1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Раҳм-шафқат кўрсатмаган раҳм-шафқат кўрмайди

15:25 / 22.04.2017 2580 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин одам доимо ўзини Аллоҳнинг раҳматига муҳтожлигини ҳис этади ва шундай деб эътиқод қилади. Ушбу илоҳий раҳмат туфайли дунёда тинч-омон яшайди ва охиратда улкан неъматларга эришади. Лекин у Аллоҳнинг раҳматига инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш билангина эришишини ҳам билади. Зеро, ҳадисларда “Албатта, Аллоҳ бандалари орасидан раҳмлиларгагина раҳм-шафқат кўрсатади”, “Раҳм-шафқат кўрсатмаган раҳм-шафқат кўрмайди”, “Ердагиларга раҳм-шафқат кўрсатинглар, шунда осмондаги Зот ҳам сизларга раҳм-шафқат кўрсатади” дейилган. 

Мўминнинг раҳм-шафқати фақат мўминларгагина чекланиб қолмайди. Гарчи қалбларидаги иймон сабабли мўминлар бир-бирларига яқин бўлсалар ҳам, чинакам мўминнинг раҳм-шафқати барча инсонларга қаратилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Раҳм-шафқат кўрсатмагунингизча комил мўмин бўлмайсизлар” дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, барчамиз раҳмлимиз” дейишди. Шунда у зот: “Мен айтаётган раҳм-шафқат ўз шерикларингизга қиладиган раҳм-шафқат эмас, балки барчага бўладиган раҳм-шафқатдир” дедилар. Табароний ривояти. 

Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатлари ҳақида шундай деган: “Сўнгра у (мазкур инсон) имон келтирган ва бир-бирларини сабр қилишга тавсия этган, бир-бирларини (бандаларга) марҳаматли бўлишга ундаган зотлардан бўлди. Ана ўшалар (фазилатларга эга бўлган зотлар) «ўнг томон эгалари»дир” (Балад, 17-18). 

Мўминнинг раҳмати шундай раҳматки, у инсонлардан ошиб ўтиб, тилсиз ҳайвонларга ҳам етади. Мўмин киши ҳайвонларга ҳам раҳмли бўлиб, улар борасида Аллоҳдан қўрқади. Чунки, у қиёмат куни Роббининг ҳузурида ўша тилсиз ҳайвонлар ҳақида ҳам сўралишини билади. Набий алайҳиссалом саҳобаларига жаннат ўз эшикларини бир ташна итни суғориб, шу сабабли гуноҳлари кечирилган фоҳишага очганининг хабарини берганлар. Шу билан бирга дўзах ўз эшикларини бир мушукни ўлгунича хонага қамаб қўйган аёлга очганининг хабарини ҳам берганлар. Мазкур мушук ё овқат берилмагани, ёки ўз холига қўйилмагани учун очликдан ўлган. Гуноҳсиз бир мушукни қамаб қўйган кишининг азоби шундай бўладиган бўлса, минглаб инсонларни ноҳақ қийнайдиган, зулм қиладиганларнинг азоби қандай бўларкин?! 

Бир киши Набий алайҳиссаломга: “Эй Расулуллоҳ, мен сўяётган қўйимга ҳам раҳм-шафқат кўрсатаман” деди. Шунда у зот: “Агар унга раҳм-шафқат кўрсатсанг, Аллоҳ ҳам сенга раҳм-шафқат кўрсатади” дедилар. Ҳоким ривояти. 

Умар розияллоҳу анҳу бир қўйни сўйиш учун судраб олиб кетаётган одамни кўриб қолдилар ва унга: “Ҳолингга вой бўлсин! Уни ўлимга чиройли тарзда олиб бор!” дедилар. 

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср фатҳида юрганларида фустотлари (чодирлари) устига бир кабутар тушди. Кейин ўша кабутар чодирнинг юқори қисмига ин қурди. Амр розияллоҳу анҳу кетмоқчи бўлганларида ўша инни кўриб қолдилар ва уни бузишни истамай, чодирни қолдириб кетдилар. Атрофдаги кўплаб чодирларга ҳам кабутарлар ин қуришган эди. Улар ҳам шундайлигича қолдириб кетилди. Кейинчалик бу шаҳар Фустот (Чодирлар) дея номланди. 

Тақводор халифалардан бўлмиш Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида шундай ривоят келтирилади: “У киши ҳожат бўлмаса, отни югуртиришдан қайтарган эди”. 

Бир куни Умар ибн Абдулазиз бир одамга “Бирорта ҳам отга оғир нўхта, жилов қўйманглар. Уларни учи темирли қамчи билан урманглар” деб мактуб юборди. 

Умар ибн Абдулазиз Мисрдаги волийсига қуйидагича мазмунда мактуб жўнатди: “Менга маълум бўлишича, Мисрдаги юк ташувчи туялардан ҳар бирига минг ратл юк юкланаётган экан. Ушбу мактубим сенга етиб боргандан кейин мен “Битта туяга олти юз ратлдан ортиқ юк юкланяпти” деган хабарни эшитмайин”. 

Бу каби ажойиб раҳм-шафқат Аллоҳга ва охират кунига бўлган кучли иймоннинг натижасидир. Бу шундай иймонки, у сабабли қўпол қалблар юмшаб, хамирдек мулойим бўлиб қолади. 

Умар розияллоҳу анҳуга қаранг! У киши жоҳилият замонида қандай қўпол ва қўрс эдилар? Иймон у кишини қандай аҳволга солиб қўйди? Қалбларидан раҳмат ва мулойимлик булоқлари отилмадими? У зот жоҳилият замонида хатто бир қизларини тириклайин тупроққа кўмган эдилар. Мусулмонларга раҳбар бўлганларидан кейин эса мамлакатнинг бир четидаги зулм учун ҳам ўзларини Аллоҳ ҳузурида масъул бўлишларини ўйладилар. Мана шундай ақида ва мана шундай хулқ аввалги мусулмонларнинг бутун вужудларини қамраб олган эди. Унинг таъсири эса ташқи муомалаларида ҳам очиқ-ойдин кўринарди. Хатто душманлар билан бўладиган муомалаларда ҳам шу раҳм-шафқат ўз ўрнини йўқотмас эди. 

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонидан ўтаётиб ғазабландилар. Чунки, у зот душман тарафга мансуб бир аёлнинг жасадини кўрдилар ва шундай дедилар: “Бу аёл ўлдирилмаслиги керак эди”. Кейин аёлларни, қарияларни, ёш болаларни ўлдиришдан қайтардилар. Саҳобалар ҳам ўз ҳаёт йўлларида ушбу кўрсатмага амал қилиб яшадилар. 

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу қўшинини юбораётиб: “Аёлни, қарияни, гўдакни ўлдирманглар. Хурмо дарахтини қўпорманглар. Мевали дарахтни кесманглар. Ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлаётган кишиларни кўрсанглар, уларни ўз ибодатларида холи қолдиринглар” деганлар. 

Умар розияллоҳу анҳу эса: “Сизларга уруш очмайдиган деҳқонлар борасида Аллоҳдан қўрқинглар” деганлар. 

Бир урушда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўлдирилган душман раҳбарларидан бирининг боши олиб келинди. У зот бу ишни маъқулламадилар. Бу ишга нисбатан норозиликларини ҳаммага билдирдилар. Ғазабландилар ва бошни келтирган кишига: “Бугундан кейин менга асло бош олиб келма!” деб қатъий тайинладилар. Шунда кимдир у кишига: “Улар ҳам бизга шундай муомала қилишади” деди. У зот: “Форс ва Румларга эргашиб шундай қиласизларми? Китоб (Қуръон) ва Хабар (Суннат) етади” дедилар. 

Мана шундай қилиб оддий муомалалардан тортиб то исломий курашларгача меҳрибонлик, раҳм-шафқат ва мулойимлик асосида олиб борилди. Ўринсиз, заруратсиз ҳеч кимнинг қони тўкилмади. Ушбу жиҳатларни мулоҳаза қилган инсофли француз файласуфи Густав Лобон ўз ўрнида: “Тарих араблардан кўра адолатлироқ ва раҳмлироқ фотиҳларни билмайди” деган эди. 


Аллома Юсуф Қаразовийнинг 

“Иймон ва ҳаёт” китоби асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охират ҳақидаги суҳбат инсон қалбини юмшатади, кўпчиликни ерга ёпиштириб қўйган модданинг оғир юкидан халос этади. Уар қадларини ростлаб, Аллоҳнинг манҳаж давоми...

2813 09:10 / 17.03.2017
Маълумки, Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳрмурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, давоми...

3000 10:11 / 24.03.2017
Устоз, сиз ёзган китоблару мақолалар ўқиляпти, аудио дискларингиз эштиляпти. Мусулмонлар сизни йўқотганидан қайғудалар. Кимлардир бу кутилмаган ҳолатни эшитиб, давоми...

2317 16:44 / 27.03.2017
Инсон куни билан ишлаб, чарчаб, уйга қайтганидан кейин уйқуга ётади. Кундузи билан кўп ҳаракат қилган инсоннинг танасида турли ҳашаротлар ва зарарли ҳужайралар давоми...

2444 11:30 / 27.03.2017
Аудиолар

120070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41735 14:35 / 11.08.2021