1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабилаларга ўзларини таништиришлари

16:01 / 02.01.2018 3737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исро ва Меърождан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ўзларини очиқ-ойдин таништиришни бошладилар. 

Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж мавсуми эди. Ҳажга атроф-жавонибдаги қабилалар ҳар йили гуруҳ-гуруҳ бўлиб келар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одам кўп тўпланадиган жойларга бориб, уларни Исломга чақирар, Қуръони Каримдан тиловат қилиб берар эдилар. У зот:

«Эй Бану фулон! Мен сизларга Аллоҳнинг Расулиман. Сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, У зотга бирор нарсани шерик қилмасликка амр қилинганман. У зотдан бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизни тарк қилишга чақираман. У зотга иймон келтиринг! Мени душманлардан ҳимоя қилинг. Токи У зот юборган нарсани баён қилиб берай», дер эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзларини тугатишлари билан Абу Лаҳаб ўрнидан туриб:

«Эй Бану фулон! Албатта, манави сизларни Лот ва Уззони ва сизларга ошно бўлган жинларни бўйинларингиздан отиб ташлашга даъват қилмоқда. Ўзи келтирган бидъат ва залолатга чақирмоқда. Унга итоат қилманглар. Унга қулоқ османглар», дер эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларини ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, ана шундай ҳолда давом эттирар эдилар.

Пайғамбарлик келганига ўн бир йил тўлди. Яна ҳаж мавсуми келди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўзларини қабилаларга таништира бошладилар.

 

Ясрибликлар билан учрашув

 

У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибда истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бўлган бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан: Асъад ибн Зарора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳлардан иборат эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан:

«Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар.

«Хазражликлармиз», дейишди.

«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. 

«Хўп», деб, ўтиришди. 

У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар. Қуръони Каримдан тиловат қилиб бердилар ва Исломга чақирдилар. 

Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга кириш тайёргарлиги бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Яҳудийлар аҳли китоб бўлганлари учун кўп нарсаларни билар эдилар. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга:

«Бизнинг пайғамбаримизнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашамиз ва сизларни Од ва Ирамга ўхшатиб, қатл қиламиз», дер эдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қараб:

«Билдингизми?! Бу яҳудийлар васф қиладиган пайғамбарнинг худди ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дедилар.

Уларнинг барчалари иймонга келдилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. У қавм каби адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват қиламиз. Уларга сиздан қабул қилган динни арз қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан иззатли одам бўлмайди», дедилар.

Сўнгра келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳ ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди обҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният давоми...

3834 16:00 / 28.04.2017
Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади.Мен бу кишини Алийни ирода қилиб, йўлга чиқдим. Абу Бакра учраб қолди ва .Эй Аҳнаф, қаёққа, деди. .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3824 15:10 / 25.08.2019
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларига ва мухолифларига муомалалари давоми168. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аллоҳ таборака ва давоми...

4546 21:10 / 12.04.2019
297. Абу Саламадан ривоят қилинади .Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирсам, унинг эмикдош акаси бор экан. Шунда ундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

724 19:00 / 20.10.2023
Аудиолар

120116 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар