1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Сафарда суннат намозларини ўқиш мумкинми?

05:00 / 09.01.2017 41852 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга беҳад ва беадад шукру ҳамдлар бўлсин. Унинг Расули Муҳаммад Мустафога ҳамда ул зотнинг аҳли байт ва саҳобаларига дуруду саловотлар бўлсин. Ислом дини шаънини юқори кўтарган, исломий илму маърифатни дунёга таратган уламо ва фузалоларга раҳмату мақтовлар бўлсин.


    Аллоҳнинг марҳамати, истиқлолимиз шарофати ила эмин-эркинлик бўлиб, динимизга оид адабиётлар кўплаб нашр қилинмоқда, диний манбалар таржима этилиб чоп этилмоқда. Қуръони каримнинг маъно таржималари бир неча бор ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Имом Бухорий (810-870)нинг мўътабар асари уч бор тўла таржимаси, Имом Термизий (824-892) асарининг бир қисми таржима бўлди ва икки марта нашр этилди. Имом Муслим (821-875)нинг асари эса таржима қилиниб турганидан, Имом Доримий (794-869) асари эса таржима қилинаётганидан хабаримиз бор, ва, ниҳоят бошқа муҳаддисларнинг асарларининг ҳам таржимаси бошлаб юборилди. Булардан ташқари ақоид, фиқҳ, тасаввуфга оид ўнлаб асарлар, мерос илмига оид рисолалар ва ҳоказолар ўзбек тилида мусулмонлар қўлига етиб бормоқда. Йирик ҳажмли “Ҳадис ва ҳаёт” қомуси, “Зикр аҳлидан сўранг...” ойномаси китобсевар мусулмонлар қўлига етиб турибди. Айниқса, ҳанафий мазҳабига оид асарларнинг кўплаб чоп этилиши ҳар хил ихтилофларнинг олдини олишда муҳим омил эканлигини эътироф этиш лозим.  

    Зеро, фиқҳ соҳасидаги мунозаралар, муҳокамалар, ҳар хил ёндошувлар ҳамма замонларда бўлиб турган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Мустақиллик йилларида Республикамизда чиқаётган фиқҳга оид асарларда ҳам бундай ҳар хилликлар ва фақиҳларнинг турлича қарашлари ўз аксини топмоқда. Баъзида оддий халқ орасидаги баҳслар ҳам бундай фиқҳга оид асарлар натижасида бўлиб туради. Бироқ, ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос қарашлари ва фатволари бор. Бундай қараш ва фатволар ўша мазҳабни бошқаларидан ажратиб, билдириб туради. Баъзи бир фиқҳий қарашлар эса барча мазҳабларда якдиллик ила қабул этилган. Мана бу ҳақиқатни ажрата билиш жуда муҳим. Зотан, фатво бераётган уламо ўз мазҳабининг асоси бўлмиш усулни билмаса, бошқа мазҳаб қарашларига оғиб кетиши, бемазҳаблик йўлини тутиб ўзини ҳам, халқни ҳам овораю сарсон қилиши ҳеч гап эмас.

    Кейинги ўн йилликларда ҳар йили ҳаж арафаси ва ҳаж мавсумида қўзғаладиган, баҳсу мунозараларга сабаб бўлган масалалардан бири мусофир одам сафарда суннат намозларини ўқиши мумкинлиги ёки ўқимаслиги ҳақида бўлаётгани кўпчиликка маълум. 

    Сафарда суннат ўқиб бўлмайди, дегувчилар Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) томонидан саҳоба Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил сифатида келтирадилар: "Мен сафарда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр, Умар ва Усмонлар билан ҳамроҳ бўлганман. Уларнинг биронталари ҳам сафарда икки ракъат фарздан бошқа намоз ўқимас эдилар". 

    Сафарда суннатлар ўқилмайди дегувчилар Ибн Умар (612-693) разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни келтиришдан олдин, баҳс этилаётган мавзуга оид ҳамма ҳадисларни, айниқса, айнан Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифни ҳам ўқиб чиққан бўлишлари керак эди. Гап шундаки, "Саҳиҳи Бухорий"нинг "Намозни қаср қилиб ўқиш ҳақидаги китоб"идаги 7, 8, 10, 12 – бобларида сафарда нафл ўқиш ҳақидаги бир қанча ҳадиси шарифлар келтирилган. (Қаранг: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. I китоб. –Тошкент: "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриёти, 2008. 180-182 бетлар.)

Уларда мусофир гарчи улов устида кетаётган бўлса ҳам, имо-ишора қилиб бўлса ҳам нафлларни адо этиши мумкинлиги, балки кераклигини таъкидланган. Айнан муаллиф келтирган ҳадиси шарифнинг ровийси Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзи улов устида қайси томонга қараб бўлса ҳам фарз намозидан бошқа намозларни ўқиб кетишини Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган-ку!

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда суннат намозларини (бомдод суннатидан ташқари, албатта) ўқимаганлар деб, сафарда суннат намозларини ўқимаслик суннат деган хулосани баён қилинган. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган, бир-икки марта тарк қилиш билан бажариб юрган феълларидан фиқҳдаги суннат атамаси ва ҳукми юзага келган. Ул зоти шарифнинг қилмаган феъллари суннат дейилмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гилам ва кўрпачалар солинган масжидларда намоз ўқимаганлар. Унда бундай масжидларда намоз ўқимаслик суннат бўладими?! “Чилёсин” ўқиб одамларга дам солганлари маълум эмас, ўлган биронта яқинларига “таборак сураси”ни ўқиб бағишлаганлари ривоят қилинмаган. Демак, бу феълларни қилмаслик суннатлиги чиқадими?! Асло, ундай эмас!  

    Сафарда суннат намози ўқилмайди дегувчиларнинг ҳаддан ошганлари ҳатто ҳарами шарифда суннат ўқиш "гуноҳ" деган фикрни ҳам айтадилар. Ҳарами шариф мўъмин кишининг кўп ибодат қиладиган, ғанимат биладиган муқаддас макони эмасми?! Ҳарами шарифга кирган инсон суннат ўқиш "гуноҳ" бўладиган бўлса, нима билан машғул бўлади?! Фақат у тавоф ва қироат ёки зикр қилавермайди-ку! Ҳарами шарифга зиёратга борган минглаб, балки миллионлаб мусулмонлар суннат намозларини ўқиб гуноҳкор бўлиб қайтишаётган экан-да! 

    Ҳарами шарифга кирган одам суннат ўқимасдан ўзи хоҳлаганча намоз ўқиши мумкинми?! Хўп, шундай бўла қолсин. Ўзи хоҳлаган намозини ўқийдиган бўлса, унда ўша одам ўзи хоҳлаб суннат ўқиса-чи, бу мумкин эмасми?!

    Сафарда суннат намози ўқиш мумкинлиги, суннат ўқиш асло гуноҳ эмаслигини айтувчи ўзбек олимларининг фикрлари қуйидагича:

Пойтахтимиздаги муҳтарам олимларимизнинг раҳбари Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бўлиб, ул зот “Сўраган эдингиз...” рисоласида сафарда суннат намозларини қаср қилиб ўқиш мумкин ёки мумкин эмаслиги борасидаги мусулмонлар сўраган саволга жавоб бериб, бундай деб фатво берганлар: 

“Сафарда суннат намозлар қаср қилинмайди... Ҳозирги пайтда техника ривожланиб, киши хоҳлаган манзилига ўз машинасида ёки кўчанинг машинасида етиб олиши мумкин. Намоз вақти кириши билан бемалол тўхтаб, дам олиб, намозни тўкис адо этиш мумкин. Шундай пайтларда фарз намозларни қаср қилиб, суннат намозларни тўлиқ ўқийди. Мободо вақт зиқ бўлиб, фарз намознинг вақти чиқиб кетаёзган бўлса, ёки бошқа зарурат ҳолатларда суннат намозларни ўқимайди”. (Қаранг: Сўраган эдингиз... / Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар. 8-сон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2009. 36-бет.) 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг берган фатвоси Ҳанафия мазҳаби уламолари берган фатволарига ҳамоҳангдир. Бинобарин, вақт зиқлигида, қийинчилик бор пайтда фарзларни қаср қилиб ўқийди-да, суннатларни ўқимай қўяверади. Зотан, Ислом шариати сафарнинг қийинчилигини эътиборга олиб, фарзларни қисқартирганидан кейин суннатларни ўқимасликка рухсат беради, албатта. Бироқ, ҳарами шарифда айнан ҳаж ибодатига келган ҳожилар ибодат ва тоат шавқи ва завқида бўлиб турсалар-у, уларга суннат ўқишлик гуноҳ дейиш ҳеч бир мусулмонга жоиз эмас! Зеро, Ўзбекистон Мусулмонлари раиси “суннат намозларни тўлиқ ўқийди” деб тургани беҳуда қолиб, ихтилоф келиб чиқади-ку!?  

Биринчи муфтий Эшон Бобохоннинг авлодидан муфтий Шамсиддинхон Бобохон ҳазратлари ҳамда Шайх Абдулазиз Мансур жаноблари ўзларининг халқ орасида машҳур бўлиб кетган "Минг бир фатво" рисолаларининг 2-қисмида 330-фатвода бундай деб фатво берганлар:

    "Сафарда суннат намозларини ўқимасликка баъзи уламолар рухсат берган бўлса-да, хавф-хатарли жойларда ўқимаслик, барқарор, тинч жойларда ўқишлик авлодир". (Қаранг: Шамсиддинхон Бобохон, Шайх Абдулазиз Мансур. Минг бир фатво. 2-қисм. –Тошкент: "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриёти, 2005. 10-бет.)

    Мазкур фатвога кўра, барқарор, тинч ва осойишта жой бўлган ҳарами шарифда суннат намозларини ўқиш авло экан!

    Яна пойтахтимиз олимларидан Муҳаммад Шариф Жуман домла ҳамда Аҳмад Муҳаммад биргаликда нашр қилдираётган "Динда саволим бор..." рисолаларининг иккинчи ва бешинчи сонларида мусофирнинг ҳам суннат намози ўқишлиги мумкинлигини ёзиб, бомдоднинг суннатини ўқишлик ҳақидаги ўқувчиларнинг саволига жавоб сифатида бундай фатво берганлар:

    "Энди унинг сафарда тарк этиш масаласига келсак, имкон борича ўқилади, аммо ўқилмай қолса, гуноҳ бўлмайди". (Қаранг: Муҳаммад Шариф Жуман, Аҳмад Муҳаммад. Динда саволим бор... Иккинчи китоб. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 22-бет.)

    Ҳарами шарифда намоз ўқишга мушарраф бўлган бахтли намозхон нафақат бомдоднинг суннатини, балки бошқа суннат намозларни ўқишга ҳам имкон топади. Бинобарин, уни ўқилмасдан қолдиришга эмас, ўқишга ҳаракат қилмоғи даркор. Ўқилмай қолса, гуноҳ бўлмаслиги қандай вақтда ва ҳолатда бўлишини Муҳаммад Шариф Жуман ҳамда Аҳмад Муҳаммадлар жуда яхши биладилар. Шунинг учун мусофирга тааллуқли ҳукмларни баён қилганларида бундай ёзганлар:

    "Агар йўлда қийинчилик ёки вақт зиқлиги мавжуд бўлса, суннатларни ўқимаслик жоиз". (Қаранг: Муҳаммад Шариф Жуман, Аҳмад Муҳаммад. Динда саволим бор... Бешинчи китоб. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2006. 21-бет.)

    Халқимизнинг яна бир буюк олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам "Зикр аҳлидан сўранг" ойномасининг 10-сонида 119-саволнинг 3-бандига ҳамда 67-сонида суннат намозлари ҳақидаги саволга жавоб бериб: "Сафарда юриб турганда суннатларни ўқимаса бўлади. Аммо жойлашиб олгандан кейин суннатлар ҳам ўқилади", деб фатво берган (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг. 10-сон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 18-бет. Шунингдек қаранг: 67-сон. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашр.-матбаа бирл., 2008. 23-бет.) ва шу фикрни "Кифоя"да ҳам давом эттирган. (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 1-жуз. –Тошкент: "Шарқ" нашриёт матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2008. 369-бет.)  

    Бундан ташқари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сафарда суннат намозлар ўқилиш ёки ўқилмаслик ҳақидаги савол-жавоблар, гап-сўзлар кўпайиб бораётганини эътиборга олиб, ҳар хил ихтилофларга чек қўйиш, намозхонларнинг бир фикрга келишлари учун "Зикр аҳлидан сўранг" ойномасининг 22-сонида бу масъалага батафсил тўхталган ва тўрт мазҳабнинг фиқҳий асарларидан иқтибослар олиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларидан далиллар келтириб, сафарда иложи борича суннатларни ўқиш кераклиги тўғрисида муфассал баёнотлар зикр қилган. (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг. 22-сон. –Тошкент: "Тошкент ислом университети" нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. 3-18 бетлар.)

    Ҳар йили ҳаж мавсумида сафарда суннат ўқиш ёки ўқимаслик ҳақида тортишувлар, мусулмонлар орасида ихтилофлар бўлаверганидан кейин вилоятдаги олимларимиздан бири Абдуллатиф қори Ҳошимжон қори ўғли, пойтахтимиздаги адибларимиздан ҳожи Мирзо Аҳмад Хушназар билан бирга "Ҳаж – покланиш сафари. Ҳожиларга ёрдам" рисолаларида сафарда суннат намозларини ўқиш ҳақида ҳам тўхталишни лозим топганлар. Бу ерда улар мазҳабимизнинг фиқҳий манбаларига ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига суянган ҳолда ҳожилар суннат намозларини ҳам имкон даражасида ўқишлари суннат эканлигини баён қилганлар. (Қаранг: Абдуллатиф қори Ҳошимжон қори ўғли. Ҳаж – покланиш сафари. Ҳожиларга ёрдам. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 27-36 бетлар.)

    Юқорида иқтибослар олинган мазкур асарларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Уламолар Кенгаши қошидаги экпертизадан ўтказилган ҳамда Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг тавсиясига биноан чоп этилган. Шунингдек, Дин ишлари қўмитасининг тавсияси билан нашр этилган “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобида ҳам “сафарда бомдод, шом ва витр намозлари ҳамда суннати равотиблар эса бутун ўқилади” дейилган. (Қаранг: Аҳмад Иззуддин ал-Баямуний. Таҳорат ва намоз ҳукмлари / Таржимон А.Абдуазимов.  Т.: Мовароуннаҳр, 2005. 126-бет.) 

Сафарда суннат ўқилмаслиги ҳақида далил сифатида келтирилган Ибн Умар (р.а.)нинг ривоят қилган ҳадиси борасида уламоларимиз бундай жавоб берганлар.    Имом Термизий Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф шундай келтирилган: 

    عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: صليت مع النبى صلى الله عليه وسلم فى الحضر و السفر فصليت معه فى الحضر الظهر أربعا و بعدها ركعتين و صليت معه فى السفر الظهر ركعتين و بعدها ركعتين و العصر ركعتين و لم يصلّ بعدها شيئا، و المغرب فى الحضر و السفر سواء ثلاث ركعات لا تنقص فى الحضر و لا فى السفر هى وتر النهار و بعدها ركعتين

"Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳазарда (муқимликда) ҳам, сафарда ҳам намоз ўқидим. Муқимликда ул зот билан бирга пешин намозини тўрт ракъат, фарздан кейин эса икки ракъат ўқидим. Сафарда у зот билан бирга пешин намозини икки ракъат, фарздан кейин ҳам икки ракъат ўқидим; аср намозини ҳам икки ракъат ўқидим, (аммо) асрдан кейин ҳеч қандай намоз ўқимадилар. Шом намозини ҳазарда (муқимликда) ҳам, сафарда ҳам бир хил – уч ракъат ўқидим. Ҳазарда ҳам, сафарда ҳам шом намози қисқартирилмайди. Чунки, у кундузнинг витридир. Шомдан кейин икки ракъат ўқидим". (Қаранг: Термизий ривояти. Абвоб ас-солат, 31. Сафарда нафл ўқиш борасида келган ҳадислар боби, 552-рақам. Бу ҳасан ҳадис деган. Шунингдек қаранг: Шайх Валийуддин ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. 1-жилд. –Қозон-1898. 213-бет.)

    Мазҳабимизнинг машҳур имоми, ақоид илми олимларидан, IX аср муҳаддиси Имом Таҳовий (845-933) ҳам мазкур ҳадисни ҳасан деб ривоят қилган ва "Сафарда хуфтонни икки ракъат қилиб ва ундан сўнг икки ракъат ўқидилар" деган жумлани қўшиб келтирган. (Қаранг: Мушкил ул-асор, 1/243. Шунингдек, Имом ат-Таҳовий Ибн Умар (р.а.)нинг ривоят қилган ҳадисини “Шарҳи маоний ал-асор” асарида “Мусофирнинг намози боби”да келтирган. Қаранг: Шарҳи маоний ал-асор. (2/239-240).) 

“ХХ аср ҳадисшуноси” деб аталаётган Албоний мазкур ҳадиснинг иснодини заиф деган. Унинг заиф дейишининг зарари йўқ. Чунки, заифлик бирор жиҳат билан қувватланадиган бўлса, хусусан, фазойили аъмол борасида заиф ҳадис амал қилишга ярайди. Буюк муҳаддис Имом Термизийнинг ўзи ривоят қилган ҳадисини ҳасан деб қўйган бўлса, унга албатта амал қилинади. Зотан, ҳасан ҳадис амалиётда ҳужжат сифатида олинишига бутун муҳаддислар иттифоқ қилганлар. (Қаранг: Муҳаммад Жамолиддин ибн Муҳаммад Саид ад-Дамашқий. Қавоид ат-таҳдис мин фунуни мусталаҳ ал-ҳадис / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 1/66 ва ундан олдинги саҳифалар. Шунингдек, қаранг:  Ҳазрат Мавлоно Ҳабиб ар-Раҳмон Қосимий. Шарҳ муқаддимат аш-Шайх Абдулҳаққ Деҳлавий фий баёни баъзи мусталаҳоти илм ал-ҳадис. –Девбанд: Маркази даъват ва таҳқиқ, 1417. 103-бет. Шунингдек, Имом Нававий ўзининг “Арбаъин” асари муқаддимасида заиф ҳадисларга амал қилиш мумкинлигини айтган. Қаранг: Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий. Қирқ ҳадис / Таржимон Отабек Ғайбуллоҳ. –Т.: Мовароуннаҳр, 2005. 4-бет.)

    Имом Термизий сафарда пешиннинг ва бошқа намозларнинг суннатлари ўқилиши ҳақидаги ҳадисларни келтириб бундай деган:

    ثم اختلف أهل العلم بعد النبى صلى الله عليه وسلم فرأى بعض أصحاب النبى أن يتطوع فى السفر، و به يقول أحمد و اسحاق، و لم يرى طائفة من أهل العلم أن يصلى الرجل قبلها و لا بعدها و معنى من لم يتطوع فى السفر قبول الرخصة، و من تطوع فله فى ذلك فضل كثير، و هو قول أكثر أهل العلم يختارون التطوع فى السفر

     "Сўнгра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин илм аҳли ихтилоф қилишди. Пайғамбарнинг баъзи саҳобалари сафарда татаввуъ (суннат ва нафл) ўқийди, деб Аҳмад (ибн Ҳанбал) ва Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ) шундай фикрни айтганлар. Бир гуруҳ илм аҳли эса, киши фарзлардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқишни жоиз кўрмаганлар. Сафарда татаввуъ ўқимасликнинг маъноси рухсатни қабул қилишдир. Кимки татаввуъ ўқиса, шубҳасиз, бунда кўп фазилат бор. Илм аҳлларидан кўпчилигининг қавли шу: сафарда татаввуъ (суннат ва нафл) намози ўқимоқни ихтиёр қилганлар". 

Бомдод намозининг суннати суннат намозлари ичида энг афзали, таъкидланганроғи эканлиги барчага маълум. Уни Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазарда ҳам, сафарда ҳам тарк қилмаганлар. Абу Ҳурайра (602-679) разийаллоҳу анҳу ривоят қилишига қараганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб буюрганлар:

لا تدعوا ركعتي الفجر و لو طردتكم الخيل

"Бомдод намозининг суннатини тарк этманглар, гарчи сизларни отлиқлар қувиб келса ҳам". (Қаранг: Муснаду Аҳмад 2/405; Абу Довуд, Боб ракъатай ал-фажр, 1258-рақам. Шунингдек, “Найл ул-автор”да ҳам (2/264) нақл қилинган.) 

Мазкур ҳадиси шарифдан бомдоднинг суннатини сафарда ҳам тарк қилмаслик лозимлиги чиқади. Зотан, отлиқларнинг қувиб келиши кўпинча сафарда юз беради.

Бомдод суннатидан кейинги афзал суннат намози шомнинг суннати эканлигини бухоролик машҳур фақиҳ Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий (вафоти 452/1060) ихтиёр қилган. Ибн Ҳумом (1386-1456) "Фатҳ ул-қадийр"да ва Акмалуддин Бобуртий (1313-1384) "Иноя"да айтишларига қараганда, Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоийнинг фикрига кўра шом намозининг суннатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазарда ҳам, сафарда ҳам тарк қилмаганлар. (Қаранг: Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. Боб ан-навофил. 1-жилд. –Миср: Амирия, 1310. 313-бет; Акмалуддин Бобуртий. Ал-Иноя. –Миср: Амирия, 1310. 314-бет.) 

Шу сабабдан бўлса керак, айнан бомдод ва шом намозларининг суннатларини барча ҳолатларда тарк қилмасликни ўзбек халқининг буюк бобокалони Алишер Навоий ҳам ўзининг “Сирож ул-муслимин” асарида “Намоз суннатларининг ракаоти адади” баёнида таъкидлаган:

Бировким, кеча-кундуз қилса тоат,

Эрур суннат анга ўн икки ракъат.

Икки ар ракъат ўлди субҳ ила шом,

Ул икки тўртдур, англа барча айём. (Қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлари тўплами. XVI том. –Т.: Фан, 2000. 285-бет.)

Алишер Навоий бобомизнинг мазкур назмда ифодаланган фатвосидан бомдод ва шом намозларининг суннатлари ўн икки ракъатли бир кунлик суннатлар ичида алоҳида ажралиб туришини ва буни барча ҳолатларда англаб, ўқиш кераклигини тушинамиз. 

Кўпчилик уламолар наздида эса бомдод намозининг суннатидан кейинги энг афзал суннат намози пешиннинг суннатидир. Бунга ҳадиси шарифлар ҳам далолат қилади.  

Сафарда бомдоднинг суннати ўқилиши кераклиги Имом Бухорийнинг ривоятидан маълум. “Саҳиҳи Бухорий”да "Расулуллоҳ (сав) бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқидилар" деб келтирилган. (Бухорий, 182-бет.) 

Имом Термизий эса Барро ибн Озиб (вафоти 71/690) разийаллоҳу анҳунинг бундай деганини ривоят қилган:

     عن البراء بن عازب رضى الله عنه، قال: "صحبت رسول الله صلى الله عليه وسلم ثمانية عشر سفرا، فما رأيته ترك الركعتين اذا زاغت الشمس قبل الظهر

    "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн саккизта сафарда йўлдош бўлдим: қуёш оғганда пешиндан олдинги икки ракъатни тарк этганларини кўрмадим". (Термизий уни «Абвоб ас-солат»да 41 бобда келтирган. 2/435. Шунингдек, “Сафарда нафл ўқиш ҳақида келган ҳадислар” бобида 550-рақамда ривоят этилган ва ҳадиси ғариб дейилган. Шунга ўхшаш мазкур ҳадисни Абу Довуд (1/472-473) Қутайбадан шу иснод ила ривоят қилган. Шунингдек қаранг: Шайх Валийуддин ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. 1-жилд. –Қозон-1898. 214-бет.)

Имом Термизий буни ҳасани ғариб ҳадис деган ва Имом ал-Бухорийнинг мазкур ҳадис ровийларидан Абдураҳмон ибн Абу Лайло (638-702)нинг "мен учун бундан ҳам кўра севимлироқ ҳадис ривоят қилмаган" деб мазкур ровийнинг мазкур ҳадисига таҳсин айтганини келтирган. Демак, Имом Бухорий тарафларидан ҳам ҳадис тасдиқланган. Имом Бухорийдек ҳадис илмининг энг буюк алломаси ҳасанлигини тасдиқлаган мазкур ҳадисни Албоний бечора заиф деган. (Қаранг: Носириддин Албоний.  Саҳиҳу ва заифу Сунани Термизий / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 2/50-53.) 

    Расули акрам алайҳиссалом билан бирга 18 марта сафарда бўлган саҳобий ул зоти шарифнинг суннат ўқиганликларини айтган бўлсалар-у, “сафарда суннат ўқишлик гуноҳ, сафарда суннат ўқимаслик суннат” дейишлик нодонлик эмасми?! 

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарда кечаси нафл намозларини ҳамда витрни улов устида ўқиб кетаётганини саҳобалар кўрганликлари ривоят қилинган. (Қаранг: Бухорий 1096-рақамли, Муслим 701-рақамли ҳадислар.) Сафарда оддий нафлларни ўқиш гуноҳ бўлмаганда суннат намозларни ўқиш гуноҳ бўларканми?! 

    Энди, Имом Термизий ва Имом Муслим ривоят қилган Ибн Умарнинг гапига келсак:

    سافرت مع النبى صلى الله عليه وسلم و أبى بكر و عمر و عثمان فكانوا يصلون الظهر والعصر ركعتين ركعتين لا يصلون قبلها و بعدها، و قال عبد الله: لو كنت مصليا قبلها أو بعدها لأتممتها

    "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ва Абу Бакр, Умар, Усмонлар билан бирга сафар қилдим. Улар пешин ва асрни икки ракъат-икки ракъат қилиб ўқигандилар. Улардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар. Абдуллоҳ (Ибн Умар) айтади: Агар мен улардан олдин ва кейин намоз ўқийдиган бўлсам, уларни тўлиқ (қаср қилмасдан) ўқиган бўлардим". (Қаранг: Термизий “Абвоб ус-сафар”да (2/428)да 39-боб “Сафарда қаср ўқиш ҳақидаги ҳадислар” мавзуида 544-рақамда ривоят қилган. Имом Муслим эса 6-китоби “Солати мусофирин”нинг биринчи бобида 8-рақамда ривоят қилган.)

    Гарчанд Имом Термизий: “Ибн Умарнинг мазкур ҳадиси ҳасани ғариб, ҳадисни танимаймиз” деган бўлса-да, Ибн Умарнинг гапини уламоларимиз, хусусан, "Фатҳ ул-Борий"да Ибн Ҳажар Асқалоний (1371-1449) айтишига қараганда, шундай тушинишимиз керак: бунда шошилинч ва йўл юраётганда ўқиладиган намозлар кўзда тутилган. (Қаранг: Фатҳ ул-Борий. 4/74-78.) 

Ибн Умарнинг Имом Термизий ривоят қилган Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга намознинг суннатларини ҳам ўқиганлик ҳақидаги ҳадиси эса барқарор бўлиб бир жойда тургандаги намоз ўқиш ҳолатлари ҳақидадир. Шунингдек, Ибн Умардан икки хил ривоят келиши суннатларни сафарда тарк қилиш рухсат, ўқиш эса азимат эканлигини билдиради. Зотан, Имом Моликнинг ривоятига кўра, Ибн Умар ўз ўғли Убайдуллоҳнинг сафарда нафл (суннат)ларни ўқишини кўриб, инкор қилмас эдилар. (Қаранг: Шайх Валийуддин ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. 1-жилд. –Қозон-1898. 214-бет.) 

Мавлоно Алий ал-қори (вафоти 1014/1605) “Мирқот ал-мафотиҳ” асарида Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг сафарда суннат ўқишни инкор қилганининг сабаби вақт зиқлигида нафл (суннат) ўқишга ёпишиб олиш ва йўл юришда суннат вазифаларини лозим деб гумон қилишни ёқтирмагани учун деб зикр қилган. Ўғлининг нафл ёки суннатни тарк қилиш жоизлигини билиб вақт кенглигида ўқишини кўриб инкор этмаган, деган. (Қаранг: Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 3-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр, 1994. 438-439 бетлар.) 

    Бундай қараш, яъни мусофир суннат намозларини ўқишлиги ва ўқимаслиги ҳақидаги қараш мазҳабимизнинг мўътабар фиқҳий манбаларида ҳам келтирилган. Жумладан,        

     و لا قصر فى السنن، كذا فى المحيط السرخسى. و بعضهم جوّزوا للمسافر ترك السنن. و المختار أنه لا يأتى بها فى حال الخوف و يأتى بها فى حال القرار و الأمن هكذا فى الوجيز للكردرى.

"Суннатлар (ўқиш)да қаср қилиш йўқ. Чунончи, "Муҳит ас-Сарахсий"да келгандир. У (уламолар)нинг баъзиси мусофир учун суннатларни тарк қилишни жоиз қилганлар. Мухтор қавл шуки, (ихтиёр этилган қараш шуки), уларни хавф ҳолатида келтирмайди, қарор ва тинчлик-омонлик ҳолатида уларни келтиради (яъни, суннатларни ўқийди). Мана шундай Имом ал-Кардарийнинг "ал-Важиз" (яъни “Фатовойи Баззозия”) асарида келгандир". (Қаранг: ал-Фатово ал-Ҳиндия ал-маъруфа би-л-Фатово ал-Оламгирия. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. 153-бет.) 

Бухоролик улуғ ва таниқли фақиҳлардан бири Имом ал-Ҳиндувоний (вафоти 362/972) юқоридаги қавлга ўхшашни фатво берган эканлар. Яъни, у зот мусофир йўлда юрганида суннатларни ўқимаса ҳам бўлади, лекин борадиган жойига етгандан сўнг суннатларни ўқиши афзалдир:

و يرخص للمسافر ترك السنن. و قيل لا. و الأعدل ما قال الهندوانى ان فعلها أفضل حالة النزول و الترك أفضل حالة السير الا سنة الفجر

"Мусофир учун суннатларни тарк қилиш рухсат этилади. Рухсат этилмайди, ҳам дейилган. Ал-Ҳиндувоний айтгани энг адолатлироғидур: агар уларни келиб тушган ҳолатида бажарса афзалдир. Сайр (йўлда юрган) ҳолатида эса ўқимагани афзалдир. Фақат бомдоднинг суннати унақа эмас (яъни, барча ҳолатларда уни ўқиш керак)".

Мазкур иборани Мулло Хусрав ал-Ҳанафий (вафоти 885/1480) ўзининг "Дурар ал-ҳукком фий шарҳ Ғурар ал-аҳком" асарида зикр қилган ва яна Бухоро амирлигининг охирги муфтий ва қозилари таълиф қилган "Фатовойи Жунг"да ҳам иқтибос олинган. (Қаранг: Муҳаммад ибн Фаромуз Мулло Хусрав ал-Ҳанафий. Дурар ал-ҳукком фий шарҳ ғурар ал-аҳком. –Истанбул: Саҳҳофия, 1318. 134-бет; Мухтасари Виқоя маъа Жунг. –Бухоро-Когон, 1327. 66-бет.)

Ҳанафий мазҳабининг яна бир мўътабар манбаларидан бири, Иброҳим Ҳалабий (вафоти 956/1549)нинг “Ҳалабийи кабир” деб аталадиган машҳур асарида бундай ибораларни ўқиймиз:

يرخص للمسافر ترك السنن على قول البعض. و قال: الفضل لا يرخص. و فى المبسوط لشمس الأئمة لا قصر فى السنن و تكلموا فى فضل. قيل الترك ترخصًا و قيل الفعل تقربًا. و قال الهندوانى الفعل افضل حالة النزول و الترك فى حالة السير. انتهى. و هذا الأعدل اذا لم تكن مشقة حالة النزول. و قد تقدم عن ابن عمر انه قال: " لو كنت مسبّحا لـأتممت". و قال هشام: "رأيت محمدا كثيرا لا يتطوع فى السفر قبل الظهر و لا بعدها، و لا يدع ركعتي الفجر و المغرب، و ما رأيته يتطوع قبل العصر و لا قبل العشاء". كذا فى شرح الهداية للسروجى.

“Мусофир учун баъзиларнинг қавлига кўра суннатларни тарк қилишга рухсат берилади. “Фазилат шуки, рухсат берилмайди” деганлар ҳам бор. Шамс ул-аимма (ас-Сарахсийга тегишли) “ал-Мабсут”да: “суннатларда қаср қилинмайди, унинг фазилати борасида уламолар гапирганлар” дейилган. Рухсат жиҳатдан таркни, тақарруб жиҳатдан бажаришни айтилган. Ал-Ҳиндувоний: “(Сафарда бирор жойга бориб) тушган ҳолатда суннатларни қилиш афзал, йўлда кетаётган ҳолатда эса тарки яхши” деган. Бирор жойга бориб тушган ҳолатда машаққат бўлмаса, демак, мана шу фикр адолатлироқдир! Ибн Умар (р.а.)дан бир ривоят юқорида ўтдики, у: “Агар суннат ўқийдиган бўлсам, (фарзларни) тўла ўқирдим” деган. Ҳишом айтади: “Муҳаммад (ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний)ни кўп бора кўрганманки, сафарда пешиндан олдин ҳам, кейин ҳам нафл (яъни, суннат) ўқимасди. Лекин бомдод ва шомнинг икки ракъат (суннат)ини тарк қилмасди. Асрдан олдин ҳам, хуфтондан аввал ҳам нафл ўқиганини кўрмаганман”. Шунингдек, ас-Суружийнинг “Шарҳ ал-Ҳидоя” асарида келган”. (Қаранг: Иброҳим Ҳалабий. Ҳалабийи кабир. –Истанбул: Кубро, 1325. 545-бет.) 

Юқоридаги иборалардан маълум бўлдики, шариатимизда сафарда суннатларни тарк қилишга рухсат бўлса-да, фазилат ва савоб истаб уларни ўқиш яхши. “Имомлар қўёши” деб улуғланган Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сарахсий (1046-1106) ўзининг мазҳабимиздаги энг мўътабар манбалардан ҳисобланадиган асарида сафарда суннатларни қаср қилиб ўқилмаслиги ҳақида айтиб ўтган экан. Мазҳаббошиларимиздан бири Имом Муҳаммад (749-805) эса шариатимиз берган рухсатдан фойдаланиб сафарда суннат намозларини ўқимаганлигини, бироқ, бомдод ва шомнинг суннатларини тарк қилмаганини ҳам билиб олдик. Шундай бўлса-да, Имом Ҳиндувонийнинг фикри энг адолатлиси экан. Яъни, сафарда меҳмонхонагами, борадиган уйигами тушгандан сўнг суннатларни қолдирмаслик керак. Йўлда кетаётганда ўқимаса бўлади.

Демак, ҳар қандай ҳолатда, баъзилар айтганидек сафарда суннат ўқиш асло гуноҳ бўлмайди!  

 Далиллар келтиришда давом этамиз:  

Ўзбекнинг буюк фарзандларидан бири, саркарда фотиҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўзининг ақойид ва фиқҳга бағишланган "Мубаййин" номли асарида йўл юрмаётган мусофирнинг суннатларни ўқиши авлолиги ҳақида бундай деб ёзади:

Лек суннатларини бил, эй йор,

Қилур-у қилмасиға сен мухтор.

Билингиз ушбу сўзни, эй уламо,

Йўл йурмаста қилсангиз авло. (Қаранг: Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Мубаййин. –Тошкент-2000, 75-бет.) 

Мулло Хусрав ал-Ҳанафий айтишига қараганда, мусофирга суннат намозларни тарк қилиши рухсатдир, лекин бажариши тақаррубдир. (Қаранг: Муҳаммад ибн Фаромуз Мулло Хусрав ал-Ҳанафий. Дурар ал-ҳукком фий шарҳ ғурар ал-аҳком. –Истанбул: Саҳҳофия, 1318. 134-бет.)

Мазҳабимиз имомларининг юқоридаги фикрларини қувватлаш мақсадида яна иқтибосларни давом қилдириб, Имом Абу Бакр Косоний (вафоти 587/1191)нинг "Бадойеъ ус-санойиъ фий тартиб аш-шаройиъ" китобларидан келтирамиз:

و كذا لا قصر فى السنن و التطوعات، لان القصر بالتوقيف و لا توقيف ثمّة. و من الناس من قال بترك السنن فى السفر و روى عن بعض الصحابة أنه قال: لو أتيت بالسنن فى السفر لاتممت الفريضة. و ذلك عندنا محمول على حالة الخوف على وجه لا يمكنه المكث لاداء السنن

"Шунингдек, суннат ва нафлларда қаср қилиш йўқ. Чунки, қаср қилиб ўқиш (Аллоҳнинг Қуръони каримдаги амрига) тавқиф (тўхташ) биландир. Бу жойда (суннат ва нафллар борасида) эса тавқиф йўқ. Одамлардан баъзиси (олимлари) сафарда суннатларни тарк қилишни айтган. Баъзи саҳобалардан (жумладан, Ибн Умарнинг) бундай дегани бор: "Агар суннатларни келтирсам, фарзларни тўлиқ ўқиган бўлардим". Бизнинг наздимизда бу нарса, суннатларни адо қилиш учун туришга имкон бўлмайдиган хавф ҳолатига ҳамл қилинган". (Қаранг: Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний. Китобу Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. (Йили кўрсатилмаган). 92-93 бетлар.)    

    Шунинг учун "Эъло ус-сунан" соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сафарда суннат ўқилиши ёки ўқилмаслиги ҳақидаги ривоятлар турлича эканлигидан сафарда бомдод намозининг суннатини ўқиш суннати муаккада ҳолида қолаверади, бошқа намозларнинг суннатлари эса муаккада ҳолатидан суннати завоид ҳолатига тушади, лекин мутлақ нафл (ўқиса савоб, ўқимаса гуноҳ бўлмайдиган) ҳолатидан юқори туради, деган. (Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 5-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр. 2001. 2243-бет.)

