1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Оч мезбон

17:36 / 22.02.2018 4270 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳожир ва ансорлар:

Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот асҳоблари  Маккадан Ясриб шаҳрига ҳижрат қилишиб, у жойда яшай бошлашди. Саҳобалар Маккадаги ўз уйлари, моллари, қариндошлари тарк қилиб  Ясрибга кўчишди. Бас, Аллоҳ ва Унинг Расули уларни “Муҳожирлар” дея атади.

Ясриб мусулмонлари уларни ҳурсандчилик билан “Хуш келибсизлар, марҳабо!”, дея  кутиб олишди.   Уларга ўз юртидан жой беришиб, ўзларининг мол мулклари ва чўриларига эгаликда шерик қилишди. Бас, Аллоҳ ва Унинг Расули уларни “Ансорлар” дея атади.

Муҳожирлар: “Аллоҳ мол мулкингиз, чўри-ю аёлларингиз  баракот берсин, бизнинг буларга ҳожатимиз йўқ, бизга  савдо ва касб қилишимиз учун бозорингизни кўрсатиб қўйсангиз”, дейишди. Улар ҳам шундай қилишгач, бозорларга савдо сотиқ қилиш учун кетишди. Аллоҳ таоло тезда уларга бойлик ато қилди.

Ясриб  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларига айланди. Ушбу муборак шаҳарни “Мадинатур Расул”, “Расулуллоҳ шаҳри”, ёки “Мадина” деб атамайдиган бирон бир кимса бўлмаса керак.

Мадина – Ислом шаҳрига айланди. Дунёдаги ёлғизгина Ислом шаҳри.

Бу шаҳар оламдаги барча мусулмонларнинг ҳижрат қилувчи масканига айланди. Қайси кимса иймон келтирса ва қавми унга зуғумни бошласа, Мадинага кўчар ва  улар макридан омонда бўлар эди.

Мадина – оламдаги ёлғиз мадраса бўлди.

Бирон кимса мусулмон бўлса унга динни, ҳалол ҳаромни, Ислом аҳкомларини ўрганиш вожиб бўлади.

Қуръонни, фароизни ва  намоз ўқиш ва рўза тутишни ҳам ўрганиш вожиб бўлади.

Мусулмон илмсиз бўла туриб қандай қилиб намоз ўқиб, рўза тутади?! Аллоҳга қандай қилиб ибодат қилади?!  Илмсиз қандай қилиб яшаши мумкин?!

Мусулмон илм ўрганишни истаса қаерга боради, Маккагами?, йўқ! Тоифгами?, йўқ! У ерларда динни ўргатувчи бирон кимса йўқ-ку.

Унга дунёдаги ягона Ислом мадрасаси бўлмиш  Мадина шаҳрига юзланиш лозим бўлар эди.

Мусулмонлар ҳар тарафдаги араб ноҳияларидан Мадинага кела бошладилар. Кимдур динини фитналардан сақлаш учун ва яна кимдур динни ўрганиш учун келар эди. 

Булар Ислом меҳмонлари эдилар.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келар, у зот ҳам ҳурсандчилик билан “Хуш келибсизлар, марҳабо!”, дея кутиб олар эдилар.

Улар Аллоҳнинг меҳмонлари эдилар! Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари эдилар! Улар Исломнинг меҳмонлари эдилар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу келгувчи меҳмонларини икром қилиш ва таомлантиришни истар эдилар. Зотан, улар Аллоҳ ва У Зотнинг Расули ва Исломнинг меҳмонлари эдилар.

Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан зоҳид бўлиб, бир маротаба есалар, бошқа сафар оч қолардилар. Еганларида шукр, оч қолганларида сабр қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидаги қозонга доим ҳам ўт ёқилмас ва таом пиширилмас эди. У зот эса Аллоҳ ва Унинг Расулини ва Исломнинг меҳмонларини оч қолдиришни ёқтирмас эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва оҳират кунига иймон келтирган бўлса меҳмонини ҳурмат қилсин”, деб айтган эдилар.

Мадинадаги муслмонлар бир бутун оила бўлиб яшашар, Мадина  яхлит бир уй эди.

Қачон-ки бирор меҳмон келса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга тақсим қилар, улар эса  меҳмонни уйларига олиб кетиб, меҳмон қилар эдилар.

Ушбу меҳмонлар мусулмонлар уйларига бориб таомланар ва ўша ерда тунаб қолар эдилар. Улар гўёки яхлит бир уйдан таомланар ва  бир кишининг меҳмони бўлар эдилар.

Улар қаерда бўлишса ҳам Аллоҳ ва Унинг Расулининг меҳмонлари бўлишар эди.

Ансорлар ичида Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббати кучли бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни яхши кўрадиган Абу Талҳа Ансорий розияллоҳу анҳу бор эди.

Абу Талҳанинг бир боғи бўлиб, у  соя салқин ва суви ширин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи кунлари унинг боғига бориб дам олар, муздек сувидан ичар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Абу Талҳанинг боғига бориб, у ерда сув ичиб, дам олдилар. Бу ҳолатни билган Абу Талҳа жуда ҳам ҳурсанд бўлди ва улар учун бир қўй сўйишни истади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “Боласи борини ва сут берадиганин сўймагин”, дедилар. Абу Талҳа бир қўйни сўйиб, пишириб келди. У зот ва Абу Бакр таомдан еб ичишди ва Аллоҳга ҳамд айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Талҳа ҳаққига дуо қилдилар.

Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурга меҳмонлар келишди.  У зот уларни ҳар доимгидек меҳмон қилиш учун мусулмонларга тақсим қилдилар. Улар ўзига тегишли меҳмонни уйларига олиб кетишди. Абу Талҳа ҳам ўзига тегишли меҳмонларни уйига олиб кетди.

Абу Талҳа ушбу меҳмонларни уйига олиб кетаркан, Аллоҳ ва Унинг Расули ва Ислом меҳмонларини икром қилиш сабабли Аллоҳ ва У Зот Расули ризосини топиши мумкинлигидан севинар, лекин уйида ушбу меҳмонларга беришга бирон бир таом борми ёки йўқлигини билмас эди.

Аёли Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг қандай таом ҳозирлаганини ҳам билмас, меҳмонларга етарли таом ортиб қолганми йўқлигини ҳам билмас эди.

Абу Талҳа фарзандалари таом ейишиб, ухлаб қолишганми ёки таомланишни кутиб ўтиришганини ҳам билмас эди.

Абу Талҳа бу ҳақида ўйлаб ҳам ўтиргани йўқ. Уни ҳеч нарса меҳмонларни уйига олиб боришдан ман ҳам қилгани йўқ.

Абу Талҳа ҳурсандчилик билан йўл юриб, орқасида унга эргашиб келаётган меҳмонлари билан бирга уйига етиб келди.

 Эшигини тақиллатиб, аҳлига “Ассалому алайкум, кирсам майлими?”, деган эди, Ховлидан “Ва алайкум ассалом, кираверинг”, деган овоз эшитилди.

Абу Талҳа ховлига кириб ҳурсандлик билан: “Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари бор”, деди.

Умму Сулайм ҳам ҳурсанд ҳолатда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига марҳабо!”, деди.

Абу Талҳа: “Уйда қанақа таом бор?”, деди.

           Умму Сулайм осйишталик билан: “Фақатгина болаларга етарли таом бор”, деди.

            Уйида ўзларининг ҳаммасига ҳам етмайдиган таом бор экан-ку, Абу Талҳа энди  меҳмонларини қандай қилиб таомлантиради?

            Абу Талҳа тафаккур қилиб туриб, бир латиф ҳийла ўйлаб топди.

            Унинг бу ҳийласи нақадар ҳам латийф ва карим эди?!

            Абу Талҳа ушбу кечада ўзи оч қолиб, меҳмонларни таомлантиришни қасд қилди.

            Умму Сулайм ҳам худди шуни ушбу кеча ўзи оч қолиб, меҳмонларни таомлантиришни қасд қилди.

            Бир кеча ўзлари оч қолиб, меҳмонларини таомлантирса нима бўлар экан,  очдан ўлишармиди?!

            Иккаловлари ҳам меҳмонларни ўз нафсларидан устун қўйишди.

            Фарзандларини тинчлантириб, ухлатиб, сўнгра меҳмонларни таомлантиришни қасд қилишди. 

            Лекин, мезбон таом емаса меҳмонлар қандай қилиб ейишар эди?!

            Абу Талҳа бу ҳақида ўйлаб туриб, бунга ҳам йўл топди.

            Умму Сулаймга: “Таомланишга ўтирган чоғимиз чироқ олдига тузатиш учун боргандай бўлда, ўчириб қўйгин”, деди.

            Шундай ҳам бўлди. Меҳмонлар таомланишга ўтиришди. Абу Талҳа ҳам бирга ўтирди.

            Шунда Умму Сулайм чироқ олдига бориб, уни созлай бошлади ва чироқни ўчириб қўйди. Меҳмонлар қаронғуда таомлана бошладилар.

            Абу Талҳа дастурхонга қўлини чўзар вақўлини оғзига олиб борар, аммо ҳеч нарса емас эди.

            Меҳмонларга Абу Талҳа таомланаётгандек кўринар, аммо у ҳеч нарса емаётган эди.

            Меҳмонлар Абу Талҳани таомланаётганига асло шубҳа қилишмас эди. Нега ҳам  шубҳаланишсин? Ким кечки таомни емасдан, тунда оч қолар экан? Меҳмонлар хотиржам таомланишиб, тўйишди. Ва Абу Талҳани ҳам тўйганига ишонч ҳосил қилишди.

            Лекин, Абу Талҳа ушбу таомдан бир луқма ҳам оғзига солгани йўқ, унга қаронғулик ёрдамчи бўлди.

             Меҳмонлар туришиб, қўлларини ювишди. Аллоҳга ҳамд айтишиб, мезбон ҳаққига барака сўраб дуо қилишди.

             Абу Талҳа ҳам туриб, қўлини ювди.

            Меҳмонлар тунни қоринлари тўқ, Абу Талҳа эса оч ҳолатда ўтказишди.

            Лекин, Абу Талҳа катта  ҳурсандчиликда бўлиб, Аллоҳ таолога ушбу кечада бошқа кечалардагидан кўра кўпроқ шукр қилди.

            Одатига кўра Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам малжисларига ҳозир бўлди.

             У худди қорни тўйиб уйқуга ётган кимса каби хотиржам ва ҳурсанд эди.

            Абу Талҳа ушбу кечадаги ҳолатни аёли Умму Сулаймдан бошқа ҳеч бир кимса билмайдиган сирлардан бири бўлиб қолишини гумон қилган эди.

           Лекин, Аллоҳ таоло ҳар қандайин сир ва махфий нарсани билгувчи Зотдир. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:

            “Ва гарчи ўзларининг ҳодатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар”. (Ҳашр. 9).

           Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисса ҳақида сўрадилар. Абу Талҳа у зотга бўлган воқеъани айтиб берди.

           Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу жўмардлик ва карамдан ҳурсанд бўлиб,  Абу Талҳадан рози бўлдилар.

           Бу қисса эса тарих ва тафсир зарварақларида битилиб қолди.

          Аллоҳ таоло Абу Талҳадан рози бўлсин ва уни ҳам рози қилсин!

            Абул Ҳасан ан-Надавий раҳимаҳуллоҳнинг “Қисасун минат тарихил Исламиййи лил атфол китобидан.


Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
700. Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади .Яҳудийлардан бир киши Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор. Уни қироат қиласизлар. давоми...

3561 19:00 / 15.04.2022
285. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аёлларидан бири бир идишдан ғусл қилишар эди,. Бухорий ривоят давоми...

1596 19:00 / 30.09.2023
904. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .У Маккага йўлга чиқса, туя минишни малол олганда миниб дам олиш учун ўзи билан эшак оларди. Бошига ўраб оладиган давоми...

1280 19:00 / 26.05.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун энг олий ўрнакдирлар. У зотнинг ҳаётларини ўрганиш ва унга қўлдан келганча эргашиш ҳар бир мусулмон давоми...

3315 19:10 / 28.04.2017
Аудиолар

118768 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар