1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

НИЯТ, ИХЛОС ВА УЛАРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

05:00 / 28.02.2017 8890 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ният» луғатда бир нарсани қасд қилишни англатса, шариатда бир нарсани амалга боғлаб, қасд қилишга айтилади. Исломда ҳар бир нарсага ният шарт. Шунинг учун ҳам кўпчилик фуқаҳолар ҳар бир амалда ният фарздир, деганлар.

Ниятнинг макони қалбдир. Шу боис ҳар бир иш шаръий бўлиши учун қалбдан ният қилиш керак. Агар қалбдан ният қилиб ниятни тилда ҳам зикр этса, янада яхши. Ният қилган замони амал қилишга киришса, шунда ибодат аввалидан ният билан бошланган бўлади. Агар бошлашнинг вақтини аниқлаш қийин бўлса, имкони топилганда ният қилади. Мисол учун, рўза тутмоқчи бўлган одам тонг отиш пайтини аниқлай олмаса, олдинроқ ёки кейинроқ ният қилса ҳам жоиз. Ҳар бир нарсага алоҳида ният зарур.
«Ихлос» эса, луғатда тозалаш, холис қилиш маъносини англатади. Шариатда эса, Аллоҳга ибодатни худди У зотни кўриб тургандек қилишдир.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи одат бўйича бобнинг аввалида унга тегишли оятлардан келтирадилар:

Аллоҳ жалла жалолуҳу: «Бас Аллоҳга Унинг динига ихлос этган ҳолда ибодат қилгин. Огоҳ бўлинг! Холис дин Аллоҳгадир!» деган.
Шарҳ: Яъни, амалингда Аллоҳдан бошқани зинҳор мулоҳаза қилмаган, дегани.

Ва яна: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мо- йил бўлмасликка буюрилган эдилар», деган.
Ҳа, ўша аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар. Аммо, улар бу амрни бажо этмадилар. Улар Аллоҳдан бошқага - Узайрга, Ийсога, Марямга, ҳатто ўз аҳбор ва раҳбарларига ҳам ибодат қилдилар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Тавба» сурасида: «Ва улар аҳборлари ва роҳибларини Аллоҳдан ўзга Робб қилиб олдилар ва Масийҳ ибн Марямни ҳам. Ҳолбуки, улар фақат ягона илоҳгагина ибодат қилишга амр қилинган эдилар», деган.
Албатта, аҳбор ва роҳибларга ибодат қилиш уларга сажда қилиш эмас, уларнинг ўзларига ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиб, Аллоҳнинг айтганини қўйиб, уларнинг айтганига юришдир. Улар:
«Унинг динигагина ихлос қилишга...» буюрилган эдилар.
Ҳа, аҳли китоблар бўлмиш яҳудий ва насоролар фақат Аллоҳ таолонинг динигагина ихлос қилишга, холис шу дингагина амал қилишга амр қилинган эдилар. Лекин улар бу амрни бажо келтирмадилар. Улар Аллоҳнинг динига турли туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни ҳам аралаштириб юбордилар.
Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқа деб ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган.
Уламоларимиз амалларни учга тақсимланганлар:
1) Амр қилинган амаллар. Буларни қилишда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, риёга айланади.
2) Наҳий қилинган-қайтарилган амаллар. Бундоқ амалларни ният қилмай тарк қилса, уларнинг зараридан фориғ бўлади, аммо савоб олмайди. Аммо, ният қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун мазкур ишларни тарк этса, ажр олади.
3) Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо, Аллоҳнинг розилигини олиш ниятида қилса, ажр олади. Ҳар бир мубоҳ амал Аллоҳ розилигини ният қилиш ила ибодатга айланади. Ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат.
Шунингдек улар:
«бошқа динларга мойил бўлмасликка...» буюрилган эдилар.
Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Аллоҳнинг динида собит туришга, бошқа динларга мойил бўлмасликка амр қилинган эдилар. Улар бу амрни ҳам бажо келтирмадилар. Аллоҳнинг дини Ислом қолиб, турли дин ва мазҳабларга эргашиб кетдилар.
Ана ўша васфи юқорида зикр қилинган тўғри миллатнинг дини Ислом миллатининг динидир. Модомики, ўша аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар Аллоҳнинг амрини адо этмаган эканлар тўғри йўлдаги миллатнинг динига ҳам юрмаган бўлиб чиқадилар.
Демак, Исломда ихлосли бўлиш катта ўрин тутади. Аллоҳга ибодат қилган одам фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб, амалларни адо этиши керак. Яратган зотнинг талаби-шу!

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан юқорида танишиб ўтганмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида қисқа иборалар билан бир олам маънони баён қилганлар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз бу ҳадиси шарифни алоҳида эътибор билан, атрофлича ўрганиб чиққанлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳу алайҳи: «Илмнинг учдан бири шу ҳадисда», деган эканлар.
Чунки, банданинг савоб касб қилиши уч нарса; дил, тил ва бадан орқали бўлади. Бу ҳадисда дил орқали бўладиган нарса тўла баён қилинган. Чунки, дин ички ва ташқи амаллардан иборатдир. Ички амал ниятдан иборат, ният эса қалб ила бўлади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳи: «Илмнинг ярми шу ҳадисда», деган эканлар.
Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи эса: «Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Инсоннинг дини учун тўртта ҳадис кифоя қилур:
1. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир» ҳадиси.
2. «Бирортангиз токи ўзи яхши кўрган нарсани ўз биродарига ҳам яхши кўриб илинмагунча мўмин бўла олмайди» ҳадиси.
3. «Киши Исломининг гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидандир» ҳадиси.
4. «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир», ҳадислари» деганлар.
Юқоридаги ҳадис муҳаддислар ва бошқа уламолар ичида «Умму Қайснинг муҳожири ҳадиси» номи билан машҳур. Ҳадиснинг бундоқ ном олишига сабаб Умму Қайс исмли маккалик муслима аёлга бир киши уйланмоқчи бўлади. Умму Қайс «Мен Мадинага ҳижрат қилиб кетмоқдаман. Сен ҳам мусулмон бўлиб орқамдан Мадинага борсанг сенга тегаман» дейди.
Ҳалиги одам ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келибди. Умму Қайсни излаб топиб, ўз ниятини яна айтибди. Шартни амалга оширгани учун Умму Қайс ҳам рози бўлибди. Оила қурибдилар.
Маълумки, ҳижрат-улуғ мақом. Дину диёнат учун ҳижрат қилган одамга улкан мартабалар ваъда қилинган. Аммо бу одам бир аёлга уйланиш учун ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келди. Агар Умму Қайсга уйланиш нияти бўлмаса, келмоқчи эмас эди. Энди бу одамга ҳам муҳожирлик мартабаси бўладими? Мана шу нарсалар саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга айтилганда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисни айтганлар.
Энди ҳадиси шарифни батафсил ўрганиб чиқайлик:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».
Яъни, ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. Тил билан бажараладиган амалми, бадан билан бажариладиган амалми ёки фарзми, вожибми, суннатми, нафлми-ҳаммасининг тўғри бўлиши ниятга боғлиқдир. Шариат ҳукми бўйича ният билан қилинмаган амал-амал ҳисобланмайди.
«Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади».
Нимани ният қилса ўша ниятидаги нарсага эришади. Пешин намозини фарзини ўқияпман, деб ният қилса, ўша намознинг савобини олади. Нафл рўза тутаяпман, деб ният қилса, нафл рўзанинг савобини олади.
«Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади».
«Ҳижрат» луғатда бирор нарсадан ажраш, унинг ҳижронида қолишни англатади.
Шариатда эса, Аллоҳ ва Унинг Расули розилигини тилаб, дину диёнат йўлида Маккани тарк этиб, Мадинага боришга айтилган. Кейинчалик эса дину диёнат йўлида ўз ватанини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетишни «ҳижрат» дейилган.
Демак, Аллоҳ ва Унинг Расули учун, деган ният билан ҳижрат қилган одам ҳақиқий муҳожир бўлади. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан муҳожирларга ваъда қилинган мартабаларга эришади.
«Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади».
Молу дунё қасдида, унга эришиш ниятида ҳижрат қилган бўлса, унга эришади.
«Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади».
Умму Қайсни никоҳлаб олган кишига ўхшаб ниятига етади.
«Бас унинг, ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади».
Яъни молу дунё ва аёлдан бошқа нарсани, мисол учун дўст ортдириш, саёҳат қилиш, давлат қуришга тайёрланиш, касб ўрганиш ва яна бошқа нарсаларни ният қилган бўлса, ўша нарсаси учун бўлади.
Демак, ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Амал бир хил, аммо ниятга қараб турли натижалар беради. Ушбу ҳадиси шариф айтилган даврда Маккадан Мадинага кўчиб ўтиш амалини олайлик.
Бу амал маълум масофани босиб ўтиш, Маккани тарк этиб, Мадинани ватан тутиш билан бўлади. Шу ишни Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганлари учун менга вожиб бўлди. Маккадан Мадинага ҳижрат қилмасам гуноҳкор бўламан. Агар ҳижрат қилсам савоб оламан деб ҳижрат қилган одам муҳожир бўлади. Кўриниб турибдики, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг розилигини топаман, деган ният билан ҳижрат қилган одам, ҳақиқий муҳожир бўлади, ажру савобга эришади. Шу билан бирга молу дунё топиши ҳам, оила қуриши ҳам мумкин.
Агар бир одам мазкур ишни фақат молу дунё топишни ният қилиб амалга оширса, молу дунё топиши мумкин, лекин муҳожирлик даражасига эриша олмайди. Муҳожирларга бериладиган ажру савобдан баҳраманд бўлмайди.
Учинчи бир шахс худди шу амални, Умму Қайснинг муҳожирига ўхшаб, бир аёлни никоҳлаб олиш ниятида қилади. У ўша аёлни никоҳлаб олиши мумкин, лекин муҳожир бўла олмайди. Муҳожирга ваъда қилинган ажру савоб ва улуғ мартабадан баҳраманд бўла олмайди. Чунки, у ниятни бошқага қилган.
Ушбу ҳадиси шариф ниятни тўғрилаш, яхши ният қилиш орқали кўп нарсаларга эришиш йўлини очиб бермоқда. Ниятсиз ҳеч бир ибодат тўғри бўлмаслигини баён қилмоқда. Ният билан одатдаги оддий бир иш ибодатга айланиши мумкин. Аксинча, ниятсиз ибодат ҳисобланган иш одатдаги оддий ишга айланиб қолиши мумкин.
Мисол учун, бир киши масжидда ўтирибди. Агар ўша одам дам олишни ният қилган бўлса, амали одат бўлади. Дам олади, савоб олмайди. Аммо, ўтиришдан эътикофни ният қилса, ҳадисда айтилгани учун қилаяпман, деган ният билан ўтирса, бу ўтириш ибодатга айланади. Унинг учун савоб олади.
Бир одам ҳаммомда ювинмоқда. Агар у ғуслни ният этиб: «Шариатимизда ғусл қилишга амр этилгани учун қилмоқдаман» деган қасд билан чўмилса, ибодат қилган бўлади. Аммо, тозалик учун қиляпман, деган ниятда бўлса, тозаликка эришади. Аммо, ибодат ниятини қилмагани учун савобга эришмайди.
Шариатимиз оила қуришга амр қилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», деганлар, шунинг учун оила қуришни ният қилдим, деган одамнинг оилавий ҳаёти ибодат бўлади. Уйланиб, шаҳватимни бир қондирай, деган ниятни қилган одам, ўша ниятига эришади. Ажру савобнинг яқинига ҳам йўламайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз», деганлар.
Халқимнинг, эл-юртимнинг мен ўрганадиган илмга эҳтиёжи бор, фарзи кифояни адо этишим керак, деган ният билан илм ўрганувчи шахс ибодатда бўлади. Фаришталар унинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туради. Бу одам улуғ ажр ва буюк мартабаларга сазовор бўлади. Илм олсам, молу дунё топаман, мансабга эришаман, деган ниятни қилган одам эҳтимол молу дунё ва мансабга эришар, аммо ажру савобга эга бўлолмаслиги аниқ.
Ислом шариати наздида «динимиз менга аҳли аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, ҳалол йўл билан, ҳалол луқма топиб, аҳли аёлимга тутай» деган ният билан далада ишлаётган деҳқон, дастгоҳ олдида ишлаётган ишчи, ўз касбини қилаётган хунарманд, ўз вазифасини адо этаётган идора ходими ёки зиёли ибодат қилаётган бўлади. Бундан бош- қа ниятни қилган одам эса, мўлжалдаги нарсасига эришиши мумкин, аммо ажру савобга эриша олмайди.
Шунингдек, динимизда ҳайвонларга меҳрибон бўлишга, уларни оч ва сувсиз қолдирмасликка амр қилинган, шу амрга биноан, иш олиб боришим керак, деган ниятдаги одамнинг ўз ҳайвонларини боқиб қараши ибодат ҳисобланади. Ўшанга яраша ажру савобини олади. Аммо, мол-қўйимни яхшилаб боқсам гўшти кўп бўлади, сотиб пул қиламан, деган ниятдаги одам гўштга, молу пулга эришиши эҳтимол, аммо ажру савобга эришмаслиги аниқ.
Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланилаверади. Исломда инсон ҳаётининг ҳар бир соҳаси, ҳатто уйқуси ҳам ибодатга айланиши мумкин. Ким хуфтон намозини ўқигач, таҳорат билан ётиб, эрталаб туриб бомдод намозига таҳорат олса ва ўқиса, кечаси билан ибодат қилиб чиққан ўрнига ўтади, деган маънодаги ҳадислар бор.
Инсон ҳалол-пок юриб, Аллоҳнинг кўрсатмаси бўйича яшашим учун керак, деган ниятда еб-ичса, ўша ҳам ибодат ҳисобланади.
Ислом инсон ҳаётини диний ҳаётга ва дунёвий ҳаётга ажратмайди, деганимизнинг маъноси шу.
Аллоҳ таолонинг:
«Мен инсу жинларни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим», деганининг маъноси шу. Яъни, менинг айтганимни қилиб яшасинлар, дегани.
«Ислом дини-осон дин», дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда бошқа дин ва тузумларда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларнинг ҳам ибодатга айланиши жуда осон. Биргина ниятни тузатиш билан олам гулистон. Чунки Исломда ниятни яхши қилиш билан, шариат кўрсатмасига биноан ҳалол-пок йўл тутиш билан инсоннинг ўз шаҳватини қондириши, кийиниши, еб-ичиши ва ўзининг бошқа эҳтиёжларини қондириши ҳам осонгина ибодатга айланади.
Ҳа, Ислом яхши ниятлар, яхши амаллар динидир.
Ҳа, мусулмон инсон яхши ниятли, яхши амалли инсондир.
Бу динда инсон ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир амалини Аллоҳга ибодатга айлантириши мумкин. Чунки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳаси бўйича Исломнинг кўрсатмаси бор.
Мусулмон инсон шунчалар бахтли инсонки, ўша кўрсатмаларни ўрганиб, ниятини уларга мослаб яшаса, унинг оддий ҳаёти ибодатга айланади.
Мусулмон инсоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, адабий ва бошқа амаллари барчаси ибодат бўлиши мумкин. Бунинг учун эса ундан кўп нарса талаб қилинмайди. Ўз динининг кўрсатмаларини ўргансаю ниятини ўшанга мосласа кифоя. Шу билан бутун бошли бир ҳаёт ибодатга айланади.
Лекин, биз ўзимизга берилган ушбу улкан имкониятдан фойдаланаяпмизми? Албатта, йўқ! Кўпчилигимиз мусулмонликни даъво қилганимиз билан Ислом нималигини билмаймиз. Бироз билганларимиз ҳам ўша билганимизга амал қилмаймиз. Қилган амалларимизни эса Аллоҳ учун, Унинг Расули учун, деб қилмаймиз.
Баъзиларимиз намоз, рўза, никоҳ ўқитиш ва жанозага ўхшаш нарсаларни диндан санаймизу, қолган ҳамма нарсани дунёвий ҳисоблаймиз. Мусулмон одамга намозни фарз қилган Аллоҳ, ҳалол касб қилишни ҳам фарз қилганини унутамиз. Намоз фарзини адо этишни ибодат ҳисоблаймиз, ҳалол касб фарзини адо этишни ибодат ҳисобламаймиз.
Баъзилар эса тамоман ўзидан кетиб, «дин худо билан банданинг орасидаги иш. Банданинг кўнглида ишончи бўлса кифоя, ҳаётнинг бошқа соҳаларига дин аралашмаслиги керак» дейдилар.
Уларга бу ҳуқуқни ким берди?
Ўзи банда бўла туриб, Аллоҳнинг динини чегаралашни унга ким қўйибди?
Бутун борлиқ Аллоҳнинг мулки эмасми?
Бутун инсонлар Аллоҳнинг бандаси эмасми?
Ислом Аллоҳнинг дини эмасми?
Аллоҳ Ўзи яратган борлиқда нимани хоҳласа ўшани қиладиган Зот эмасми?
Аллоҳ Ўзи яратган бандасига хоҳлаган амрини қиладиган зот эмасми?
Аллоҳ Ўзининг охирги дини-Исломни баркамол дин қилиб, инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларини қамраб оладиган қилган Зот эмасми?
Бас, шундоқ экан, ожиз банданинг, дин-ундоқ бўлиши керак, дин бундоқ бўлиши керак эмас, деб Аллоҳнинг динини чегаралашига нима ҳаққи бор?
Ёки ўша гапни айтаётган одам худоми? Худонинг шеригими?
Ёки Аллоҳдан Унинг динини чегаралаб бериш ваколатини олганми?
Мусулмон одам ҳеч қачон динни ва унинг аҳкомларини, буйруқ ва қайтариқларини муҳокама қилмайди. Балки, динда нима келса ўшанга сўзсиз таслим бўлгани учун мусулмон номини олган. Мусулмон одам ўз динини пухта ўрганиб, унга тўлиқ амал қилишга ўтади.
Агар баъзилар айтаётгандек, дин банда билан худо орасидаги шахсий муносабат бўлса, бошқа ишларга аралашмаслик керак бўлса, унда нима учун Аллоҳ инсон ҳаётининг барча соҳаларига тегишли ўз кўрсатмаларини бериб қўйган?!
Нима учун ҳар бир нарсада ўз ҳукмини баён этган? Бундоқ гап мусулмонларга ҳеч тўғри келмайди. Мусулмон одам ўз номи, ўзи билан-мусулмон, яъни, Аллоҳга бутунлай таслим бўлиб, бўйинсунгани учун мусулмон. Мусулмон инсон ҳамма нарсада фақат Аллоҳга бўйинсунади. Ҳамма нарсани Аллоҳнинг кўрсатмаси бўйича қилади.
Бунинг учун эса, ҳамма нарсада Аллоҳнинг ҳукми нима эканини билиши керак бўлади. Шунинг учун Исломни тинмай ўрганишимиз керак.
Ҳар бир амалимизни шариатимизга мувофиқ қилишга ҳаракат қилмоғимиз матлуб.
Ана шундагина ҳар бир нарсада яхши ният қила оладиган бўламиз.
Ана шундагина ҳар бир ишимизни ибодатга айлантириш имконига эга бўламиз.
Ана шундагина бутун ҳаётимизни Аллоҳга ибодат қилган ҳолда ўтказа оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадиларки: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этсаю унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Ушбу ҳадисда Ислом шариатининг гўзаллиги, қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани баён қилинмоқда. Асосан эса, қилинган амалга бериладиган ажру савоб банданинг ихлосига қараб бўлиши айтилмоқда. Чунки, бир хил ният билан бир хил амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб берилиши аввало ихлосга қараб бўлади.
Ҳа, ихлос ана шундоқ нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундоқ кўп бўлади.
Ихлос самараси ўлароқ банда ўз Роббисига қилган ибодатнинг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалга қўшимча савоб олади.
Ихлосли банда ваъз-насиҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади.
Ихлос Аллоҳ тамонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида:
«Ихлос Менинг сирларимдан бир сирдир. Ўз бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам» деган.
Бу биз ўрганаётган ҳадис ҳам ҳадиси қудсий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар. Келинг, ҳадис матни билан яқиндан танишиб чиқайлик:
«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди».
Яъни, Аллоҳ таоло барча яхшиликларни ва ёмонликларни тақдир қилиб, Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйди.
«Сўнгра ўшани баён қилди».
Яъни, кейин ўша ёзиб қўйган яхшиликлар нимаю, ёмонликлар нима эканлигини юборган динлари орқали бандаларига баён қилди. Ҳаммага қайси амал яхшию, қайси амал ёмонлиги аён бўлди.
«Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди».
Чунки, яхшиликни қасд қилишнинг ўзи яхши нарса. Яхшиликни қасд қилган банда, тезда уни адо этиши ҳам аниқ. Шунинг учун унга тарғиб тариқасида доимо яхшилик ниятида бўлиши учун, қилган ниятига ҳам, гарчи у амалга ошмаса ҳам бир яхшилик савоби ёзилади.
«Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади».
Яъни, банда ўзи қасд қилган яхшилигини амалга оширса, Аллоҳ ўша яхшиликни Ўз ҳузурида банданинг ихлосига қараб, ўнтадан то етти юзгача, ундан ҳам бир неча марта кўпроқ яхшилик қилган, деб ёзади. Ана ўшанинг савобини беради.
Демак, ният билан яхшилик қилган мусулмон одамга бериладиган энг оз ажр унинг қилган яхшилигига нисбатан ўн баробар кўп бўлади. Кўпи эса банданинг ихлосига қараб ўн биттадан бошлаб етти юз ва ундан яна Аллоҳнинг Ўзи билганича кўпайтирилади. Бу ҳам Ислом шариатининг мислсиз гўзалликларидан, осонлигидан.
Банда ичини пок қилиши, қалбини мусаффо тутиши ва бунинг самараси ўлароқ пайдо бўлган ихлоси туфайли бировлар бир ишни қилиб олган савобдан, худди ўша ишни қилиб туриб, сонсиз-саноқсиз марта кўп савоб олиши мумкин.
«Агар бир ёмонликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади».
Яъни, банда бир ёмонликни қилишни қасд қилди. Сўнгра гуноҳ бўлишидан, Аллоҳнинг азобига йўлиқишидан қўрқиб ўша ёмонликни қилмади. Шунинг ўзи яхшилик, балки, яхшиликнинг бошланиши. Аллоҳдан қўрқиб ёмонликни тарк қилган одам энди яхшилик қилишга ўтади. Бу мукофот эса уни доимо яхшиликка чорлайди.
Қасд қила туриб, амалга оширилмаган ёмонлик ўрнига бир яхшилик савоби ёзилиши учун ўша ёмонликни Аллоҳдан қўрқиб тарк этилиши шарт. Агар бошқа сабаб билан тарк этилса, қилган ниятига яраша гуноҳ ёзилади.
Мисол учун, бир мусулмоннинг устидан иғво-бўҳтон қўзиш учун борсаю, масъул одамни топа олмай қайтса, гуноҳи ёзилаверади.
Шунингдек, ҳаром ичимлик ичмоқчи бўлсаю дўкондан уни топа олмагани учун ичмаса, қилган ёмон ниятига яраша гуноҳи ёзилади.
Аммо, аввал айтилганидек, ният қилгандан кейин Аллоҳдан қўрқиб, ёмонликни тарк қилса, баркамол бир яхшиликнинг савоби ёзилади.
«Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади».
Бу ҳам Аллоҳнинг фазли ва марҳамати. Агар кўп қилиб ёзаман деса, яхшиликни кўпайтириб ёзганидек, ёмонликни ҳам кўпайтириб ёзиши мумкин эди. Аллоҳ таоло ундоқ қилмайди.
Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:
1. Аллоҳ таоло азалдан яхшилик ва ёмонликларни Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйгани.
2. Аллоҳ таоло яхшилик нимаю, ёмонлик нима эканини Ўз махлуқотларига баён қилиб бергани.
3. Мўмин банда қасд қилган яхшилиги учун ҳам савоб олиши.
4. Мўмин банда қасд қилган яхшилигини амалга оширса ўнтадан етти юзгача ва ундан ҳам кўп савоб олиши мумкинлиги.
5. Мўмин банданинг қилган амалига савобнинг кўпайиши унинг ихлоси даражасига боғлиқлиги.
6. Мўмин банда бир ёмонликни қасд қилиб, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб уни тарк қилса, яхшилик этиб ёзилиши.
7. Банда бир ёмонликни қасд қилганидан сўнг уни амалга оширса, бир ёмонлик этиб ёзилиши.
Бу ҳадиси шарифдан Ислом дини қанчалар яхшилик тарафдори эканлигини, кишиларнинг ихлосли бўлиши учун қанчалар рағбатлантирганини билиб оламиз.
Қайси бир дин, тузум бировга фақат яхшиликни ният қилгани учун, унга амал қилмаса ҳам, мукофот беради?
Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум бир яхшиликка етти юз ва ундан кўп баробар мукофот беради?
Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум қилган ёмон ниятидан қайтган шахс учун яхшилик қилганга берган мукофотни беради?
Бу ишларнинг ҳаммаси инсондан ортиқча ҳаракат, азият талаб қилмайди. Фақат бир нарсани-ихлосни талаб қилади.
Ихлос эса қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, худди Аллоҳни кўриб тургандек, У зотга ёқиш учун уриниш, холос. Ана ўша ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади.
Ислом дини-ана шундоқ осон дин.
Ислом-ана шундоқ яхшилик тарафдори бўлган дин.
Аммо биз мусулмонлар, ўз динимизга муносибмизми?
Ислом бизга берган имтиёзлардан фойдаланиб, ўзимиз учун ажр-савобни кўпроқ жамлашга уриняпмизми?
Қиладиган яхши амалимизни чин ихлос билан фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилаяпмизми?
Бандалик билан адашиб, қилган ёмон ниятларимиздан Аллоҳ таолодан қўрқиб қайтмоқдамизми?
Умуман, бизда бу ҳадиси шарифда зикр қилинган маънолар ҳақида етарли тушунча борми?
Ҳар бир ниятимиз, қасдимиз Аллоҳга маълум бўлиб, унга яраша савоб ёки гуноҳ номаи аъмолимизга ёзилиб боришини англаб етаяпмизми?
Ҳар бир қилган амалимизга яраша маълум савоб ёки гуноҳ ҳам номаи аъмолимизга ёзилиб боришини-чи, доимо ҳис этамизми?
Аввал билмасак, энди билдик. Энди ушбу ҳадисга амал қилишимиз лозим. Фақат яхшиликни қасд қилишга ўтайлик. Қасд қилган яхшиликларимизни чин ихлос билан амалга оширишга ўтайлик. Адашиб баъзи бир ёмонликни қасд қиладиган бўлсак, дарҳол ундан қайтадиган бўлайлик. Ана шунда чин мусулмон бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар.
Улардан бири: «Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: «Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз:
«Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: «Э бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг:
«Ҳаққимни бер», деди.
Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб:
«Аллоҳдан қўрқ!» деди.
Мен унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим.
«Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» деди.
«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Чиқиб, юриб кетдилар», дейилган.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинмоқда.
Қисқа услубда баён қилинган ушбу ҳадисда ихлос билан қилинган яхши амал нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам фойда бериши ҳақида сўз кетмоқда. Мўмин-мусулмон банданинг солиҳ амали унинг бошидан бу дунёдаги баъзи мушкулларни кушойиш қилиши мумкинлиги билдирилмоқда.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом таълимотларини кишиларга улар тушуниши осон бўлган барча йўллар билан баён қилишга ҳаракат этар эдилар. Кези келганда, ўта балоғатли ва фасоҳатли ваъз сўзлаб, ҳаммани йиғлатар, қалбларни ларзага солар эдилар. Кези келганда, ўтган умматлардан мисоллар келтирар эдилар. Бу биз ўрганётган ҳадисимизда эса, баён қилиниши лозим бўлган маънони баъзи кишилар бошидан ўтган қисса шаклида тақдим қилмоқдалар. Албатта, бу услубнинг ўзига яраша таъсири бўлади. Бу шаклда баён этилган маънони кишилар тушуниши осонроқ, ундан таъсирланиши кучлироқ бўлади.
Уч киши йўлда кетаётиб, ёмғирда қолибдилар. Ёмғирдан қочиб, тоғдаги бир ғорга кирибдилар. Тоғдан бир катта харсанг тош думалаб тушиб, улар ўтирган ғорнинг оғзини тўсиб қолибди. Уч мусофир жуда қийин аҳволда қолибдилар. Ҳеч ким йўқ, тоғдаги ғорнинг ичидалар. Бировни ёрдамга чақириш ҳам мумкин эмас. Устларига улкан тош думалаб тушиб, ғорнинг оғзини беркитиб қолган. Уни думалатиш ёки суришга учавларининг қурблари етмайди. Аллоҳга ёлборишдан бошқа ҳеч қандй иложлари йўқ. Аммо, Аллоҳга ёлбориш ҳам турлича бўлади. Банданинг қайси бир ёлборишини Аллоҳ таоло тезроқ қабул қилади? Улар ўз ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келибдилар.
«Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар».
Улар Аллоҳ таолога қуриқдан-қуриқ ёлборишни ўзларига эп кўрмаптилар. Умрларида Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларини васийла қилиб туриб, Аллоҳдан кушойиш сўрашни маъқул, деб топибдилар.
Бирлари ўзининг қариб қолган ота-онасига Аллоҳ учун чин ихлос билан қилган ҳурмат-эҳтироми ва хизматини васийла этишга қарор қилибди. У кишининг қартайиб қолган ота-онаси билан бирга майда болалари ҳам бор экан. Ҳар куни ишдан қайтиб келиб, қўйларини соғгач, ота-онасининг ҳурматини қилиб, болаларидан олдин сутни уларга тутар экан. Ота-онасидан ортиб қолган сутни эса, майда болаларига берар экан. Бир куни у ишидан кеч қайтибди. Қараса, ота-онаси ухлаб қолишган экан. Одатдагидек сут соғибди. Соғилган сутни кўтариб, ухлаб ётган ота-онасининг бошларига келибди. Уларга озор бермаслик учун уйғотишни ўзига эп кўрмабди. Уйғониб қолсалар, қоринлари оч ҳолда мени излаб қолишмасин деб, жойидан жилмай кутаверибди. Ўзи кундузи билан ишлаб чарчаган бўлса ҳам дам олишни эп кўрмабди. Болалари очликдан оёғи остида йиғлаб турсалар ҳам ота-онам сутсиз қолмасинлар, деб сутни болаларига бермабди. Тонг отгунча шу ҳолатда, ота-онасининг бошида тик туриб чиқибди.
Ана шунда ўзининг ғордаги мусибатида Аллоҳ учун ихлос билан ота-онасига қараганини васийла қилиб, кушойиш сўрабди. Аллоҳ таоло у одамнинг ёлбориб қилган илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали эвазига ғорнинг оғзини жиндек учдан бирини очибди.
Демак, ота-онани иззат-эҳтиром қилиш, уларга ихлос билан Аллоҳнинг розилигини истаб хизмат қилиш фарзандга нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам асқотиб яхшиликлар етишига сабаб бўлар экан. Бошига тушган мусибатнинг кўтарилишига васийла бўлади экан.
Энди иккинчи йўловчининг навбати келган эди. У ҳам ўз умрида Аллоҳнинг розилигини истаб чин ихлос билан қилган бир солиҳ амалини васийла қилишга ўтади. У ўз амакисининг қизини яхши кўрар эди. Яхши кўрганда ҳам юрак-юракдан, чидаб бўлмайдиган шаклда яхши кўрар эди. Бир куни қизни овлоқ жойда учратиб, ундан яқинлик қилишни талаб қилиб қолади. Қиз, юз динор бермасанг, рози бўлмайман, деб бош тортади. Йигит пулни ҳам тўплаб, унга берибди. Энди унинг учун зино қилишга ҳеч қандай тўсиқ қолмаган бир пайтда қиз унга Аллоҳни эслатади.
«Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ!» дейди.
Маҳримни бериб, мени шаръий хотин қилиб олмагунингча менга тегма, дейди. Ана шунда Аллоҳнинг номини эшитган йигит дарҳол ўзига келибди. Аллоҳдан қўрқиб, шайтонга ҳай берибди. Охират азобидан қўрқиб, оний лаззатидан воз кечибди. Аллоҳнинг розилигини истаб, қизга тегмабди. Бу банда ўзининг ғордаги мусибатида Аллоҳнинг розилигини истаб, ихлос билан қилган мазкур амалини ёдга олибди. Ўшани васийла қилиб, Аллоҳдан бошига тушган мушкулга кушойиш беришини сўрабди. Аллоҳ таоло унинг ёлбориб қилган илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали васийласи ила ғор оғзининг иккинчи қисмини ҳам очибди.
Аллоҳдан қўрқиб, У зотнинг розилигини истаб гуноҳ ишни қилишга қодир бўлиб турганда тарк этиш ҳам солиҳ амаллардан ҳисобланар экан. Аллоҳдан қўрқиб қилмоқчи бўлиб турган гуноҳидан қайтган банда нафақат охират савобига, балки бу дунёнинг яхшиликларига ҳам эришар экан. Банданинг ихлос билан ёмонликни тарк этиши ҳам, унинг бошидан мусибатни кўтаришига сабаб бўлар экан.
Учинчи йўловчига навбат келиб у ҳам ўзининг икки ҳамсафари каби, чин ихлос билан, Аллоҳнинг розилигини истаб қилган амал солиҳларидан бирини васийла этибди.
У бир фарақ (Мадинаи Мунаввара ўлчови билан ўн олти қадоқ) оғирликдаги гуручга бир мардикорни ёллаган экан. Мардикор ишни тугатгач, ҳаққини талаб қилибди. Иш эгаси келишилган гуручни берса, аччиқ қилиб олмай кетворибди. Гуруч шоли ҳолида экан. Учинчи йўловчи мардикорнинг ҳаққига хиёнат бўлмасин, деб уни мавсум келганда экибди. Шолисини йиғиштириб олиб, сотибди. Тушган даромадга сигир олибди. Вақт ўтиши билан иш ҳақи қилиб берилган гуруч бир пода сигирга айланибди. Уларнинг молбоқарлари ҳам бор экан. Йиллар ўтиб, мардикор қайтиб келиб, яна ҳаққини талаб қилибди. Шунда иш берган киши унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дебди.
Мардикор бу гапга ишонмабди. Бу одам мени масхара қилмоқда, деб ўйлаб унга:
«Аллоҳдан қўрқ! Мени масхара қилма!» дебди.
У киши эса жиддийлик билан:
«Сени масхара қилаётганим йўқ, олавер», дебди.
Мардикор сигирлар ва чўпонларни олибди.
Бу банда ғорга қамалиб қолганида Аллоҳ розилигини истаб, ихлос билан қилган ўша солиҳ амалини эслабди. Уни васийла қилиб, Аллоҳга бошига тушган ишда кушойиш беришини сўраб, ёлборибди. Аллоҳ таоло унинг илтижосини қабул этиб, ўша солиҳ амали васийласи ила ғорнинг оғзининг қолган қисмини ҳам очибди. Учавлари ғордан чиқиб, йўлларига равона бўлибдилар.
Аллоҳ таолонинг розилигини истаб бировнинг ҳаққини емаслик, зое қилмаслик, балки авайлаб-асраб сақлаш, кўпайтириш қанчалик яхши нарса экан. Бундоқ иш нафақат охират саодатига, балки бу дунё саодатига ҳам эриштириб,банданинг бошига тушган мусибатни аритишга сабаб бўлар экан.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Кишиларнинг эзгуликка чорлашда қисса услуби фойдали эканлиги.
2. Солиҳ амални васийла қилиш мумкинлиги.
3. Ота- онанинг ҳурмати ва хизмати қанчалар зарурлиги.
4. Ота-она фарзанддан муқаддамлиги.
5. Ота-онага нисбатан қилинган ҳурмат ва хизмат фарзандга нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам яхшиликлар етишига сабаб бўлиши.
6. Аллоҳдн қўрқиб, У зотга ихлос қилиб гуноҳдан қайтиш ҳам солиҳ амал ҳисобланиши.
7. Ихлос билан гуноҳ ишлардан ўзни тийиш бу дунёда эгасига яхшиликлар, бахт-саодат ва кушойишлар келтириши.
8. Бировнинг ҳаққини емаслик зарурлиги.
9. Бировнинг ҳаққини зое қилмаслик зарурлиги.
10. Иложини топса бировнинг сармоясини кўпайтириб қўйиш яхши иш эканлиги.
11. Ҳар бир ишни ихлос билан, Аллоҳ таолонинг розилигини истаб қилиш зарурлиги.
12. Ҳар бир солиҳ амал бу дунёда ҳам яхшиликлар келтириши.
Бу ҳадиси шариф баҳонасида бугунги кунимизга инсоф билан бир назар ташлайлик.
Биз бу ҳадисга амал қилмоқдамизми? Агар амал қилаётган бўлсак, қай даражада?
Биз бу ҳадиси шарифдан ўзимизга керакли фойдалар олмоқдамизми?
Агар фойда олаётган бўлсак, қай даражада олмоқдамиз?
Кишиларни Исломга даъват қилишда қисса ёки бошқа маъруф ва машҳур услублардан фойдаланаяпмизми?
Ақалли, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдаги қиссаларни замонавий услуб ила кишиларга тақдим қилмоқдамизми?
Адабиёт ва санъатнинг барча турлари кишиларни шайтоннинг йўлига чақиришда, фисқу-фасод ва бузғунчиликка чақиришда керагидан ортиқ ишлатилмоқда. Адиблик, ёзувчилик, санъаткорлик қобилияти бор кишиларнинг кўплари шайтоннинг хизматини қилмоқдалар. Нима учун Исломий болалар адабиёти бўлиши мумкин эмас? Исломий болалар томоша қиладиган асарлар бўлиши мумкин эмас?
Нима учун Исломий ҳикоялар, қиссалар, шеърлар қасидалар, рўмонлар, филъмлар бўлиши мумкин эмас?
Денгиздан томчидек бўлиб, пайдо бўлган баъзи бир Исломий асарларнинг кишиларга таъсири қанчалик катта эканини ҳаммамиз кўриб билдик-ку! Демак, ушбу ишларни йўлга қўйишимиз керак.
Энди, ота-онани ҳурмат қилиш масаласига ўтайлик.
Мусулмонман, деб юрганларнинг ичида ота-онасини қаровсиз ташлаб қўяётганлар озми?
Орамизда Аллоҳ учун ихлос билан ота-онасининг ҳурматини жойига қўяётганлар қанча?
Қанчамиз бу қисса соҳибига ўхшаб, қўлида сут ёки бошқа нарса тутган ҳолида кечаси билан ота-онасининг бо- шида тик туриб чиқа олади?
Қайси биримиз, йиғлаб турган болаларимизни қўйиб, ота-онамизга қарай оламиз?
Мусулмон киши сифатида бу ҳадисдан ибрат оляпмизми? Ота-онамизга ихлос билан, Аллоҳ розилигини истаб, қўлимиздан келганча яхшиликлар қиляпмизми? Ана шундагина бизнинг бу солиҳ амалимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида васийла бўлиши мумкин. Охиратдан олдин бу дунёда бизга яхшиликлар келтириши мумкин. Бошимизга тушган мусибатларнинг аришига сабаб бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳ ишдан қайтиш-улкан жасорат. Чунки, Аллоҳдан қўрқмай гуноҳ қилиш ҳамма учун оддий бир ишга айланиб қолган замонда, ихлос қилиб, Аллоҳнинг розилигини истаб ўз ҳавои-нафсининг хоҳишидан кечиш, гуноҳни тарк қилиш жасорат бўлмай нима? Ҳавои нафсига қул бўлиб қолган қўрқоқлар, иродасиз, заифлар гуноҳ қилиб қўйганларидан буринларига пашша қўнганчалик ҳам таъсирланмайдилар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай гуноҳдан тап-тортмайдилар. Шайтонга ва ҳавойи нафсига ғолиб келган паҳлавонгина Аллоҳдан қўрқиб, қўлга кириб турган лаззат, роҳат-фароғатлардан воз кеча олади. Ҳадисдаги қисса қаҳрамонларидан бирига ўхшаб, энди эришай деб турган оний лаззатидан Аллоҳнинг қўрқинчини устун қўя олади.
Агар кимки шу қаҳрамонликка қодир бўлса, ўз фойдаси учун улуғ савоб топишини мана шу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Агар биз Аллоҳ таолога ихлос қилиб, У зотдан қўрқиб, имконимиз бўлиб турган гуноҳдан ҳам қайтсак, охиратдан олдин, бу дунёнинг ўзидаёқ унинг фойдасини кўрар эканмиз. Чунки, кенглик пайтида биз Аллоҳга ихлос қилсак, Аллоҳ таоло бизга торлик пайтида ёрдам беради. Биз Аллоҳга ихлос қилиб имконимиз даражасида турган гуноҳни тарк қилсак, Аллоҳ бизни машаққат ғорига қамалиб қолганимизда албатта қутқаради.
«Сен Аллоҳни осонлик чоғида танисанг, Аллоҳ сени машаққат чоғида танийди», деганлари шу.
Энди учинчи қаҳрамонимиз билан ўзимизни солиштириб кўрайлик. Ҳозир мусулмонлар яшаётган ва мусулмон юрти, деб ном олган ўлкаларда иш бажарувчилар иш ҳақларини ўз вақтида ва тўлиқ оляптиларми?
Ҳамма ҳам ташлаб кетилган моли тугул ўзи қўриқлаб турган молга хиёнат қилмаслигига аминми?
Ким бировнинг ташлаб кетган молини зое қилмасдан, кўпайтириб, йиллар бўйи ушлаб турибди?
Нима учун бировдан олган қарзларимизни ҳам бермай еб кетмоқдамиз?
Нима учун бировнинг ҳаққини поймол қилишдан қўрқмаймиз?
Ёки бизга солиҳ амал керак эмасми?
Бировнинг ҳаққини зое қилмай, кўпайтиришга бериладиган савоб- бу дунёнинг хайр-баракаси бизга керак эмасми?
Энди алоҳида мисолларни қўйиб, умумий масалага ўтайлик. Ҳадиси шарифда васф қилинган ихлос, Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган амали солиҳ савияси билан ўзимиздаги ихлос ва Аллоҳ розилиги учун қилаётган амалимиз савиясини солиштириб кўрайлик.
У дунёда керакли савоб ва бу дунёда турли яхшиликка, бошимизга тушган мусибатни аритишга васийла бўла оладиган амалларимиз етарлими?
Нима учун бугунги кунда мусулмонларнинг қувончли онларидан кўра бахтсиз дамлари кўп?
Нима учун турли-туман мушкуллари кўп? Эҳтимол, солиҳ амалларидан кўра гуноҳлари кўплигидандир?
Эҳтимол, ихлослари йўқлигидандир?
Эҳтимол, Аллоҳнинг розилигини истаб амал қилмасликларидандир?
Демак, ихлосли бўлишга, фақат Аллоҳнинг розилигини истаб солиҳ амал қилишга уринайлик. Бу ҳадиси шарифни доимо ёдимизда тутайлик ва ибрат олайлик!
Буюк саҳобий Муоз ибн Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан Яманга ишга жўнаб кетаётиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга нима тавсиянгиз бор?» деганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Динингда мухлис бўл, сенга озгина амал ҳам кифоя қилади», деган эканлар.
Аллоҳ таоло барчамизни мухлис бандаларидан қилсин! Омин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан танишимиз. У зот бу ҳадисни ўзлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларида бўлиб ўтган савол-жавоб тариқасида ривоят қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишилганда саҳобалар ичида энг кўп ҳадис ривоят қилган зот эканликлари алоҳида таъкидланади. У киши розияллоҳу анҳу ҳадисга ҳарис бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳамма нарсани ташлаб қўйиб, ўзларини ҳадисга бағишлаган эдилар, десак муболаға бўлар-у, аммо ҳамма нарсадан кўпроқ ҳадисга қизиқар эдилар, десак адашмасмиз.
У киши аҳли суффадан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари суффасида яшар ва доимо У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқадиган ҳадисларни пойлаб турар эдилар. Кўпинча саволлар ҳам берар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ана шундоқ саволларидан бирида:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафо- атингиздан энг саодатманд бўладиган ким?»
Яъни, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг кўп насибадор бўладиган ким деб сўраган эканлар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим», дебдилар.
Бу эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун буюк шаҳодатдир. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг фалон саволни Абу Ҳурайрадан бошқа одам бермаса керак, деб юришларига сазовор бўлиш катта гап. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз гапларининг давомида:
«Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни чин қалбдан ихлос билан айтган одамдир», дедилар.
Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Ихлосни Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш, деб билган эдик.
Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтмоқ қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.
Ушбу ҳадисда залолатдаги муржиаларга, «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ»ни айтса бўлди, иш битди, бошқа нарса унча аҳамиятли эмас, дейдиганларга раддия бор.
Аввало, чин қалбдан ихлос билан айтиш шарт. Ихлос билан айтиш эса, амалсиз бўлмайди.
Иккинчидан, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтиш дейишдан мақсад фақат шу иборани айтишдангина иборат эмас. Чунки, ҳатто муржиаларнинг ўзлари ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳ»га «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни қўшиб айтмаса бўлмаслигини, бошқа иймон келтириш лозим нарсаларга иймон келтирмаса бўлмаслигини яхши биладилар.
Демак, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтиш, дегани Аҳли Сунна вал жамоат айтганидек, калимаи тавҳидни айтиб, унинг тақозоси бўйича иш тутишдир.
Ушбу ҳадисдан олиндиган фойдалар:
1. Қиёмат, шафоат каби нарсалар ҳақида савол бериш мумкинлиги.
2. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари у киши умматларининг ихлос ва қилган амалига қараб кўп ёки оз бўлиши.
3. «Лаа илаҳа иллаллоҳу»нинг фазли улуғлиги.
4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг аҳли фазл эканликлари.
5. Бировнинг фазли ҳақида ўзига хабар бериш мумкинлиги.
6. Ҳадисга ҳарис бўлиш-кўп қизиқиш яхшилиги.
7. Ихлос билан иш тутиш зарурлиги.
Биз мана шу ҳадиси шарифда зикр этилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, ҳадисларини иложи борича кўп ва яхши ўрганишга ҳаракат қилмоқдамизми?
Ваҳоланки, кўпларимиз ҳадис нима эканини билмаймиз.
Ҳадисни ўрганиш, унга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчи эканини англаймизми?
Ҳадис Қуръони Каримни тушуниш ва Уни татбиқ қилишда бизга энг ишончли масдардир.
Ҳадис биз ўрнак олишимиз лозим бўлган зот-Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари, амаллари, тақрирлари, сифатларининг тўпламидир.
Ҳадис мусулмон учун ҳаётнинг ҳар бир соҳасида, ҳар бир ишида Исломий кўрсатмалар манбасидир.
Ҳадисга ҳарис бўлмай туриб, уни яхши ўрганмай туриб Исломни билдим, унга амал қилдим, дейиш қийин. Бу ишда бизга саҳобаи киромлар, хусусан, ушбу ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўрнакдирлар.
Ихлосли бўлиш бурчимиздир. Ихлос бўлмаса, яхши натижага эришишимиз қийин. Ихлос бўлса, оз амалимиз ҳам кўп савоб келтиради. Шунинг учун ихлосли бўлишга ҳаракат қилайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизда манманлик деб аталадиган салбий сифат арабларда .Ужуб, дейилади. Бунда киши ўзида бор нарсадан ўзи ажабланади ва мақтанади. Манманлик уламолар истилоҳида давоми...

4424 05:00 / 28.02.2017
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилардан иборат Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби давоми...

856 19:00 / 22.10.2023
Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, давоми...

6757 16:05 / 05.10.2019
Эй, ҳақиқий рисолат булоғи қолиб, сароб сари интилаётган одам.. Кўзингни оч, ғафлат уйқусидан уйғон... Етти қават самолар узра оламлар Хожаси томонидан индирилган давоми...

3684 05:00 / 28.02.2017