    Имом Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳ қилинган куни Умму Ҳонеъ разийаллоҳу анҳонинг уйига кириб саккиз ракъат зуҳо намозини ўқиганларини ривоят қилган. (Қаранг: Бухорий, 1103, 1176 ва 4292 чи тартиб рақамли ҳадиси шариф. Қаранг: 182-бет.) Шунинг учун ҳам, "Фиқҳ ус-сунна" соҳиби уламоларнинг жумҳури сафарда намозларни қаср қилиб ўқувчи кимса нафлларни – хоҳ у ротиба (беш вақт намозларда ўқиладиган) суннатлар бўлсин, хоҳ бошқалари бўлсин – ўқишлик макруҳ эмаслигига келишганлигини баён қилган. (Саййид Собиқ. Фиқҳ ус-сунна. 1-жилд. –Миср: Дор ул-фатҳ, 1999. 21-ншри. 206-бет.) 

 Демак, баъзилар айтганидек, “сафарда суннат намозларни ўқиш гуноҳ” эмас экан. Шунингдек, кичик бир макруҳ ҳам эмас экан! 

"Фиқҳ ус-сунна" соҳиби бир қанча далилларни зикр қилгандан сўнг Ҳасан Басрий (642-728)нинг сўзини келтиради: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари сафар қилганларида беш вақт фарз намозларидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл ўқийверардилар".

    Шунинг учун ҳам замонамиз олимларидан Ваҳба Зуҳайлий ўзининг кўп жилдли "ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ" асарида “Мусофирнинг намози” мабҳасининг еттинчи мавзусида алоҳида бир сарлавҳа остида "Сафарда суннат намозларини ўқиш ҳақида" сўз юритади ва Имом Нававий (1233-1278)нинг фикрига таяниб, Шофиъий (767-820) ва бошқа жумҳур уламолар сафарда суннат намозларини ўқишни мустаҳаб деганларини қайд қилади. (Қаранг: Ваҳба аз-Зуҳайлий. ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ. 2-жуз. –Байрут: Дор ул-фикр, 1997. 1371-1372 бетлар.)

Сафарда мутлақ нафл намозларнинг жоизлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бомдод намозининг суннатини сафарда ҳам тарк қилмаганларини, хусусан, унинг қазосини ҳам ўқиганларини, Макка фатҳида Зуҳо намозини ўқиганларини ва шу далилларга қиёс қилинган ҳужжатлар билан уламоларнинг бундай фикрга келганларини зикр қилади. Ваҳба Зуҳайлий яна Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда Абу Бакр ва Умару Усмон разийаллоҳу анҳумларнинг суннат намозлари ўқимаганлиги ҳақидаги ривоятни Имом Нававий таъвил қилиб бундай деганини зикр қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом ротиба суннатларни ўз жойларида ўқиган бўлсалар, Ибн Умар кўрмай қолган бўлиши мумкин. Аслида нафлларни уйда ўқиган афзал, уларни тарк қилиниши сафарда жоизлигини билдириш учун бўлган бўлиши ҳам мумкин”. (Қаранг: Ваҳба аз-Зуҳайлий. ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ. 2-жуз. –Байрут: Дор ул-фикр, 1997. 1372-бет.)  

    Мазҳабимизнинг энг мўътабар фиқҳий манбаси бўлмиш Бурҳониддин Марғилоний (1123-1197)нинг "ал-Ҳидоя" асарида фарзлар учун тўлдирувчи бўлмиш суннатларни барча ҳолатларда ўқишни авло дейилган:

    و الأولى ان لا يتركها فى الأحوال كلها لكونها مكملات للفرائض الا اذا خاف فوت الوقت

    “Авло шуки, суннатларни улар фарзларни тўлдирувчи бўлгани учун барча ҳолатларда тарк қилмагай. Фақат (фарз ўқиш учун) вақтни йўқотиш хавфи бўлса, мустаснодир”. (Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. –Ҳиндистон: Юсуфий, 1314. 136-137 бетлар.)

    “Ҳидоя”нинг ўзбекча таржимасида юқоридаги иборалар бундай таржима этилган:

    “Энг афзали – ҳар қандай ҳолатда ҳам суннатларни тарк этмаслик. Чунки суннат фарзларни мукаммал қилиш учун келади, фақатгина фарзнинг вақти чиқиб кетишидан қўрқса, суннатини ўқимаса бўлади”. (Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ҳидоя. Жамоатга етишиш боби. 1-жилд / Таржимонлар Салоҳиддин Муҳиддин ва бошқалар. –Т.: Адолат, 2001. 257-бет.) 

    Мазкур матнни “Ҳидоя”нинг энг машҳур шориҳлари ҳисобланадиган “Иноя” ва “Фатҳ ул-қадир” соҳиблари “барча ҳолатлар бу жамоатда ҳам, якка ўқиганда ҳам, сафарда ҳам, муқимликда ҳам суннатлар ўқилишидир” деган маънода шарҳ қилганлар. Жумладан, “ал-Иноя” соҳиби бундай деб ёзиб қолдирган:

     (و الأولى ان لا يتركها) أى، السنن الرواتب (فى الأحوال كلها) يعنى سواء صلى بالجماعة او  منفردا او مقيما او مسافرا هكذا فعل الخلفاء الراشدون و كبار الصحابة و التابعين ولان المنفرد أحوج اليها لافتقاره الى تكميل الثواب و يؤدى الكامل الا اذا خاف فوت الوقت فانه بسبيل من تركها

“(Авло шуки уларни тарк қилмагай), яъни, ротиба (одатий) суннатларни (барча ҳолатларда),  яъни жамоат бўлиб ўқиши, ёлғиз ўқиши, муқим бўлиши ёки мусофир бўлиши баробардир. Хулафойи рошидийнлар, улуғ саҳоба ва тобиъинларнинг феъли мана шудир! Зотан, ёлғиз ўқувчи суннатларга муҳтожроқдир, савобларни мукаммал қилиши талаб қилиб комил адо қилгай. Фақат вақт йўқолишининг хавфи бўлса мустаснодир. Бунда уларни тарк қилган кимсага йўл бор”. (Акмалуддин Бобуртий. Ал-Иноя. –Миср: Амирия, 1310. 343-бет.) 

“Фатҳ ул-қадийр” соҳиби эса: “Ақлан олиб қараганда ҳам суннат намозларнинг мусофирга ҳам, муқимга ҳам машруълиги келиб чиқади” деб, сафарда суннат ўқилмайди дейдиганларга танбеҳ берган, ақлини ишлатишга чақирган. (Қаранг: Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. Боб идрок ал-фариза. 1-жилд. –Миср: Амирия, 1310. 343-бет)

Мазҳабимизнинг кўзга кўринган фақиҳларидан бири Зайниддин ибн Нужайм ал-Мисрий (1519-1562)нинг машҳур “Баҳр ур-ройиқ” асаридан иқтибос оламиз:

لا تقصر فى الوتر و السنن. و اختلفوا فى ترك السنن فى السفر: فقيل الأفضل هو الترك ترخيصًا و قيل الفعل تقربًا. و قال الهندوانى الفعل حال النزول و الترك حال السير. و قيل يصلى سنة الفجر خاصّة و قيل سنة المغرب أيضًا. و فى التنجيس و المختار أنه ان كان حال أمن و قرار يأتى بها، لانها شرعت مكملات و المسافر اليه محتاج. و ان كان حال خوف لا يأتى بها، لانه ترك بعذر

“Витр ва суннат (намозлар)да қаср қилинмайди. Сафарда суннатларни тарк қилиш борасида (уламолар) ихтилоф қилганлар: рухсат жиҳатидан тарк қилиш афзал ҳам дейилган, тақарруб (Аллоҳга яқин бўлиш, қурбат ҳосил қилиш) жиҳатдан бажариш афзал ҳам дейилган. Ал-Ҳиндувоний тушган ҳолатда бажаришни, юраётган ҳолатда эса тарк қилишни айтган. Хусусан бомдод намозининг суннати ўқилади, дейилган. Шом намозининг суннатини ҳам ўқиш айтилган. “ат-Танжис” ва “ал-Мухтор” китобларида келишича, омонлик ва қарор топган ҳолат бўлса, суннатларни келтиради. Чунки уларни (фарзлар учун) мукаммал қилувчи сифатида шариатга киритилган. Мусофир эса унга (кўпроқ) муҳтож. Агар хавф ҳолати бўлса, суннатларни келтирмайди. Чунки узр сабабли тарк қилган бўлади”. (Қаранг: Зайниддин Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ур-ройиқ. 2-жилд. –Миср: Илмия, (йили кўрсатилмаган). 141-бет.)  

“Баҳр ур-ройиқ” соҳиби мазкур иборасида ҳанафийликнинг энг мўътабар фиқҳий матн китобларидан бўлмиш иккитаси – “ат-Танжис” ва “ал-Мухтор”да фарзларга тўлдирувчи, уларни мукаммал этувчи ҳисобланган суннатларга фарзларини қисқартириб ўқиётган мусофир киши кўпроқ эҳтиёжманд эканлигини айтилганини зикр қилмоқда. Демак, мусофир киши иложи борича суннатларни қолдирмаслиги керак. Хусусан у ибодат қиламан деб муқаддас икки ҳарамга борганида, албатта, намоз суннатларини ўқиши лозим.

Энди, аҳли суннат ва жамоатнинг бошқа учта мазҳабида сафарда суннат ўқиш ҳақида нималар дейилганини ҳам қисқача кўриб чиқсак:

Моликийларнинг энг мўътабар китобларидан “Мудаввана ал-кубро”сида: “Киши сафарда уловида қайси тарафга қараб бўлса ҳам нафл намозларини кечаю кундуз ўқиб кетаверади. Шунингдек, сафарда кечаю кундуз ерга тушиб нафл ўқийверади” дейилган. (Қаранг: Ал-Мудавванат ал-кубро / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 1/161-162.)

Суннат намозлари ҳам аслида нафллар жумласига киргани учун моликийлар наздида ҳам сафарда суннат намозларини ўқиш мумкинлигини билиб оламиз.

Шофиъийларнинг энг машҳур фиқҳий китобларидан бири, шубҳасиз, “Туҳфат ул-муҳтож фий шарҳ ал-Минҳож” асаридир. Унда “Нафл намозлар ҳақидаги боб”да сафарда суннатлар ўқишни очиқдан-очиқ тарғиб қилинган:

و يسنّ فعل السنن الراتبة فى السفر سواء أقصر او أتمّ لكنها فى الحضر آكد. و سيأتى فى الشهادات انّ من واظب على ترك الراتبة رُدّت شهادته. قوله " على ترك الراتبة" أى، كلها و كذا بعضها و لو غير مؤكدة على الأقرب

“Ротиба (фарзларга боғланган) суннатларни сафарда бажариш суннатдир, хоҳ уларни қаср қилиб ўқисин, хоҳ тўла ўқисин. Лекин ҳазарда (муқимликда) уларни ўқиш таъкидланганроқдир. Гувоҳликлар бобида тезда келадики, кимки ротиба суннатларни доим тарк қиладиган бўлса, гувоҳлиги рад қилинади. “Ротиба суннатларни тарк қилса” деган гапи уларнинг ҳаммасини тарк қилиш тушинилади. Шунингдек, баъзисини тарк қилганда ҳам, гарчи муаккада суннатлардан бошқаларини тарк қилаверса, (ҳақиқатга) яқинроқки гувоҳлиги рад қилинади”. (Қаранг: Туҳфат ул-муҳтож фий шарҳ ал-Минҳож / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 7/313. Шунингдек, гувоҳликлар ҳақидаги бобда сунннатларни тарк қиладиган кимсанинг гувоҳлиги мардуд эканлиги таъкидланган. Қаранг: 20/339.)

Демак, юқоридаги иқтибосдан маълум бўлдики, шофиъийлар наздида сафарда ҳам суннатларни ўқиш суннатдир. Гарчи уларни қаср қилиб ўқиш имконияти бўлса, шундай қилиб ўқиш лозим эканки, акс ҳолда сафарда суннат ўқимайдиган бўлса, гувоҳлиги шаръан ҳеч қаерда ўтмас экан. 

Ҳанбалий мазҳаббошиси Имом Аҳмад сафарда суннатларни ўқиш керак, дейдиганлар тарафида эканини Имом Термизийнинг юқорида ўтган гапларидан билиб олдик. Ҳанбалий мазҳабидагиларнинг машҳур асарларидан бири бўлмиш “Кашшоф ул-қиноъ ъан матн ал-Иқноъ”да ҳам сафарда суннатлар ўқилиши, бу борада ихтиёрли эканлиги айтилган:

    و يأثم (تارك السنن الرواتب) الا فى سفر، فيخير بين فعلها، أى الرواتب و بين تركها، لانّ السفر مَظِنّة المشقة. و لذلك جاز فيه القصر الا سنة فجر و سنة وتر، فيفعلان فيه، أى السفر كالحضر لتأكدهما لما تقدم

“Ротиба суннатларни тарк қилувчи гуноҳкор бўлади. Фақат сафарда эмас, бас, сафарда уларни бажариш ва тарк қилиш орасида ихтиёрлидир. Чунки, сафар машаққат тахмин қилинадиган жойдир. Шунинг учун ҳам унда қаср ўқиш жоиз бўлган. Бомдод ва витр суннатларини қаср қилинмайди. Юқорида ўтдики, бу иккисини таъкидлангани учун сафарда худди ҳазар (муқимлик)дагидек қилиб ўқийди”. (Қаранг: Кашшоф ул-қиноъ ъан матн ал-Иқноъ / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 3/258.)

Шунинг учун ҳам бошида ҳанбалий мазҳабига тақлид қилган, кейинчалик ўзи ижтиҳод қила бошлаган Ибн Таймия (1263-1328) ҳам сафарда суннат намозларини ўқиш афзал, деган эди. Унинг фикрларини Ваҳба аз-Зуҳайлий бундай ифодалайди:  

فعل السنن الرواتب فى السفر جائز، فمن شاء فعلها و من شاء تركها باتفاق الأئمة. و الفعل احيانا أفضل لحاجة الانسان اليها، و الترك احيانا أفضل اذا اشتغل الانسان بما هو أفضل منها. لكن النبى صلى الله عليه وسلم لم يصلى من الرواتب الا ركعتى الفجر و الوتر. امّا الصلاة قبل الظهر و بعدها و بعد المغرب فلم ينقل أحد عن النبى صلى الله عليه وسلم انه فعل ذلك فى السفر

Сафарда ротиба суннатларни ўқиш жоиздир. Бас, имомларнинг иттифоқига биноан, кимки хоҳласа уларни бажаради, кимки хоҳласа тарк қилади. Инсон суннатларга муҳтож бўлгани учун гоҳида бажариш афзалдир. Улардан-да афзалроқ нарсага инсон машғул бўладиган бўлса тарк қилган афзал. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бомдоднинг икки ракъат суннати ва витрдан ташқари ротиба суннатларни ўқимаганлар. Пешиндан олдин ва кейин ҳамда шомдан сўнгги намозларга келсак, сафарда бажарганликларини Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳеч ким нақл қилмаган”. (Қаранг: Ваҳба аз-Зуҳайлий. ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ. 2-жуз. –Байрут: Дор ул-фикр, 1997. 1372-бет. Унда бунга ҳавола қилинган: Фатовойи Ибн Таймия. 22/279-280.) 

Бошқа жойда Ибн Таймия сафарда суннатларни ўқишнинг мустаҳаблиги ёки ундай эмаслиги борасида уламолар тортишганлар, деган. (Қаранг: Ибн Таймия. Мажмуъи фатово. 5/290 ва Фатовойи кубро. 2/259 / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний.) 

Демак, Ибн Таймиянинг фатвосига кўра ҳам сафарда суннатларни ўқиш мумкин. Уни тарк қилишга рухсат ҳам бор. Ибн Таймия ва шунингдек, унинг шогирди Ибн ал-Қаййим (вафоти 751/1350)лар Пайғамбар алайҳиссаломдан пешин ва шомнинг суннатлари ўқилгани ҳақида ҳеч ким нақл қилган эмас, деган бўлса-да, бироқ заиф ривоятлар билан бўлса ҳам булар нақл этилган. Фазойили аъмол борасида заиф ривоятларга ҳам суяниш мумкинлигига бутун муҳаддис ва фуқаҳолар иттифоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам бу икки зот сафарларда суннат ўқишни мутлақо инкор қилган эмаслар, сафарда суннатларни ўқиш гуноҳ бўлади, деган ҳам эмаслар. (Қаранг: Ибн ал-Қаййим ал-Жавзия. Зод ул-маод / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 1/298.)      

    Мана шу юқорида ўтган барча далилларга суяниб айтишимиз керакки, покланиш сафари бўлмиш ҳажда банданинг ибодат қилиши ғаниматдир. Меҳмонхоналар шай ва озода, уч маҳал овқат ўз вақтида тайёр, автобуслар кечаю кундуз хизматда бўлган бу сафарда, шаъни улуғ тўрт мазҳабнинг якдил фикрига кўра, ҳарами шарифда суннат намозларни тарк қилиш ҳам, шунга тарғиб қилиш ҳам жуда катта хатодир!            

    Сафарда суннат намозларини ўқиш ёки ўқимаслик ҳақидаги тортишув Арафот ва Муздалифада намозларни жамъ қилиб ўқиш асносида, айниқса, юзага чиқади. 

    Ҳожилар Арафот майдонида пешин вақтида пешин билан аср намозларини, Муздалифада эса хуфтан вақтида шом билан хуфтан намозларини қўшиб ўқиши маълум. Бу аҳли суннатнинг тўрт мазҳабида ҳам суннати набавияга кўра олинган ҳукмдир. Бу жойларда икки фарз жамъ қилиб ўқилганда ўртада ҳеч қандай нафл ва суннат намозлар ўқиб, икки фарз орасини ажратилмайди. 

Саҳиҳ ҳадиси шарифларда Арафотда ва Муздалифада икки намозни жамъ қилиб қўшиб ўқилганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) икковининг орасида суннатларни ўқимаганлиги очиқ-ойдин баён этилган. Шунинг учун ҳанафийликнинг энг мўътабар фиқҳий манбаси бўлмиш Бурҳониддин Марғилонийнинг "ал-Ҳидоя" асарида бу алоҳида таъкидланган: 

و لا يطوّع بين الصلاتين تحصيلا لمقصود الوقوف... 

و لا يطوّع بينهما لانه يحلّ بالجمع...

"Икки намоз (пешин билан аср)нинг орасида нафл ўқимайди, Арафотда туриш мақсади ҳосил бўлгани учун"... "Иккови (шом билан хуфтан)нинг орасида нафл ўқилмайди. Жамъ бўлгани учун бу ҳалол бўлади". (Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. –Ҳиндистон: Юсуфий, 1314. 226 ва 228 бетлар.)

Кейинги иборада Аллома Фақиҳ сафар сабабли эмас, балки икки намозни жамъ қилиб ўқилгани учун икки фарз орасидаги суннатни ўқимаслик ҳалол бўлишини айтмоқда! (Ва яна солиштириш учун қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ҳидоя. 1-жилд / Таржимонлар Салоҳиддин Муҳиддин ва бошқалар. –Т.: Адолат, 2001. 511 ва 516 бетлар.) 

    Бу ҳақдаги фиқҳий манбаларга мурожаат қилсак:

و لا يتطوع بين الصلاتين غير سنة الظهر فلو تطوع بينهما كره و أعاد أذان العصر فى ظاهر الرواية، هكذا فى الكافى.

"Икки намознинг ўртасида пешиннинг суннатидан бошқа нафл ўқимайди. Бас, агар икковининг орасида нафл ўқиса, макруҳ бўлади ва зоҳири ривоятга кўра асрнинг азонини қайтаради. Мана шундай "ал-Кофий"да келгандир". (Қаранг: ал-Фатово ал-Ҳиндия ал-маъруфа би-л-Фатово ал-Оламгирия. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. 252-бет.) 

    Пешин билан асрнинг ўртасида суннатни ўқиш мумкинлиги Ҳанафий мазҳабининг йирик фатво китобларидан "Муҳит" ҳамда "Захира"да ҳам айтилганлиги маълум. Тезлик билан суннатни ўқиб олиш ҳақидаги фикрга Имом ал-Бухорийнинг ҳадис тўпламига энг машҳур шарҳ ёзган муҳаддис алломалардан бири "Фатҳ ул-Борий" китобининг соҳиби Аллома Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳам қўшилган дейиш мумкин ва у "жамъ қилинган икки намоз орасида кичкина амал қилишнинг зарари йўқ" деган гаплари билан ишора этган. (Қаранг: Фатҳ ул-борий, 3/317.)

Лекин Ибн Ҳумом зикр қилганки, бу Жобир ибн Абдуллоҳ (вафоти 78/797) разийаллоҳу анҳунинг узун ҳадисига ҳам, фиқҳий матн китобларидаги "Икковининг орасида нафл ўқилмайди" деган гапга ҳам зид экан. Зотан, нафллар ичига суннат ҳам киради. (Қаранг: Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. Боб ан-навофил. 2-жилд. –Миср: Амирия, 1310. 164-бет.) Шунинг учун "Баҳр ур-ройиқ" соҳиби “Саҳиҳ қавлга кўра суннати муаккада бўлса ҳам жамъ қилинган икки намоз орасида нафл ўқилмайди”, деган. (Қаранг: Зайниддин Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ур-ройиқ. 2-жилд. –Миср: Илмия, (йили кўрсатилмаган). 366-бет.) 

Ибн Ҳумомнинг гапига Абул Ихлос Ҳасан ибн Имод аш-Шурунбулолий (вафоти 1069/1659) ҳам қўшилган. Унинг айтишига қараганда, Ибн аш-Шеҳна (1447-1515) нақл қилганки, "Ҳидоя" соҳиби ўзининг "ат-Танжис" китобида "пешиннинг кейинги суннати ўқилмайди" деб фатво берган. (Қаранг: Абул Ихлос Ҳасан ибн Имод аш-Шурунбулолий. Ҳошият ад-Дурар. 1-жилд. –Истанбул: Саҳҳофия, 1318. 226-бет.) Демак, асрдан кейин суннат ўқиш макруҳ бўлгани учун пешиннинг ўша суннати умуман ўқилмай тарк этилади. "Баҳр ур-ройиқ"да ҳам пешиндан кейинги суннат намози ўқилмаслигини саҳиҳ, дейилган экан. (Қаранг: Зайниддин Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ур-ройиқ. 2-жилд. –Миср: Илмия, (йили кўрсатилмаган). 362-бет.) Бу вақтда асрдан кейин пешиннинг суннат намози ўқилмаслиги "Дурр ул-мухтор" ва унинг машҳур ҳошияси "Радд ул-муҳтор"да ҳам айтилган. (Қаранг: Муҳаммад Амин ибн Обидийн. Радд ул-муҳтор ъало ад-Дурр ал-мухтор. 3-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. 519-бет.)

    Пешин билан асрнинг орасида пешиннинг суннати ўқилмаслигини мазҳабимизнинг йирик олимларидан "Умдат ул-қорий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг соҳиби Бадриддин Айний (1360-1451) машҳур фиқҳий матн китоби бўлмиш Абул Баракот Ҳофизиддин Насафий (вафоти 310/1310)нинг "Канз уд-дақойиқ" асарига ёзган "Рамз ул-ҳақойиқ" номли шарҳида "саҳиҳ ривоят" мўъламаси билан кўрсатади ва икки фарз орасида суннатни ўқишни макруҳ деб зикр қилади. (Қаранг: Абул Баракот Насафий. Канз уд-дақойиқ. (Бадриддин Айнийнинг асари ҳошияда). –Ҳиндистон: Фатҳул карим матбааси, 1305. 78-бет.) Мавлоно Алий ал-қори ҳам ўзининг “Шарҳ ал- Маслак ал-мутақассит” асарида Арафотдаги икки намозни жамъ қилиб ўқиганда, пешиннинг кейинги суннати ва асрдан олдинги нафлий суннатни имом ва қавм ўқишлари макруҳ, деган. (Қаранг: Мавлоно Алий ул-қори. Шарҳ ал-Маслак ал-мутақассит. –Истанбул: Кубро, 1288. 101-бет.)  

    Арафот майдонида пешин билан асрни жамъ қилиб ўқилганда, улар орасида намоз ўқилмаслигини Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг фиқҳий асарида айтган:

Ўтасун зуҳрни иқомат ила,

Асрни ҳам ўтар бу ҳайъат ила.

Жамъ қилғон маҳалда ики салот,

Арода нафл қилма ул авқот. (Қаранг: Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Мубаййин. –Тошкент-2000, 153-бет.)

Асрдан кейин намоз ўқилмаганлиги учун ундан кейин пешиннинг қолиб кетган суннати ҳам ўқилмай қолаверади. 

Ҳожилар Муздалифага келганларидан сўнг хуфтан вақтида шом билан хуфтонни қўшиб адо этадилар. Уларнинг орасида ҳам нафл ўқилмайди. Лекин икки фарздан сўнг уларнинг суннатлари ўқилади. Буни энг аввал буюк шоир, мутасаввиф олим, Алишер Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомий (1414-1492) айтиб ўтган эди. Унинг "Рисолаи маносики ҳаж ва умра" рисоласи дунё кутубхоналарининг қўлёзмалар фондида сақланади. Ҳалигача нашр этилмаган бу асарнинг ўнга яқин нодир нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида асраб келинади. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари ушбу рисоласида айтишича, 877 ҳижрий санада (1472-1473 йиллар) ҳаж зиёратига борганда Бағдод шаҳрини ҳам бориб кўради. Ўша ерда бир неча кун ушланиб қолади. Фурсатдан фойдаланиб мазкур рисолани тасниф қилган. Унда ҳаж ва умра расм-русумлари ҳамда Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш одоблари тўрт мазҳабга мувофиқ ва тариқат аҳли қабул қилган тарзда баён қилишини айтиб ўтган. Абдураҳмон Жомий мазкур асарида Муздалифада шом билан хуфтон намозларини қўшиб ўқиганда фарзлардан сўнг ушбу икки намознинг суннатларини ва витрни ўқилишини айтиб ўтган. (Қаранг: ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, инв.№ 10888/IV. 357а-варақ.) 

Абдураҳмон Жомий айтганидек қилиниши “Радд ул-муҳтор”да ҳам айтилган. (Қаранг: Ибн Обидин. Радд ул-муҳтор. 3-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. 525-бет.) Ибн Обидин (1783-1836) "Баҳр ур-ройиқ"қа ёзган ҳошияси “Минҳат ул-холиқ”да Мавлоно Жомий ҳазратларининг айтганларидек, хуфтон ва шомнинг фарзи ўқиб бўлингандан сўнг ҳожилар шом ва хуфтон суннатлари, кейин эса витрни ўқишларини Мавлоно Алий ал-қоридан нақл қилиб ёзиб қолдирган. (Қаранг: Ибн Обидин. Минҳат ул-холиқ ҳошияту Баҳр ар-ройиқ. –Миср: Илмия, (йили кўрсатилмаган). 366-бет.) Алий ал-қори эса ўзининг “Шарҳ ал- Маслак ал-мутақассит” асарида бундай деб битиб қолдирган:

و لا يتطوع بينهما، أى، بل يصلى سنة المغرب و العشاء و الوتر بعدهما، كما صرّح به مولانا عبد الرحمن الجامى قدس الله سبحانه و تعالى سِرّه السامى فى منسكه

“Икковининг (шом билан хуфтоннинг) орасида нафл ўқимайди, балки шом ва хуфтоннинг суннатлари ҳамда витрни икковидан кейин ўқийди. Чунончи, буни Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг юксак сирини муқаддас қилсин, ўзининг ҳаж расм-русумлари ҳақидаги рисоласида очиқ айтиб ўтган”. (Қаранг: Мавлоно Алий ул-қори. Шарҳ ал-Маслак ал-мутақассит. –Истанбул: Кубро, 1288. 114-бет.) 

Бу ҳақда хулоса қилиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур бундай деган:

Шом-у хуфтанни анда жамъ этгил,

Вақт-и хуфтанда ҳар икисини қил.

Бир азон бирла, бир иқомат айла,

Ўта ҳар икисини бу ҳайъат ила.

Билга-сен-ким бу ики фарз аро,

Фосила бўлмасун қилурда адо.

Фарзлардин фароғат ўлғонда,

Сунан-у нафл-у витр ўта анда. (Қаранг: Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Мубаййин. –Тошкент-2000, 155-бет.)

Шофиъий мазҳабининг фиқҳий манбаларидан бири “Туҳфат ул-муҳтож”да ҳам ҳаж мавсумида Муздалифада шом билан хуфтонни қўшиб ўқилгандан сўнг ротиба суннатларини ҳамда витрни ўқиш кераклиги айтилган. (Қаранг: Туҳфат ул-муҳтож фий шарҳ ал-Минҳож / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 15/221-222.)

Шунинг учун ҳанафий ва шофиъийлар наздида шом билан хуфтонни ўқигандан сўнг шом ва хуфтоннинг суннатлари ўқилади ва витр ҳам ўқилиши яхшидир. "Эъло ус-сунан"да Зафар Аҳмад ал-Усмоний: "Мўътамад гап шуки, шом билан хуфтанни жамъ қилиб ўқигандан кейин шомнинг ва хуфтаннинг суннатлари ҳамда витр намози ўқишни фақиҳлар таъкидлаганлар. Бу ҳанафийлар ва шофиъийлар мазҳабидадир. Имом Нававий "Шарҳ Саҳиҳ Муслим" асарида "Бизнинг мазҳабимизда ротиба суннатларни ўқиш мустаҳаб. Бироқ, уни икковининг орасида эмас, икковидан кейин ўқилади" деган", деб ёзиб қолдирган (Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 7-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр. 2001. 3101-бет.). "Эъло ус-сунан"да айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) икки намозни қўшиб ўқиганида, улар орасида намоз ўқимагани ривоятлар орқали етиб келган, лекин улардан сўнг намоз ўқимай қўйгани маълум эмас. 

Сабаби, бу кеча ибодат билан уйғоқ ўтказиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан тарғиб қилинган:

من أحيى ليلة الفطر و ليلة الأضحى لم يمت قلبه يوم تموت القلوب

“Кимки рамазон ҳайити ва қурбон ҳайити кечаларини (ибодат билан) тирилтирса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмагай!”. (Қаранг: Табароний ривояти. “Мажмаъ аз-завоид”да (2/198) ровийлари орасида Умар ибн Ҳорун ал-Балхий борлиги учун мазкур ҳадисни заиф деган. Гарчи ушбу ровийни Ибн Маҳдий мақтаган бўлса ҳам, бироқ кўп ҳадисшунослар заиф деганлар. Ҳужжат олишда бундай заифликлар зарар қилмайди. Зотан, фазойили аъмол борасида бу хилдаги ҳадиси шарифлар кифоя қилаверади. Бинобарин, икки ҳайит оқшомини ибодатла ўтказиш мустаҳаблигича қолаверади.)

Мазкур ҳадиси шарифни қувватлайдиган шу хилдаги яна бирини Ибн Можжа ривоят қилган:

من قام ليلتي العيدين محتسبا لم يمت قلبه يوم تموت القلوب

“Кимки икки ҳайит кечасини савоб умидида ибодат билан тик ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмагай!”. (Қаранг: Ибн Можжа (1/542) ривояти. Лекин буниси олдинги ҳадисдан-да заифроқ. Бироқ, олдингиси ва бошқалари билан қувват топиб, амал қилишга яраб қолган.)

Бинобарин, мазкур маънодаги ҳадиси шарифга амал қилиб, суннат ва нафл намозлар ўқиб ҳайит кечасини ибодатда тонг оттириш мустаҳабдир. Бу кеча ва бошқа вақтларда суннатларга бепарво бўлмаслик лозим. Суннатларга ихлос қилиб, уларни имкон қадар бажо келтиришга инсон ҳарисманд бўлмоғи керак. Асло уларни енгил санамаслик, уларга нисбатан бепарво бўлмаслик даркор. Зотан, суннатларга бўлган ихлосимиз натижасида қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида юзларимиз ёруғ бўлади. Шунинг учун ҳам фиқҳий манбаларимизда қуйидаги фикрлар ҳам ўз ифодасини топган:

رجل ترك سنن  الصلاة ان لم ير السنن حقا فقد كفر، لانه تركها استخفافا و ان رآها حقا فالصحيح أنه يأثم لانه جاء الوعيد بالترك، كذا فى المحيط السرخسى.

"Бир киши намознинг суннатларини тарк қилса, агар суннатларни ҳақ деб кўрмаса, аниқки, кофир бўлибди. Чунки уларни енгил санаб тарк қилган. Агар уларни ҳақ деб кўриб тарк қилса, саҳиҳ шуки, гуноҳкор бўлади. Чунки тарк қилганига ваъид келган. Чунончи, "Муҳит ас-Сарахсий"да келгандир". (Қаранг: ал-Фатово ал-Ҳиндия ал-маъруфа би-л-Фатово ал-Оламгирия. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. 124-бет.) 

Мазкур қарашни Камолиддин ибн ал-Ҳумом "Ҳидоя"га ёзган шарҳида Абул Лайс ас-Самарқандий (вафоти 394/1003)нинг "ан-Навозил" асаридан олиб келтирган. (Қаранг: Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. Боб ан-навофил. 1-жилд. –Миср: Амирия, 1310. 313-бет.) 

Cўфи Аллоҳёр (1640-1723) бобомиз эса бундай байтлар битиб қолдирган:

Кард кас тарки суннат, эй неку,

Гар ба-узр аст ҳаст маъзур у.

Тарк созад таҳовунан гар он,

Нест мақбул фарзи ин инсон.

Тарки суннат чи хислати шум аст,

З-он чунон ажрҳоки маҳрум аст. (Қаранг: Cўфи Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. –Тошкент: Ғуломий, 1325. 335-бет.) 

(Мазмуни: Эй, яхши инсон! Агар бир киши суннатни узр билан тарк қилса, у маъзурдир. Агар енгил санашлик ила тарк қилса, бу инсоннинг фарзи мақбул эмас. Зотан, киши қанча-қанча савоблардан маҳрум қоладиган бўлса, суннатнинг тарки нақадар бахтсизликдир!). (Байт мазмунини солиштиринг: Сўфи Оллоёр. Маслакул муттақин / Нашрга тайёрловчилар: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Акрам Деҳқон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2007. 202-бет.)

Аслида мазкур фикр Бухоролик машҳур фақиҳнинг “Хулосат ул-фатово” асаридан нақл қилинган бўлиб, унда бундай дейилади:

من ترك السنة بعذر فهو معذور و لو ترك بغير عذر تهاونا لا يقبل فرضه و يسأل عن تركها

“Кимки суннатни узр билан тарк қилса, у маъзурдир. Агар узрсиз бепарволик ва диққатсизлик, енгил санашлик ва аҳамиятсиз кўрмоқ ила тарк қилса, унинг фарзи қабул бўлмайди ва суннатларни тарк қилгани учун масъул бўлади”. (Қаранг: Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. –Лакнау: Мунший навол кишвар, 1911. 62-бет.) 

Бошқа ўринда Сўфи Аллоҳёр бобомиз мана буларни зикр қилган:

“Суннати завоидни қилса савоб топар. Марди Худо қачон савобдин юз ўгиргандурлар. “Салоти Масъудий”да айтур: “Агар саҳобаларни аввали ва охири иттифоқ қилган суннатга мункир бўлса кофир бўлур. Аммо ихтилоф қилғон суннатга мункир бўлса кофир бўлмас, лекин бидъаткунанда (бидъат чиқарувчи) бўлур”. (Қаранг: Сўфи Оллоёр. Маслакул муттақин / Нашрга тайёрловчилар: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Акрам Деҳқон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2007. 189-бет.)

Яна бир ўринда эса Сўфи Аллоҳёр бобомиз мана буларни ёзиб огоҳлантирган:

“Кифояи Шаъбий”да айтур: “Одобларни зинҳор тарк қилмаки, суннат қўлдан кетар, суннатни тарк қилмаки, вожиб қўлдин кетар, вожибни тарк қилмаки, токи фарз қўлдин кетмасун. Фарзни эътиқод ила тутки, иймонға нуқсон етмасун”. (Юқоридаги манба. 62-бет.)

“Хулосат ул-фатово”да ҳам “Вожиблар фарзларни камолга етказувчи, суннатлар вожибларни комил қилувчи, одоблар суннатларни мукаммаллаштирувчидир”, деб келтирилган. (Қаранг: Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. –Лакнау: Мунший навол кишвар, 1911. 51-бет.)

Демак, юқоридагиларга бу тарзда ХУЛОСА қилиш мумкин:

♦ Ҳанафия мазҳабида ҳам, бошқа аҳли суннатнинг уч мазҳабида ҳам сафарларда суннат намозларни ўқиш мумкин ва бу асло гуноҳ эмасдир. “Сафарларда суннат намозлари ўқилмайди” дейдиганлар эса бидъатчи, янги тоифадаги гуруҳлар томонидан айтилган бўлади.

♦ Сафарларда вақт зиқ бўлмаса, суннат намозларини ўқишга имконият бўлса, уларни ўқиш авлодир. Зотан, уни ўқиш азимат ва тақаррубдир. Суннатларни сафарларда тарк қилишга рухсат этилади. Ҳожилар ҳаж зиёратига борганда барча имконият ва қулайликлар бўлгани, муқаддас маконларга, асосан, ибодат қилиш учун борилгани боис суннат намозларини ўқиш янада авло ва аҳамиятли бўлиб қолади. 

♦ Ҳаж мавсумида икки намозни жамъ қилиб ўқилганда, орасида суннат намози ўқилмайди: пешиндан аввал унинг суннати ўқилади, лекин ортидаги суннати тарк этилади. Шом билан хуфтон фарзлари ўқилгандан сўнг шом билан хуфтоннинг суннатлари бирин-кетин ўқилади, сўнг витр намози ҳам ўқилади.


Ҳамидуллоҳ Беруний


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бирбирининг ўрнига алмаштирилиб давоми...

11459 05:00 / 04.01.2017
Мен бу ерда ушбу буюк диннинг аниқ кўзга ташланиб турган ҳақиқатларини эслаб ўтишимга эҳтиёж бор деб ўйламайман. Лекин бу асрга келиб одамлар ажойиб ва ғаройиб давоми...

7047 08:53 / 18.12.2017
Тоза кийим, тоза бадан, намоз ўқиладиган тоза ўринда таҳорат билан қиблага юзланган ҳолда намоз ўқишга киришилади. Намоз қуйидаги тартибда ўқилади.Икки ракатли давоми...

5458 18:44 / 20.10.2016
Мусулмонлар ичида обрўэътибор жамоат намозига қатнашишига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хона салот уйда намоз ўқувчи лақабини олиб, давоми...

4888 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

118719 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40688 14:35 / 11.08.2021