1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Оминни жаҳрий айтиш ҳақида

05:00 / 09.01.2017 6029 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳга ҳамд, Набиййимзга салавотлар бўлсин!

Ва баъд:

Эслатма доимо мўъминга манфаат келтиради. Айрим ўринларда мазҳабсизлик ҳақида бонг ураётган янги жўжахўрозларга кўзимиз тушиб қолмоқда. Уларнинг гапига қулоқ солсангиз, гўё мазҳаб оят ва ҳадислардан йироқ йўлмиш. Мазҳабсизлар эса фақат оят ва ҳадисга эргашармиш! Улар яна эски гапларни қўзғашиб, илмий исботини топган асосларни қайтадан оёқлари остига олишмоқда. Ўша масалалардан бири  “Омин”ни жаҳрий айтиш масаласидир.  Бир сафсатабознинг шундай гапларини эшитиб қолдим: “”Омин”ни жаҳрий айтиш Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида келган. Имом Аъзам эса: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ўша менинг мазҳабимдир”, деган. Шундай экан биз ҳадисга амал қилсак ва “Омин”ни жаҳрий айтсак, демак ҳанафий мазҳабига ҳам шу ўринда амал қилган бўламиз!”

Гапни қаранг!

Бу гапдан бир қанча натижалар юзага чиқади:

  • 1.      Бу гапни айтаётган киши ўта савиясиз кишидир;
  • 2.      Бу гап билан гўё Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг шогирдлари Бухорийнинг ҳадисини кўришмагану, калласи катта қаҳрамонимиз ушбу ҳадисни топиб олганлар ва юқоридаги кашфиётни қилганлар;
  • 3.      Аслида Абу Ҳанифа ва бошқа барча мужтаҳидларимиз (раҳимаҳумуллоҳ) ушбу: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ўша менинг мазҳабимдир”, деган жумлани айтишган. Фақат бу гапга амал қилиш учун топилган саҳиҳ ҳадисларнинг атрофлича ўрганиб чиқиш ва ўша ҳадисларга мужтаҳидларимиз нима дейишганини батафсил билиш лозим бўлади. Аммо бизнинг қаҳрамонимиз эса бу каби илмий баҳслар чоғида эснаб, ухлаб қоладилар. Кейин мантиқий тушунчаларини ваҳий дея қабул қилиб, матнларга амал қилишни даъво этадилар!
  • 4.      Сиз бир саҳиҳ ҳадис топсангиз ва у ҳадиснинг мужтаҳидларга етиб бормаганини исботласангиз шундай вазиятда ҳадисга амал қилишингиз вожиб бўлади. Мужтаҳидларимизнинг гаплари шунга далолат қилади. Аммо ўша ҳадисни мужтаҳидга етиб бормаганини исботлаш учун эса жуда қийин машаққатли йўлни босиб ўтиш лозим! Калласи катта аммо ақли калта қаҳрамонимиз бу йўлга чиқиш уёқда турсин, уни эшитиши билан тутқаноғи тутиб, оғзидан кўпиги чиқиб кетади.

Мен  шу ўринда гапни кўпайтирмай намозда “Омин”ни айтишга оид бир илмий баҳсни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилсам. Мужтаҳидларимизнинг хизматлари нақадар таҳсинга лойиқ эканини ўзлари кўришса. Шу билан бирга калласи катта, ақли калталарнинг нақадар савиясизлик ботқоғида қолиб кетишганини ҳам кўриб қўйишса. Тавфиқ Аллоҳдандир!

Бу баҳс Абдулваҳҳоб Машҳадонийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг Ҳанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўра кайфияти» номли китобдан олинди.

11‑Матн:

“Фотиҳа”ни ўқигандан сўнг махфий   ҳолда “Омин” дердилар.

11‑Матннинг далиллари:

۱-عَن أبي هُرَيْرَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَن رَسُول الله  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ : " إِذا قَالَ الإِمَام : غير المغضوب عَلَيْهِم وَلَا الضَّالّين ؛ فَقولُوا : آمين ، ف فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ " .

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон имом: “Ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддооооллиин”, деса: “Аамийн”, денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Бухорий ривояти. 1/190. Имомга эргашувчи “Омин”ни жаҳрий айтиши ҳақидаги боб.

Ушбу ҳадисдан имом “Омин”ни жаҳрий айтмаслиги истифода қилинади. Чунки агар имомнинг “Омин”ни жаҳрий айтиши машруъ бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомга иқтидо қилувчилар учун “Омин”ни “ва лазддооооллийн”дан кейин айтишларини таъкидламас эдилар, балки имомнинг “Омин” дейишини эшитиб айтишга буюрардилар.

Жаҳрий айтишни қувватловчилар шундай дейишади:

Имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадисда “Омин”ни жаҳрий айтишга далолат бор. 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« إِذَا أَمَّنَ الإِمَامُ فَأَمِّنُوا ، فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ ».

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон имом “Омин” деса сизлар ҳам “Омин” денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Бухорий ривояти.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иқтидо қилувчилар “Омин”ни имомнинг “Омин”ига қўшиб айтишларини айтмоқдалар. Бу эса орқадагилар имомнинг “Омин”ини эшитганликларига далолат қилади”. 

Бунга биз қуйидагича жавоб берамиз:

“Аслида жумҳур уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги: “Қачон имом “Омин” деса...”, деган сўзларини мажозга ҳамл қилишади. Бу билан юқоридаги ҳадисни жамлаганлар эса: “Имом “ва лазддооооллийн”ни айтгач, “Омин”ни ирода қилса, деб тушунамиз”, дейишган. Бу Аллоҳ таолонинг “Моида” сураси 6‑оятида:

...إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ...

...қачон намозга турсанглар...”, деган сўзига ўхшайди.  Бунда қачон намозга туришни ирода қилсанглар”, деган маънони тушунилади.

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий”да шундай дейди: “Уламолар икки ривоятнинг ўртасини жамлаб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қачон имом “Омин” деса...”, деган сўзларини мажозга ҳамл қилишади”.

Суютий роҳимаҳуллоҳ “Танвир”да шундай дейди: “Жумҳур кейинги сўзни олган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қачон имом “Омин” деса...”, деган сўзларини эса таъвил қилишган. Яъни бу сўздан мурод, қачон имом “Омин”ни қасд қилса, у билан унга эргашувчиларнинг “Омин”и бирга бўлади. Чунки “Омин”лар бир‑бирига яқин бўлиши мустаҳабдир”.

Бу имомнинг “Омин”ни жаҳрий айтмаслигига далолат қилади. Бизнинг наздимизда махфий   қилиш ҳадиси қувватлидир. Чунки “Омин” дуо бўлиб, дуонинг асли махфийликдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً...

“Роббингизга тазарруъ қилган ва махфий   ҳолда дуо қилинг”. (Аъроф‑55)

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам Ато разияллоҳу анҳунинг: “Омин” дуодир”, деганини келтирган.

وقال عليه الصَّلاةُ والسَّلامُ : « دَعْوَةُ السِّرِّ تَعْدِلُ سَبعِيْنَ دَعْوَة في العَلاَنِيَةِ »

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади”, дедиларБунинг санади саҳиҳдир.

Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида марфуъ ҳолда ривоят қилади:

Дуонинг яхшиси махфийсидир”.

Яна шунингдек “Омин”ни айтиш таъаввузни айтишдан устун турмайди. Чунки таъаввузни айтишга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:

فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ

“Қачон Қуръон ўқисанг, шайтонир рожиймдан Аллоҳнинг паноҳини сўра”. Наҳл-98.

Шундай бўлсада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъаввузни жаҳрий айтганлари собит бўлмаган. Демак “Омин”ни жаҳрий айтмаслик ундан кўра маъқулроқ бўлади. Чунки “Омин” лафзи Қуръони каримда йўқ. Уни Фотиҳа билан ундан кейинги сура орасида жаҳрий қилиб айтиш қиёсга хилофдир. Зотан бунда “Омин”ни Қуръондан деб тушуниб қолиш эҳтимоли бор. Қиёсга мувофиқ бўлгани учун ҳам биз “Омин”ни махфий   айтиш борасидаги ҳадисни жаҳрий айтиш ҳадисидан кучлироқ ҳисоблаймиз. Саҳобалар ва тобеъинларнинг аксарлари “Омин”ни махфий   айтишарди. Табарий айтади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Наҳаий, Шофеъий, Иброҳим Таймий роҳимаҳумуллоҳлардан ривоят қилинганишича, улар “Омин”ни махфий   айтишар эди”.

Мулоҳаза:

“Омин”ни жаҳрий ва махфий   айтиш борасидаги ҳадислар саҳиҳдир. Унинг иккисига ҳам уламоларнинг жамоалари амал қилишган. Лекин саҳобалар ва тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг аксари уни махфий   айтишган. Бизнинг махфий   айтишни устун қўйишимизнинг сабабларидан яна бири шудир.

 

أَخْبَرَنَا عَلِىُّ بْنُ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بِشْرَانَ الْعَدْلُ بِبَغْدَادَ أَخْبَرَنَا عَلِىُّ بْنُ مُحَمَّدٍ الْمِصْرِىُّ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ عُثْمَانَ بْنِ صَالِحٍحَدَّثَنَا إِسْحَاقُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ الزُّبَيْدِىُّ أَخْبَرَنِى عَمْرُو بْنُ الْحَارِثِ حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ سَالِمٍ عَنِ الزُّبَيْدِىِّ قَالَ أَخْبَرَنِى الزُّهْرِىُّ عَنْ أَبِى سَلَمَةَ وَسَعِيدٍ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليهه وسلم- إِذَا فَرَغَ مِنْ قِرَاءَةِ أُمِّ الْقُرْآنِ رَفَعَ صَوْتَهُ فَقَالَ : آمِينَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон “Уммул Қуръон”ни қироатидан бўшасалар, овозларини кўтариб: “Омин” дердилар”, деган”.

Бу ҳадисни  Дороқутний ва Ҳоким ривоят қилган. Дороқутний ҳадиснинг санадини ҳасан деган. Ҳоким икки шайхнинг шартига кўра саҳиҳ деган. Байҳақий ҳасан саҳиҳ деган.

Ҳадиснинг санадида Яҳё ибн Усмон бор. Ибн Абу Ҳотим айтади: “Муҳаддислар бу хусусда гап қилишган”. “Ал‑Жавҳарун Нақий” 1/132. Заҳабий “Кошиф”ида айтади: “Уни инкор қиладиган нарсалар бор. Унинг шайхи Исҳоқ Зубайдийдир. Абу Довуд уни: “Ҳеч нарса эмас”, деган. Насаий  эса: “Сиқа эмас”, деган. Ҳимснинг муҳаддиси Муҳаммад ибн Авф Тоий уни: “Ёлғончи”, деган.

Ҳадиснинг санадида яна Исҳоқ ибн Иброҳим Алоъ Зубайдий ибн Зибриқ бўлиб, икки шайх ўзининг “Саҳиҳ”ида ва тўртта “Сунан” эгалари ҳам ўз “Сунан”ларида ундан ҳадис келтиришмаган. Насаий ва Абу Довуд уни заиф дейишган. Ҳимс муҳаддиси Муҳаммад ибн Авф Тоий уни ёлғончи деган.

Ожуррий Абу Довуддан ривоят қилади. Муҳаммад ибн Авн шундай деди: “Исҳоқ ибн Зибриқнниг ёлғончи эканлигига шак қилмайман”. Таҳзибут Таҳзиб, 1/216.

→ Жаҳрий айтишни қувватловчилар яна шундай дейишади:

Ибн Можа ва Ибн Жарирлар ривоят қилишиб саҳиҳ дейишган қуйидаги ҳадис ҳақида:

عن علي قال: كان النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم إذا قال: (وَلا الضَّالِّينَ) قَالَ : آمِينَ يَرْفَعُ بِهَا صَوْتَهُ

 

Ибн Шоҳин Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон: “Валазддооооллийн”, десалар: “Аамийн”, дердилар ва бунда овозларини кўтарардилар”.

Шунингдек “Канзул Уммол”да ҳам келтирилган. 4/210.

حَدَّثَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ حَدَّثَنَا حُمَيْدُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ حَدَّثَنَا ابْنُ أَبِي لَيْلَى عَنْ سَلَمَةَ بْنِ كُهَيْلٍ عَنْ حُجَيَّةَ بْنِ عَدِيٍّ عَنْ عَلِيٍّ قَالَ : سَمِعْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم إِذَا قَالَ : (وَلا الضَّالِّينَ) قَالَ : آمِينَ يَرْفَعُ بِهَا صَوْتَهُ

 

Бизга Абу Бакр ибн Абу Шайба айтиб берди, бизга Ҳумайд ибн Абдурраҳмон айтиб берди, бизга Ибн Абу Лайло айтиб берди. У Салама ибн Куҳайлдан, у Ҳужайя ибн Адийдан, у эса Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон: “Валазддооооллийн”, десалар: “Аамийн”, деганларини эшитдим”. Ибн Можа ривояти 1/62.

Бунга шундай жавоб берамиз:

Ҳадисда  “бунда овозларини кўтарардилар”, деган жумла йўқ. Эшитишнинг ўзи жаҳрий айтилганига далолат қила олмайди. Чунки одатда яқин турган киши махфий   айтилган калимани ҳам эшитиши мумкин. Баъзи ровийлар икки тушунчанинг ўртасини ажратмасдан Алий розияллоҳу анҳунинг овозни эшитишларини маънони ривоят қилиш деб тушунтиришган. Бу фикрни Алий розияллоҳу анҳунинг ўзлари “Омин”ни махфий   айтганлари қувватлайди.

Имомга яқин турган ёки унинг ёнида турган иқтидо қилувчи имомнинг махфий   ўқиган нарсаларини эшитиши мумкин. Шу билан бирга буни жаҳрий дейилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга пешин намозини ўқиб берганларида баъзан Фотиҳадан кейинги суранинг бир ёки икки оятларини эшиттириб қўярдилар. Маълумки, махфийликнинг энг ками ўзи ва ўзига яқин турган кишининг эшитишидир. Агар бир ёки икки киши эшитса у жаҳрий бўлавермайди. Бизнинг наздимизда бу борадаги барча ҳадислар “Омин”ни таълими учун айтилганига ёки ровийнинг баъзилар эшитганини мутлақ қилиб ривоят қилганига ҳамл қилинади.

→ Жаҳрий айтишни қувватловчилар яна шундай дейишади:

Имом Термизий Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳақида:

 

حَدَّثَنَا بُنْدَارٌ مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ مَهْدِيٍّ قَالَا حَدَّثَنَا سُفْيَانُ عَنْ سَلَمَةَ بْنِ كُهَيْلٍ عَنْ حُجْرِ بْنِ عَنْبَسٍ عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَرَأَ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ فَقَالَ آمِينَ وَمَدَّ بِهَا صَوْتَهُ

 

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддооооллийн”,ни ўқиб: “Аамийн”, деганларини эшитдим. Бунда овозларини чўздилар”. 1/34.

Бунга шундай жавоб берамиз:

Ушбу ҳадис Суфённинг ҳадисидир. Шуъбанинг ҳадисидаги: “Бунда овозларини паст қилардилар”, деган лафз Суфённинг ҳадисига келиб қолади. Шуъба ҳадис ривоят қилиш жиҳатидан Суфёндан яхшироқдир. Шуъбанинг замонида ҳадис борасида унга ўхшагани, ҳадис ривоят қилишда ундан яхшиси бўлмаган. Бу фазилат унга насиб қилган. Муҳаммад ибн Аббос Насаий  айтади: “Абу Абдуллоҳдан: “Ким собитроқ, Шуъбами ёки Суфёнми?” деб сўрадим. У: “Суфён ҳофиз ва солиҳ киши, Шуъба эса ундан кўра собитроқ ва рижолларнинг энг тозасидир”, деди.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад отасидан ривоят қилиб айтади: “Шуъба бу борада  яъни рижоллар орасида ўзи ёлғиз умматдир, унинг ҳадисни кўриши, собит қилиши ва (ҳадисни турли номаъқул сифатлардан) тозалаши рижолларнинг фойдасигадир”.

Ҳаммод ибн Зайд айтади: “Менга агар Шуъба мувофиқ келса, хилоф қилганларга парво қилмайман. Агар менинг ҳадисимга Шуъба хилоф қилса ўша ҳадисни тарк қилдим”.

Абу Довудга: “У ҳадис ривоят қилиш жиҳатидан Суфёндан яхшироқми?” дейилди. Абу Довуд: “Дунёда озлиги жиҳатдан Шуъба ва Моликдан кўра ҳадис ривоят қилишда яхшироғи йўқдир”, деган.

 

→ Жаҳрий айтишни қувватловчилар яна шундай дейишади:

Яна Ибн Можанинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси ҳақида:

حدثنا محمد بن بشار حدثنا صفوان بن عيسى حدثنا بشر بن رافع عن أبي عبد الله ابن عم أبي هريرة عن أبي هريرة قال ترك الناس التأمين وكان رسول الله  صلى الله عليه وسلم إذا قال ( غير المغضوب عليهم ولا الضالين ) قال آمين حتى يسمعها أهل الصف الأول فيرتج بها المسجد

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Одамлар “Омин”ни тарк қилишди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон “Ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддооооллийн”ни айтсалар: “Аамийн”, дердилар. Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар, у билан масжид ларзага келарди”. 1/62.

Бунга шундай жавоб берамиз:

Бу ҳадиснинг санадида ҳам матнида ҳам муаммо бор. Унинг санадида Бишр ибн Рофеъ бўлиб, Бухорий: “Унинг ҳадисига эргашилмайди”, деган.

Аҳмад уни: “Заиф”, деган.

Ибн Маъийн: “Мункар ҳадисларни айтган”, деган.

Насаий  уни: “Кучли эмас”, деган.

Ибн Ҳиббон: “Бир неча мавзу нарсаларни худди уларга суянгандек ривоят қилади”, деган. “Мезон”, 1/147.

Ҳофиз “Таҳзибут Таҳзиб”да айтади: “Ибн Абдулбарр “Куний”да: “Улар наздида у заиф ва мункарул ҳадисдир”, деган.

“Инсоф” китобида шундай дейди: “Муҳаддислар унинг ҳадисини инкор қилишда иттифоқ қилишган, у ривоят қилган нарсани ташлашган ва ундан ҳужжат олишни тарк қилишган. Ҳадис уламолари бу борада ихтилоф қилишмаган. Ибн Ҳиббон айтади: “У Яҳё ибн Абу Касирдан  бир нечта мавзу бузуқ ривоятларни келтирган. Буни ҳадис илмидан ўта хабардор бўлмаган кишилар ҳам била олади. Яна у худди уларга суянгандек ривоят қилади”. 1/449.

Ҳадиснинг матнига келсак: “У билан масжид ларзага келарди”, деган матн: “Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар эди”, деган жумлага хилофдир. Чунки масжид ларзага келадиган даражада овоз бўлса, уни фақат биринчи сафдагилар эшитмас эди. Маълумки бу ҳадисни Абу Довуд Бишр ибн Рофеънинг йўлидан: “У билан масжид ларзага келарди”, жумласисиз ривоят қилган. Унинг лафзида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон: “Ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддооооллийн”ни тиловат қилсалар: “Аамийн”, дердилар. Ҳатто биринчи сафда у зотга яқин турган киши уни эшитарди”. 1/352. Авнул Маъбуд.

→ Жаҳрий айтишни қувватловчилар яна шундай дейишади:

 Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ўзининг “Муснад”ида ривоят қилган ҳадисга келсак:

حَدَّثَنَا النَّضْرُ بْنُ شُمَيْلٍ ، عَنْ هَارُونَ الأَعْوَرِ ، عَنْ إِسْمَاعِيلَ بْنِ مُسْلِمٍ ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ ، عَنْ ابْنِ أُمِّ الْحُصَيْنِ ، عَنْ أُمِّهِ ، أَنَّهَا صَلَّتْ خَلْفَ النَّبِيِّ صلى الله عليه  وسلم ، فَسَمِعَتْهُ وَهُوَ يَقُولُ :مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ ، فَلَمَّا قَرَأَ وَلا الضَّالِّينَ قَالَ : آمِينَ ، حَتَّى سَمِعَتْهُ وَهِيَ فِي صَفِّ النِّسَاءِ

 

Бизга Назр ибн Шамил айтиб берди, у Ҳорун Аъвардан, у Исмоил ибн Муслимдан, у Абу Исҳоқдан, у Ибн Умму Ҳусойндан, у эса онасидан ривоят қилишича, онаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида намоз ўқиганда, у зотнинг: “Маалики явмиддиин”, деяётганларини эшитган экан. У зот: “Ва лазддооооллийн”ни қироат қилгач: “Аамийн”, деган эканлар ҳатто у аёллар сафида туриб уни эшитган экан”. Зайлаъий, 1/196.

Бунга шундай жавоб берамиз:

Ҳадис ровийлари орасида Исмоил ибн Муслим Маккий бор. У заифдир.

Аҳмад айтади: “У мункарул ҳадисдир”.

Насаий айтади: “У матрукдир”.

Ибн Мадиний айтади: “Яҳёдан эшитдим, ундан Исмоил ибн Муслим Маккий тўғрисида сўралганда: “У доим чалкаштиради, бизга бир ҳадисни уч хил қилиб айтиб беради”, деди.

Ибн Маъийн айтади: “Исмоил ибн Муслим Маккий ҳеч нарса эмасдир”.

Алий ибн Мадиний айтади: “Унинг ҳадиси ёзилмайди”.

Саъдий айтади: “Ниҳоятда бўшдир”. “Мезон” 1/115.

→ Жаҳрий айтишни қувватловчилар яна шундай дейишади:

Бухорийнинг Атодан ривоят қилган таълиқи ҳақида:

عبد الرزاق عن بن جريج عن عطاء قال قلت له أكان بن الزبير يؤمن على أثر أم القرآن قال نعم ويؤمن من وراءه حتى إن للمسجد للجة

Абдурраззоқ Ибн Журайждан, у эса Атодан ривоят қилади. Ато айтади: “Унга: “Ибн Зубайр “Уммул Қуръон”нинг изидан “Омин”ни айтармиди?” дедим. У: “Ҳа, унинг ортидан “Омин”ни айтарди, ҳатто масжид ларзага келарди”, деди”. Фатҳул Борий 2/262. “Имом “Омин”ни жаҳрий айтиши” боби.

وَأَخْبَرَنَا أَبُو يَعْلَى : حَمْزَةُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ الصَّيْدَلاَنِىُّ أَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرٍ : مُحَمَّدُ بْنُ الْحُسَيْنِ الْقَطَّانُ حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ مَنْصُورٍ الْمَرْوَزِىُّ حَدَّثَنَا عَلِىُّ بْنُ الْحَسَنِ بْنِ شَقِيقٍ أَخْبَرَنَا أَبُو حَمْزَةَ عَنْ مُطَرِّفٍ عَنْ خَالِدِ بْنِ أَبِى أَيُّوبَ عَنْ عَطَاءٍ قَالَ : أَدْرَكْتُ مِائَتَيْنِ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فِى هَذَا الْمَسْجِدِ إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) سَمِعْتُ لَهُمْ رَجَّةً بِآمِينَ

Байҳақий Атодан бошқа важҳда ривоят қилган. Ато айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки юзтасини ушбу масжидда топдим. Имом қачон ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддооооллийн”, деса, уларнинг гулдуроз “Омин”ини эшидим”.

Бу таълиққа қуйидаги жавобни берамиз:

Бу таълиқдаги саҳобаларнинг амаллари бошқа бир қанча саҳобаларнинг амаллари ва сўзларига қарши турар экан уни ҳужжат қилиб бўлмайди. Юқорида Умар, Алий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумларнинг “Омин”ни махфий   айтганлари борасидаги далилни келтириб ўтдик. Булар ўрнак учун кифоя қилади. Табарийнинг зикр қилишича: “Саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг аксари “Омин”ни махфий   айтишарди”.

Хулоса:

“Омин”ни махфий   айтиш юқорида ўтган тафсилотларга кўра ҳукмнинг аслидир. Бунинг хилофига далил келмагунча уни тарк қилинмайди. Жаҳрий қилиш тўғрисидаги барча ривоятлар умумни эмас, балки феълларнинг ҳикояси ҳисобланади. Турли эҳтимоллари мавжуд бўлган далиллар “Омин”ни махфий   айтиш далилига қарши ҳужжат бўла олмайди. Шу билан бирга у далилларнинг аксарида кўриб ўтганимиздек жарҳ бор. Улардан саҳиҳлари очиқ‑ойдин эмас, очиқ‑ойдинлари эса саҳиҳ эмас. Саҳобалардан ворид бўлган асарлар ихтилофли бўлиб, шунга кўра бизнинг наздимизда далилнинг кучлироғи асл борасидаги далиллар ҳисобланади. Асл эса юқорида айтганимиздек “Омин”ни махфий   айтишдир. Валлоҳу таоло Аълам!

 Мана азизлар! Бир масаладаги Ислом уламоларимизнинг тадқиқотлари ва уларнинг кенг уфқли дунёқарашлари! Мазҳаблар ўз асосларини оят ва ҳадисга, ижмоъ ҳамда қиёсга кўра келтирадилар. Қарши тарафнинг далилларини ҳам тинглайдилар, уларга ҳам ҳақ берадилар. Шу билан бирга ўзларининг наздида кучли ҳисобланган далилга кўра амал қилишни таъкидлайдилар. Юқоридаги калта фаҳмлар каби бир далилни мантиққа қориштириб, чиққан натижа асоссиз равишда амал қилиб кетавермайдилар. Шундай экан жоҳилларнинг, биз оят ва ҳадисдан тўғридан тўғри оламиз, деган гаплари илмий асосга суянмаган бўлади. Улар ялтироқ шиор билан аслида ҳавои нафсларига эргашаётганлардир. Уларнинг сафсаталарига учмаслик, ёлғон шиорларига алданмаслик лозим!

Салоту саломларимиз Ҳабиби Муҳтарамга бўлсин!

 

Аброр Мухтор Алий

Ҳижрий 1436 17 рамазон.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Йигитлардан бири айтади .Мен бомдод ва хуфтон намозларини масжидда ўқиш учун дангасалик қилар эдим. Отам мени шижоатлантириш учун жуда кўп урундилар. Афсуски, давоми...

3294 19:00 / 22.02.2022
Таҳорат энг Аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлишини аввалги бобларда келган давоми...

20103 05:00 / 04.01.2017
Аллоҳ жалла шаънуҳу .Албатта, Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларгина, намоз ўқиб, закот берганларгина ва фақат Аллоҳдан давоми...

5057 05:00 / 04.01.2017
Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд, Кўзимнинг қувончи намозда қилиб қўйилдиrdquo деган севиклигимиз, саййидимиз Муҳамммад Мустафога саловот ва саломлар бўлсин. Биз давоми...

5728 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021