1440 йил 3 рабиъус сони | 2018 йил 11 декабрь, сешанба
Минтақа:
UZ RU EN AR
Ҳадис

Паноҳ сўраш калималари ҳақида ворид бўлган нарсалар (2-қисм)

19:10 / 12 март 1617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4625. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам балонинг шиддатидан, бадбахтлик етишидан, қазонинг ёмонлигидан ва душманларнинг ичиқоралигидан паноҳ сўрар эдилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда тўрт ёқимсиз нарсадан паноҳ сўраш бор. Бу нарсалардан доимо паноҳ тилаб туриш зарур.

«Балонинг шиддати» деганда инсонга етадиган ҳар бир машаққат кўзда тутилган. Уни кўтаришга одамнинг тоқати етмайди. Уни даф қилишга қудрати бўлмайди.

Баъзи уламолар «Балонинг қаттиқ бўлишидан мурод инсон «Бундан кўра ўлганим яхши» дейдиган даражадаги мусибатдир», деганлар.

«Бадбахтлик етиши»дан мурод саодатга тескари ҳолатнинг пайдо бўлишидир.

Бадбахтлик икки хил – диний ва дунёвийга тақсимланади.

Дунёвий бадбахтлик нафсоний, жисмоний ва хорижий турларга тақсимланади.

Диний бадбахтлик гуноҳ ишларни қилиш ила бўлади.

Дуода уларнинг барчасидан паноҳ тиланади.

«Қазонинг ёмонлиги»дан мурод бандага тақдир қилинган нарсалардан бандани маҳзун қиладиганларидир. Бу нарса умумий бўлиб, у банданинг динида, дунёсида, ўзида, аҳлида, молида ва бошқа нарсаларда бўлиши мумкин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қазонинг ёмонлигидан паноҳ сўраб дуо қилишларидан бу иш қазои қадарга рози бўлишга хилоф эмаслиги келиб чиқади.

Қазо бандаларга нисбатан икки қисмдан, яъни яхши ва ёмондан иборат бўлади. Биз бандалар уларга иймон келтириш ва рози бўлишга амр қилинганмиз. Бас, бунга амал қилишимиз лозим. Биз бандалар қазонинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга амр қилинганмиз. Бас, унга ҳам амал қиламиз. Иймонимиз ҳам, паноҳ сўрашимиз ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига биноандир.

«Душманларнинг ичиқоралиги»дан мурод душманнинг ўз душмани хурсандлигидан хафа ва хафалигидан хурсанд бўлишидир.

Ичиқораликнинг салбий таъсири кучли бўлгани учун одамларда адоватни кучайтириши турган гап. Шунинг учун ундан паноҳ сўралмоқда.

4626. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Биз «ғам» деб таржима қилган сўзимиз араб тилида «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.

Маҳзунлик эса бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.

Ожизлик сўзининг луғавий маъноси бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир. Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради. Умумий маънода қудратсизликни англатади.

Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг роҳатини кўзлаб, ўша ишни тарк этишини билдиради.

Кўрқоқлик ҳам энг ёмон сифатлардан биридир. Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради. Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.

Бахиллик ҳам жуда ёмон хислат. У кўп одамнинг бошига бало-офатларни, фалокатларни олиб келадиган сифатдир. Бахил кишини қариндош-уруғи ҳам, аҳли аёли ҳам ёмон кўради, ўзининг охиратдаги аҳволи ҳам ёмон бўлади. Аллоҳ булардан Ўзи сақласин.

Қарздорликнинг кучайиб кетишидан мурод унинг оғирлашиши ва шиддатлашиши бўлиб, қарздорнинг ноилож қолишидир.

Ўтган азизларимиздан бирлари: «Агар қалбга қарзнинг ғами кирса, албатта, ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.

«Одамларнинг ғолиб келиши» иборасида эси паст ва таги пастларнинг устун бўлиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.

Зотан, разолат уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.

Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ғам ва маҳзунлик ақлий қувватга, қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.

Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.

Ожизлик разолати кўпроқ бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида юзага келади.

Дангасалик разолати эса кўпроқ бадандаги аъзолар соғ-саломат ва қувват баркамол бўлган пайтда бўлади.

Хорижий разолат ноўрин шиддат ва бошқаларга устунлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.

Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.

4627. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан дангасаликдан, ўта қариликдан, гуноҳга ботишдан ва қарзга ботишдан, қабр фитнасидан, қабр азобидан, дўзах фитнасидан, дўзах азобидан, бойлик фитнаси шарридан (ёмонлигидан) паноҳ сўрайман. Сендан фақирлик фитнасидан паноҳ сўрайман. Сендан Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳим! Хатоларимни қор ва муз ила ювгин. Қалбимни худди оқ кийимни кирдан поклаганингдек поклагин. Мен билан хатоларим орасини худди машриқ билан мағрибнинг орасини узоқ қилганингдек узоқ қилгин», дер эдилар».

Иккисини бешовлари ривоят қилганлар.

4628. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган калималар ила паноҳ сўранглар:

«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан қўрқоқликдан паноҳ сўрайман. Сендан бахилликдан паноҳ сўрайман. Сендан ўта қариликка қайтарилишимдан паноҳ сўрайман. Сендан дунёнинг фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ сўрайман».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

348 15:08 / 05 декабрь
КИРИШБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинПайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсинАллоҳга шукрлар давоми...

905 16:59 / 08.04.2016
Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ҳаммомга иштонсиз кирмасин. Ким давоми...

1151 05:00 / 03.03.2017
Ихлоснинг фазли 22тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида .Эй Аллоҳнинг давоми...

806 17:04 / 08.01.2017
Аудиолар

3920 11:58 / 10 октябрь
Топ рейтинг www.uz Openstat