1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Сабаъ сураси, 31-38

05:00 / 23.01.2017 3248 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

31. Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмасмиз», дедилар. Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сиз бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик», дерлар.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кофирларнинг туғёни ҳаддан ошиб кетгани туфайли яна ҳам саркашлик қилаётганлари ҳақида хабар бермоқда.

«Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмасмиз», дедилар».

Бу ишлари кофирларнинг ҳеч қандай ҳидоятга юрмасликка қаттиқ қарор қилганларини кўрсатади. Улар ўзларига келаётган илоҳий дастурга, яъни, Қуръони Каримга ҳам, унинг ҳақлигини тасдиқловчи олдинги илоҳий китобларнинг бирортасига ҳам ҳеч қачон иймон келитирмасликларини таъкидлаб айтмоқдалар. Улар бу дунёда шу даражада ўзларидан кетганки, оғизларига келганини бўғизларига ютмай гапирадилар. Қуръони Каримга ҳам, бошқа илоҳий китобга ҳам иймон келтирмасликларини фахр билан гердайиб, дабдаба билан айтадилар.

Аммо охиратда бу дабдабадан, бу гердайиш ва манманликдан асар ҳам қолмайди. Шунчалик хор-зор бўладиларки, асло қўяверинг. Эй Пайғамбар!

«Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсанг эди».

Қуръонга ҳам, ундан олдинги китобларга ҳам ҳеч қачон иймон келтирмаймиз, деган ўша золимларни қиёмат куни маҳшаргоҳда Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида ҳар бири ўзини оқлаш учун бир-бирига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ажойиб бир ҳолатни, яъни, бу дунёдаги мутакаббирлик, манманлик ва туғёндан асар ҳам қолмаганини кўрар эдинг.

Улар иккига бўлиниб олиб, бир-бирларига айб ағдаришларини кўрар эдинг.

«Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сиз бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик», дерлар».

Айб сизларда, сизларнинг гапингизга кириб, биз ҳам кофир бўлдик, мана, оқибат нима бўлди?! дерлар.


32. Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизга ҳидоят келганидан кейин биз сизни ундан тўсдикми?! Йўқ! Ўзингиз жиноятчи бўлдингиз», дерлар.

Бу дунёда мутакаббирлик қилганлар ўзларига қўйилган айбни рад қиладилар. Заиф саналганларга:

«Сизга ҳидоят келганидан кейин биз сизни ундан тўсдикми?!» дерлар. Агар хоҳласангизлар, ҳидоятга юришингиз мумкин эди. Сиз буни қилмадингиз-ку!

«Йўқ!»

Бизга, сизлар бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик, дейишингиз ноўрин.

«Ўзингиз жиноятчи бўлдингиз», дерлар».

Шунда:


33. Заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ! Кечаю кундузнинг макр-ҳийласи (тўсди). Ўшанда сизлар бизни Аллоҳга куфр келтиришимизга, унга тенгдошлар қўшишимизга амр қилар эдингиз», дедилар. Улар азобни кўрган чоғларида надоматни ичларида тутдилар. Биз куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар фақат қилиб юрган амалларига яраша жазоланурлар.

Бу дунёда мутакаббир хўжайинларига гап қайтармайдиган заиф саналганлар охиратда, бир оғиз гапдан қолай, демайдилар. Мутакаббирлик қилганларининг айтган гапларини ёлғонга чиқариб:

«Йўқ! Кечаю кундузнинг макр-ҳийласи (тўсди)», дерлар.

 Йўқ, «муҳтарам» хўжайинлар! Сизларга ҳидоят келганида, биз сизни ундан тўсдикми?! деб ёлғон гапиряпсиз. Бизни ҳидоятдан сизнинг макр-ҳийлангиз тўсди. Сизлар одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун кечаю кундуз тинмай турли макр-ҳийлалар қилар эдингиз.

«Ўшанда сизлар бизни Аллоҳга куфр келтиришимизга, унга тенгдошлар қўшишимизга амр қилар эдингиз», дедилар.

Ҳа, Аллоҳга куфр келтир, деб бизга амр қилган ҳам сиз бўласиз! Аллоҳга ширк келтир, деб буюрган ҳам сизсиз! Энди, қиёматга келиб, ҳамма нарса аён бўлганида тонасизми?!

Шу тарзда тортишиб турганларида азоб кўзларига кўрсатилади.

«Улар азобни кўрган чоғларида надоматни ичларида тутдилар».

Бақириб-чақириб бир-бирини айблаб турган икки тараф азобни кўришлари билан жим бўлиб қолдилар. Ичларидан зил кетиб, афсус-надомат чекдилар. Ана шундай ҳолатларида:

«Биз куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар солдик».

Энди ўша кишанлардан тортиб жаҳаннамга судраб олиб бориладилар. Кўз-кўриб қулоқ эшитмаган азобларга дучор қилинадилар.

«Улар фақат қилиб юрган амалларига яраша жазоланурлар».

Мутакаббири ҳам, заиф саналгани ҳам.

Кейинги оятларда қадимги умматларнинг ўзларига юборилган Пайғамбарларга муносабати ҳақида сўз юритилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли берилади:


34. Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар.

Ушбу ояти каримада биз «маишатбозлар» деб таржима қилган тоифа маишатга берилиб, барча нозу-неъматларга эга бўлиб олиб ҳукмини ўтказган, кишиларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олган шахслардир. Тарихда қайси жойга Аллоҳ таоло огоҳлантирувчи–Пайғамбар юборса, албатта, ўша ернинг маишатбоз каттаконлари унга қарши чиқиб, оддий одамларни унга эргашишдан қайтарганлар. Чунки ўша маишатбоз, золим ва фосиқ раҳбарлар Пайғамбар шахсида ўз ҳукмлари, жамиятдаги тутган ўринларини тортиб олувчи рақибни кўрганлар. Агар Пайғамбарнинг гапи ўтиб, иши юришиб кетса, халқ оммаси маишатбоз раҳнамолардан юз ўгириб, Пайғамбар ортидан эргашиши турган гап. Шу сабаб ҳар бир юртнинг маишатбоз бошлиқлари жон-жаҳдлари билан Пайғамбарларга қарши чиққанлар. Улар Пайғамбар келиши билан дарҳол бутун халқ номидан:

«Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар».

Турли қинғир йўллар билан халқнинг елкасига миниб олган золимлар, ўзларининг куфроний фикрларини халқ номидан айтишга журъат қилдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлди. Аҳли Макканинг маишатбоз катталари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган динга куфр келтирганларини эълон қилдилар. Оддий халқни ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан қайтардилар. Демак, бу иш барча замон ва маконда бўлиб келган. Яна такрорланса, ажабланиш керак эмас.

Маишатбоз катталар ўзларининг кофирликларини эълон қилиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки, мабодо охират ҳақида гап кетса, у ерда ҳам нажот топишлари хусусида сафсата сотадилар.


35. Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар.

Улар охират ўлчовини ҳам ўз қаричлари билан ўлчайдилар. Маишатбоз каттаконлар аслида Аллоҳга эмас, молу дунё, мансаб ва бола-чақага банда бўлгани учун куфр келтирган ҳисобланадилар. Аллоҳнинг эмас, молу дунё, мансабу обрў ва бола-чақанинг йўлидан юрган бўладилар. Улар ўзларининг бу беш кунлик дунёдаги тутган мавқеъларини молу дунё ва бола-чақа ёрдамида эришилган ютуқ деб ўйлайдилар. Улар ҳамма нарсани шу билан ўлчайдилар. Ана ўша ўлчовга биноан, агар охират куни келса, унда камбағал мўмин-мусулмонлар нажот топиб, жаннатга эришиб, азобдан қутуладиган бўлсалар, нима учун шунча кўп молу дунёмиз, бола-чақамиз туриб, биз азобга дучор бўлишимиз керак экан?! дерлар. Ва:

«Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар».

Уларнинг бу даъволарига нима жавоб қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзи таълим беради.


36. Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.

Кофирлар ҳар бир нарсани, жумладан, инсон қадр-қийматини ҳам молу дунё, бола-чақа билан ўлчайдилар. Кимнинг тўплаган молу дунёси, бола-чақаси ва орқасидан эргашадиганлари кўп бўлса, ўша одам ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда ютиб чиқувчидир, деб ўйлайдилар. Ўзларининг инсонлараро муносабатларини ҳам шу асосга қурадилар. Оятда Аллоҳ таоло ўша фикрнинг нотўғрилигини таъкидлаб, буни уларнинг ўзига тушунтиришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга топширмоқда:

«Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур», деб айт, демоқда.

Дунёда ризқ берувчи биттаю битта Зотдир-Тангри таоло Ўзи хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва хоҳлаган кишисига ризқни тор қилади. Бу ҳақиқатни У зотнинг Ўзи айтмоқда. Ризқнинг кенг ёки тор бўлиши Аллоҳнинг розилиги ёки норозилиги аломати эмас. Шунинг учун ҳам молу дунёга инсон қадрини белгилайдиган ўлчов сифатида қараш нотўғридир. Аллоҳ кофирга ҳам, мўминга ҳам ризқ бераверади. Лекин бу ризқ улар қадрининг ўлчови эмас. Инсон қадрининг ўлчови иймони, тақвоси ва солиҳ амалидир.

Гоҳида Аллоҳ таоло кофир ва осийнинг ризқини кенг қилиб қўяди. У бундан ҳовлиқиб, куфрида ва исёнида яна ҳам авжга чиқади. Бориб-бориб чегарага етганида, ҳалокатга учрайди. Демак, Аллоҳ таоло кофир ҳаддидан ошиб, тузук-қуруқ азобга дучор бўлиши учун маълум бир чегарагача унинг ризқини кенг қилиб қўйган экан.

Гоҳида Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон одамга бойлик бериб, ризқини кенг қилиб қўяди. Мўмин одам Аллоҳ таолога янада кўпроқ шукр қила бошлайди. Бунга ўхшаш ҳолатлар Аллоҳ таолонинг ҳикматига тобеъдир. Аммо нима бўлганида ҳам, қадр-қиймат ва охират ютуғи молу дунё ўлчови эмас. Буларнинг ўлчови бошқа нарсадир. Қуйидаги оятда ана шу ҳақида сўз кетади:


37. На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар.
Эй одамлар, эй кофирлар, эй бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ, биз азобланувчи эмасмиз, деб юрганлар, билиб қўйинглар!

«На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас».

Ҳеч қачон Аллоҳ таоло бирор бандасининг қадр-қийматини молу дунёсининг миқдорига ёки бола-чақасининг  кўплигига қараб белгиламайди. Бу нарсалар қадр-қиймат ва Аллоҳнинг ҳузурига яқин бўлиш воситаси бўла олмайди. Балки ўша молу дунё ва бола-чақаларидаги тасарруф, уларни тўғри ишлатиш яқинлик сабаби бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида:

«Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир», демоқда.

Ҳа, инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақатгина иймони ва яхши амалига қараб белгиланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ амалли кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди. Бола-чақани ҳам Аллоҳни рози қиладиган ва Аллоҳнинг йўлидан юрадиган этиб тарбиялайди. Иймонсиз, амали солиҳсиз молу дунё ҳам, бола-чақа ҳам бошга битган бало бўлади.

Иймон келтириб, амали солиҳ қилган бандаларнинг мукофотини Аллоҳ таоло бир неча марта кўпайтириб беради. Улар охиратда жаннатда баланд жойларга қурилган болохоналарда доимо омонлик ичида роҳат-фароғатда бўладилар.


38. Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азоб ичига ҳозир қилинганлардир.

Кимки Аллоҳ таолонинг оятларини ўзларича ожиз қолдиришни истаб куч-ғайрат сарфлаган бўлса, Аллоҳ таолонинг дини таъсирини тўсишга уринган бўлса, гарчи молу дунёси ва бола-чақаси кўп бўлса ҳам, азобга дучор қилинадилар. Чунки Аллоҳнинг ҳузурида иймон ва амали солиҳдан бошқа ҳеч нарса фойда бермайди. Ҳа, молу дунё уларни азобдан қутқариб қола олмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айтгин .Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.Унинг шериги йўқ. Мана шунга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг давоми...

3826 22:51 / 01.05.2018
55. Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози давоми...

4099 05:00 / 23.01.2017
Абу Абдуллоҳ Муҳосибий .Фаҳмуссунан, китобида шундай дейди.Қуръоннинг ёзилиши янги иш эмас эди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уни ёзишга давоми...

3707 16:05 / 29.10.2019
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар3учинчи мақолаХалафларнинг кўплари эса .Аршга истиводан мурод молик бўлиш ва тадбир қилишдир,, дейдилар. давоми...

2833 13:15 / 13.10.2020
Аудиолар

118744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021