1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Ота-онанинг розилиги ва уларга яхшилик қилиш жаннатга элтиши ҳақида (2-қисм)

19:04 / 17.04.2018 8079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

10. (32). Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади:

«Луқмон ўғлига шундай деди: «Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади. 

Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан». 

Шарҳ: Луқмони ҳаким ва унинг ўғлига қилган насиҳатлари Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган. Бу ривоятдан Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳатлари ҳадисларда ҳам баён қилинганини билиб оламиз.

«Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади». 

Ота рози – Худо рози, она рози – Худо рози, деган гаплар мана шу ҳадислардан олиниб, мақолга айлантирилган. Шунинг учун албатта, фарзандлар ота-оналарининг розилиги учун ҳаракат қилишлари, бу масалада ниҳоятда эҳтиёт бўлишлари лозим.

«Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади».

Ота-онанинг розилигини топиш учун ҳаракат қилиш билан бир қаторда уларнинг норозилигига учрашдан ҳам сақланиш лозим бўлади. Чунки ота-онанинг норозилиги Аллоҳнинг норозилигига сабаб бўлади.

Ушбу икки ишнинг ўзи фарзанднинг жаннатга киришига сабаб бўлиши турган гап. Аммо, шу билан бирга, яна ҳам таъкидлаш учун қуйидаги жумла ҳам келтирилмоқда:

«Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан».

Юқорида ўтган ривоятлардан бирида «ота-она жаннат эшигининг очилишига сабаб», дейилган бўлса, бу ривоятда улар айнан «жаннат эшиги» деб аталмоқда. Бу ибора яна ҳам таъсирчан чиққан.

Бас, ҳар бир фарзанд ота-онасининг розилигини топиб, улар орқали жаннатга кириш пайидан бўлсин.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онасини рози қилган фарзанддан Аллоҳ таоло ҳам рози бўлиши.

2. Ота-онасининг ғазабини чиқарган фарзанддан Аллоҳ таолонинг ҳам ғазаби чиқиши.

3. Ота-она жаннат эшикларидан бири экани.

4. Ота-онасини рози қилган фарзанд Аллоҳ таолонинг ҳузурига очиқ юз билан бориши.

5. Ота-онасининг ғазабига учраган фарзанднинг йўли тўсилиб қолиши.

11. (39). Амрата бинти Абдурраҳмондан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тушимда ўзимни жаннатда кўрибман. Бир қорини эшитдим ва: «Бу ким?» деб сўрадим. «Ҳориса ибн Нуъмон. Яхшилик шунақа бўлади. Яхшилик шунақа бўлади», дейишди. У одамларнинг онасига энг кўп яхшилик қиладигани эди», дедилар».

Шарҳ: Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу онасининг розилигини олган, хизматини қилган фарзандлардан экан. Ана шу сабабли у кишининг жаннатга тушиш башорати Расулуллоҳга тушларида кўрсатилган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида жаннатда юриб, Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг у ерда қироат қилаётганларини эшитиб, сўраб, у кишининг кимликларини билган эканлар.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу онасининг бошини қараб қўяр ва ўз қўли билан у кишига таом берар экан. Бирор гапларини англамай қолса ҳам, «Нима дедингиз?» деб сўрамас, ташқарига чиққанда, бошқалардан «Онам нима дедилар?» дея сўрар эканлар.

Албатта, эркак киши бировнинг бошини қараб, уни сирка ва шунга ўхшаш нарсалардан тозалаши осон иш эмас. Бу ишни қилиш учун сабр билан бирга чексиз ихлос ҳам керак бўлади.

Шунингдек, катта одамга доимий равишда қўли билан таом егизиб бориш ҳам мислсиз чидам билан бирга беназир муҳаббат ва эҳтиромни ҳам тақозо қилади.

Она гапирганида бирор сўзни англамай қолган фарзанд онасининг ўзига индамай, ташқарига чиқиб, «Ҳозир онам нима дедилар?» деб сўраши онага бўлган эҳтиромнинг олий намунаси, десак муболаға бўлмайди.

Албатта, зикр қилинган нозик ишларни қойилмақом қилиб ўринлатган одам улардан бошқаларини гўзал тарзда жойига қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳуга жаннат башоратини берганлар.

Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг оналарига кўрсатган хизматлари ҳар бир мўмин-мусулмон фарзандга яхши ўрнак, гўзал намуна бўлиши лозим.

 Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатни туш кўришлари.

2. Жаннатда қорилар қироат қилиши.

3. Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг фазллари.

4. Онанинг розилиги ва хизмати ила жаннатий бўлиш мумкинлиги.

12. (40). Амрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди юқоридагидек ҳадис ривоят қилинади».

Шарҳ: Худди шунга ўхшаган ривоятни бошқа одам ҳам айтган экан. Аввалги гапни тасдиқлаш учун, кучли эканлигини билдириш учун, ҳадис илми уламолари ривоятни такрор келтириб қўйишади.

13. (43). Қайсийдан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрага: «Эй Абу Ҳурайра, жиҳодни Аллоҳ фазилатли қилиб қўйган. Мен қачон юкимни юкласам, ота-онам келиб, юкимни уловдан туширишади?» дедим. 

Шунда у уч марта: «Икковлари сенинг жаннатинг, уларга яхшилик қилавер», деди». 

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг соҳиби Қайсий ўзича жиҳодда иштирок қилиб, савобни кўпайтириб, жаннатга кириш иштиёқида экан. Аммо қачон мазкур ниятни амалга оширишга киришиб, сафар андуқларини уловига юкласа, ота-онаси уни сафардан қайтариш учун унинг юкларини тушириб, ўзини сафардан қайтарар эканлар.

Қайсий ўзини жаннатга эришиш йўлидаги ишдан қайтараётган ота-онаси устидан катта саҳобийлардан бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга шикоят қилишга қарор этди. У кишининг ҳузурига бориб:

«Эй Абу Ҳурайра, жиҳодни Аллоҳ фазилатли қилиб қўйган. Мен қачон юкимни юкласам, ота-онам келиб, юкимни уловдан туширишади?» деди». 

Аммо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг жавоби Қайсий орзу қилгандек чиқмади. У киши арзни тинглаганидан кейин ота-онасидан шикоят қилаётган, жаннатга киришига сабаб бўладиган амалдан қайтаришда уларни айблаётган фарзандга:

«Икковлари сенинг жаннатинг, уларга яхшилик қилавер», деди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шу гапни уч марта қайта-қайта такрорладилар. Демак, ҳаттоки жиҳодга отланиб турган одам учун ҳам ундан кўра ота-онанинг розилиги, уларнинг хурсандчилиги афзал экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онанинг қилаётган ишини тушуниб етмаган бола илмли кишилардан сўраб, аниқлаб олиши кераклиги.

2. Қадимда ҳам боласини жиҳоддан қайтарган ота-оналар бўлгани.

3. Ота-она рози бўлмаса, жиҳодга бориш мумкин эмаслиги.

4. Керакли гапни уч марта такрорлаб айтиш мумкинлиги.

5. Ота-она фарзанднинг жаннати экани.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингиздай келинг. Ўзингиз учун яхшилик тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, давоми...

6797 18:06 / 20.01.2018
Рисоладаги эрБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳозирги кунда ҳаётнинг ndash умргузаронликнинг кўп соҳаларида инсоний алоқалар ниҳоятда издан чиқиб кетган ва бу нарса давоми...

6393 18:32 / 14.03.2017
Албатта, ҳар бир банданинг асосий мақсадларидан бири жаннатдан жой олишдир. Зотан, бу дунё ҳаётидаги мақсад ҳам шу. Шунинг учун банда борки, ўзининг жаннатга давоми...

4801 18:49 / 17.04.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ё Расулаллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисиshyдир,, ndash дейилди..Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр давоми...

10941 18:20 / 29.03.2017
Аудиолар

119947 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41641 14:35 / 11.08.2021