1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Пайғаmбарлик даъво қилганлар ҳақида

22:58 / 02.12.2016 6360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг барчалари ўзининг Аллоҳнинг расули эканини даъво қилади», дедилар».Тўртовлари ривоят қилишган.

  Шарҳ: Дажжол-макрчи, адаштирувчи ва алдовчи.

  Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунча ва бутларга ибодат қилмагунларича қиёмат қоим бўлмас. Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мен-дан кейин набий келмас», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоят-ларида каззоблар йигирма еттита бўлиши ва улардан тўрттаси аёл кишилиги айтилган. Улардан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлик даврларида чиққан учталари; Мусайлиматул Каззоб, ал-Анасий ва Ибн Сайёдлар ҳақидаги ривоятлар келаси сатрларда келади.
Аммо Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин ҳам пайғамбарлик даъвосини қилганлар чиққан. Мазкур каз-зоблар ичида Мухтор ас-Сақафий, Ғулом Аҳмад Қодиёний, Баҳоуллоҳ ва бошқалар бор.

МУСАЙЛИМА ВА АЛ-АНАСИЙ КАЗЗОБЛАР

   Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусайлматул Каззоб Набий алайҳиссаломнинг даврларида Мадинага келди ва «Агар Муҳаммад менга ўзидан кейин ишнинг ярмини берадиган бўлса, унга эргашаман», деди. У ўз қавмидан кўп киши билан келган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом у томон бордилар. У зот би-лан бирга Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳам бор эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қўлларида хурмо шохининг бўлаги бор эди. У зот шериклари ичида ўтирган Мусайлиманинг устига келиб тўхадилар ва: «Агар мендан манашу бўлакни сўрасанг ҳам бермайман. Аллоҳнинг иши сенга ўтмайди. Агар қайтсанг, Аллоҳ сени бўғизлайди. Менимча сен тушимга кирган одамсан. Манабу Собит менинг ўрнимга сенга жавоб беради», дедилар ва ўгрилиб кетдилар.
Ибн Аббос айтади: «Абу Ҳурайрадан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Менимча сен тушимга кирган одамсан» деган гаплари ҳақида сўрадим. Бас, у: «Расулуллоҳ алайҳиссалом «Мен ухлаб ётганимда икки қўлимда иккита тилло билакузукни кўрдим. Уларнинг ҳоли мени ташвишга солди. Менга тушимда «уларга пуфла» деб ваҳий қилинди. Бас, мен иккисига пуфладим. Иккиси ҳам учиб кетди. Мен иккисини мендан кейин чиқадиган икки каззобга таъвил қилдим. Улардан бири ал-Анасий ва бошқаси Мусайлима», деди-лар», деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Мен иккисини мен ўрталарида бўлган икки каззобга; Санъо соҳиби ва Ямома соҳибига таъвил қилдим
», дейилган. Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайлиматул Каззоб ҳам бор эди. Бу набокор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган эди. Мактубда қуйидагилар айтилганди:
«Аллоҳнинг Расули Мусайлимадан, Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга.
Аммо баъд; Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу иш-нинг ярими бизгадир. Унинг ярими Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмаслар».
Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзгандилар:
«Бисмиллаҳар роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Расули Му-ҳаммаддан, Мусайлимага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд; Албатта, ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».
Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганларида Мусай-лимани У зотдан кийимлари билан тўсиб турган эдилар. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз нобакорлигини қилганди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз султонла-ри остидаги нарсанинг бир қисмини беришларини сўраганди. Шунда У зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб:
«Сенга маншу чўпни ҳам бермайман», дегандилар.
Мусайлиматул Каззоб Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин бош кўтарди. У яна пайғамбарлик даъвосини қилди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафдаги, Ямомадаги Мусайлиматул Каззобга юборди. Унинг ортида мадад учун Шурҳабийл ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шурҳабийл ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ўзи ишни битирмоқчи бўлиб, шошилиб Мусайлиманинг аскари билан тўқнашди ва енгилди. Абу Бакрнинг ундан аччиғи чиқди ва Мадинага қайтиб келмасдан Яманга бориб Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Аҳли маҳарга қарши уруш қилишга амр қилди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб уни Мусайлима томон юришга амр қилди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни мададга юборди. Шурҳабийл ибн Ҳасанага одам юбориб Холидни кутиб туришга амр қилди. Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.
Мусайлима ва Бани Ҳанийфаликлар Холиднинг кела-ётганини эшитиб Ямоманинг четига аскаргоҳ қилиб одам тўпладилар. Уларга жуда кўп одам қўшилди.
Холид ҳам яқинлашиб келарди. Унинг лашкари олди-да Шурҳабийл ибн Ҳасана боради. Бани Ҳанийфанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганда уларнинг Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳини учратди. Бу гуруҳга Бани Ҳанийфанинг улуғларидан Мажоъа ибн Ма-рора бошлиқ эди. Холид амр қилиб бошлиқларидан бошқасини қатл этдирди.
Сўнгра Холид бориб муртадлар лашкари ила тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб му-сулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холиднинг чодиригача етиб келдилар ва унинг хотинини асир олмоқчи бўлдилар. Уларни Мажоъа бу ишдан қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашдилар ва Аллоҳ уларга Ўз сакинасини нозил қилди. Холид ўз одамлари ила ҳамла қилиб муртадларни ортига қайтарди.
Бани Ҳанийфаликлар аччиқланиб шиддатла жанг қилдилар. Холид уруш Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди ва иши оғирлашиб қолганда қочди. Унинг одамлари ҳам қочишга турди. Холид мусулмонларга нидо қилди. Улар бирдан ҳамла қилиб муртадларни шармандаларча муғлуб этдилар. Муртадларнинг қолганлари Мусайлиманинг Ҳадийқатур Роҳман номли боғига кириб олишди. У қўрғонга кириш мусулмонлар учун қийин бўлди. Ансорийларнинг шижоатлиларидан Барроо ибн Молик, мени боғнинг ичига отинглар, деди. Шерикларни уни ўша боғнинг ичига улоқтирдилар. Унинг ёлғиз ўзи дашман билан жанг қила туриб эшикни очди. Мусулмонлар ундан кириб душманни қатл қилдилар. Қатл этилганлар ичида Мусайлима ҳам бор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмуттолибнинг қотили Ваҳ-ший билан яна бир ансорий ўлдирдилар. Ўша вақтда Мусайлима юз эллик ёшда эди.
Шунингдек, Яманлик Асвад ал-Анасий номли каззоб ҳам пайғабарлик даъвосини қилиб чиққан эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Муҳожир ибн Абу Умайя бошлиқ лашкарни Асвад Ал-Анасийнинг аскарларига қарши юборди. Муҳожир уларни енгиб Ислом ҳукмини қайтадан ўрнатди.

 ИБН САЙЁДНИНГ ЗИКРИ

  Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Мадинаи Мунавварада Ибн Сайёд номли бир одам бўлган. Унинг кўпгина сафатлари Дажжолнинг сифатларига ўхшаган. Кўпчилик уни Дажжол шу бўлса керак деб ўйлаган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам уни кўрганлар ва у билан гаплашганлар. Ибн Сайёдни гоҳида Ибн Соид номи билан ҳам аталган. Келаси сатрларда ана ўша одам ҳақида кел-ган бешта ривоятни ўрганиб чиқамиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бир тўп кишилар ичида Ибн Сайёд томон борди. Уни, ёш болалари билан Бани Мағола қўрғони олдида ўйнаб юрган-да топдилар. Ўша кунларда у балоғат ёшига етай деб қолган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом қўллари билан унинг орқасига урмагунларича у сезмади. Сўнгра у зот унга: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шоҳидлик берасанми?» дедилар.
«Шоҳидлик бераманки, сен уммий-саводсиз-ларнинг расулисан», деди.
Кейин Ибн Сайёд: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шоҳидлик берасанми?» деди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ундан бош тортди-лар ва «Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирдим» дедилар. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом унга:
«Нимани кўрасан?» дедилар.
«Мен содиқ ва козиб келади», деди.
«Унда сенга иш аралаш-қуралаш бўлиб ке-тибди», дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом  ва сўзларида давом этиб «Мен сенга бир нарсани беркитдим» дедилар.
«У дух» деган эди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Жим бўл!» Ўз ҳаддингдан ошма!» дедилар.
Шунда Умар ибн Хаттоб:
«Эй Аллоҳнинг расули Менга қўйиб беринг. Унинг бўнига урай!» деди.
«Бу ўша бўлса, унга устун кела олмайсан. Агар ўша бўлмаса, сенинг учун бунинг қатл этишда яхшилик йўқ» дедилар.
Тўртовлари ривоят қилишган.
Муслим:
«Ўшанда кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом ва Убай ибн Каъб Ибн Сайёд турган хурмозорга бор-дилар. У зот хурмо шохлари орасига беркиниб Ибн Сайёд ўзларини кўрмасидан олдин ундан бир нарса эшитиш учун яшириндилар. У эса тўшак ус-тига яхтак чопон кийиб олиб ёнбошлаб олган эди. Тушуниб бўлмайдиган овоз чиқарди. Ибн Сайёд-нинг онаси Набий алайҳиссаломнинг хурмо шох-лари орқасида турганларини кўриб ўз ўғлига:
«Эй Софи! Ана Муҳаммад!» деди.
Ибн Сайёд сапчиб турди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Агар (онаси) уни тек қўйганида равшан бўлар эди»,  дедилар».
Шарҳ: Бу ривоятда Ибн Сайёд ҳақида бир қанча маълумотлар келган:
1.Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир гуруҳ саҳобалар билан унинг олдига борганлари. Афтидан Ибн Сайёд ҳақида гап кўпайиб кетга-нидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом уни ўзлари кўрмоқчи бўлганлар.
2.Ўша пайтда Ибн Соид балоғат ёшига яқинлашиб қолган ёш бола экан.
3.У Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирма-ган.
4.Ибн Сайёд Расулуллоҳ алайҳиссаломни ўзига иймон келтиришга чақирган.
5.Ибн Сайёдга гоҳ рост, гоҳ ёлғон гапирадиган иблис келиб турган бўлган. Буни Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг гапларидан билганлар.
6.Набий алайҳиссалом уни синаб кўришга савол ҳам берганлар ва унинг ҳаддан ошаётганини кўриб қаттиқ танбеҳ берганлар.
7.Ибн Сайёднинг нобокорлигини кўргандан сўнг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан уни қатл қилишга изн сўраганлар. Аммо Расулуллоҳ алайҳиссалом у Дажжол бўлган тақдирда ҳам, бўлмаганда ҳам қатл қилишдан фойда йўқлигини уқтирганлар.
8.Пайғамбар алайҳиссалом беркиниб туриб Ибн Сайёдга билдирмай унинг гапларини эшитиб кимлигини аниқламоқчи бўлганлар. Аммо Ибн Сайёднинг онаси пайқаб қолиб халақит берган. 

   Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом, Абу Бакр ва Умарлар билан бирга унга Мадинанинг баъзи йўлларида учрашдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом унга: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шаҳодат келтирасанми?» дедилар.
«Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шаҳодат келтирасанми?» деди у ҳам.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига ва китобларига иймон келтирдим. Нимани кўрасан?» деди-лар.
«Сув устида турган Аршни кўраман», деди.
Бас, Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Иблиснинг денгизда турган Аршини кўрар экансан. Яна нимани кўрасан?» дедилар.
«Икки содиқни ва бир козибни ёки икки козибни ва бир содиқни кўраман», деди.
«Бунинг боши айланган. Қўяверинглар», дедилар
».
Шарҳ: Бу ривоят аввалгисини таъкидлаш билан бир-га Ибн Сайёднинг Иблис билан алоқадорлигини очиқ-ойдин баён қилмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Биз ҳажга ёки умрага чиқдик. Биз билан Ибн Соид ҳам бор эди. Бир манзилга тушдик. Одамлар тарқалиб кетдилар. Мен у билан қолдим. Бас, унинг ҳақида айтилган нарсалар туфайли ўзимда унинг олдида ғалати хавфсираш сездим. У ўз матоҳларини олиб келиб менинг матоҳларим устига қўйди. Мен унга «Иссиқ кучайиб кетди. буларни анави дарахтнинг остига қўйсанг қандоқ бўларкин» дедим. У ўшандоқ қилди. Узоқдан қўйлар кўринди. У бориб бир қадаҳ кўтариб келди ва:
«Ич, эй Абу Саъид», деди.
«Иссиқ кучайиб кетди. сут ҳам иссиқ», дедим.
Менда унинг қўлидан бир нарса ичиш ёки унинг қўлидан бир нарса олишни ёқтирмасликдан бошқа нарса йўқ эди. Бас, у:
«Эй Абу Саъид! Одамлар менинг ҳақимда ай-таётган гаплардан безиб бир арқонни олиб, да-рахтнинг шохига боғлаб ўзимни бўғиб қўйсаммикан деб қасд қиламан.
Эй Абу Саъид! Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадислари кимгадир махфий қолган бўлса бор-дир. Аммо сиз ансорийларга махфий қолган эмас. Сен одамлар ичида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларини энг яхши билув-чилардан эмасмисан?! Расулуллоҳ алайҳиссалом (Дажжол ҳақида) «у кофир» деган эмасмилар?! Мен эса мусулмонман. У зот «У бепуштдир, ундан туғилмас» демаган эдиларми?! Мен эсам боламни Мадинада қолдириб келдим. Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг ҳақида «У Мадинага ҳам, Маккага ҳам кирмас» демаган эдиларми?! Мен эса Мадинадан келмоқдаман ва Маккани ирода қилмоқдаман», деди.
Абу Саъид: «Ҳаттоки мен уни узрини қабул қилай дедим. Сўнгра у «Аммо мен уни биламан, туғилган ерини ҳам биламан ва ҳозир у қаердалигини ҳам биламан» деди. Мен унга «Бугундан бошлаб сенга ҳалок бўлсин!» дедим», деди». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин ҳам Ибн Сайёднинг иши ноаниқлигича қолган экан. Одамларнинг ичида унинг ҳақида ҳар хил гаплар юрар ва одамлар ундан қочар эканлар. Ушбу ривоят ровийси Абу Саъид розияллоҳу анҳу ҳам уларнинг бирлари экан. Аммо тақдирнинг тақозоси ила ҳаж ёки умра сафарида Ибн Сайёд билан ҳамсафар бўлиб қолиб ноилож у билан суҳбатлашиб бир қанча гаплардан хабардор бўлган эканлар.

  1.Ибн Сайёд одамларнинг ўзи ҳақидаги гапларидан сиқилиб ўзини ўзи осмоқчи бўлиб юрар экан.
2.Ибн Сайёд ўзининг Дажжол эмаслигини таъкидлар экан. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларидан далиллар келтирар экан.
3.Расулуллоҳ алайҳиссалом (Дажжол ҳақида) «у кофир» деган эмасмилар?! Мен эса мусулмон-ман.
4.У зот «У бепуштдир, ундан туғилмас» демаган эдиларми?! Мен эсам боламни Мадинада қолдириб келдим.
5.Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг ҳақида «У Ма-динага ҳам, Маккага ҳам кирмас» демаган эди-ларми?! Мен эса Мадинадан келмоқдаман ва Маккани ирода қилмоқдаман».
6.Ибн Сайёд «Дажжолни биламан» деганидан кейин Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг унинг ҳақидаги фикри яна айниб қолган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчларидан бирида юриб бораётиб Ибн Соидни учратиб қолди ва унга бир гап айтиб ғазабини чиқарди. Шунда у шишиб кетиб кўчани тўлдириб юборди. Бас, Ибн Умар Ҳафсанинг олдига кирди. Унга ҳалиги хабар етган эди. У(Ҳафса) унга:
«Аллоҳ сенга раҳим қилсин. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Албатта, у одамларга ғазаби чиққанидан хуруж қилади» деганларини бил-масмидинг?!» деди».
Шарҳ: Дажжолнинг одамларга хуруж қилишининг бошланиши ғазаби қаттиқ чиқишидан бошланар экан. Буни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг завжаи мутоҳҳаралари ва Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг опалари бўлмиш Ҳафса онамиз яхши билар эканлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Унга бошқа сафар йўлиққанимда унинг кўзи шишиб кетган экан. Шунда мен унга:
«Кўзинг қачон мен кўраётганимдек бўлди?» дедим.
«Билмайман», деди.
«У бошингда турса ҳам билмайсанми?» дедим.
«Аллоҳ хоҳласа уни сенинг манави асоингда ҳам халқ қилиб қўяверади», деди.
Кейин у мен эшитган эшакнинг энг қаттиқ ханграшига ўхшаш хангради. Баъзи шерикларим мени уни асо билан урди ва синиб кетди шекилли деб ўйладилар. Аллоҳга қасамки мен буни сезганим йўқ. Сўнгра мўминларнинг онасининг олдига кириб унга сўзлаб бердим. Бас, у киши:
«Ундан нима истайсан? У зотнинг «Уни одам-ларга хуруж қилдирадиган нарса ғазабининг чиқишидир» деганларини билмасмидинг?!» де-ди».
Шарҳ: Дажжолнинг кўзи бўртиб чиққан бўлар экан. Бу сифат Ибн Сайёдда ҳам пайдо бўлган экан. Унинг эшакка ўхшаб ханграши ҳам бор экан.

Муҳаммад ибн Мункадир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб Ибн Соиднинг Дажжол эканини айтаётганини эшитдим. Мен ун-га:
«Аллоҳнинг номи билан қасам ичасанми?!» дедим.
«Умарнинг Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида бу ҳақда қасам ичаётганини эшит-дим. У зот унга инкор қилмадилар», деди».
Муслим ва Абу Довудривоят қилишган.
Шарҳ: Ибн Сайёднинг Дажжол деб қаттиқ ишонадиган саҳобалар ҳам бор экан. Аммо Ибн Сайёд ҳақидаги ҳамма маълумотларни солиштириб чиққандан сўнг у Дажжол эмаслиги, аммо Дажжолнинг баъзи сифатларига эга бўлган ва бир вақтлар Пайғамбарлик даъво қилган нохуш шахс эканлиги ғолиб бўлади.

  САҚИЙФДА КАЗЗОБ ВА ОЗОРЧИ БОР

  Абу Навфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Мадийнага кетадиган йўлда осилган ҳолида кўрдим. Қурайшликлар ҳам, одамлар ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар унинг олдидан ўтаётиб тўхтади-да:
«Ассалому алайка, эй Абу Хубайб!» деб уч марта такрорлади. Сўнгра «Аллоҳга қасамки, се-ни бу ишдан қайтарган эдим-ку!» деб уч марта айтди. «Аллоҳга қасамки, менинг билишимча серрўза, серқиём ва силаи раҳимни кўп қиладиган одам эдинг. Аллоҳга қасамки, сен энг ёмони бўлган уммат, энг яхши умматдир», деди-да, сўнгра юриб кетди.
Бас, Абдуллоҳ ибн Умарнинг қилган иши ва гапи Ҳажжожга етди. У у(Ибн Зубайр)га одам юборди. Уни осилган шохдан туширилди ва яҳудийлар қабрига ташланди. Сўнгра унинг онаси Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг олдига одам юборди. У киши унинг олдига келишдан бош тортди. Бас, у ўша юборган одамини яна қайта юбориб:
«Албатта, келасан! Бўлмаса, сени сочингдан судраб келадиганларни юбораман!» деди.
У яна бош тортди ва:
«Аллоҳга қасамки, токи олдимга сочимдан судраб болиб борадиганларни юбормагунингча бормайман!» деди.
Шунда у кавушларимни беринглар деди-да, икки қавушини олиб тезлаб юриб бориб унинг олдига кирди ва:
«Аллоҳнинг душманини қандоқ қилганимни кўрдингми?» деди.
«Кўрдим. Сен унинг дунёсини буздинг. У эса сенинг охиратингни бузди. Менга етган гапларга кўра сен уни «Эй икки белбоғли аёлнинг ўғли!» деб чақирибсан. Аллоҳга қасамки, икки белбоғли аёл менман. Улардан бири билан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ва Абу Бакрнинг таомини боғлаб кўтарган эдим. Бошқаси бўлса, аёл кишига лозим бўлган белбоғ эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Сақийфда каззоб ва озорчи борлигини айтган эдилар. Каззобни кўрдик. Аммо озорчи сендан бошқа биров эмас!» деди.
У индамай туриб, чиқиб кетди».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда Ислом тарихидаги энг қайғули ҳодисалардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Муовия розияллоҳу анҳу ўз ўғли Язидга одамларни байъатини олгандан кейин вафот этдилар. Аммо Маккада бўлган улуғ саҳобийнинг ўғли, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Зубайр одамларни янги халифага эмас ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Ҳижоз аҳли у кишига байъат қилдилар. Вақти соати етиб Язид ибн Муовия Ҳижозни ҳам ўзига бўйсиндириш мақсадида Бани Сақийф қабиласидан бўлган Ҳажжож бошчилигидаги лашкарни Мадийна ва Макка томон юборди. Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий умавий халифаларнинг амирларидан бири бўлиб ўзининг золимилиги ила танилган ва Ҳажжожи золим номини олган эди.
Ҳажжож бу муқаддас ерларга келиб мисли кўрилмаган зулмларни қилди. Маккаи Мукарраманинг ҳарамлигини ҳам бузиб Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ва у кишининг одамларининг бирортасини қўймасликка қарор қилиб шафқатсиз уруш олиб борди. Иложи қолмагандан кейин Ибн Зубайр ва у кишининг одамлари масжидул ҳаромга кириб олдилар. Ҳажжож манжаниқ отиб Каъбаи муаззамани ҳам парчалаб ташла-ди. Ёлғиз ўзи қолган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қариб икки кўзи кўрмай қолган оналари Асмаа бин-ти Абу Бакр разияллоҳу анҳонинг олдиларига кирди ва:
«Онажон ёлғиз ўзим қолдим, нима қилай?» деди.
«Ишининг ҳақ бўлганидан кейин ёлғизлигинг узр бўлмайди. Чиқиб душман билан курашни давом этдир», она.
«Ўлганимдан кейин мени қиймалармикан деган хав-фим бор», деди ўғил.
«Сўйилган қўйнинг теричини шилгани ила фарқ бўлмас, қўрқма, чиқ!» деди она.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ёлғиз ўзи жангни давом этдириб Ҳажжож одамлари қўлида ҳалок бўлдилар. Золим Ҳажжож у кишининг муборак жасадла-рини Маккадан Мадийнага кетадиган йўлдаги хурмо да-рахтига осиб қўйишни амр қилди. Биз ўрганаётган риво-ятнинг ровийси абу Навфал гапни худди ўша ердан бошламоқда:
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Мадийнага кетадиган йўлда осилган ҳолида кўрдим. Қурайшликлар ҳам, одамлар ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар унинг олдидан ўтаётиб тўхтади-да:
«Ассалому алайка, эй Абу Хубайб!» деб уч марта такрорлади».
Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарахтда осилиб турган мурдага салом бердилар. Бундан мурдага салом берса жоизлиги чиқади. Шу билан бирга Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўликка эҳтиром кўрсатиб кунясини айтиб мурожат қилмоқдалар. Бир марта эмас, уч марта салом бермоқдалар.
«Сўнгра «Аллоҳга қасамки, сени бу ишдан қайтарган эдим-ку!» деб уч марта айтди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга Бани Умайяга қарши чиқмаслик, улар билан тўқнашмаслик ҳақида насиҳат қилган эдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу насиҳатга қулоқ осмаган эдилар.
«Аллоҳга қасамки, менинг билишимча серрўза, серқиём ва силаи раҳимни кўп қиладиган одам эдинг».
Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу кўпгина фазилатлар соҳиби эдилар. У кишининг оталари жаннат башорати берилган ўн кишининг бирлари Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу, оналари Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмаа разияллоҳу анҳо эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Мадийнада муҳожирлардан би-ринчи бўлиб туғилган ва бунга Расулуллоҳ алайҳиссалом жуда ҳам қувонган ва унинг танглайини ўзларининг му-борак туфуткилари билан кўтарган эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзларининг кўплаб фазилатлари ичида кўп рўза тутишлари, кечалари кўп нафл намоз ўқишлари ва қариндошларга силаи раҳмни кўп қилишлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар.
«Аллоҳга қасамки, сен энг ёмони бўлган ум-мат, энг яхши умматдир», деди-да, сўнгра юриб кетди».
Бани Умайяликлар, ўзларининг лашкарбошилари Ҳажжож орқали Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни ёмон одам деб эълон қилган эди. Аммо Абдуллоҳ ибн Умар уларнинг эълонини ўзларининг бу гаплари билан чиппакка чиқардилар.
«Бас, Абдуллоҳ ибн Умарнинг қилган иши ва гапи Ҳажжожга етди».
Ҳаммаёқда Ҳажжожнинг жосуслари изғиб юрарди. Улар катта кичик ҳар бир гапни унга дарҳол етказиб ту-рардилар. Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек улкан зотнинг бу иши ва гапи одамларга тасир қилиб Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг жасади кишилар учун тасир қилишидан қўрқди.
«У у(Ибн Зубайр)га одам юборди. Уни осилган шохдан туширилди ва яҳудийлар қабрига таш-ланди».
Маккаи Мукаррамада яҳудийлар қабристони бўлмаганини эътиборга оладиган бўлсак, жасадни узоқ жойга олиб борилгани чиқади. Ҳажжож ўзининг бу но-мардлиги билан кифояланмади. У ўз рақибининг ўлимидан кейин унинг кексайиб кўзи кўрмай қолган она-сини ҳам хорламоқчи бўлди.
«Сўнгра унинг онаси Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг олдига одам юборди».
Ҳамма Ҳажжожнинг номини эшитганда зир титирар эди. Унинг амридан бош тортиш бировнинг хаёлига ҳам келмас эди. Аммо Асмаа бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳо бошқача иш тутди.
«У киши унинг олдига келишдан бош тортди».
Асмаа бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳонинг бу иши-дан Ҳажжожнинг ғазаби ғалаён қилди. У таҳдид қилишга ўтди.
«Бас, у ўша юборган одамини яна қайта юбо-риб:
«Албатта, келасан! Бўлмаса, сени сочингдан судраб келадиганларни юбораман!» деди».
Ҳажжожнинг бу таҳдидан кейин ҳар қандай одам шаштидан тушиши турган гап эди. Аммо Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо бошқача иш тутди.
«У яна бош тортди ва:
«Аллоҳга қасамки, токи олдимга сочимдан судраб олиб борадиганларни юбормагунингча бормайман!» деди».
Ҳажжожи золимнинг шармандаси чиқди. Аммо у иш-ни шундайлигича қолишини истамади. Нима қилиб бўлса ҳам Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳони хорламоқчи, ўзининг қилган нобокорлиги ила мақтанмоқчи бўлди.
«Шунда у кавушларимни беринглар деди-да, икки кавушини олиб тезлаб юриб бориб унинг олдига кирди ва:
«Аллоҳнинг душманини қандоқ қилганимни кўрдингми?» деди».
Бу золимнинг фикрича Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг душмани эмиш. Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо ўзининг баҳодир ўғли ҳақидаги аҳмақона саволга ажойиб жавоб берди.
«Кўрдим. Сен унинг дунёсини буздинг. У эса сенинг охиратингни бузди».
Сен уни қатл этиб бу дунёсига зарар етказдинг. Аммо у ўзининг ўлими ила сенинг охиратингни бузди. Охиратда сен уни ўлдирганинг учун жавоб берасан, дўзахга туша-сан.
«Менга етган гапларга кўра сен уни «Эй икки белбоғли аёлнинг ўғли!» деб чақирибсан».
Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг лақаблари Зотуннитоқайн-икки белбоғли аёл. Эди.
«Аллоҳга қасамки, икки белбоғли аёл менман. Улардан бири билан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ва Абу Бакрнинг таомини боғлаб кўтарган эдим. Бошқаси бўлса, аёл кишига лозим бўлган белбоғ эди».
Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга ҳижратга чиққанларида  уларга йўл учун та-ом бериб юборишмоқчи бўлдилар. Шошилишда таомни солгани нарса топа олмай қолдилар. Шунда Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо ўйлаб ўтирмай белидаги белбоғни ечиб иккига бўлди-да бир бўлагига таомни ту-гди, иккинчи бўлагини яна белиган боғлаб олди. Шун он-дан бошлаб Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Зотуннитоқайн-икки белбоғли аёл номини олдилар. У киши Ҳажжожга қаратилган гапларда давом этиб:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Сақийфда каззоб ва озорчи борлигини айтган эдилар. Каз-зобни кўрдик. Аммо озорчи сендан бошқа биров эмас!» деди».
Каззоб Сақийф қабиласидан чиқиб пайғамбарлик даъвосини қилган Муҳтор ибн Абу Убайд ас-Сақафий де-ган нобокор эди. Озорчи эса, ҳозир Зотуннитоқайн-икки белбоғли аёлнинг олдиларида хўшшайиб ўтирган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий бўлди. Бу гаплардан кейин унинг шармандаси чиқди.
«У индамай туриб, чиқиб кетди».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . ,. . . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни давоми...

2889 19:15 / 24.05.2022
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлФаттоҳ.АлФаттоҳ, исмининг маъноси кўплаб нарсаларни очувчи, Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчидир.Гоҳида инсон қаршисида ризқ давоми...

10491 08:30 / 20.04.2017
Аллоҳ таоло нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб Бақара сурасида қуйидагиларни айтади давоми...

3089 18:33 / 14.03.2022
Савол Худо мавжуд бўлса, нега дунёда бегуноҳ инсонларга шунча зулм бўлмоқда Африка қитъаси давлатларида норасида гўдаклар нега очликдан ўлмоқдаЖавоб 1. Аллоҳ давоми...

3263 17:01 / 06.11.2018
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021