мурод ошқозон ва нафс шаҳватини ўлдиришдир. Саҳарликда кўп овқатланишнинг мақсади эса бунга зид. Шу сабаб рўзанинг мақсадини йўқотадиган даражада кўп овқатланиш нотўғри. Қолаверса, инсонлар эҳтиёжлари ва имкониятларидан келиб чиқиб фарқланишади. Бизнинг бу ихтилофлар юзасидан фикримиз шуки, ифторлик ва саҳарлик вақтида кўп таом истеъмол қилмаган яхши, бироқ шунда ҳам ҳар бир инсоннинг эҳтиёжидан келиб чиқиш керак. Масалан, диний таълим олаётганларнинг камроқ овқатланишлари рўза учун фойдалидир, шу билан бирга бу илм олишларида зарар келтириши мумкин. Шу сабаб улар таомни камайтирмаганлари афзал, чунки шариатда диний илмларнинг аҳамияти катта. Бу фикримиз зикр қилувчи ва таомнинг кам истеъмоли оқибатида диний фаолиятларига путур етиши мумкин бўлган гуруҳларга ҳам тегишлидир.

Бир куни Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳод пайтида рўза тутиш тақводан эмас дедилар. Сабаби, жиҳоднинг зарурати юқорироқ эди. Албатта, рўзадан муҳим турадиган баъзи диний ишларда агар қувватсизлик ёки дангасалик пайдо бўлмаса озроқ таомланиб рўза тутган яхши. Имом Шаъроний раҳматуллоҳи алайҳи “ал-Иқна” китобига берган шарҳларида тўйиб таомланмасликка, айниқса Рамазонда, ваъда олинганлигини айтадилар. Рамазон ойида бошқа ойдан кўра камроқ овқатланиш яхши. Қорнини тўйдирволиб ифторлик ва саҳарлик қиладиганлар рўзасининг савоби ҳам шунга яраша бўлади. Машойихлар Рамазонда оч юрган кейинги Рамазонгача бир йил шайтоннинг ёмонлигидан омонда бўлади, дейишган. Бу мавзуда машойихлар яна кўпгина қаттиқ гаплар айтишган. Оз таомланиб нафсни жиловлаган аждодларимиз ҳаётидан минглаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин шарти шундаки бу диний ишларга зарар бермаслиги керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана барча мўмин ndash мусулмонлар кутиб турган муборак Рамазон ойи кириб келди. Бу рўза ойи биз учун муборак вақт, негаки бу ойда ибодат амалини мукофоти бир неча давоми...

4372 01:34 / 21.05.2018
Ўн икки ойнинг султони, муборак моҳи Рамазонга ҳам оз фурсат қолди. Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳрмурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб давоми...

4226 16:00 / 08 март
Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз .таровеҳ, деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ сўзи роҳатистироҳат деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат давоми...

4502 20:57 / 29.05.2018
Араб тилидаги .таровеҳ, сўзи луғатда .дам олиш роҳатланиш, маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракъатли намознинг ҳар тўрт ракъатини давоми...

21518 16:42 / 28.05.2018
Аудиолар

120107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41773 14:35 / 11.08.2021