1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзадаги васатийлик

05:00 / 11.01.2017 2804 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шарият истилоҳида: «Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир».
Рўзани очувчи нарсалар, деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва бошқа рўзани очувчи нарсалар кўзда тутилгандир. Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юришни рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юришни рўза дейилади. Уларнинг рўзасининг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида, рўзалари ҳам турлича бўлади.

Албатта, рўзани инкор қиладиган атеистлар ва уларга ўхшаган қавмлар ҳам бор. Исломда рўза-ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Рўза тутиш ибодати фарз бўлганлиги ҳақида нозил бўлган «Бақара» сурасидаги оятлардан ҳам бу маънони осонлик билан англаб олинса бўлади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз.
Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.
Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз», (183-185-оятлар).
Биринчи оят маъносидан келиб чиқиб рўза янги ибодат эмаслигини, балки барча динларда қадимдан бор ибодат эканлигини тушунамиз. Чунки унда: «Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Бу Исломнинг ўзигагина хос ибодат эмас.
Бу ояти каримада рўза фарз қилинганлигининг хабари келди. Аввалги умматларда йил бўйи, ярим йил, рўза тутишлар ҳам бўлгани учун эшитувчида, рўзанинг муддати қанча, деган савол туғилади. Келаси оят шу саволга жавоб беради:
«Саноқли кунлар».
Яъни, рўза фарз қилинган кунлар «саноқли кунлар»дир. Бошқалардагига ўхшаб йил бўйи, ярим йил эмас.
Шунинг учун Аллоҳ таоло беморлик ва мусофирлик туфайли бир оз қийинчиликда турган бандаларига енгиллик берди:
«Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир».
Яъни, бемор тузалгандан сўнг, мусофир сафардан қайтгандан сўнг, неча кунни тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади.
Уламоларимиз беморлар сафига ҳомиладор ва эмизадиган аёлларни ҳам қўшганлар. Ҳомиладор аёл неча кун рўза тутмаган бўлса, туққанидан кейин шунча кун қазо рўза тутади. Эмизадиган аёл ҳам боласини кўкракдан ажратгандан сўнг қазо рўза тутади.
«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир».
Яъни, ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар киради. Улар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйғазадилар. Бу эса, ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни, фидя бериш, дейилади.
Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.
«Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир».
Ким, савобни кўпроқ оламан, деб бир кишигамас, икки, уч кишига ёки ўртача эмас, олий даражадаги таомларни берса, ўзи учун яхшидир.
«Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир».
Бошқа ибодатлар каби рўза ҳам, аввало, бу ибодатни адо этувчи шахсларга яхшилик келтиради. Жаннатга кириш, олий мақомларга эришиш, ироданинг кучли бўлиши, раҳм-шафқат сифатининг кучайиши, тақво ҳиссининг уйғониши, соғлиқ ва саломатлик ва бошқа кўплаб биз билган-билмаган яхшиликларга рўза тутиш орқали эришилади.
Келгуси оятда юқорида зикр қилинган «саноқли кунлар»нинг вақти таъйин қилинади ва ўша вақтнинг фазли ҳамда рўзанинг бошқа ҳукмлари баён қилинади.
Аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди, бу оят ўша «саноқли кунлар «Рамазон ойи» эканини баён қилиняпти. Айни чоқда, Рамазон ойининг фазлини ҳам зикр этиляпти.
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийнинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни:
«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.
«Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин».
Ким ушбу Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари унга етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда, янги, умумий фармон бўлди, ким бўлишидан қатъий назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан, деган фикр пайдо бўлмасин учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда:
«Ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғини бошқа кунлардан тутадир».
Сўнгра рўза тутиш фарзига муҳаббатни ошириш учун: «Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламас», дейди.
Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик–Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган.
Ушбу рўза тутиш ибодатида ҳам Аллоҳ таоло енгиллик йўлини тутганини эслатмоқда. Ҳаммага рўза тутиш фарз, деса, Аллоҳнинг ҳаққи бор, ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Аммо у меҳрибон зот, бемор ва мусофирлар ўз вақтида тутмасалар майли, кейин тутиб берадилар, деди.
Шунингдек, муддатни бир ой эмас, икки, уч, балки ундан ҳам кўпроқ ойларни фарз қилса бўларди. Бир ойнигина фарз қилиши ҳам енгилликдандир. Аллоҳ таоло амр қилган ибодатни сўзсиз бажариш ҳар бир банданинг бурчи. «Нима учун? Фойдаси борми, бўлса нимада?» каби саволларни беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам, баъзан иймон қувватланиши учун, илоҳий фармонларнинг мўжизакорлигини тасдиқлаш учун баъзи маълумотлар зикр қилинади. Қуръон, Ислом, рўза каби ҳақиқатлардан бехабар ёки хабардор бўлса ҳам, бу ҳақиқатларни қайсарлик ила тан олмай келаётган ҳатто ғайридин тиб олимлари ҳам узоқ илмий изланишлари, тажрибалари давомида динимиз буюрган амалларнинг инсон ҳаётига нақадар фойда эканини билвосита тасдиқламоқдалар. Жумладан, ҳар бир инсон соғ-саломат бўлиши учун, бир йилда ҳеч бўлмаса бир ой ихтиёрий оч қолиши керак, деган хулосага келдилар.
Узр сабабли рўза тута олмаганлар ажру сабабдан бебаҳра қолмасинлар, деб Аллоҳ таоло рўзанинг қазосини тутишни жорий қилди. Рўза тутиш ибодати Аллоҳни улуғлаш, унга шукр келтиришга арзийдиган ибодатдир.
«Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсангиз!».
Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий еттинчи аср боши, олам жаҳолат ботқоғида ётган бир аҳвол эди...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси юкланишидан икки йил олдин, давоми...

2581 05:00 / 11.01.2017
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Шаъбон ойининг охирги кунларида бизларга берган ўгитларида шундай дедилар давоми...

3735 18:00 / 08.04.2023
.Улаб тутиш, деганда рўзадор киши ифтор ҳам, саҳарлик ҳам қилмай икки ва ундан ортиқ кун рўза тутиши, тушунилади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

2957 05:00 / 11.01.2017
Рўзанинг уч хил даражаси бор оммавий рўза, хос рўза, хослар хоссасининг рўзаси.Оммавий рўза ndash бу қоринни таомдан ман этиш ва жинсий аъзони шаҳвоний ҳисмайлдан давоми...

3031 05:00 / 11.01.2017