1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга бўлган иштиёқ

20:08 / 28.04.2017 3558 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасалламни кўришга бўлган иштиёқ

  

Мавлид ойи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари. Бу ой барча мўмин-мусулмонлар учун у зот алайҳиссаломни таниш, сийратларини ўрганиш ва у зотга бўлган ҳурмат-эҳтиромни, таъзим ва муҳаббатни изҳор қилиш ойидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик яхши танисак, у зотни қанчалик яхши ўргансак, у зотг меҳр-муҳаббатимиз шунчалик кучли, шунчалик самимий бўлади.

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг аломатлари ҳақида ажойиб фикрлар билдиришган. Масалан, Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ёрдамчи бўлиш, шариатини муҳофаза қилиш, ҳаётлик даврида ҳузурига шошилиш, бу борада керак бўлса жонини ва молини фидо қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг аломатидир», деганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Бир ишни қилиш имкони бор одамга ўша ишни қилсанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришдан маҳрум қоласан дейилганда у зот алайҳиссаломни кўрмай қолишдан қўрқиб, ўша ишдан воз кечса, унинг муҳаббати самимийдир». 

Аллома Авний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни хоҳлаш, у зотга хилоф бўлган ишларни тарк этиш – у зотни яхши кўришнинг аломати эканини унутманг. Бу Исломнинг фарзларидан биридир».

Уламоларнинг бу борадаги сўзларининг хулосаси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатниг асосий аломатлари қуйидагилар экан:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш, у зотнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни севиш, бундан маҳрум қолишни ўзининг энг севимли, энг қимматли нарсасини йўқотишдан ҳам оғир мусибат деб билиш.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун жонию молини фидо этишга доимо тайёр туриш.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига итоат қилиб, тақиқларидан узоқ бўлиш.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амалга қилишда ёрдамчи бўлиш, у зотнинг шариатларини муҳофаза қилиш.

Аллоҳ таоло барчамизга, бутун Ислом умматига ана шундай муҳаббат насиб қилсин.

 

Мавлид ойига бағишланган бугунги анжуманимизда устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш ва у зотни яхши кўриш мавзусига оид ваъз-иршодларидан мухтасар намуналарни эсга оламиз.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, сизларга шундай кун келадики, у кунда мени кўра олмассиз. Ана шунда мени кўриш сизлар учун аҳлу оиласидан ҳам, мол-дунёсидан ҳам маҳбуб бўлиб қолади».

Муслим ривоят қилган.

 

Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларига ўзларининг ғанимат эканларини баён қилмоқдалар, бир лаҳза бўлса ҳам суҳбатларини топиб қолишга тарғиб қилмоқдалар.

Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон киши учун Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг суҳбатларини топишдан ҳам каттароқ бахт бўлиши мумкинми? Саҳобаи киромлар бу бахтга сазовор бўлган улуғ инсонлардир.

Шайх ҳазратлари шундай дейдилар: «Саҳобалик бахти ҳақида сўз кетар экан, ўтган азизлардан қилинган бир ривоят ёдимга келади. Устозлардан биридан «Муовия афзалми, Умар ибн Абдулазиз афзалми?» деб сўрашибди.

Бу савол бежиз сўралмаган. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу саҳоба бўлганлар. У кишининг халифалик даври ҳақида баъзи мулоҳазалар бўлгани учун одамлар ўртасида турли гаплар бўлган. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи эса тобеъин бўлганлар, аммо ниҳоятда одил зот бўлганлари учун кўпчилик у кишини бешинчи рошид халифа деб атаган. Шунинг учун ўша улуғ зотдан «Муовия афзалми, Умар ибн Абдулазиз афзалми?» деб сўрашган. Шунда у зот: «Умар ибн Абдулазиз Муовиянинг бурнидаги чангга ҳам арзимайди, чунки Муовиянинг бурнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидан кўтарилган чанг кириб турар эди», деб жавоб берган эканлар.

 

Шундай экан, улуғ пайғамбаримиз алайҳиссаломга уммат бўлган кишилар у зотнинг ҳаётлари, сифатлари, қилган ишларини, хуллас, у зотга оид ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан, ихлос билан ўрганишлари лозим. Чунки у зотга тегишли ҳар бир нарса дину диёнатга, иймон-эътиқодга, шариат аҳкомига тегишлидир.

Шунинг учун мусулмон уммати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига, сифатларига, айтган сўзлари ва қилган амалларига тегишли ҳар бир нарсани атрофлича ўрганганлар ва ўрганяптилар. Ҳозирда ҳам кўп илмий изланишлар олиб борилмоқда, янги қирралар очилмоқда.

Ислом уммати ўз пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ўрганишда инсоният тарихида мисли кўрилмаган намуна кўрсатдилар. Бу борада олиб борган илмий тадқиқотлар ўзининг ниҳоятда аниқлиги, ғоятда дақиқлиги, бирорта ҳодисанинг, бирорта ҳаракат ва саканотнинг эътибордан четда қолмаганлиги билан тарих илми соҳасида энг пок, энг ишончли ва энг беғараз саҳифалар очиб, тарихчилик соҳасида улкан инқилобга сабаб бўлди.

Мусулмонлар бошқаларга ўхшаб, тарихий маълумотларга ўз фикр-мулоҳазаларини қўшмадилар, тарихий маълумотларни дуч келган одамдан, дуч келган манбадан олмадилар. Улар фақатгина ҳадис ривоят қилиш шартига тўғри келган энг ишончли, тақводор, зеҳнли ва одил кишиларнинг ривоятларини қабул қилдилар.

Аллоҳ таоло ана шу йўл билан дунёдаги энг улуғ зотнинг энг соф сийратлари вужудга келишини ирода қилди.

Энди бизнинг вазифамиз – бу соф сийратни ўрганиб, у зот ҳақида мукаммал маърифат ҳосил қилишдир. Чунки ана шу маърифат бўлсагина биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у зот ўзлари айтганларидек, мол-дунёмиздан ҳам, аҳлу оиламиздан ҳам, фарзандларимиздан ҳам, ҳатто ота-онамиздан ҳам, ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларидан кўзланган мақсад нима эканини, у зот келтирган дин ва шариат нафақат инсон учун, балки бутун оламлар учун улкан неъмат эканини, раҳмат эканини билсаккина, у зотнинг дунё ва охиратимиз учун энг муҳим, энг зарур инсон эканларини англаб етамиз.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсу жинни Ўзига ибодат қилиш учунгина яратган. Яратилишимиздан кутилган, кўзланган мақсад ана шу экан. Демак, ибодат қилсагина Аллоҳнинг розилигига эришади, акс ҳолда охиратда У Зотнинг ғазабига учрайди. Аммо инсон нима учун яратилганини, бу дунёга келишидан мақсад нима эканини ўз ақли билан била олмайди. У кимга ибодат қилиш кераклигини ҳам, бу ибодатни қандай адо этиш кераклигини ҳам билмайди. Модомики бу ҳаётни қандай яшаб ўтишимизга қараб охиратимиз ё абадий роҳат-фароғат, ё абадий азоб-уқубат бўлар экан, икки дунёда ҳам бахту саодатга эришиш йўлини кўрсатган инсон биз учун энг севимли, энг азиз, энг буюк инсон бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ана шу икки дунё саодати йўлини ўргатдилар, нафақат ўргатдилар, балки бу борада шахсий намуна, амалий ўрнак кўрсатдилар. Биз ана шунинг учун у зотни бу дунёда ҳидоятчимиз, у дунёда шафоатчимиз деб севамиз.

Муҳаммад алайҳиссалом инсоннинг яшашдан мақсадини, асл ғоясини унинг кўз олдига келтириб қўйдилар. Бу мақсад, бу ғоя – осмонлару ернинг Холиқини таниш, У Зотнинг сифатларини, қудратини, ҳикматини, улуғлигини, абадийлигини билиш, иймон келтириш, розилигини қозониш, қадарига рози бўлиш, руҳий камолотга эришиш, қурбатнинг олий даражаларига етишдир. Мана шу инсоннинг ҳақиқий саодатидир. Мана шу унинг камолининг ниҳоясидир. Мана шу унинг қалби ва руҳининг меърожидир.

Бизга ана шу улкан ҳақиқатни етказган, ўргатган Пайғамбаримизга энг гўзал дуруду салавотларимиз бўлсин, Аллоҳ таоло барчамизга у зотни ҳақиқий севишни, у зотга муносиб уммат бўлиб, охиратда шафоатларига сазовор бўлишни насиб қилсин!

 

Анвар Аҳмад (Мавлид ойига бағишланган анжумандаги нутқи)

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ давриларидаги ғазот ва сарийяларБиз Исломдаги ғазот ва сарийяларга алоҳида бир назар ташлаб чиқишимиз лозим. Бу масалада тўғри англашимиз зарур давоми...

11548 20:07 / 28.04.2017
1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди .Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

10761 10:46 / 17.08.2018
765. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши .Менга тавсия қилинг,, деди. .Ғазабланма, дедилар. У бир неча бор давоми...

1865 19:00 / 02.09.2022
404. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот .Истироҳат олувчи ва давоми...

3108 13:14 / 28.08.2020
Аудиолар

118740 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар