1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Ота‑онага хизмат қилиш!

17:04 / 08.01.2017 3606 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага хизмат қилган мужоҳид ва ҳожидир!

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَال: أتى رجل  رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فقال: إني اشتهي الجهاد ولا أقدر عليه فقال: هل بقي أحد من والديك؟ قال: أمي قال: فاتق الله فيها، فإذا فعلت ذلك فأنت حاج ومعتمر ومجاهد، فإذا دعتك أمك فاتق الله وبرها. رَوَاهُ البَيْهَقِي.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Мен жиҳод қилишни хоҳлайман‑у, унга қодир эмасман”, деди. “Ота-онангдан бирорталари (тирик) қолишганми?” дедилар”.  У: “Онам (борлар)” деди. У зот: “Унинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ! Агар шундай қилолсанг, сен ҳожисан, умра қилувчисан ва мужоҳидсан. Қачон онанг сени чақириб қолса, Аллоҳдан қўрқ, унга яхшилик қил” дедилар”.

(Имом Байҳақий ривояти).

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ кекса онасини қаровсиз қолдириб ҳажга борган кишига: “Аллоҳга қасамки, онанг ёнида кечки овқатни бирга еб, унинг кўнглини хушнуд қилишинг ҳаждан кўра афзалроқдир”, дедилар.

Эътибор берсак юқоридаги ҳадисда: “Қачон онанг сени чақириб қолса, Аллоҳдан қўрқ,  унга яхшилик қил”, дейилган. Бу дегани пайсалга солмай, ҳар хил важни баҳона қилиб, хизматдан қутилиб қолишга ҳаракат қилма! Эсингда бўлсин! Аллоҳ сени кўриб, эшитиб турибди. Уларга итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолма, деган маънодадир.

Абдуллоҳ ибн Авн раҳимаҳуллоҳни оналари чақирдилар. Дарҳол “Лаббай” дедилар. Шунда ўзларининг “Лаббай” деган овозлари оналариникидан баландроқ чиққанини мулоҳаза қилиб, бу қилмишларига пушаймон бўлиб, истиғфор айтдилар ва иккита қул сотиб олиб, бу хатоларининг каффоротига уларни озод қилиб юбордилар.

Шундай экан уларни тирикликларида, ёнингизда юрганларида қадриларига етинг. Фурсат қўлдан кетганда минг пушаймон бўлганнинг фойдаси йўқ. Бир бора кўришга, ҳатто тушда бўлса ҳам кўрсам дейсиз, лекин қани энди кўролсангиз. Йўқ! Бир марта тушда кўришга ҳам зор бўласиз. Шунинг учун имкон борида уларнинг қадрларига етиб яхшилик қилиб олинг. Улар ўтгандан кейин мол‑дунёни сарфлаб, худойи-эҳсон қилгунча тирикликларида озгина бўлса ҳам яхшилик қилиб кўнгилларини хушнуд қилинг.

Ҳозирги кунимизда бўлиб ўтган ҳикояни ҳавола қиламиз:

Зокир ота ўғли ишлайдиган гўшт растасига яқинлашди. Ўғлини олдида харидорлар кўп, савдоси бароридан келаётган эди.

Ота қимтинибгина ўғли ёнига борди ва:

– Ўғлим, ҳорма, чарчамаяпсанми? Ўтиб кетаётган эдим. Бугун маҳаллада қариялар йиғилишиб бир димлама қилмоқчи эдик. Димламага мўлжаллаб гўшт қилиб берсанг, деди.

Ботир отасини кўриб, авзойи бузилди. Дағдаға ила: “Шуни уйда айтсангиз ҳам бўлардику?! Уйга кетаверинг, ўзим олиб бораман”, деди.

Ота индамай бошини паст қилганча растадан узоқлашди.

Ботирнинг отасига қилган муомаласидан шериги Адҳамнинг жаҳли чиқди.

“Отангни бекорга хафа қилдинг. Отангга бундай муомала қилма!” деб дашном ҳам берди. Шеригининг насиҳати унга ёқмай, ишимга аралашма, дегандай жеркиб ташлади.

“Қариганда уйда ўтирсинлар, кун совуқ, Ер музлаган. Йиқилиб ёки касал бўлиб қолса, яна бизга иш орттирадилар”, деди ўзига-ўзи ғудраниб Ботир.
Кун бўйи дўконда иш қизигандан қизиди. Димлама учун олинадиган гўшт ҳам эсидан чиқди. Отага берилган ваъдани унутилган эди...

Орадан икки ҳафта ўтиб, Ботирнинг отаси вафот этди. Ботир отасининг эҳсонига барча яқинларини чақирди. Яқинлари ичида Адҳам ҳам бор эди. Эҳсон дастурхонида нозу неъматлар бисёр эди. Қиш чилласи бўлишига қарамай, янги узилган қулупнайлар эҳсон дастурхонини безаб турар, хонани қулупнай ҳиди тутиб кетган эди.

Адҳамнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди. Кўзларига ёш келди. Бир қултум чой ҳам ича олмай, бу хонадонни тарк этди... 

Инсон кексайганда ёш боладек бўлиб қолишини кўпчилик билади. Отамиз ёки онамиз бетобланиб қолса, ёнларида одам борку, деб ёки ишларимиз кўплигини важ қилиб зиёратига боришни кейинга сурамиз. Аммо фарзандимиз бетобланиб қолса, қаерда бўлишимиздан қатъи назар, етиб бориш ҳаракатини қиламиз. Ота-оналаримизга, худди улар ҳали кўп умр кўрадигандек, вақтида чиройли муомала қилмаймиз, кўнгилларини хушнуд этмаймиз. Уларга берган ваъдаларимиз устидан чиқмаймиз. Ҳатто қўлимизга пул тушиб, ишбилармон бўлиб қолсак, уларни ишимизга аралашмасликларини, ақллари бу ишларга ноқис эканини таъкидлаб, кўнгилларини оғритамиз, керак бўлса, йиғлатамиз.

Яна бир яқинда бўлган воқеа:

Қиш фаслининг ўрталари эди. Нодир анчадан бери оғир бетоб бўлиб ётган тоғасини кўришга борди. Тоғаси етмишдан ошган кекса ёшдаги, умри оғир меҳнатда ўтган инсон. Умрининг охирги дамларини ўтказаётган отанинг бир неча ҳафтадан бери иштаҳаси йўқ. Бир кунда бир ёки икки марта овқатнинг сувидан, унда ҳам кампирининг қистови билан ётган жойида зўрға бирор қошиқ ичиб қўярди холос.

Нодирни тоғасининг ўғли кутиб олиб, отанинг олдига бирга кирди. Гап орасида ўғил отадан: “Нима егингиз келяпти? Айтинг олиб келай. Иштаҳангиз нимани тусаяпти” деди, беўхшов оҳангда. Отахон узоқ жим туриб: “Ўғлим, ҳозир ҳусайни узум бормикин?...” дейиши билан, ўғли ўшқириб: “Ў-ў, эсингиз жойидами? Ҳозир узумни неча пуллигини биласизми, ўзи?”, деди. Отахон: “Ҳа, айтдим қўйдим-да, ўғлим. Одам қариса телбароқ бўлиб қоларкан” деди.

Нодир айтади: “Мен ўзимни зўрға ушлаб турдим. Бир тоғамнинг ўғлини уриб сўкким келди, бир кўчага чиқиб дўкондан узум олиб келиб бергим келди. Аччиғимни ичимга ютиб, сапчиб турдим-да: “Мен яна келарман ишим бор эди. Тузалиб қолинг, тоға” деб, ўғли билан хайрлашмасдан чиқиб кетдим. Бир-икки кун ўтиб тоғам оламдан ўтдилар. Бир ҳафта ўтиб “меҳрибон” ўғил элга катта дастурхон ёзиб, қўй сўйиб “эҳсон” қилди.

Онамнинг қистовлари билан мажбур бордим. Хизмат қилиб чой ташиб юриб дастурхонга қўя туриб, дастурхондаги турфа хил ноз-неъматлар орасида янги узилгандек турган, донаси ҳам катта-катта ҳусайни узумга кўзим тушди. Тушди-ю бир ҳафта олдинги манзара кўз олдимга келиб, йиғим томоғимга тиқилди. Зўрға ўзимни тутиб шошганимчи кўчага чиқиб кетдим. Уйга кириб ўкириб йиғладим. Наҳотки ўғил шунчалар бемеҳр бўлса. Ахир шу ота уларни боқаман деб иссиқ демай, совуқ демай, оч наҳор оғир меҳнат қилиб соғлигини ҳам йўқотгандику?! Энди ота ўтгандан кейин унга раво кўрмаган озгина нарсани элни олдига сочиб қўйиб риё қилишни нима кераги бор?! Ўшанда майли бир кило эмас, бир бош узум олиб келганда, томоғидан овқатнинг суви зўрға ўтаётган ота еса бир ё икки донаси ерди холоску?! Лекин ўғлидан ич-ичидан рози бўлиб, ҳаққига дуолар қилмасмиди”.

Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ”

жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага хизмат қилган мужоҳид ва ҳожидир . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3606 17:04 / 08.01.2017
Исломда оилага унинг эрхотин, отаона ва болалардан иборатлиги асосида қаралади. Оиладаги муомалалар ўзаро ҳамкорлик, меҳрмуҳаббат асосида ўрнатилади ва олиб давоми...

5996 19:11 / 16.04.2018
Силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатини кучайтириши ва ризқ ҳамда умрни зиёда қилиши ҳақидаги боб Инсон зоти борки, ҳамма бу дунёда ўзгаларнинг, хусусан, ўзига яқин давоми...

3920 05:00 / 07.03.2017
Балоғатга етмаган, отаси йўқ ёш болани етим, дейилади. Отаси бор ёш бола етим эмас. Шунингдек, балоғат ёшига етгандан кейин ҳам етимлик қолмайди.Али розияллоҳу давоми...

2945 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118722 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40690 14:35 / 11.08.2021