1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Нур сураси, 27-29

05:00 / 23.01.2017 6190 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз.

Жоҳилият даври арабларида кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига, эрталабки салом, кечки салом, деб тўғри кириб боришаверади. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги ҳеч мулоҳаза қилинмасди. Бу эса, ўтакетган беодоблик ва турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди. Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир шахснинг шахсий ҳурмати, уйнинг дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ.

«Эй иймон келтирганлар!ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг».

Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кирмоғи лозим. 

Шундай қилсалар, мўминларнинг ўзлари учун яхшидир.

«Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз».

Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки, аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёл киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.

Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.

Имом Абу Довуд Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», дерлар.

Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаси, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олса, уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар етказилади ёки хун ундирилади. Фақат тажовузкор тажовуз қилган пайтда ўзини ҳимоя этиб кўзини ўйиб олган бўлса, унда хун тўламаслиги мумкин. Бу масалада бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўзни тажовузкор ҳисоб қилингандир.

Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар эканлиги оддий гап эмас.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.

Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бордир. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилмоқлари лозимдир. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.

Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шарҳабийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».

Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун изн сўраш жорий қилинган, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор.

Шунинг учун ҳам изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафлари билан турмоқлари лозим.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва «Ассалому алайкум, Ассалому алайкум», дер эдилар».

Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб:

«Кираверайми?  Кираверайми?!» деди. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Равза исмли хизматчи аёлга: 

«Анавининг олдига чиқиб, ўргатгин, у изн сўрашни билмас экан, унга айтки, «Ассалому алайкум, кираверайми, десин», дедилар».

Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши лозим.

Имом Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши отасининг қарзи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганлари ҳақида шундай дейдилар:

«Эшикни қоқдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу ким?!» дедилар. Мен: 

«Менман!» дедим. У зот норози оҳангда:

«Мен, мен...» дедилар».

Калда ибн Ҳанбал исмли киши келиб, салом бермасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Орқангга қайт! Ассалому алайкум, дегин», дедилар.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар.

Изн сўровчи уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.

Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин.

Изн деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.

Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қайс ибн Саъд ибн Убайда қуйидагиларни зикр қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизга зиёрат қилиб келдилар ва: 

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Шунда Саъд секингина жавоб қайтарди. Қайс унга: 

«Нима, Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бермайсизми?!» деди. Саъд: 

«Жим тур! Бизга кўпроқ салом берсинлар!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: 

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Саъд яна секингина жавоб қайтарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: 

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб кета бошладилар. Шунда Саъд ортларидан бориб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен саломингизни эшитиб, секингина жавоб берган эдим. Сизнинг саломингиз бизга кўп бўлишини орзу қилувдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бирга қайтиб келдилар».

Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади. Шунингдек, ичкарига киришга рухсат берилмаса ҳам қайтиб кетади.


Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир.

Ояти каримадаги «Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча, уларга кирманг», деган биринчи жумладан икки хил маъно чиқади.

Биринчиси, сиз чақирганингизда биров жавоб бермаса, уларга кирманг, яъни, уйда одам борлиги билиниб турса ҳам, жавоб бермаяптими, то изн бермагунча, уйга кирманг, дегани.

Иккинчи маъно, уйнинг эгаси ёки у вакил қилган одам йўқ бўлса, ўшалар биров орқали бўлса ҳам, изн бермагунча, кирманг, дегани.

Мисол учун, уй эгаси ташқарида бирор иш билан машғул, унга хабар борганда, меҳмон кириб ўтириб турсин, ҳозир бораман, деса изн берган бўлади.

Агар уйда умуман одам бўлмаса, шубҳасиз, кириш мумкин эмас.

«Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир».

Яъни, сиз киришга изн сўраган пайтингизда ичкаридан, қайтинг, деган жавоб бўлса, қайтинг, ўша қайтишингиз сиз учун пок ишдир.

Шу билан бирга, қайтувчи кўнглига олмаслиги, хафа бўлмаслиги, уй эгалари мени ҳурматсиз қилди, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки ҳар бир одам хоҳлаганини уйига киритиш ёки киритмаслик ҳақига эга. Бирор иш билан машғул бўлиши мумкин. Яна уй эгасининг ўзигагина маълум бошқа сабаблар бўлиши мумкин. Ушбу ояти каримага биноан, изн бермагандан кейин эшик олдида турмасдан, қайтиб кетиш зарур.

«Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир».

Жумладан, изн сўраш, бировнинг ҳовли-жойига изнсиз назар солиш ва шунга ўхшаш ишларда ҳам қандай йўл тутаётганингизни Аллоҳнинг Ўзи яхши билади ва кези келганда ҳисоб-китоб қилади. Гарчи ояти каримада уй эгасига изн сўраб келган одамга «қайтинг» дейиш ҳуқуқи берилган бўлса ҳам, мусулмонлар меҳмондўстликлари, мусофирпарварликлари, бир-бирларини ва ўзгаларни жуда ҳурмат қилишлари туфайли бу рухсатдан фойдаланмаганлар. Яъни, уйларига келиб, киришга изн сўраганларга, қайтинг, деб айтмаганлар. Саҳобаи киромлардан баъзилари, ушбу оятга амал қилиш учун жуда кўп уриндик, бировнинг уйига чақириб борганимизда, қайтинг, деган жавоб бўлсаю ортимизга дарҳол қайтиб, ояти каримага амал қилиш шарафига муяссар бўлсак, дердик, аммо иложи топилмади. Қаерга борсак, киринг, деган жавоб олдик, деганлар.


Маскан бўлмаган, сиз учун фойда бор уйларга (изнсиз) киришингизда гуноҳ йўқдир. Аллоҳ нимани ошкор қилаётганингизни ва нимани яширин қилаётганингизни биладир.

Ояти каримадаги «Маскан бўлмаган, сиз учун фойда бор уйлар»дан мурод меҳмонхона, карвонсарой, чойхона, дўконлар каби кўпчиликка аталган жойлардир. Ундай жойлар турли одамларнинг кириши учун тайёрлаб қўйилган. Аввал ичига кирмаса, иш битириб ҳам бўлмайди. Албатта, меҳмонхона ёки шунга ўхшаш жойларда маълум хонани ижарага олгандан кейин, ўша ижарачидан изн сўрамай, у хонага кириб бўлмайди.

Ушбу ояти каримадаги таълимотлардан кўриниб турибдики, Қуръони Карим исломий ҳаёт тарзини ўргатувчи илоҳий китобдир. У ижтимоий ҳаётдаги мазкур масалаларга ўхшаш жузъий бўлиб кўринган одоб-ахлоқларни ҳам баён қилиб беради. Бировнинг турар жойига фақат изн сўраб, рухсат берилгандан кейингина кириш мумкинлигини жорий қилиш билан ҳар бир инсонга катта бир инсоний ҳақ ато этилгандир. Инсон ўзини энг эркин, энг тинч, энг хотиржам сезадиган жой унинг уйидир. Инсон ўз уйида бемалол бўла олмаса, ҳаёт ташвишларидан қаерда фориғ бўлиб, қаерда ҳордиқ чиқаради? Шунинг учун ҳам Ислом дини инсонларни етарли даражада дахлсизлик билан таъминлаган. Ҳеч ким бировнинг турар жойига изнсиз киришга ҳақли эмас.

Албатта, фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно. Мисол учун бирор уйга ўт кетганида ёки уй эгалари, уларнинг молу мулки хавф-хатар остида қолганида, ёрдам бериш учун изнсиз кирилади.

Изн сўраб киришнинг энг катта фойдалари фоҳиша ишларнинг олди олинишида, бехосдан авратларга кўз тушишдан, номаҳрамлар хилватда бирга қолишидан, турли шубҳалар, ношаръий ҳолатлар юзага келишидан сақланишда кўринади. Булар суранинг сиёқига мос эканлиги олдин ҳам айтиб ўтилди.

Зино ва зинода айблашнинг олдини олиш учун жорий қилинган изн сўраб кириш ҳақидаги оятлардан кейин энди яна ўша мақсадни амалга ошириш учун ниҳоятда зарур бўлган омиллар зикр этилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб .Аллоҳим Сендан Ўзинг берган давоми...

5756 15:10 / 04.02.2019
40. Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. давоми...

5041 05:00 / 23.01.2017
Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи давоми...

3629 05:00 / 23.01.2017
Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар Ҳужурот давоми...

6898 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41768 14:35 / 11.08.2021