1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Покликнинг фазилатлари ҳақида

05:00 / 09.01.2017 7280 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Поклик – «Таҳорат» сўзи луғатда «тозалик ва озодалик» маъносини англатади. Шариатда эса, у таҳорат, ғусл, таяммум каби намоз ўқиш учун керакли покланишларга айтилади.

Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаган. 

Бир вақтлар Оврупода масиҳий дини ҳукмронлик қилган пайтда поклик гуноҳ ҳисобланган. Кишилар ўзига, кийим-бошига узоқ вақт сув теккизмаганлари билан фахрланганлар. Ҳозирда ҳам кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланади.

Исломда эса бу иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак.

Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундоқ покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни, намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръон ҳам ушлай олмайди.

Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши – пок¬лик асосида адо этилишига боғлиқ. Бизда поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор. Бу бобда ана шулар ҳақида сўз юритилади.


Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба сураси, 108-оят) 

Шарҳ: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан пок¬ликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарли! 

Мусулмонлар Қуръонга амал қилиб яшаганларида ана шундоқ бўлган!

Энди бу борадаги ҳадиси шарифлардан бизнинг китобимизда келганларини ўрганишга ўтайлик.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бундан буён ровий саҳобийнинг таржимаи ҳоллари олдин ўтган бўлса, матнда исмларини зикр қилиш билан кифояланамиз. Таржимаи ҳоллари берилмаган ровийни кенгроқ таништиришга ҳаракат қиламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифларида таҳоратнинг фазилати қиёмат куни қай тарзда намоён бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар. 

Қиёмат қоим даҳшатлари, у куннинг зулматлари ва тўс-тўполонлари маълум. У кунда биров-бировни таний олмайди. Кўпларнинг юзи қорайган, уларнинг бетларини ғубор қоплаган бўлади. Аммо бир гуруҳ одамлар юзларидан ва қўл-оёқларидан кишининг ҳавасини келтирадиган даражада нур таралиб, гўзал ҳолатда ажралиб турадилар. Бу бахтиёр инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир, умр бўйи таҳорат қилиб, намоз ўқиб ўтган мусулмонлардир. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қуйидагиларни айтадилар: 

«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар». 

Биз, аввалига пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолда, деб таржима қилган сўз ҳадиси шариф матнида «ғурран муҳажжалийн» деб келган. Арабларда аслида «ғурран» лафзи пешонаси оппоқ қашқа отга, «муҳажжалийн» эса олд ва орқа оёқларининг туёқларидан юқори қисми оппоқ бўлган отга айтилади. Одатда бу тоифа отлар гўзаллиги билан ҳар қанча кўп отлар ичида ҳам ажралиб, танилиб туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам, бу дунёда умр бўйи таҳорат қилиб ўтганлари туфайли у дунёда таҳорат суви теккан жойлари оппоқ бўлиб, кишининг ҳавасини келтирадиган даражада ялтираб, порлаб турар экан.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қиёмат кунининг қоим бўлишига шак йўқлиги.

2. Таҳоратнинг қанчалик фазилатли экани.

3. Қиёмат кунида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари таҳорат асаридан пешона ва қўл-оёқларидан нур таралган ҳолда чақирилишлари.

4. Қиёмат кунида таҳорат асаридан пешонада пайдо бўладиган нурни узайтириш имкони борлиги. Бунинг учун юзни ювганда бўйин тарафларни ҳам қўшиб ювмоқ кераклиги.

5. Қиёмат кунида таҳорат асаридан қўл ва оёқда пайдо бўладиган нурни узайтириш имкони борлиги. Бунинг учун қўл тирсакдан юқорисини ҳам қўшиб, оёқ тўпиқдан юқорисини ҳам қўшиб ювмоқ лозимлиги. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, ушбу ҳадиснинг ровийи Абу Ҳурайра розиял¬лоҳу анҳу ҳам худди шундоқ қилганлар.

Одатда, таҳорат қилаётганда юз тўлалигича, қўл чиғаноғи билан, оёқ тўпиқ билан қўшиб ювилади. Негаки, инсоннинг бу аъзолари доимо чанг-тўзон ва турли нопокликларга дучор бўлиб туради. Исломда айнан ана шу аъзоларни кунига бир неча бор яхшилаб ювиш ҳар бир мусулмонга фарз қилинган ва у таҳорат деб аталади. 

Таҳоратсиз инсоннинг амали кесик. Бусиз ҳеч бир мўмин ўзига фарз бўлган намозни ўқий олмайди, қолаверса, таҳоратсиз киши қўлига Қуръон тутиши мумкин эмас. Шунингдек, умрида энг улуғ ишлардан ҳисобланган Байтуллоҳ тавофини ҳам қила олмайди.

