1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ойнинг бўлиниши

16:57 / 30.12.2017 5926 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана шундай оғир пайтда кушойиш томон яна бир қадам босилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини улкан мўъжиза – ойнинг ёрилиши ила қўллади.

Имом Бухорий ривоят қилишларича, Макка аҳли Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳақиқий Пайғамбар эканликларига далил сифатида ҳужжат – мўъжиза кўрсатишни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини қабул қилди ва ой иккига бўлинди. Икки бўлакнинг орасида Ҳиро ғори кўриниб турарди.

Имом Аҳмад Жубайр ибн Мутъимдан шундай ривоят қиладилар:

«Набий алайҳиссаломнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Сўнг улар «Бизни сеҳрласа ҳам, ҳаммани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар», дейишди.

Мусофирлар келишганда улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўрганларини айтдилар. Шунда мушриклар «Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди», дейишди. Аллоҳ таоло «Қамар» сурасининг аввалини туширди».

Бу машҳур ҳодиса бўлиб, ўша кечада ким унга назар солган бўлса, ойнинг ёрилганини кўрган, мулоҳаза қилган.

Яқинда Ҳиндистонда тарихий ёдгорликларни ўрганиш жараёнида бир ибодатхонанинг қурилиш тарихига оид ҳужжатлар кўриб чиқилди. Буни қарангки, мазкур ҳужжатда «Бу ибодатхона ой ёрилган кечанинг эртаси куни қурила бошланган», деб ёзилган экан.

Энг кучли далил – оят тушгандан сўнг мушриклар бу хабарни сон-саноқсиз марта эшитганлар, ўзлари ҳам ўқиганлар, лекин бирортаси «Қачон ой ёрилган эди, нимага ёлғон айтяпсизлар?» деган эмас.

Шунингдек, улар ўзларининг «Бу сеҳр» деб айтган гапларини ҳам тан олиб, жим туришган. Ҳолбуки, ўша пайтда душманлар Қуръондан, Пайғамбар алайҳиссаломдан, мусулмонлардан сал бўлса ҳам айб топиш учун барча имкониятларни ишга солган эдилар.

Ойнинг ёрилиши масаласига келсак, бу иш Ал­-
лоҳ учун ҳеч нарса эмас. Кофирлар доимо ўз но­маъ­қулчиликларини хаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб туришади. Аввалги ўт­ган барча Пайғамбарларга нисбатан ҳам шундай қилганлар. Аллоҳ Ўз Пайғамбарларининг ҳақлиги­ни тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мў­минларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун у Пай­-
ғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжиза­ларни берган. Ўтган Пайғамбарлар мазкур мўъжи-за­ларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб, Қуръон берилган.

У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъ­-
жизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат қоим бўл­гунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам мушрик ва кофирлар қачон у кишидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, доимо Қуръони Каримни рўкач қилганлар.

Бошқа Пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган ҳодисалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма Пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб, оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан катта шов-шув қилинмас эди.

Ойнинг ёрилиши ҳам худди шундай оддий иш. Ҳатто баъзи тафсирчилар «Бу сурадаги ойнинг ёрилиши ҳақидаги маъно қиёмат куни бўлади», ҳам дейишган. Лекин кўпчилик суранинг умумий маъносини ва қилинган беҳисоб ривоятларни эътиборга олиб, оятда айнан ана шу ҳодиса устида сўз кетаётганлигини таъкидлаганлар. Икки маъно бир-бирига қўшилса, тўлиқроқ ҳам бўлади.

Аслини олганда, ақли расо, ўзини таниган инсон учун ойнинг ёрилиши Аллоҳнинг борлигига, Пай­ғамбарнинг ҳақлигига далил бўлиши шарт эмас. Балки ойнинг ҳозирги ҳолатининг ўзи, унинг жойлашуви, ҳажми, нур таратиши, янгиланиши, чиқиши ва ҳоказолар улкан мўъжизадир. Аллоҳ таоло ушбу ҳодисани оятда зикр қилиб, собит қилишни ихтиёр этган экан, шундай бўлди. Ҳақиқатда ҳиссий мўъжизалар инсонга ўзига хос таъсир ўтказади. Ҳар бир инсон ҳам ушбу оятни ўқиганида, эшитганида, ўрганганида яна шундай таъсирланиб турмоғи лозим.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўлловчи ва маҳзунликларини кетказувчи омилларни бирин-кетин рўёбга чиқара бошлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АлҲакам ёки Ибн алҲакам отасидан ривоят қилади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бавл қилдилар, сўнгра таҳорат қилдилар ва фаржларига сув давоми...

4151 13:35 / 20.10.2019
Албатта, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг адолати исботи Ислом ақидасининг дуруст бўлиши учун лозимотлардан биридир.Моликий усул имомларининг улуғларидан бири давоми...

4759 20:03 / 26.03.2018
Сийрат илми олимларининг таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга келишганлар. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш давоми...

3570 16:01 / 23.12.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хитоб қилиб Икки буюк нарсани унутманглар ndash жаннат ва жаҳаннамниrdquo давоми...

3206 15:02 / 29.11.2018
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар