1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар билан танишув

19:13 / 28.04.2017 4421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бизларга ҳидоят йўлини аниқ – равшан қилиб кўрсатиб, қалбларимиздан гумроҳлик зулматини маҳв этган Аллоҳ Таъолога ҳамду-санолар, бутун оламга раҳмат ва роҳи-ростда юргувчиларга пешво этиб юборилган Расули Мустафога ва у зотнинг аҳли байти, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган –  то рўзи қиёмат кейинги келгувчи –  барча умматларига дуруду-салавотлар бўлсин!

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза, умри боқий тарихларини ўрганишга бағишланган соатлар – вақтлар инсон ҳаётидаги энг яхши, энг хайрли онлардандир. Зеро, мусулмон киши у улуғ зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларининг буюк ҳодиса ва воқеаларини ўкиётган пайтда, гўё ўзини ўша марди майдон, довюрак чин инсонлар билан бирга юргандек ҳис қилади.

Сийрати набавийя (пайғамбар тарихлари)ни таълим олиш билан, мусулмон киши хотамуннабиййин – набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятларидан турли қирраларга ҳамда ҳаёт ва маишатдаги услубларига ҳамда тинчлик чоғидаги даъватларига воқиф бўлади. Яна у бу муборак тарихни дарс қилиш асносида кучсизлик ва қувват нуқталаридан, ғалаба ва мағлубият сабабларидан ва турли мусибатлар келганда – ҳар қанча улкан бўлса ҳам – қандай йўл тутиш зарур эканидан хабардор бўлади.

Мусулмонлар сийрати набавийяни таълим олишлари билан ўзларига бўлган ишончлари ортади ҳамда, улар Аллоҳнинг шариатига бўйсуниб, Унга чинакам ибодат қилар эканлар, албатта, У Буюк Зот улар билан бирга бўлиб, уларга нусрат беришига яна бир карра, аниқ ишонч ҳосил қиладилар.

Аллоҳ Таъоло айтади:

﴿يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ﴾

«Эй мўъминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур».[1]

﴿إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ﴾

«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз».[2]

 ﴿وَلَيَنصُرَنَّ اللَّهُ مَنْ يَنصُرُهُ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ﴾

 «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни, Динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир».[3]

Биз ушбу мусоҳабамизда, «денгиздан бир томчи» қабилида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларидан бир неча сатрларни ёзмоқчимиз. Мақсадимиз каттаю-кичик мусулмонлар ушбу умрбоқий, муборак сийрати набавийяни чуқурроқ дарс қилиб ўрганишлари учун уларга йўл очиб беришдир.

Аллоҳ Таъоло деди:

﴿ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ ﴾

«Муҳаммад Аллоҳнинг Пайғамбаридир»[4]

 Насаби шарифлари:

У зот:

Абулқосим – Муҳаммад Абдуллоҳ ўғлидирлар;

Абдуллоҳ Абдулмутталиб ўғли;

Абдулмутталиб Ҳошим ўғли;

Ҳошим Абдуманоф ўғли;

Абдуманоф Қусай ўғли;

Қусай Килоб ўғли;

Килоб Мурра ўғли;

Мурра Каъб ўғли;

Каъб Луай ўғли;

Луай Ғолиб ўғли;

Ғолиб Фихр ўғли;

Фихр Молик ўғли;

Молик Назр ўғли;

Назр Кинона ўғли;

Кинона Хузайма ўғли;

Хузайма Мудрика ўғли;

Мудрика Илёс ўғли;

Илёс Музар ўғли;

Музар Низор ўғли;

Низор Маъад ўғли;

Маъад Аднон ўғлидир.

Мана шу силсила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари ҳақида насабшунос олимлар ўрталаридаги иттифоқ қилинган муборак насабдир. Яна улар Аднон Аллоҳнинг Расули Исмоил алайҳиссалоту вассаломнинг авлодларидан эканига ҳам иттифоқ қилганлар.

 (Пайғамбаримизнинг муборак насабларини ёд олмоқчи бўлганлар учун мана бу қулайроқдир: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фихр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъад ибн Аднон.)

 Муборак исмлари:

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

حَدَّثَنَا أَبُو الْيَمَانِ أَخْبَرَنَا شُعَيْبٌ عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ لِي أَسْمَاءً أَنَا مُحَمَّدٌ وَأَنَا أَحْمَدُ وَأَنَا الْمَاحِي الَّذِي يَمْحُو اللَّهُ بِيَ الْكُفْرَ وَأَنَا الْحَاشِرُ الَّذِي يُحْشَرُ النَّاسُ عَلَى قَدَمِي وَأَنَا الْعَاقِبُ (وَالْعَاقِبُ الَّذِي لَيْسَ بَعْدَهُ نَبِيٌّ)

«Менинг бир неча исмим бор:

Мен Муҳаммад;

Мен Аҳмад;

Мен ал-Моҳий – Аллоҳ мен билан куфрни маҳв этади;

Мен ал-Ҳошир – одамлар (Қиёмат куни) менинг оёғим олдига (яъни, менинг ҳузуримга) жам қилинадилар;

Мен ал-Оқиб – (яъни, охирги пайғамбарман).[5]

 Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُسَمِّي لَنَا نَفْسَهُ أَسْمَاءً فَقَالَ أَنَا مُحَمَّدٌ وَأَحْمَدُ وَالْمُقَفِّي وَالْحَاشِرُ وَنَبِيُّ التَّوْبَةِ وَنَبِيُّ الرَّحْمَةِ

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини бизга бир неча номлар билан номлаб, айтар эдилар:

«Мен Муҳаммад,

Аҳмад,

Ал-Муқаффий (охирги келувчи),

Ал-Ҳошир,

Тавба Пайғамбари (Аллоҳ мен сабаб гуноҳларни кечиради)

Раҳмат Пайғамбариман». [6] 


Насабларининг тоза – покиза эканлиги

Эй дўстим! Сизни ҳам, мени ҳам Аллоҳ Таъоло ўз марҳаматига муваффақ қилсин! Билингки: «Барча халқлардан фазилатлик қилиб, танлаб олинган муҳтарам пайғамбаримизнинг ота-оналарини зино деб аталмиш жирканч иллатдан Аллоҳ Таъоло Ўзи сақлади, у буюк зот зинодан эмас, саҳиҳ никоҳдан туғилдилар».

 Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

 عَنْ أَبِي عَمَّارٍ شَدَّادٍ أَنَّهُ سَمِعَ وَاثِلَةَ بْنَ الْأَسْقَعِ يَقُولُ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَى كِنَانَةَ مِنْ وَلَدِ إِسْمَعِيلَ وَاصْطَفَى قُرَيْشًا مِنْ كِنَانَةَ وَاصْطَفَى مِنْ قُرَيْشٍ بَنِي هَاشِمٍ وَاصْطَفَانِي مِنْ بَنِي هَاشِمٍ

«Албатта Аллоҳ Исмоил авлодидан Кинонани, Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан бану Ҳошимни ва бану Ҳошимдан эса, мени танлаб олди».[7]

حَدَّثَنَا أَبُو الْيَمَانِ الْحَكَمُ بْنُ نَافِعٍ قَالَ أَخْبَرَنَا شُعَيْبٌ عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ أَخْبَرَنِي عُبَيْدُ اللَّهِ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُتْبَةَ بْنِ مَسْعُودٍ أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عَبَّاسٍ أَخْبَرَهُ أَنَّ أَبَا سُفْيَانَ بْنَ حَرْبٍ أَخْبَرَهُ ... فَقَالَ لِلتَّرْجُمَانِ قُلْ لَهُ سَأَلْتُكَ عَنْ نَسَبِهِ فَذَكَرْتَ أَنَّهُ فِيكُمْ ذُو نَسَبٍ فَكَذَلِكَ الرُّسُلُ تُبْعَثُ فِي نَسَبِ قَوْمِهَا (رواه البخاري)

Ҳирақл Абу Суфёнга: «Мен сендан унинг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) насаби ҳақида сўраганимда, сен:  «У ичимизда насаб соҳибидир (яъни тоза насаблик кишидир)», дединг. Ҳа, худди шундай (гапинг тўғри) Пайғамбарлар қавмларининг насаблик кишиларидан жўнатиладилар», деган эди. [8]

Туғилишлари:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъул-аввал ойида душанба куни, шу ойнинг иккинчи ёки саккизинчи ёки тўққизинчи ёки ўнинчи ёки ўн иккинчисида дунёга келдилар, бу ҳақда ривоятлар турличадир.

Ибн Касир айтадилар:

 Саҳиҳ ривоят шуки, У зот «Фил йили»да туғилганлар. (Яъни, Байтуллоҳни вайрон қилиш максадида Абраҳа номли кофир подшоҳ Маккага филлар билан бостириб келганда Аллоҳ унга осмондан бало юбориб, ўзини ҳам, қавмини ҳам ҳалок қилган йилни тарихнавислар «Фил йили» деб атайдилар.)

Имом Бухорийнинг устозлари Иброҳим ибн ал-Мунзир ал-Хизомий, Халифа ибн Хайёт ва бошқа уламолар ушбу ривоят саҳиҳ эканлигига ижмоъ қилинган эканини нақл қиладилар. 

Сийрат олимлари айтадилар:

Омина у зотга ҳомиладор бўлганида айтади:

«Унда бир оғирликни ҳис қилмадим,  дунёга келган чоғида у билан бирга бир нур чиқиб, машриқу-мағриб ўртасига зиё таратди».

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ السُّلَمِيِّ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنِّي عَبْدُ اللَّهِ فِي أُمِّ الْكِتَابِ لَخَاتَمُ النَّبِيِّينَ وَإِنَّ آدَمَ لَمُنْجَدِلٌ فِي طِينَتِهِ وَسَأُنَبِّئُكُمْ بِتَأْوِيلِ ذَلِكَ دَعْوَةِ أَبِي إِبْرَاهِيمَ وَبِشَارَةِ عِيسَى قَوْمَهُ وَرُؤْيَا أُمِّي الَّتِي رَأَتْ أَنَّهُ خَرَجَ مِنْهَا نُورٌ أَضَاءَتْ لَهُ قُصُورُ الشَّامِ وَكَذَلِكَ تَرَى أُمَّهَاتُ النَّبِيِّينَ صَلَوَاتُ اللَّهِ عَلَيْهِمْ (رواه أحمد)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Албатта мен уммулкитоб (лавҳулмаҳфуз)да Аллоҳнинг бандаси, ҳали Одам лойида, ерга ташланган ҳолатида пайғамбарлар сўнггиси (деб битилган) эдим. Сизларга  бунинг таъвилини айтиб берадиган бўлсам – мен бобом Иброҳимнинг дуоси, Ийсонинг қавмига берган башорати ва онам кўрган тушидаги, ундан чиққан ва Шомдаги қасрларни ёриштириб юборган нурдирман», — дедилар». [9]

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қорнида эканларида оталари вафот қилдилар.

Сут эмишлари

(Сут эмиш масаласи арабларда аҳамиятли бўлгани, хусусан унинг пайғамбаримизнинг тарихларида алоҳида ўрни бўлгани учун ҳам тарихнавислар пайғамбаримизнинг сут эмиш ҳодисаларини баён қилиш учун алоҳида боб ажратадилар):

У зотни аввал Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба бир неча кун эмизди. Кейин, эмизиш учун бану Саъд қабиласидан Ҳалима Саъдияга берилди. (Чунки, бану Саъд қабиласи об-ҳавоси тоза саҳрода яшарди. Об-ҳаво боланинг соғлом бўлиб ўсишлигида муҳим омилдир). Шундан сўнг Ҳалима эмизди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бану Саъд қабиласида, Ҳалима ҳузурида тўрт йилча турдилар.

Ўша кезларда (Оллоҳ таоло томонидан юборилган икки фаришта орқали) у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўкракларини очилиб, қалбларидан нафс ва Шайтон насибасини чиқариб ташланди. (Бу ҳодиса у киши учун бир мўъжиза эди)

Мана шу ҳодисадан кейин Ҳалима Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз оналарига олиб келиб топширди.

 Кейин у зот олти ёшликларида, оналари Мадинадан Маккага қайтаётиб ал-Абво номлик ерда вафот топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган йили Маккага кетаётиб ал-Абводан ўтганларида, Роббилари Аллоҳ азза ва жалладан оналарининг қабрини зиёрат қилишга изн сўраган вақтларида изн бўлди, қабрни зиёрат қилиб, йиғладилар ва атрофдагиларни ҳам йиғлатдилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилдилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ زَارَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَبْرَ أُمِّهِ فَبَكَى وَأَبْكَى مَنْ حَوْلَهُ فَقَالَ اسْتَأْذَنْتُ رَبِّي فِي أَنْ أَسْتَغْفِرَ لَهَا فَلَمْ يُؤْذَنْ لِي وَاسْتَأْذَنْتُهُ فِي أَنْ أَزُورَ قَبْرَهَا فَأُذِنَ لِي فَزُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الْمَوْتَ  (رواه مسلم)

«Пайғамбар алайҳиссалом оналарининг қабрини зиёрат қилиб ўзлари ҳам йиғладилар, ёнидагиларни ҳам йиғлатдилар. Cўнгра: «Парвардигоримдан онамга иcтиғфор cўрашга рухcат cўраган эдим бунга изн берилмади. Онамнинг қабрини зиёрат қилишга рухcат cўраган эдим, бунга изн берилди. Cизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар ўлимни эcлатади»- дедилар». [10]

Оналари вафот қилганидан кейин, у кишига оталаридан мерос бўлиб қолган чўрилари Умми Айман энагалик қилди, боболари Абдулмутталиб эса, ўз кафолатига олди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саккиз ёшга кирганларида, у кишига амакилари Абу Толиб кафил бўлишлигини васият қилганидан кейин боболари Абдулмутталиб ҳам вафот қилди.

Шундан кейин у зотга амакилари Абу Толиб кафил бўлиб, яхши ҳимоя қилди ва Аллоҳ Таоло у зотни пайғамбар қилиб жўнатган пайтда Абу Толиб то ўлгунича мушриклигида давом этган бўлса ҳам, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаб-қувватлади, кўп ёрдамлар берди.

Аллоҳ Таъоло унинг бу ёрдамлари туфайли ундан дўзах азобини бир оз енгиллаштиради. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис бор.

У зотни Аллоҳ Таъоло жоҳилият чиркинликларидан сақлаганлиги:

Аллоҳ Таъоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёшликлариданоқ Ўзи ҳимоя қилиб, жоҳилиятнинг барча айб ва чиркинликларидан пок сақлаган ҳамда у кишига барча гўзал хулқларни ато этган эди. Қавмлари у зотдаги мужассам бўлган поклик, ростгўйлик ва омонатдорлик каби ушбу гўзал хулқларни кўришгач, улар у зотга Муҳаммад Амин деб ном беришган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари ўттиз бешга етганда Қурайш (яъни пайғамбаримиз қавмлари) Каъбанинг биносини янгилашди.

Ҳажар ал-Асвадни ўз жойига қайтадан қўйиш масаласида ораларида қаттиқ тортишув вужудга келди, ушбу шарафли ишни ҳар бир қабила ўзи амалга оширишни хоҳлар эди.

Ўзаро бўлиб ўтган қаттиқ тортишувдан кейин, манашу соатда Каъбага ким биринчи бўлиб кириб келса, ўша одам Ҳажар ал-Асвадни қайтадан ўз жойига ўрнатишига рози бўлиб турган бир пайтларида, биринчи бўлиб пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдилар. Шунда улар хурсанд бўлиб: Амин биринчи бўлиб кириб келди, биз унга розимиз дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (дастурхонга ўхшаш) бир мато келтиришни буюрдилар. Уни олиб келишгач, ўртасига Ҳажар ал-Асвадни қўйиб, ҳар бир қабила ушбу мато атрофидан кўтаришини буюрдилар. Сўнгра пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажар ал-Асвадни олиб ўз жойига қўйдилар. [11]

Уйланишлари:

Йигирма беш ёшга кирганларида Хадича онамизга уйландилар. Уйланиш воқеаси қуйидагича эди:

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадичанинг молларини олиб, унинг ғуломи (қули) Майсара (эркаклар номи) билан биргаликда Шом диёрига савдогарликка чиқдилар. Майсара у зотнинг юриш-туришларини ва у кишидаги ростгўйлик, омонатдорлик каби гўзал хулқларни  кўриб ҳайратда қолди. Шомдан қайтгач, кўрганларини Хадичага айтиб берганида, Хадичанинг ўзи (рағбат билан) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмуш қуришни таклиф қилди.

Хадича онамиз вафотлари ва кейинги хотинларига уйланишлари:

Хадича розияллоҳу анҳо ҳижратдан уч йил аввал вафот қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамиз тириклик пайтларида бошқа уйланмаган эдилар.

Хадича онамиз вафот этганларидан сўнг, аввал Замъанинг қизи Савдага, кейин Абу Бакр қизлари Оишага уйландилар. Оиша онамиздан бошқа бокирага уйланган эмаслар. Сўнгра Умар ибн ал-Хаттоб қизлари Ҳафсага, сўнгра Хузайма қизи Зайнабга, кейин Умму Саламага (исмлари Ҳинд Умайя қизи), сўнгра Зайнаб бинт Жаҳшга, кейин Жувайрийя бинт Ҳорисга, сўнгра Абу Суфён қизи Умми Ҳабибага (исмлари Рамла ёки, Ҳинд), кейин Хайбар фатҳ этилгач Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизи Сафийяга, сўнгра Ҳорис қизи Маймунага уйландилар. Энг охирги уйланган аёллари Маймуна онамиз эдилар. Ҳаммаларидан Аллоҳ Таъоло рози бўлсин!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодлари:

Авлодларининг ҳаммаси – қизлари ҳам, ўғиллари ҳам –   Иброҳимдан бошқаси – Хадича бинт Хувайлид онамиздан туғилдилар. Иброҳим эса Миср подшохи Муқавқас ҳадя этган чўри Мория Қибтийядан туғилдилар.

Ўғиллари:

1- Қосим, у зот шу билан куняланиб, Абул-Қосим дейилдилар.

2- Тоҳир.

3- Тоййиб.

Бир ривоятда айтилишича, пайғамбарликдан кейин бир ўғил кўрганлар, исми Абдуллоҳ бўлиб, уни Тоҳир ва Тоййиб деб лақабланган. Шунга кўра Тоҳир билан Тоййиб бир шахс.

Иброҳим эса Мадинада туғилди ва пайғамбаримизнинг вафотларидан уч ой аввал йигирма икки ойлигида (яъни икки ёшга тўлишига икки ой қолганда) вафот қилди.

Қизлари:

1- Зайнаб энг катта қизлари бўлиб, унга холасининг ўғли Абул-Ос ибн ар-Рабиъ уйланган.

2- Руқайя, унга Усмон ибн Аффон уйланганлар.

3- Фотима, унга Алий ибн Абу Толиб уйланганлар, жаннат аҳли йигитларининг саййидлари бўлмиш Ҳасан ва Ҳусайн Фотиманинг ўғилларидир.

4- Умму Гулсум, унга опаси Руқайянинг вафотидан кейин Усмон ибн Аффон уйланганлар.

Ҳаммаларидан Аллоҳ Таъоло рози бўлсин!

Имом ан-Нававий айтадилар: Қизлар тўртта эканлигида ихтилоф йўк ва саҳиҳ ривоятга кўра ўғиллар учтадир.

Пайғамбар қилиб юборилишлари:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга кирганларида Аллоҳ Таъоло томонидан бутун оламга раҳмат, энг сўнгги пайғамбар этиб юборилдилар. Ўша йили, Рамазон ойининг ўн еттинчиси – душанба куни Ҳиро ғорида у кишига биринчи марта, олдиларига фаришта осмондан ваҳий олиб тушди.

Фаришта у зотнинг олдиларига тушиб деди: «Ўқинг».

У зот эса: «Мен ўқишни билмайман», — дедилар.

Шунда фаришта у зотни қаттиқ қисди, бу қисишликдан қаттиқ қийналдилар. Фаришта қўйиб юбориб, «Ўқинг» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ўқишни билмайман» дедилар.

Юқоридаги ҳолат учинчи марта ҳам такрорлангандан кейин фаришта деди:

﴿ اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ a خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ a اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ a الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ a عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ ﴾

 «(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни – хатни ) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди».[12]

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамиз розияллоҳу анҳо олдиларига қўрқувдан қалтираб-титраб келиб, ғордаги бўлган ҳодисани айтиб бердилар. Хадича онамиз Расулуллоҳни тинчлантириб – хотиржам қилиб дедилар: «Севининг! Асло, қўрқманг! Аллоҳ Таъоло сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймайди. Чунки, сиз қариндош билан яхши алоқадасиз, сўзингизда ростгўйсиз, кишиларнинг оғирини енгил қиласиз ва ҳаётда мусибат кўрганларга кўмаклашасиз».

Кейин ваҳий келиши бир муддат тўхтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ Таъоло хоҳлаган бир муддат ичида ҳеч нарса кўрмай турдилар. Бу ҳолатдан ғамгин бўлиб, ваҳий тушишига муштоқ бўлдилар. Шундан кейин бир оз вақт ўтиб, бир куни кўчада кетаётганларида, ер билан осмон ўртасида муааллақ бўлган бир курсида ўтирган фаришта намоён бўлиб, кўнгилларига таскин бериб, у зотнинг чиндан ҳам Аллоҳ Таъолонинг Расули эканликларига башорат (хушхабар) берди. Фариштани кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқиб, қалтираб-титраб уйларига бориб, Хадича онамизга: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», — деб буюрдилар. Мана шу пайт Аллоҳ Таъоло у кишига қуйидаги оятларни нозил қилди:

﴿ يَاأَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ a قُمْ فَأَنذِرْ a وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ a وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ ﴾

«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг!».[13]

Аллоҳ Таъоло ушбу ояти карималарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қавмларини огоҳлантириш ва уларни Аллоҳ Таъолога даъват этмоқларига амр этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқни бажариш учун қаттиқ бел боғлаб, Аллоҳ Таъоло томонига каттаю-кичикни, озоду-қулни, эркагу-аёлни ва оқтанлигу-қоратанликни даъват этиб, Аллоҳнинг фармонига итоат этган ҳолларида даъват ишини  комил суратда адо этдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларига ҳар бир қабиладан –дунё ва охиратда нажот топишларини – Аллоҳ Таъоло Ўзи ихтиёр қилган бандалари зиё ва ишонч билан исломга кирдилар.

Макканинг ақли паст, мутакаббир кофирлари эса, Исломни қабул қилганларга ҳар йўл билан қаттиқ озор бера бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эса, Аллоҳ Таъоло амакилари Абу Толиб воситаси билан ҳимоя қилиб, кофирларнинг озоридан Ўзи сақлади. Чунки Абу Толиб уларнинг ўрталирида шарафли, гапи ўтадиган, ҳурматли киши эди. Улар Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўришини билганлари учун ҳам, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш билан унинг қаршисига туришликка журъат қила олмас эдилар.

Ибн ал-Жавзий айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч йилгача даъватни яширинча олиб бордилар. Кейин:

﴿ فَاصْدَعْ بِمَا تُؤْمَرُ وَأَعْرِضْ عَنْ الْمُشْرِكِينَ ﴾

«Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» ояти[14] нозил бўлгач, даъватни ошкор қилдилар.

У зотга Аллоҳ Таъолонинг:

﴿ وَأَنذِرْ عَشِيرَتَكَ الْأَقْرَبِينَ ﴾

«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» ояти[15] нозил бўлгандан кейин, Сафо тоғига чиқиб:

«Эй қавм! Огоҳ бўлинг!», - деб жар солдилар.

Улар: «Бу овоз қилаётган ким ўзи? Ие...бу Муҳаммад-ку!» -деб ажабланиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб тўпландилар.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарата:

«Эй фалонийлар авлоди ...

Эй фалонийлар авлоди ...

Эй фалонийлар авлоди ...

Эй Абду Маноф авлоди ...

Эй Абдул Мутталиб авлоди...» — деб нидо қилдилар.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб жам бўлишгач дедилар:

- «Эй қавм, айтингларчи, мен ҳозир сизларга, мана шу тоғ ортидан отлиқ аскарлар чиқиб келади деб хабар берсам, мени тасдиқлайсизларми?». Улар:

- «Албатта, биз сизни ёлғон гапирганингизни кўрган эмасмиз, сизга ишонамиз», - дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- «(Унда эшитинглар!) Мен албатта, сизларни қаттиқ азоб (келиши) олдидан огоҳлантираман». Шунда Абу Лаҳаб:

- «Қуриб кеткур! Бизни фақат шу (гап) учунгина жамладингми?»,- деди ва туриб кетди.

Кейин унинг шаънига Аллоҳ Таъолонинг:

﴿ تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ a مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ a سَيَصْلَى نَارًا ذَاتَ لَهَبٍ a وَامْرَأَتُهُ حَمَّالَةَ الْحَطَبِ a فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِنْ مَسَدٍ ﴾

 «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки,) у қуриди – ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангалик дўзахга киражак!» [16] оятлари нозил бўлди. [17]

Озорларга сабр қилишлари:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмлари томонидан қаттиқ озорларга йўлиқдилар. У зот бу машаққатларга сабр қилиб, Аллоҳ Таъолодан савоб умид қилар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлиққан озорлардан у зотга тобе бўлган саҳобалар ҳам бенасиб қолмадилар. У зот саҳобаларни ҳимоя қилишга қодир бўла олмаганлари сабабли, бу зулм ва озорлардан қутилишлари учун уларни Ҳабашистон ерларига ҳижрат қилиб кетишга буюрдилар. Саҳобалар пайғамбаримиз буйруқлари билан туғилиб ўсган ерларини, уй-жойларини ташлаб, Аллоҳ Таъоло йўлида Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар.

Ибн Исҳоқ айтадилар: «Абу Толиб дунёдан ўтгач, Қурайш кофирлари у ҳаётлик пайтида Расулуллоҳга етказа олмаган озорларни етказдилар».

Абу Нуайм Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Абу Толиб вафот этгач, улар (Қурайш кофирлари) пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ хужум қилдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй амакижон! Йўқлигингиз шундай билиняпти! (Яъни, сиз йўқлигингиз туфайли булар менга жуда қаттиқ озор беришмоқда, жуда ҳам қадрингиз ўтди, амакижон!»), — дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилдилар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ بَيْنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَاجِدٌ وَحَوْلَهُ نَاسٌ مِنْ قُرَيْشٍ جَاءَ عُقْبَةُ بْنُ أَبِي مُعَيْطٍ بِسَلَى جَزُورٍ فَقَذَفَهُ عَلَى ظَهْرِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمْ يَرْفَعْ رَأْسَهُ فَجَاءَتْ فَاطِمَةُ عَلَيْهَا السَّلَام فَأَخَذَتْهُ مِنْ ظَهْرِهِ وَدَعَتْ عَلَى مَنْ صَنَعَ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اللَّهُمَّ عَلَيْكَ الْمَلَأَ مِنْ قُرَيْشٍ أَبَا جَهْلِ بْنَ هِشَامٍ وَعُتْبَةَ بْنَ رَبِيعَةَ وَشَيْبَةَ بْنَ رَبِيعَةَ وَأُمَيَّةَ بْنَ خَلَفٍ أَوْ أُبَيَّ بْنَ خَلَفٍ (رواه البخاري)

 Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эдилар, атрофларида Қурайш одамлари бор эди.  Уқба ибн Абу Муъайт номли кофир туянинг йўлдошини олиб келиб, ул зотнинг устларига ташлади, қизлари Фотима розияллоҳу анҳо келиб, олиб ташлагунларича саждада туравердилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, Қурайшдан бу жамоани – Абу жаҳл ибн Ҳишом, Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Умайя ибн Халаф ва Убай ибн Халафларни  ўзинг жазола!», — деб дуо қилдилар. [18]

 عَنْ عُرْوَةَ بْنِ الزُّبَيْرِ قَالَ سَأَلْتُ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عَمْرٍو عَنْ أَشَدِّ مَا صَنَعَ الْمُشْرِكُونَ بِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ رَأَيْتُ عُقْبَةَ بْنَ أَبِي مُعَيْطٍ جَاءَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يُصَلِّي فَوَضَعَ رِدَاءَهُ فِي عُنُقِهِ فَخَنَقَهُ بِهِ خَنْقًا شَدِيدًا فَجَاءَ أَبُو بَكْرٍ حَتَّى دَفَعَهُ عَنْهُ فَقَالَ﴿أَتَقْتُلُونَ رَجُلًا أَنْ يَقُولَ رَبِّيَ اللَّهُ وَقَدْ جَاءَكُمْ بِالْبَيِّنَاتِ مِنْ رَبِّكُمْ﴾ (رواه البخاري)

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтади:

«Мен Абдуллоҳ ибн Амрдан мушриклар Расулуллоҳга қилган энг қаттиқ озор ҳақида сўраганимда деди:

Уқба ибн Абу Муъайт бир куни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб турганларида келиб, ридоси билан у зотнинг бўйинларидан қаттиқ бўғиб турган пайтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, у зотдан уни даф этдилар ва: «Бир кишини Роббим Аллоҳ дегани учун ўлдирасизларми?»,— дедилар».[19]

Қавмларига раҳмдилликлари:

Абу Толиб ва Хадича розияллоҳу анҳонинг вафотларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етаётган озорлар кучайиб кетгач, Тоиф шаҳрига чиқиб, Сақиф қабиласини Исломга даъват қилдилар, улардан кўрган муомалалари эса, фақат озор, масхара ва бўйинтовлаш бўлди, холос. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тошбўрон қилиб, икки товонларини қонга белаб, ҳайдашди. Кейин мажбур – Маккага қайтишга қарор қилдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилдилар:

فَانْطَلَقْتُ وَأَنَا مَهْمُومٌ عَلَى وَجْهِي فَلَمْ أَسْتَفِقْ إِلَّا وَأَنَا بِقَرْنِ الثَّعَالِبِ فَرَفَعْتُ رَأْسِي فَإِذَا أَنَا بِسَحَابَةٍ قَدْ أَظَلَّتْنِي فَنَظَرْتُ فَإِذَا فِيهَا جِبْرِيلُ فَنَادَانِي فَقَالَ إِنَّ اللَّهَ قَدْ سَمِعَ قَوْلَ قَوْمِكَ لَكَ وَمَا رَدُّوا عَلَيْكَ وَقَدْ بَعَثَ إِلَيْكَ مَلَكَ الْجِبَالِ لِتَأْمُرَهُ بِمَا شِئْتَ فِيهِمْ فَنَادَانِي مَلَكُ الْجِبَالِ فَسَلَّمَ عَلَيَّ ثُمَّ قَالَ يَا مُحَمَّدُ فَقَالَ ذَلِكَ فِيمَا شِئْتَ إِنْ شِئْتَ أَنْ أُطْبِقَ عَلَيْهِمْ الْأَخْشَبَيْنِ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَلْ أَرْجُو أَنْ يُخْرِجَ اللَّهُ مِنْ أَصْلَابِهِمْ مَنْ يَعْبُدُ اللَّهَ وَحْدَهُ لَا يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا (رواه البخاري)


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«...(Тоифдан) мен ўзимда йўқ, ғамгин бўлиб қайтдим. Қарнус-Саолибга етиб келганимдагина ўзимга келибман. Бошимни кўтариб, менга соя солиб турган бир булутни кўрдим. Назар солиб қарасам у булут устида Жаброил алайҳиссалом турардилар. Менга нидо қилиб дедилар: «Албатта, Аллоҳ Таоло қавмингизни сизга айтган сўзларини, қайтарган жавобларини эшитди ва сизнинг хизматингизга улар ҳақида хоҳлаганингизни буйруқ қилишингиз учун тоғлар фариштасини юборди».

Сўнгра тоғлар фариштаси мени чақириб, салом бериб деди: «Эй Муҳаммад! Агар хоҳласангиз Ахшабайн (Маккадаги икки тоғ)ни уларнинг устига тўнтариб қўяман.»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ! Балки, мен  Аллоҳ Таъолодан, уларнинг пуштларидан Унга бирор нарсани шерик қилмай, Унинг Ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган авлодларни чиқаришини умид қиламан», — дедилар».[20]

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ҳаж мавсумида чиқиб, турли қабилаларга ўзларини (ҳимоя қилишларини) таклиф қилиб: «Ким менга жой беради? Ким менга ёрдам беради? Албатта, Қурайш Парвардигоримнинг каломини (бандаларига) етказишимга монелик қилишмокда», - дер эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж мавсумларининг бирида олти нафар Мадиналик кишилар билан учрашиб, уларни Исломга даъват этганларида улар Исломни қабул қилдилар ва  юртларига қайтиб ўз қавмларини ҳам Исломга даъват этдилар, натижада улар ўрталарида Ислом дини тарқала бошлади.

Сўнгра махфий суратда, Мадиналик мусулмонлар билан, тарихда «Ақаба байъати» деб номланган биринчи ва иккинчи байъат (аҳди паймон бериш) учрашуви бўлиб ўтди.

Мана шу байъат комил суратда амалга оширилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари билан бирга бўлган мусулмонларни Мадинага ҳижрат қилишга буйруқ қилдилар. Маккалик мусулмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, Мадинага йўл олдилар.

Мадинага ҳижрат қилишлари:

Саҳобалар Мадинага ҳижрат қилишганига кўп ўтмай, Макка кофирлари у зотни ўлдиришга қарор қилишганидан сўнг, Аллоҳ Таъоло у зотга ҳам ҳижрат қилишларига изн берди.

Улар Набий алайҳиссалоту вассаломни ўлдиришни режалаштиришган кечада Абу Бакр Сиддиқ билан биргаликда чиқиб кетиб, аввал «Ғори Савр»да уч кун яширин туриб, у зот ва шерикларини қидирув ишлари тўхтатилганидан сўнг, мушрикларни доғда қолдириб, Мадинага йўл одилар.

Аллоҳ Таъолонинг мадади билан соғ-саломат Мадинага етиб келдилар. Мадина аҳли у зот ва ҳамроҳларини очиқ юз ва кенг қалб билан қарши олдилар.

Кейин у ерга ўз масжид ва манзилларини бино қилиб, рисолатларини давом эттирдилар.

Ғазотлари - жанглари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан (кофирлар у зотни ўлдирмокчи бўлганларида) чиққан пайтларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: ″Инна-а лиллаҳ ва инна-а илайҳи рожиъу-у-н, ўз пайғамбарларини чиқариб юборишди, (бу қавм) албатта, ҳалок бўлгувчидир″, — дедилар.

Кейин Аллоҳ азза ва жалла:

﴿ أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَاتَلُونَ بِأَنَّهُمْ ظُلِمُوا وَإِنَّ اللَّهَ عَلَى نَصْرِهِمْ لَقَدِيرٌ ﴾

«Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга Қодирдир»[21] оятини нозил қилди. Ушбу оят жиҳод (кофирларга карши жанг) ҳақида нозил бўлган биринчи оятдир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 27 марта ғазотга (яъни, жиҳодга) чиқдилар, булардан 9 тасида; – Бадр, Уҳуд, ал-Мурайсиъ, ал-Хандақ, Қурайза, Хайбар, ал-Фатх, Ҳунайн ва ат-Тоиф деб ном олган ғазотларда – ўзлари қатнашиб, жанг қилдилар, 56 марта атрофга лашкар юбордилар.

Ҳаж ва умралари:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, факат бир марта ҳаж қилганлар. У зотнинг ушбу ҳажлари, таърихда «Ҳажжатул-вадоъ» номи билан машҳур. Тўрт марта умра қилганлар:

Биринчи: Ҳудайбийя умраси, бу умрани охирига етказишларига мушриклар йўл қўймаганлар. Ҳудайбийя номли ерга етиб борганларида, мушриклар Маккага киргизмай, балки келгуси йилда келсалар улар Маккани мусулмонларга уч кунга бўшатиб беришларини ваъда берганлар.

Иккинчи: Умратулқазо – сулҳга биноан, келгуси йили бориб, аввалги йилдаги охирига етказа олмаган умраларининг қазосини қилганлар, шу сабаблик бу умраларининг номи «Умратулқазо» дейилади.

Учинчи: Умратул-жииррона – Макка фатҳ этилган йили Жииррона номли жойга келиб, ўша ердан иҳром кийиб қилган умралари, шу сабаб бу умранинг номи «Умратул-жииррона»дир.

Ушбу уч умрани Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулқаъда ойларида бажардилар.

Тўртинчи: Ҳажжатул-вадоъга борганларида, Мадинага қайтишларидан аввал, охирги қилган умралари.

У зотнинг шакл-шамойиллари

Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом на новча ва на пакана, балки, қадди қоматлари ўзларига ярашган, кўркам, ўрта бўйли киши эдилар. Оқ юзли, бу оқликка бир оз қизиллик аралашиб гўё юзлари қуёш каби порлар эди. Сочлари қора, таралган, узунлиги қулоқларининг юмшоғига етарди ва икки кўзлари қоп-қора, худди сурма қўйгандек жуда ҳам чиройли эди. Баданлари сертук эмас, фақат кўкракларининг ўртаси ва қоринларида ўзларига ярашган, бир оз нозик юнглар бор эди.

Ахлоқлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишиларнинг энг саховатлиси, энг ростгўйи, табиатан энг мулойими ва муошаратда энг карамлиси эдилар. Аллоҳ Таъоло у киши ҳақларида:

﴿ وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ ﴾

«Ва албатта Сиз улуғ Хулқ устидадирсиз»[22] — деди.

Ўта шижоатли, ҳам тавозели, покиза, ҳаёда эса бокира қизлардан кўра ҳаёлироқ эдилар.

Ҳадяни қабул қилар, хадя бергувчига у зот ҳам ҳадя берардилар. Садақани қабул қилмас эдилар ва емас эдилар.

Ғазаблансалар ўз ҳавойи нафслари учун эмас, фақат Парвардигорлари учунгина ғазабланар эдилар.

Борини ер, ҳозирланган нарсани қайтармас, ҳозир бўлмаган нарсага эса такаллуф (ортиқча уриниш) қилмас эдилар.

Ёнбошлаб ёки хонтахта устида емас эдилар.

Гоҳида икки-уч ой уйларида қозон қайнамас, хурмо ва сув билан кифояланишарди.

Мискин, фақир кишилар билан бирга ўлтирар, бемор кишиларни зиёрат қилар ва жаноза, дафн маросимларида иштирок этардилар.

Хазил-мутоиба ҳам қилардилар, лекин ҳазиллари рост сўзлар билан бўларди.

Кулардилар, лекин каҳ-каҳа отиб эмас, кулгулари табассум эди.

(Уйда) аҳли-байтларининг меҳнати (хизмати)да бўлардилар ва:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي   (رواه بن ماجه)

«Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли-байтларига яхшироғингиздир (яъни, улар билан гўзал муошарат – муомалада бўлганларингиз) ва сизларнинг ичингизда ўз аҳли-байтига яхшироғингиз менман (яъни, ҳаммаларингиздан кўра аҳли байтимга гўзал муомаладаман)»,- дер эдилар.[23]

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ўн йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматларида бўлдим, у зот, бирон марта бир қилган ишим учун: «Нима учун бу ишни қилдинг?!» ва қилмаган ишимга: «Фалон ишни қилмайсанми?!»,— демадилар».

Мўъжизалари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам халқларга лутф этар, мўъжизалар кўрсатардилар.

Мушриклар пайғамбаримиздан осмондаги ойни иккига бўлиб беришларини талаб қилишганида, Аллоҳ Таъолодан дуо қилиб сўрадилар, дуолари ижобат бўлиб, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга мўъжиза ўлароқ ой иккига бўлинди. 

Бир сафар бир обдастадаги сувга қўлларини қўйиб турганларида, обдаста ичидаги сув булоқ бўлиб тошди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид ичига ўрнатилган хурмо ёғочига суяниб хутба қилардилар, хутба учун хос минбар ясалганидан сўнг, у ёғочни тарк этган пайтларида, Набий алайҳиссалоту вассаломдан (ёнида туриб хутба қилишларидан) ажралганлиги учун, ҳалиги хурмо ёғочи ғамгин бўлиб (худди йиғлаганга ўхшаш) овоз чиқарди (Расулуллоҳ уни тинчлантириб силаганларидан кейингина у босилди).

Бир марта эгаси томонидан қаттиқ қийнатилган – хорланган бир туя у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди.

Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳо ҳали рўй бермаган ғайб ишлардан хабар берардилар, у иш Аллоҳ Таъолонинг изни билан, у зотга мўъжиза бўлган ҳолда, айтганларидек воқе бўлар эди.

Булардан ҳам кўра каттароқ мўъжизалари Қуръони Каримдир. Унинг то хозирги кунимизгача, бирор ҳарфининг ўзгармай келиши –  ҳамда то рўзи Қиёмат ўзгармаслиги – бу у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жуда ҳам катта мўъжизадир.

Фазилатлари

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

أَخْبَرَنَا جَابِرُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أُعْطِيتُ خَمْسًا لَمْ يُعْطَهُنَّ أَحَدٌ قَبْلِي نُصِرْتُ بِالرُّعْبِ مَسِيرَةَ شَهْرٍ وَجُعِلَتْ لِي الْأَرْضُ مَسْجِدًا وَطَهُورًا فَأَيُّمَا رَجُلٍ مِنْ أُمَّتِي أَدْرَكَتْهُ الصَّلَاةُ فَلْيُصَلِّ وَأُحِلَّتْ لِي الْمَغَانِمُ وَلَمْ تَحِلَّ لِأَحَدٍ قَبْلِي وَأُعْطِيتُ الشَّفَاعَةَ وَكَانَ النَّبِيُّ يُبْعَثُ إِلَى قَوْمِهِ خَاصَّةً وَبُعِثْتُ إِلَى النَّاسِ عَامَّةً (رواه البخاري)

«Менга аввал ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди:

Бир ойлик масофадан (душманнинг қалбига тушадиган) қўрқув билан нусратландим;

Мен учун ер(юзи)ни масжид ва покловчи (яъни, таяммум учун) қилиб қўйилди, умматларимдан кимки намоз вақтига тўғри келса, намозини ўқисин! (яъни, қаерда тўғри келса, ўша ерда ўқисин, чунки ер юзи ҳаммаси биз учун покдир);

Ғаниматлар (жангдаги ўлжалар) менга ҳалол қилинди, уни мендан аввал ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди;

Менга шафоат (катта шафоат) ато этилди;

(Аввалда) бирон пайғамбар юборилса, уни ўз қавмига хос қилиб юбориларди, мен эса, барча одамларга умумий пайғамбар қилиб юборилдим».[24]

Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا أَكْثَرُ الْأَنْبِيَاءِ تَبَعًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَأَنَا أَوَّلُ مَنْ يَقْرَعُ بَابَ الْجَنَّةِ  (رواه مسلم)

«Қиёмат куни пайғамбарлардан энг эргашувчиси кўпи менман. Жаннат эшигини биринчи қоқувчи (яъни, жаннатга биринчи кирувчи) менман».

 Яна, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда, Набий алайҳиссалоту вассалом айтадилар:

حَدَّثَنِي أَبُو هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَأَوَّلُ مَنْ يَنْشَقُّ عَنْهُ الْقَبْرُ وَأَوَّلُ شَافِعٍ وَأَوَّلُ مُشَفَّعٍ  (رواه مسلم)

«Қиёмат куни Одам алайҳиссом авлодларининг саййиди (энг шарафли, улуғи) менман. Қабр очилиб ичидан биринчи чиқгувчи менман. Биринчи шафоат этгувчи ва шафоати қабул этилган биринчи (шахс) менман».

 Ушбулар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга это этилган баъзи фазилатлардир.

Ибодат ва ҳаёт тарзлари:

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا صَلَّى قَامَ حَتَّى تَفَطَّرَ رِجْلَاهُ قَالَتْ عَائِشَةُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَتَصْنَعُ هَذَا وَقَدْ غُفِرَ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ فَقَالَ يَا عَائِشَةُ أَفَلَا أَكُونُ عَبْدًا شَكُورًا (متفق عليه)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кечалари ибодатда) қоим бўлиб, ҳатто икки оёқлари шишиб кетарди. У зотдан: «Ё Расулуллоҳ, ахир сизнинг ўтган ва келажак гуноҳларингиз кечирилган-ку, нега бундай қиласиз?» деб сўрасам, «Эй Оиша, кўп шукр қилгувчи банда бўлмайинми?!»- дердилар.[25]

Ва яна дедилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунда ухлайдиган тўшаклари ичига хурмо толаси тўлдирилган хом теридан эди (яъни, хом терини тўшак шаклига келтириб, ичини хурмонинг толаси билан тўлдириб қўйилган эди)».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир ҳадисда айтадилар:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, қоринларини тўйғазиш учун (лоақал) сифатсиз хурмо бўлса ҳам, топа олмай кунни (очликдан) букчайиб ўтказганларини кўрганман».

Мана шундай, ўтганлару қолганларнинг саййиди бўлмиш Набий алайҳиссолату вассаломга бу дунёдан эришолмаган нарсалари заррача зарар қилмади.

Бизларни ҳам у зотнинг умматларидан қилган Аллоҳ Таъолога ҳамду санолар бўлсин ва бизларни Ўзига тоат-ибодат қилмоғимизга муваффақ айлаб, Ўзининг Китоби, Пайғамбарининг суннати узра жамласин!

Ҳаётларидаги энг машҳур воқеалар:

— Исро ва Меърож: Бу воқеа ҳижратдан уч йил аввал содир бўлди ва унда намоз фарз қилинди.

• Ҳижрий сананинг биринчи йилидаги воқеалар:

—    Ҳижрат.

—    Масжидун-Набавийянинг бино қилиниши.

—    Давлат таъсис қилишга киришиш.

—    Закотнинг фарз этилиши.

• Иккинчи йил:

—   Бадрдаги катта ғазот, бу ғазотда Аллоҳ Таъоло мўъминларни азиз қилиб, уларни душманлари устидан ғолиб қилди.

• Учинчи йил:

—   Уҳуд ғазоти, бу ғазотда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларига хилоф қилинганлиги ва баъзи бир кишилар ғанимат молларига овора бўлиб қолганлари сабабли бир оз мағлубият бўлди.

• Тўртинчи йил:

—   Банун-Назийр ғазоти, бу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Банун-Назийр яҳудларини Мадинадан сургун қилдилар. Чунки улар ўзлари билан мусулмонлар ўрталаридаги битимни бузган эдилар.

• Бешинчи йил:

— Банул-Мусталиқ ғазоти.

—   Хандақ ғазоти ва унинг орқасидан Бану Қурайза ғазоти.

• Олтинчи йил:

—   Ҳудайбийя сулхи.

—   Ароқнинг қатъиян ҳаром қилиниши.

• Еттинчи йил:

—   Хайбар ғазоти.

—   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан биргаликда Маккага кириб, Худайбийяда бажаролмаган умраларини бажаришлари. Яъни, «Умратулқазо».

—    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳога уйланишлари.

• Саккизинчи йил:

—   Мусулмонлар ва Румликлар ўрталарида бўлиб ўтган машҳур «Мўъта ғазоти».

—   Макканинг фатҳ этилиши.

—   Ҳавозин ва Сақиф қабилалари қаршисига бўлган «Ҳунайн ғазоти».

• Тўққизинчи йил:

—   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг охирги ғазотлари бўлмиш «Табук ғазоти».

—   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига атрофдаги араб қабилаларидан вакиллар келиши ва одамлар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб киришлари. Мана шу йилни «вакиллар йили» деб ҳам аталди.

• Ўнинчи йил:

—   Ҳажжатул-вадоъ, бу ҳажда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда юз мингдан ортиқ мусулмон ҳаж қилди.

• Ўн биринчи йил:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари:

Рабиъул-аввал ойининг душанба кунларидан бирида Набий алайҳиссалоту вассалом бу фоний дунёдан риҳлат қилдилар. Аниқ қайси кун эканлигида ихтилофлар бор. (Бир ривоятда айтилишича Рабиъул-аввалнинг иккинчи, яна бирида ўн иккинчи куни дейилган, валлоҳу аълам). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида ёшлари олтмиш учда эди. Пайғамбар бўлгунларигача қирқ йил, пайғамбарликдан кейин йигирма уч йил умр кўрдилар. Ушбу йигирма уч йилнинг ўн уч йили Маккада, қолган ўн йили ҳижратдан сўнг Мадинада ўтди. У зоти шарифга Аллоҳ Таъолонинг дуруду салавотлари бўлсин!

 Тамом

 • Фойдаланилган манбалар:


—   «Таҳзибул-Асмои валлуғот» (Нававий)

—    «Ат-Табсира вал-Хадоиқ» (Ибнул-Жавзий)

—   «Зодул-маод» (Ибнул-Қаййим)

—    «Ас-Сийратун-набавийя» (Заҳабий)

—    «Жавомиус-Сийратун-набавийя» (Ибн Ҳазм)

—    «Ал-Фусул фий сийратир-Расул» (Ибн Касийр)

—    «Саҳиҳус-Сиратун-набавийя» (Иброҳим Алий)



[1] Муҳаммад: 7

[2] Ғофир: 51

[3] Ҳаж: 40

[4] Фатҳ: 29

[5] Бухорий ва Муслим ривоятлари

[6] Муслим ривояти

[7] Имом Муслим ривояти

[8] Имом Бухорий ривояти

[9] Имом Ахмад ривояти

[10] Имом Муслим ривояти

[11] Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари

[12] Алақ: 1-5

[13] Муддассир: 1 – 4

[14] Ҳижр: 94

[15] Шуаро: 214

[16] Масад сураси

[17] Муттафақун алайҳ

[18] Бухорий ва Муслим ривояти

[19] Бухорий ривояти

[20] Муттафақун алайҳ

[21] Ҳаж: 39

[22] Қалам:4

[23] Ибн Можа ривояти

[24] Муттафақун алайҳ

[25] Муттафақун алайҳ


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб, гаплашавермасин. давоми...

3038 11:55 / 13.07.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини давоми...

3594 18:42 / 28.04.2017
792. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб .Ассалому алайкум,, деди. У зот алик олдилар. давоми...

1737 00:00 / 26.11.2022
. .Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз намозида унутиб, бир ракат давоми...

3428 15:00 / 14.02.2021
Аудиолар

120141 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар