1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Орзу қилиш

20:37 / 14.07.2017 6324 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

878. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кеча уйқулари қочди. Шунда у зот:

«Саҳобаларимдан бир солиҳ киши келиб, мени кечаси қўриқлаб турса эди», дедилар.

Бироздан сўнг ташқаридан қуролнинг овози эшитилди. Шунда у зот:

«Ким у?» дедилар.

«Саъд», дейилди.

«Саъд: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни қўриқлагани келдим», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кетдилар. Ҳаттоки у зотнинг хурракларини эшитдик».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани истаган эканлар, Аллоҳ таоло дарҳол умидларини рўёбга чиқариб, бу ишни улуғ саҳобалардан бири – Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг кўнгилларига солибди. У киши ҳеч ким айтмаса ҳам, ярим тунда тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдига келиб, қўриқчилик қила бошлабдилар.

Демак, бирор яхши ишни орзу қилиш, буни фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан сўраш жоиз экан. Аллоҳ таоло Ўз изни билан бу орзуни рўёбга чиқарар экан.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орзу-истаклари Роббул оламинга тезда етиб бориши ва тезда рўёбга чиқишининг намунасини кўриб турибмиз.

Айни пайтда қўриқчиликка келган буюк саҳобий – Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазлларини ҳам кўриб турибмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бир солиҳ киши келса эди», деганларида, бу шарафга айнан шу саҳоба сазовор бўлдилар.

Бу ҳадис Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақидаги китобларда ҳам албатта келтирилади.

Ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодисадан кейин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Моида сурасидаги қуйидаги ояти каримани нозил қилган:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у зотга ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул этиши-этмаслигига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».

Зотан, расуллик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳ таолодан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.

«Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан».

Яъни, агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг Расули (элчиси) вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо етказиш осон иш эмас.

«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».

Уларнинг ёмонликларидан асрайди. Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар эди.

Уламоларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар ҳам қўриқлаганлари, жумладан, уларнинг ичида Саъд ибн Муъоз, Муҳаммад ибн Маслама, Зубайр ибн Авом, Абу Айюб Ансорий, Заквон ибн Абдул Қайс каби саҳобалар ҳам бўлганини таъкидлайдилар.

Ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқиб:

«Сизлар бораверинглар, Аллоҳ Ўзи мени сақлайдиган бўлди», деганлар.

Қуръоннинг мўъжизалигининг тасдиғига қаранг­ки, шундан сўнг у зотга ҳеч ким катта зарар етказа олмаган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадимдан ахлоқ илми уламолари .Одамдаги хулқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга жавоб беришда давоми...

4224 15:34 / 24.10.2017
Соғлом фикрли ҳар қандай одам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг халқимиз маърифатини ошириш учун қилган беқиёс хизматларини сезмаслиги, эътироф давоми...

3533 15:12 / 14.02.2018
Роббимиз азза ва жалла Ўзининг мукаммал Китобида айтади.Эй иймон келтирганлар Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар давоми...

4772 21:04 / 14.12.2017
Икки неъмат бор. Ҳар бир мавжуд иккисидан чиқмас ва ҳар бир бор қилинганга иккиси лозимдир йўқдан бор қилиш неъмати ва мадад бериш неъмати. У Зот сенга аввал йўқдан давоми...

5174 13:30 / 26.06.2018
Аудиолар

120162 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41823 14:35 / 11.08.2021