Аллоҳ таоло бу ишларни адо қилиш учун банда таҳоратли бўлишини шарт қилиб қўйган. Бундан банданинг ўзи фойда кўради. Аввало, таҳоратли банда доимо пок юради, турли кирлик ва унинг ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган иллат ҳамда касалликлардан холи бўлади. Охиратда доимо таҳорат-ла юрувчиларга, аъзоларини пок ва тоза тутувчиларга улкан мартаба ваъда қилинмоқда.

Умрида доимо Аллоҳнинг амрини қилиб, яхши ният билан шариат ҳукмига бўйсуниб, таҳорат билан ибодатларни адо этиб юрган кишилар қанчалар ҳам бахтли кишилар экан! Уларнинг ҳар бир ибодати аввало – бу дунёда, муҳими – у дунёда чексиз бахт-саодатга сабаб бўлади. Таҳоратлари қиёмат куни юзлари ва оёқ-қўлларидан нур бўлиб порлаб, ҳаммадан ажралиб турадилар. 

Бу дунёда баданларининг таҳорат суви етган жойларидан таралиб турган ажойиб нур қиёматда уларнинг охират саодатига эришганликлари рамзи бўлади экан. Бу нур уларни бу дунёда таҳорат қилмай ўтганлиги учун юзи қаро бўлиб, дўзахга маҳкум қилинган бахтсизлардан ажратиб турса, қандай яхши! Шундай бўлгач, доимо таҳоратли юрайлик, пешона ва қўл-оёқларимиздан қиёмат куни тараладиган нурни узайтиришга ҳаракат қилайлик!


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар:
«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.
У зот:
«Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар
». 

Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегара қўриқлаб турган одам «муробит» дейилади. 

Бу ҳадисда зикр қилинган амалларни бажарувчи кишилар эса, мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан «муробит» деб аталмоқдалар. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда мадҳ этилган амаллар ичида таҳорат ҳам борлиги учун у «покликнинг фазилатлари» бобида келтирилмоқда. 

Эътибор беринг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало саҳобаи киромларга савол ила мурожаат қилиш билан уларни маълум амалларга қизиқтириб қўймоқдалар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: 

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. 

Бу савол, албатта, ҳар бир эшитувчининг қалбида «хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарса нима экан?» деган қизиқиш уйғотади. 

Хатоси йўқ ким бор? 

Хатосининг ўчишини хоҳламайдиган ким бор?! 

Нима қилсам, хатоларим ўчар экан, деб ўйламаган ким бор?! 

Қолаверса, даражаси кўтарилишини истамаган ким бор?! 

Саҳобаи киромлар бу маънода ҳаммадан пешқадам бўлишга интилганлари маълум. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги саволни эшитишлари билан: 

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан кейин саҳобаларга хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсалардан учтасини айтдилар:

1. «Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш».

Бундан мусулмон одам таҳорат учун қандай қийинчиликларга дуч келса ҳам сабр қилиб, яхшилаб таҳорат олиши лозимлиги келиб чиқади. Таҳорат вақтида дуч келинадиган қийинчиликлар эса замонга, маконга ва шароитга қараб турлича бўлиши мумкин. Сув тақчил жойларда унинг нархи кўтарилиб кетиши ҳам таҳорат қилмоқчи бўлган одамга қийинчилик ҳисобланади, деб айтишган қадимги уламоларимиз. Шунингдек, ҳаво совуқ бўлиши туфайли ҳам қийинчилик туғилиши мумкин. Ҳозирги пайтда чет элларга сафар чоғида, нотаниш жойларда таҳорат қилиб олиш имкони йўқлиги ҳам қийинчилик ҳисобланади. Лекин булар таҳорат қилмасликка баҳона бўла олмайди. Худди ана шу нарса ҳадиси шарифда зикр этилганидек, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш банда хатоларининг Аллоҳ таоло томонидан ўчирилишига ва даражалари кўтарилишига сабаб бўлади.

2. «Масжидларга қадамни кўпайтириш». 

Яъни, масжидга қатнаб, жамоат намозларида кўпроқ иштирок этиш. Бунда ҳам киши баъзи қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Аммо буларга қарамай, масжид томон қанча кўп қадам босса, хатоси шунча кўп ўчирилади, даражаси шунча кўтарилади. 

3. «Намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш». 

Бир намозни ўқиб бўлгандан кейин, иккинчисини иштиёқ билан кутишга нима етсин! Намоз иштиёқида туриш, намоз вақти қачон келар экан, ўқиб ҳузур топсам, савоб олсам, деб интизор бўлиш қанчалар яхши! Инсондан ҳеч қандай ортиқча саъй-ҳаракат, сарф-харажат талаб этмайдиган бу нарса ҳам Аллоҳ таоло томонидан мусулмон одам учун хатоларни ювиб, даражаларни кўтариб олишга қулай фурсат қилиб берилган экан. Бу қандайин ҳам улуғ бахт!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг зиёдасига мазкур ишларнинг яна бир фазлини зикр этиб: 

«Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар. 

Бундан ана ўша муробитлик маъноси ҳам чиқади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир амалга одамларни қизиқтириш учун аввало, унинг фойдаларини баён қилувчи савол ила тинг-ловчиларга мурожаат этиш.

2. Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилишга тарғиб.

3. Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб қилинган таҳорат хатолар ўчирилиб, даражалар кўтарилишига сабаб бўлиши.

4. Масжидларга кўп қатнашга тарғиб.

5. Масжидларга ибодат учун кўп қатнаш – хатолар ўчирилиб, даражалар кўпайишига сабаб бўлиши.

6. Бир намоздан кейин иккинчисини интизор бўлиб кутишга тарғиб.

7. Бир намоздан кейин иккинчисини интизор бўлиб кутиш хатолар ўчирилиб, даражалар кўтарилишига сабаб бўлиши.

8. Ислом дини хатоларни ўчириб, даражаларни кўтаришни жуда ҳам осон қилиб қўйгани.

9. Ҳавои нафсни енгиб, Аллоҳнинг амрини қилиш муробитликка тенглаштирилгани.

Биз мусулмонлар нақадар бахтли бандалармиз. Ўзимиз учун керакли ва фойдали амаллар бизга ибодат қилиб берилган. Бугунги кунда фойда оладиган ишларимиз Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган, қолаверса, хатоларимизнинг ювилишига, даражаларимизнинг кўтарилишига сабаб қилиб қўйилган.

Хатоларимиз ювилсин, даражаларимиз баланд бўлсин десак, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилайлик, масжидлар томон босадиган қадамларимизни кўпайтирайлик ва намоздан кейин яна навбатдаги намозни иштиёқ билан интизор бўлиб кутайлик.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар
».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда бошдан охиригача таҳорат туфайли банданинг гуноҳлари қандоқ тўкилиши батафсил баён қилинмоқда. 

Мусулмон киши таҳорат қилиш учун қайси бир аъзосини ювса, ўша аъзо туфайли содир бўлган гуноҳ тўкилиши таъкидланмоқда. Мусулмон одам таҳорат пайтида зоҳирий аъзоларидан кир, чанг-тўзонларни ювса ҳам, аслида унинг гуноҳлари ювиб ташланиши маълум бўлмоқда. Бу эса таҳоратнинг фазли қанчалик баланд эканини кўрсатади.

Шу жойда умумий қоида сифатида ҳаммамиз учун ўта муҳим бир масалани эслаб ўтишимиз лозим. Бу ҳадиси шариф, ундан олдинги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда гап кичик гуноҳларнинг тўкилиши, ювилиши ёки ўчирилиши ҳақида бормоқда. Бу маънолардаги ҳадисларни эшитиб ёки ўқиб, хоҳлаган гуноҳни қилиб келиб, бир марта таҳорат қилса ва намоз ўқиса ёхуд жума намозида иштирок этса, ҳамма гуноҳлари тўкилиб кетар экан, деган хаёлга бормаслигимиз керак. Бунга ўхшаш маънодаги ҳадисларда зикр қилинган гуноҳнинг тўкилиши Аллоҳ билан банда орасидаги муносабатда банда томонидан содир этилган кичик гуноҳларга тегишлидир. Бундан кейин келадиган ҳадисларда «агар катта гуноҳ қилмаган бўлса», деган истисно ҳам келади. Уни Аллоҳ хоҳласа, ўз ўрнида ўрганамиз. 

Шунингдек, бошқа бандалар ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб қилинган гуноҳлар ҳам қасос олинмагунча ювилмайди. Бу ҳам Аллоҳ хоҳласа, кези келганда ўрганилади.

Лекин таҳорат билан кичик гуноҳларнинг ювилиб кетиши ҳам катта гап. Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати бу. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини юваётиб: «илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки таҳорат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек, ўзига хос ибодатдир. 

Шу туфайли таҳорат қилаётганда бошқалар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа таҳорат қилишга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган имконият ва қулай фурсатдир.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади. 

«У киши розияллоҳу анҳу мен ўз халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача етади», деганларини эшитдим
», деди. 

Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Халил - энг яқин ва сирдош дўст дегани. 

Қуръони каримда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халил этиб олганининг хабари келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни «халилим» дейишлари, у кишининг ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббатларидандир.

Безак эса мўмин банданинг қиёмат куни Аллоҳ томонидан безалишидир. Аллоҳ таоло аҳли жаннатнинг васфида: 

«Ва улар тилло ва лаълидан бўлган безаклар ила безалурлар. Ва у ер (жаннат)даги либослари ипакдир», деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифда: 

«Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача бўлади», дейишларидан, ҳар кимнинг безаги ҳар хил бўлиши келиб чиқмоқда. Демак, бу дунёда таҳоратни яхшилаб қилган мўминнинг у дунёдаги безаги ҳам яхши бўлади, кўп таҳорат қилганнинг безаги кўп бўлади. Шунингдек, банданинг қайси жойларига таҳорат суви етган бўлса, безаги ҳам ўша жойларгача етиб боради.

Биз мўминлар шу билан бахтлимизки, ҳозирдаёқ охиратдаги безагимизни хоҳлаганимизча яхшилаб олиш имконимиз бор. Бунинг учун эса ўз вақтида таҳоратимизни комил қилишимиз ва баданимизнинг кўпроқ жойига таҳорат сувини етказишимиз керак, холос.


Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳи» тарозуни тўлдирур. «Субҳаналлоҳи ва ал-ҳамдулиллаҳи» осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар ёки тўлдирур. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Барча одамлар ҳаракат қилиб ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир», дедилар
». 

Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳадиснинг ровийи Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: 

Каъб ибн Осим ал-Ашъарий, куниялари Абу Молик, сафина, яъни, кема асҳобларидан. Ямандан кемада келиб, мусулмон бўлган зотлардан. Бу зот Миср ва Шомда истиқомат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бир нечтасини ривоят қилдилар. У кишидан Умму Дардо, Абдурраҳмон ибн ўанам, Холид ибн Абу Марям, Мадина аҳлидан ҳадис чиқарувчи кишилар ривоят қилишди. Бу зот тўплаган ҳадислардан айримларини машҳур «Саҳиҳ» соҳибларидан учтаси ўз китобларига киритишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадисларида бир неча савобли амалларнинг бошида покликни юқори баҳолаб зикр қилганлари учун ҳам ушбу ҳадис «Пок¬ликнинг фазилатлари» бобида келтирилмоқда. 

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда зикр қилган фазилатли амаллар билан бирма-бир танишиб чиқайлик:

1. «Поклик иймоннинг ярмидир». 

Бу жумладаги покликдан мақсад риё, кибр, ҳасад каби маънавий ҳамда барча моддий нопокликлардан пок бўлишдир. Таҳорат, яъни, пок¬лик иймоннинг ярми дейилиши – усиз ибодат қабул қилинмаслиги ва савоби беҳуда кетишидан, иймон бўлмаса, ибодат умуман қабул қилинмаслиги эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда. 

Исломда иймоннинг қадр-қиммати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олсак бўлаверади. 

Бу ўз навбатида биз мусулмонлар динимиз талабига яраша бўлишимиз кераклигини ҳам билдиради. 

Шундай экан покликни иймоннинг ярмига тенг¬-лаштирган динимизга қанчалик амал қилмоқдамиз? 

Аввало, динимиз талабига яраша маънан покмизми? 

Қолаверса, моддий жиҳатдан ҳолимиз қандоқ? 

Мусулмонлар оммасининг баданлари, кийимлари, турар-жойлари, кўчалари, қишлоқ ва шаҳарлари бошқаларникидан қанчалик озода? 

Ёки биз учун у қуруқ сўздан иборатми, қачон амал қилишга бошлаймиз?

2. «Алҳамдулиллаҳи» тарозуни тўлдирур.

«Алҳамдулиллаҳи» (Аллоҳга мақтовлар бўлсин) деган жумлани мўмин-мусулмон одам ихлос билан айтиши жуда ҳам савобли саналади. Чунки ҳамма нарсани берган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Унинг берган неъматларини эътироф этиб, улар учун Аллоҳга мақтов айтишдан улуғроқ савоб йўқ. 

Ҳадисда айнан шу нарса – «Алҳамдулиллаҳи»ни айтиш билан банда амаллар тарозусини тўлдирадиган даражада катта савоб олиши таъкидланмоқда. 

Қаранг, мўмин-мусулмон банда учун савоб топиш қандоқ ҳам осон-а! Оғиздан ихлос билан «Алҳамдулиллаҳи» деган калима чиқиши билан амаллар тарозусининг палласи савобга тўлиб қолар экан. 

Бас, шундоқ экан, бу калимани кўпроқ айтайлик. Турли беҳуда, иғво, бўҳтон гапларнинг ўрнига ҳам Аллоҳнинг зикрини қилайлик! 

3. «Субҳаналлоҳи ва алҳамдулиллаҳи» осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар ёки тўлдирур.

Шу ерда ровий шак қилган, яъни, «тўлдирурлар», деб жам сийғасида айтилдими ёки «тўлдирур», деб бирлик сийғасида айтилдими, буни яхши англамай қолганини билдириб қўяяпти.

Аввал «Алҳамдулиллаҳи»нинг ёлғиз ўзини айтиш тўғрисида сўз кетган бўлса, энди унинг олдига «Субҳаналлоҳи»ни ҳам қўшиб айтиш лозим кўриляпти. «Субҳаналлоҳи»нинг маъноси эса, «Аллоҳни поклаб ёд қиламан»дир.

Демак, бир мўмин банда ихлос билан «Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи» деб айтса, осмонлару ернинг ораси савобга тўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига қилган лутфи-карамидир.

Фақат бу лутфу карамдан биз мўминлар унумли фойдаланмоғимиз зарур, холос. Нима кўп, бўш вақтимиз кўп. Ўша вақтни турли беҳуда гап-сўзларга сарф этмай, ушбу икки калимани зикр қилсак, қанчадан-қанча савобга эришамиз. 

4. «Намоз нурдир». 

Намознинг нур эканлиги, аввало, банда вафот этиб қабрга қўйилганида унинг қоронғу қабрини ёритиши билан бўлади. 

Намознинг нур эканлиги кейинчалик, қиёмат қоронғусида ўз эгасига йўл кўрсатувчи нур бўлиши билан бўлади.

Ўлим ҳақ, ҳар биримизнинг вафот этишимиз бор. Ҳатто яқинларимиз бизнинг ҳар биримизни қабрга элтиб, кўмиб, ёлғиз ташлаб кетишлари бор. Ана шунда қабр зулматидан азоб тортмайлик десак, намоз ўқийлик. Ўқиган намозимиз қабримизда нур бўлиб, атрофимизни ёритиб, кўнглимизни хушнуд қилиб турсин, илоҳим.

Қиёмат куни ҳақ, бир куни келиб, албатта, у қоим бўлажак! Унинг тўс-тўполони, даҳшатли қоронғусида қолишимиз турган гап. Ўша пайтда ҳеч нарсани кўрмай, қоқилиб-суқилиб юрмайлик десак, намоз ўқийлик! Шояд, ўша ўқиган намозимиз қиёмат қоронғусида нур бўлиб порлаб, атрофимизни, йўлимизни ёритиб турса!

5. «Садақа бурҳондир». 

Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳонга ўтиши бир неча хил бўлади. 

Аввало, молу мулкдан савоб умидида садақа қилишнинг ўзи киши иймонининг тасдиғи учун ҳужжатдир. Чунки иймонсиз, мунофиқ одам садақа қилмайди. Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон – ҳужжат бўлади.

Баъзи эътирофларга қараганда, бу дунёда садақа қилиб юрган кишиларга қиёмат куни алоҳида бур¬ҳон – белги қўйилади экан. Ўша белгини кўргандан кейин улардан молингни нимага сарф қилдинг, деб сўралмас экан.

Қаранг, садақа қилиш – қанчалар яхши иш! Аллоҳ таоло берган мол-дунёни унинг йўлида садақа қилган банда шунчалар бахт-саодатга муяссар бўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга кўрсатган лутфу карами. Фақат шу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак, холос. Мол-мулкимиздан оз бўлса ҳам муҳтож биродарларимизга садақа қилайлик. Шоядки, ўша қилган садақамиз иймонимизнинг тасдиғи бўлса, қиёмат куни мол-мулкни нимага сарф қилганимиз ҳақида сўралганимизда бизга бурҳон бўлса ёки сиймомиздаги бир белги бўлиб, бу саволдан қутқариб қолса.

6. «Сабр зиёдир». 

Луғатда «сабр» нафсни хоҳлаб турган нарсаларидан қайтариш, унга оғир келадиган ибодатларга ундаб туриш ва турли машаққату қийинчиликларга бардош беришдир. 

«Зиё» деб бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка айтилади. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик «зиё» деб айтилади. Бир жисм бошқадан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, «нур» дейилади. Ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун «ой нури» деб айтамиз. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган Зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.

Сабрнинг зиё бўлиши, аввало, инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқади. Қолаверса, сабр бора-бора мўмин қалбида зиёга айланади. Бош¬қача айтсак, Аллоҳнинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлларини унга ёритиб беради. Шу билан бирга, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрда ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.

Кўпчилик орасида сабр тушунчаси нотўғри тал¬қин қилинади. Сабр деганда биров томонидан қилинган зулмга жавоб қилмай, жим туриш тушунилади. Аслида эса, бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса, ижобий тушунча. 

Исломда сабр дейилганда аввало, иймон-эътиқод, дину диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш, Аллоҳнинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади. Сабр деганда Аллоҳнинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Ислом дини адолатидан бутун дунёни баҳраманд қилиш учун барча машаққатларга кўниш, ҳалол-пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидашни сабр дейилади. Ана шу нарсаларга сабр қилишга ўрганайлик, шояд, сабр қалбимизда зиё бўлиб, турли машаққатларнинг осон бўлишига ёрдам берса, қабримизда, қиёмат кунида бизга зиё бўлиб, унинг ёруғидан баҳраманд этса!

7. «Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир». 

Яъни, Қуръонни ўқиб, унга амал қилсанг, у сенинг фойдангга гувоҳлик беради. Аммо Қуръонни ўқимасанг ёки ўқиб амал қилмасанг, у сенинг зарарингга гувоҳлик беради.

Ҳозирги давр тили билан айтганда, Қуръони карим икки томонлама тиғи бор қуролга ўхшаб кетади. Кези келганда фойда учун ҳам, зарар учун ҳам гувоҳлик берар экан. Қуръони каримни ўз фойдаси ёки зарарига ишлатиш банданинг ўзига боғлиқ. Аллоҳ таоло бандани яратиб, ризқу рўз бериб, ақл бериб, бунинг устига лутфу мар¬ҳамат кўрсатиб, икки дунё саодати йўлини топиши учун кўрсатмалар дастури сифатида Қуръони каримни бериб қўйибди. Уни гувоҳ ҳам қилиб қўйибди. Агар банда илоҳий дастур сифатида ўзига берилган Қуръони каримни ўқиса, унга амал қилиб яшаса, қиёмат куни Қуръон унинг фойдасига гувоҳлик беради. Аммо банда нобакорлик қилса, ўзига берилган илоҳий дастурни ўқимаса ёки амал қилмаса, Қуръони карим қиёмат куни унинг зарарига гувоҳлик беради. Оқибатда ўша банданинг иши расво бўлади.

Мўмин-мусулмон инсон қанчалар ҳам бахтли! Аллоҳ таоло уни қадрлаб, икром қилиб, ҳаётида амал қилиши лозим бўлган, икки дунё саодатига эриштирадиган дастурни тақдим қилиб қўйибди. Бу ўзини билган банда учун чексиз илоҳий лутфу карамдир ва меҳрибончиликдир. 

Аллоҳ таоло: «Мен сени яратиб қўйдим, идрок қилиш, ақл юритиш неъматини бердим, энди йўлингни ўзинг топиб юравер», дейиши ҳам мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло чексиз лутфу карам, меҳрибонлик қилди. Мўмин банда учун ўша илоҳий лутфу карамдан ўз жойида фойдаланишгина қолди, холос. 

Банда бир ҳарф бўлса ҳам Қуръон ўқиса, унга амал қилса, ажру савоб олади, икки дунёнинг саодатини топади. Қолаверса, Қуръони карим қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳлик беради.

Бас, шундоқ экан, Қуръон ўқиб, унга амал қилиб қолайлик. Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган лутфу марҳаматидан баҳраманд бўлайлик. Шунда икки дунёмиз обод бўлади. Охиратда Қуръон бизнинг фойдамизга гувоҳлик беради.

8. «Барча одамлар ҳаракат қилиб, ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир». 

Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон саъй-ҳаракат қилиб ўтади. У ўша саъй-ҳаракати ила худди ўз жонини савдога қўювчи кишига ўхшайди. Савдоси эса, бу дунёда қилган амалидир. Агар банда яхши амал қилган бўлса, эвазига яхшилик олади. Ундай одам ўз жонини дўзахдан озод қилувчидир. Агар банда ёмон амал қилган бўлса, эвазига ёмонлик олади. Ундай одам ўз жонини ҳалок қилувчидир. Яъни, ҳар ким қилса, ўзига қилади.

Биз ҳам бу дунёда ўшандай ҳаракат қилувчи, жонимизни савдога қўювчи бандалармиз. Ҳар биримиз иложи борича кўпроқ яхши амал қилиб, ўз жонимизни улар эвазига сотиб олиб, дўзахдан озод қилишга ҳаракат этайлик. ўафлат уйқусида савдони нотўғри қилиб, ёмон ишлар билан жонимизни ҳалок қилувчи, дўзахга туширувчи бўлмайлик!

Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни ва унинг ҳикматини алоҳида такрор қилиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Жиддий тафаккур қилувчи киши учун ҳамма нарса яққол аён бўлиб турибди.


Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таҳорат олсаю таҳоратини чиройлик қилса, унинг хатолари жасадидан, ҳаттоки, тирноқлари остидан ҳам чиқиб кетади», дедилар
». 

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни яхши биламиз ва таниймиз. У кишидан ривоят қилинган бу ҳадисда таҳоратнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бирга, таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги таъкидланмоқда. Инсон таҳоратни яхшилаб олса, ҳатто тирноқлари остидаги гуноҳлари ҳам тўкилиши баён қилинмоқда. 

Аввал айтганимиздек, таҳорат ҳам ўзига яраша ибодат. Уни эътиборсизлик, шошма-шошарлик билан, турли гап-сўз, ҳаракат ва ишларни аралаштириб эмас, фарз, суннат ва одобларини ўрнига қўйиб, мукаммал қилиш керак. Ана ўшанда таҳорат ҳақиқий бўлади ва ундан кўзланган натижаларга эришилади.

Таҳорат қилганда тўкиладиган гуноҳлар Аллоҳнинг ҳаққига тааллуқли кичик гуноҳлар эканлигини унутмайлик. 

Таҳоратни доим яхшилаб қилайлик, токи, кичик гуноҳларимиз тирноқларимиз остида ҳам қолмай тўкилсин, таҳоратдан ҳосил бўладиган савоблардан баҳраманд бўлайлик!


Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олсаю таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу», деб айт¬са, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 

Термизий эса: 

«Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирийн»ни зиёда қилган. 

Шарҳ: Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда ҳам таҳоратни тугатгандан сўнг ўқиладиган дуо эслатилмоқда. Охирида эса мазкур икки амалга бериладиган мукофот – жаннатнинг саккиз эшиги очилишию таҳоратни яхшилаб қилиб, ҳадисда келган дуони ўқиган одамнинг ўзи хоҳлаган эшикдан жаннатга кириши айтилмоқда. Бу ҳам таҳоратни яхшилаб қилиш ва шаҳодат калимасини ихлос билан айтишнинг қанчалар фазилатли эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Уламоларимиз айтишларича, таҳорат қилиб, аъзоларни турли кир ва ифлосликлардан поклаб бўлгандан кейин шаҳодат калималарини айтиш Аллоҳга ихлос ила амал қилганликка ва қалбнинг риё ва ширклардан пок бўлганига ишорадир.

Имом Термизий ушбу ҳадисни ривоят қилганларида шаҳодат калималаридан кейин: 

«Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирийн», деган дуо ўқиган эканлар. Бу дуо «Эй бор Худоё! Мени кўп тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин», деган мазмунида келади. 

Бу билан киши таҳорат олиб, баданини сув билан поклагач, Аллоҳ таолодан тавба қилмаса кечирилмайдиган гуноҳлари учун ўша дуо билан тавбага муяссар этишини сўрайди. Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу тоифа кишиларга жаннатнинг саккиз эшиги очилиб, хоҳлаганидан киришлари мумкинлигини башорат этмоқдалар.

Шундай экан, доимо таҳоратимизни маромига етказиб, мукаммал қилайлик, сўнгра ихлос билан калимаи шаҳодатни ва ушбу ҳадисда келган дуони ўқишга одатланайлик.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таҳоратнинг устига таҳорат қилса, унга ўнта ҳасанот ёзилади», дедилар
». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратнинг устига яна таҳорат қилиш ортиқча савоб олишга сабаб бўлишини маълум қилмоқдалар. Бу эса ўта покликка даъватдир. Кўп зотлар савоб умидида ушбу ҳадисга амал қилиб, таҳорат устига таҳорат қилишни ўзларига одат қилганлар. Биз ҳам ортиқча савоб олгимиз келса, ана шундай қилишимиз керак.

Бу покликнинг фазилатлари ҳақида келган ҳадиси шарифлардан баъзиларидир. Биз уларни тасаввур ҳосил қилиш учун келтирдик. Лекин шунинг ўзидан ҳам Ислом динида покликка қанчалар катта эътибор берилгани, ҳатто поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилгани яққол кўринади.

Эътибор берадиган бўлсак, ўрганган ҳадисларимизда мўмин-мусулмон учун поклик йўлида қилинган амаллари эвазига кўплаб савоб, охират саодати ва ундаги олий мартабалар ваъда қилинмоқда. Аммо бу поклик фақат охиратда фойда келтиради, дегани эмас. Поклик, аввало, бу дунё¬да фойда келтиради. Унинг бу дунёдаги фойдаси охиратдаги фойдаси олдида арзимаган нарса бўлгани учун ҳам зикр қилинмаётир.

Ислом дини покликни ҳар бир мусулмон учун ибодат қилиб, уни иймоннинг ярмига тенглаштириб қўйгани ва ибодат нопок ҳолда қабул қилинмаслиги бежиз эмаслиги туфайлидан ўн тўрт аср ўтгандан сўнггина бошқалар ҳам поклик инсоният учун қанчалар зарур эканини англаб етдилар. Аста-секин юз-қўлларини, кейин баданларини ювишга ўтдилар. Ундан сўнг кийим-бошларини, турар жойларини, кўчалари, шаҳар-қишлоқларини озода, пок тутишга одатландилар.

ўайримусулмон халқлар қадимги мусулмонлардан ўрнак олиб, ўзлари тушуниб, поклик сари юз бурган ва бураётган бир пайтда мусулмон халқлар Исломдан узоқлашиб, унинг ҳукмларига номигагина амал қилишга ўтиб қолдиларки, бу ачинарли ҳолдир. 

Бу жараён покликка бўлган муносабатда ҳам кўринди. Мусулмон номини рўкач қилувчи кишилар ичида ибодатсизлари пайдо бўлди, умуман, покликка эътибор бермай қўйганлари ҳам кўп бўлди. Оқибатда покликка амал қилмаслик туфайли бу дунёнинг ўзида турли муаммолар пайдо бўла бошлади.

Бир неча йиллар аввал ўқиган бир мақола менга қаттиқ таъсир қилган эди. Ўша мақолада мусулмонларнинг бахт-саодати фақат Исломга амал қилишда эканлиги, агар Исломга амал қилмасалар, бадбахт бўлиб қолишлари очиқ-ойдин ёзилган эди. 

