1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзам комил бўлсин десангиз...

05:00 / 14.01.2017 2960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг», дедим. «Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини таҳлил қил (сув етказ) ва бурунга сув олишда муболаға қил, фақат рўзадор бўлсанг, бундан мустасно», дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).

Шарҳ: Ушбу ривоятда рўзадор киши муболаға билан бурнига сув олиб чайқамаслиги кераклиги баён қилинмоқда. Оғизга сув олиб чайқаш ҳам худди шунга ўхшашдир. Чунки икки ҳолатда ҳам инсоннинг ичига сув кетиб қолиб, рўзасига путур етиши мумкин. Рўзадор инсон доимо бунга ўхшаш ишлардан сақланиши лозим.

Рўзадорга ман қилинган нарсалар ҳақидаги ҳадисларни ўрганиб чиққан фақиҳларимиз уларнинг рўзани бузувчи ва рўзадорга макруҳ бўлса ҳам рўзасини бузмайдиган қисмларга бўлинишини таъкидлаганлар.

Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоротни вожиб қилмайдиган нарсалар:

1. Ғизо ва ғизо маъносида бўлмаган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон кўнгли емоққа мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, рўзадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни ейиши. 

2. Бирданига кўп тузни еб юборса ҳам рўзаси очилиб, унинг қазосини тутиб беради.

3. Пишмаган мевани еса ҳам.

4. Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани еса ҳам.

5. Данак, пахта, қоғоз, тери еса ҳам.

6. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юборса ҳам.

7. Ўз амали билан ичига тутун киргизса ҳам.

8. Орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан ичига сув ёки дори киритилса ҳам.

9. Қулоғига мой томизса ҳам. Сув томизса, очилмайди.

10. Аёл кишининг олд аъзосидан қатра томизилса ҳам рўзасини қазо қилиб тутмоғи лозим бўлади. Эркак кишининг олд аъзосидан қатра томизилганда бу гап йўқ.

11. Қасддан оғзи тўлиб қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзалиги эсидан чиққан, оғзи тўлмай қусган, таом эмас, балғам қусган бўлса, рўзаси очилмайди.

12. Ғизо ва давони беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар ила тановул қилса, қазосини тутиб беради.

13. Оғзини чайиб турганда хато қилиб сув ичига кетиб қолса, рўзаси очилади ва қазо тутади.

14. Бошидаги ёки қорнидаги жароҳатга дори қўйганда ичига ёки димоғига кетиб қолса ҳам.

15. Биров ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборса ҳам.

16. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам.

16. Биров аввал эсида йўқ таом еган ёки жинсий яқинлик қилган бўлса, рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди, деб ке¬йин яна таом еса ёки жинсий яқинлик қилса, қазо рўза тутиб бериши лозим бўлади.

17. Биров кечаси рўза тутишни ният қилмади. Кундузи ният қилди. Кейин бу ниятим тўғри бўлмаса керак, деган шубҳа билан таом еб юборса, рўзаси очилади ва қазо тутиши вожиб бўлади.

18. Биров ҳали тонг отмаган бўлса керак, деб еб-ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, тонг отиб бўлган экан. Рўзасининг қазосини тутади.

19. Биров қуёш ботган бўлса керак, деб еб-ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, қуёш ботмаган экан. Рўзасининг қазосини тутади.

20. Биров таом еб ёки жинсий яқинлик қилиб турганда тонг отиб қолди. Дарҳол қилаётган ишини тўхтатса, рўзаси тўғри бўлаверади.

21. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.

22. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийи тўкилса, қазо тутади.

23. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл қазо тутади.

24. Аёл киши фаржига мой ёки шунга ўхшаш нарсаларни томизса ҳам.

25. Рўзадор одам орқасига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини киритса ҳам. 

26. Рўзадор одам орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.

27. Аёл киши ички фаржига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини ёки пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.

28. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни очган бўлса, фақат қазо тутиш вожиб бўлади. Каффорот вожиб бўлмайди.

Рўзани бузадиган ва қазо тутишни ҳам, каффоротни ҳам вожиб қиладиган нарсалар:

1. Ғизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи. Одатда озуқа сифатида танаввул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш, олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоротни адо қилади.

2. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин рўзам очилиб кетди, деган ўй билан қасддан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади. 

(Фақиҳ рўзанг очилибди, деб фатво берса, бундан мустасно. Бунда фақат қазо тутади, каффорат вожиб бўлмайди.)

3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг туфигини лаззат учун, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса ҳам.

4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондирса ҳам. Унда иштаҳа тортадиган одам жинсининг олди ёки орасига олатни киритиш кўзда тутилган. Агар маний тўкилиши бўлмаса ҳам.

5. Аёл киши кичик ёшдаги болани ёки мажнунни ўзига яқинлик қилишга имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорот вожиб бўлади.

Рўзани бузмайдиган нарсалар:

1. Рўзадорлиги эсидан чиқиб, еб-ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади. 

2. Назар солгани ёки ўйлагани оқибатида манийи тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам рўзаси очилмайди. Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди.

3. Кўзига дори томизса ёки сурма қўйса ҳам рўзаси очилмайди.

4. Қон олдирса ҳам рўзаси очилмайди.

5. Мисвок қилса ҳам рўзаси очилмайди.

6. Муболағасиз оғиз-бурунни чайса ҳам рўзаси очилмайди.

7. Ғусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса ҳам рўзаси очилмайди.

8. Ғийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилса ҳам рўзаси очилмайди.

9. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чанг ёки пашша кирса ҳам рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлигини эслаб туриб хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.

10. Тиш олдириб қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўзаси очилмайди.

11. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки дори киритилса, рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни кавласа ҳам, рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул.

12. Балғам ёки мишиқнинг кириш ёки чиқиши билан ҳам рўзаси очилмайди.

13. Ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса ҳам, рўзаси очилмайди.

14. Тишлари орасида қолган нўхотдан кичик нарсани еса ҳам рўзаси очилмайди.

15. Жунуб ҳолида юрса ҳам рўзаси очилмайди.

16. Мускулга, тери остига укол қилиш билан ҳам рўзаси очилмайди. 

Ҳанафий уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган ишларни ҳам санаб ўтишган:

1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. 

Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.

2. Сақич чайнаш. 

Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.

3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.

4. Қасд ила тупигини оғзида тўплаш ва уни ютиш.

5. Рўзадорни заифлашишига олиб борадиган қон олдириш каби ишларни қилиш.


(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жуз)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айни пайтда Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртларнинг вакиллари, улардаги илмийтадқиқот марказлари ва тиббиёт хизматлари рўзанинг инсон давоми...

1450 14:21 / 25.03.2023
Спорт мусобақаларида қатнашувчиларнинг мусобакага йил бўйи тайёргарлик кўриши зафар қозониш учун эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Мана айни шу кунларда Футбол давоми...

2676 05:00 / 14.01.2017
....Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига давоми...

24750 05:00 / 11.01.2017
Диндорлар ҳақида гапиришганда уларни хўмрайган, ҳаддан ташқари жиддий ва бепарво деб таърифлашади. Лекин худди шу гапларни айтаётган одам, эҳтимол Ислом ва бу давоми...

3555 14:00 / 08.04.2023