Мақола муаллифи масъул табиб экан. Унинг юртида «трахома» деб аталувчи кўз касаллиги кенг тарқалиб кетибди. Бу касал шунчалик хавфли тусга кирибдики, ҳатто ҳукумат фавқулодда чоралар кўриб, чет эллардан ёрдам сўрашга мажбур бўлибди. 

Англиядаги машҳур мутахассис табиблар ҳузурига юборилган гуруҳ ичида мақола муаллифи ҳам бор экан. Англияликлар гуруҳ аъзоларидан трахома касаллиги уларнинг юртида миллий офат даражасига етганини эшитиб, ҳайрон бўлишибди. Улар ўз меҳмонларига: 

«Биз юртингизда трахома касаллиги тарқаб кетганини ақлимизга сиғдира олмаяпмиз», дебдилар. 

«Нима учун?» деб сўрашибди меҳмонлар. 

«Ахир сизлар мусулмонсизлар-ку! Билишимизча, Ислом мусулмонларга таҳорат қилишни амр қилган. Ҳар куни таҳорат учун юз-қўлини яхшилаб ювиб турган одам мутлақо трахома касали билан оғримаслиги керак», дейишибди мезбонлар.

Бунга нима дейиш мумкин? Ҳа, Аллоҳнинг амри¬ни қилмаслик нафақат гуноҳ ва охират азобига, балки бу дунёнинг ҳам кўплаб ноқулайликларига, машаққат ва мусибатларига сабаб бўлади.

Юқорида Ислом ҳукмига номигагина амал қилиш ҳақида гапириб ўтгандик. Энди ана шу нарса қаердан пайдо бўлганини кўриб чиқайлик. Кўпчилигимиз таҳорат ёки ғуслни баданни пок¬лаш деб эмас, баданга сув теккизиш, деб тушунамиз. Таҳорат қиладиган бўлсак, асосий мақсадимиз юз-қўл ва оёқларимизнинг маълум жойларини хўллашдангина иборат бўлади. Ўша жойлардан кирни кетказиш ҳақида кўпинча ўйлаб ҳам кўрмаймиз. ўусл қиладиган бўлсак, апил-тапил бошимиздан сув қуйиб олиш пайида бўламиз. 

Ислом учун фидойи биродарларимиздан бирининг айтишича, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчи катта бир жамоанинг ниҳоятда кўп одам қатнашган йиғинида иштирок этибди. «Жума куни ғусл қилиш суннату, тоза кийим кийиш, хушбўй нарсалар сепиш суннат эмасми?» деса, биров қулоқ солиб ҳам қўймас эмиш. 

Динимиз амрларининг ҳар бир ҳарфига оғишмай амал қилиш жуда яхши иш. Аммо ўша амрдан кўзланган мақсадни унутиб қўйишдан Аллоҳ ўзи асрасин.

Илм-фан Ислом дини амр қилган покликка риоя қилиш инсон учун, инсоннинг соғлиги учун, турли касалликларнинг тарқалмаслиги учун жуда зарур омил эканини аллақачон исбот этиб қўйган. Биз бу ишни динимиз бундан ўн тўрт аср олдин ибодат даражасига кўтаргани, иймоннинг ярми, деб эълон қилгани ҳақида фахр билан гапиришимизнинг ўзи етарли эмас! Балки бу амрларга амал қилиб, ҳаммага ўрнак бўлишимиз керак. Ўзимиз, кийим-бошимиз, турар-жойимиз, шаҳар-қишлоқларимиз, ҳамма-ҳамма тарафларимиз пок¬лиги билан бошқалардан ажралиб туриши лозим. Чунки Аллоҳ таоло поклик ҳақидаги буйруқларини айнан бизга юборган.

Қуръони каримнинг поклик ҳақидаги оятлари аввало, сиз билан бизларга хитобан келган, қолаверса, бу ўрганаётган ҳадисларни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга қарата айтганлар. Демак, покликка амал қилишга ҳаммадан кўра мусулмонлар масъулмиз. Аллоҳга шукр¬лар бўлсинким, оз бўлса-да, динимиз таълимотларига амал қилинаётган жойларда ҳавас қиладиган покликка эгамиз. Ният шуки, энди бу соҳада тўлиқ озодаликка эришадиган пайт етганини англашимиз керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади Эй имон келтирганлар, қачон намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва давоми...

70928 05:00 / 09.01.2017
... Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўминмусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб давоми...

5924 05:00 / 04.01.2017
....Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин аҳамият берган нарсалардан бири ҳақида сўз кетмоқда. У ҳам бўлса, анбиёларнинг давоми...

6401 05:00 / 04.01.2017
2дарс.МАТННИНГ ДАЛИЛЛАРИ1МатнРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришишни хоҳласалар ният қилардилар.1Матннинг далиллар۱ давоми...

3343 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

120089 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41759 14:35 / 11.08.2021