1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

НИМА УЧУН ИСЛОМДА ЗАКОТ УЧИНЧИ РУКН ҚИЛИНГАН?

05:00 / 14.01.2017 3664 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нима учун Қуръони Каримда Закот сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида намоз билан бирга зикр қилинган?

Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида Закотга алоҳида эътибор берилган?
Нима учун Закотни инкор қилган одам кофир бўлади?
Бунга ўхшаган саволларни яна кўплаб бериш мумкин. Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи ила ушбу «Закот китоби»да шу ва бунга ўхшаш бошқа саволларга ҳам жавоб топишга ҳакракат қиламиз.
Мол ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қайси бир шахс, қайси бир жамият молиявий масалани, яъни, иқтисод масаласини тўғри ҳал этса, катта муваффақиятга эришишини ҳам ҳамма яхши билади.
Шунинг учун ҳам, қадимда-ю, ҳозирда бу масала кўпчиликни ўйлантириб келган ва келаётган масаладир. Ҳар ким ўзича турли усулларни қўллаб кўрган ва кўрмоқда ҳам.
Баъзилар ўзи ишлаб иқтисодий ҳолатини тўғрилашга уринса, бошқалар ўзгаларни ишлатиб иқтисодини яхшилашга ҳаракат қилган.
Учинчи тоифа эса кишилар ўртасидаги иқтисодий тафовутни йўқ қилиш учун бойларни йўқотиш зарур деб қарор қилганлар.
Тўртинчилари солиқ миршаби ишни ўз жойига келтириши мумкин, дейдилар.
Хулоса қилиб айтганда, бу масалада ҳар ким ўзича фикр-мулоҳаза ва ҳатти-ҳаракат қилган ва қилмоқда.
Лекин буларнинг ҳаммаси ҳам аввалда энг тўғри йўл, энг муносиб омил бўлиб кўринса ҳам, бора-бора камчиликлари очилиб ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмоқда.
Чунки инсонга хос бўлган ҳамма нарсанинг ҳоли шу. Инсон ўз атрофидаги нарсанигина кўради, шу ҳақида фикр юратади, холос. У барча замон ва барча маконлар учун қонун-қоида ишлаб чиқариш имконига эга эмас.
Бу иш фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти ила иш кўрса ниятига етади. Аллоҳ ўзининг охирги дини Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш Закот асосида бўлишини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтилганда, иқтисодий сиёсатга Закот асос қилиб олинса, сўнгра унга бошқа Исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ечилган бўлади.
Албатта, ҳақиқий Закот тушунчаси бугунги кунда кўпчилик ўйлайдиганича бойлар томонидан камбағалларга бериладиган уч-тўрт чақа маъносидаги Закот тушунчаси эмас. Ҳақиқий Закот жуда ҳам кенг ва шомил маънодаги тушунча эканинни Аллоҳ хоҳласа келгусида аста-секин тушуниб борамиз.
Аввал айтиб ўтганимиздек, Закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир.
Закот Исломий ибодатдир, ақиданинг ажралмас қисмидир. Ким Закотни инкор этса кофир, уни адо этмаса осий бўлади.
Закот имкони бор мусулмон одамга Аллоҳ тамонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам Закотга амал қилар экан, иқтисодий муомала эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади.
Шаръий рукнлар тартибида Закот Намоз ва Рўза ибодатлари орасида, Иймон ва Намоздан кейинги Рўзадан олдинги учинчи рукн бўлиб келган.
Фиқҳий китоблармизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, Закот ибодатлар қисмида келган.
Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам ўз аксини топгандир.
Закотда фақат моддий маъно эмас, балки, маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топгандир.
Закотда Закот берувчига ҳам, Закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.
Исломда Закот орқали мол тўплаб хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган.
Шунингдек, фақир-фуқаро, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар Закотни татбиқ қилишнинг самараси бўлиши мумкин.
Закотдан асосий мақсад инсонни молу-дунёдан устин қилиш, Инсон молу-дунёнинг қули эмас, молу дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.
Исломда аввал Закот берувчи шахс ҳақида сўз кетади. Бой одам Закот бериш билан атрофлича покланиши, гуноҳлари ювилиши, охиратда олий даражаларага эришиши ҳақида сўз кетади.
Закот бериш орқали мусулмон жамиятидаги иқтисодий жиҳатдан бақувват барча кишилар бахиллик балосидан покланадилар. Қайси бир жамиятда бахиллик бўлса, қайси бир шахсда бахиллик бўлса оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Бу муаммони ҳал қилиш учун энг тўғри йўл Закотдир.
Бошқа йўллар бахиллик муаммосини ҳал қила олмаслигини инсоният тарихи очиқ-ойдин кўрсатди. Закот орқали бахиллик балосидан қутилган шахсга ва жамият бошқа иқтисодий масалаларни ҳам жуда осонлик билан ҳал қиладилар.
Шу йўл билан жамиятдаги ҳар бир иқтисодий имконияти бор шахс ва томон жамият фойдаси учун молу-дунё сарфлашга ўз ихтиёри билан доимо тайёр бўлиб турадиган бўлади.
Закот бериш бой киши томонидан Аллоҳ берган неъматга шукр қилиш ҳамдир.
Имом Ғаззолий раҳмутуллоҳи алайҳ:
«Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъмати бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар.
Демак, Закот ибодати туфайли Закот берувчи шахс ўзининг ихтиёридаги молу-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат экани, у эса бу молу-дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги молу дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга ўтади. Бу эса иқтисодда энг муҳим омиллардан биридир. Ҳар бир шахс. Ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда зарур омилдир. Ҳозирги кундаги кўплаб иқтисодий муаммолар айнан ушбу омилларнинг етишмаслигидан келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Шундай қилиб, Закот мулкдор тарафнинг қалби, шахси покланиб, маънавий, руҳий томондан ўсиб боришига сабаб бўлади. Бундай шахс бировнинг ҳақига кўз олайтирмайдиган, ўзининг молиявий бурчларини ўрнида адо этадиган, ўз ватандошлари ва жамияти учун керакли сарф-харажатни чин қалбдан, оғишмай кўтарадиган бўлади.
Бой инсон вақтида Закотни бериб бораркан, ўз ватандошларига, жамиятига, ватанига ва бутун инсониятга меҳри-шафқати, ҳурмати-эҳтироми ва севги-муҳаббати ҳам зиёда бўлиб боради.
Закот нафақат Закот берувчининг шахсини, балки унинг молу-мулкини ҳам поклаб, сайқаллаб, зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Ислом таълимоти бўйича мол нисобга (Закот берадиган миқдорга) етгандан кейин унинг ичида Закотга ҳақдорларнинг моли пайдо бўлади. Яъни, бировнинг ҳаққи аралашади. Ўша бировнинг ҳаққи чиқарилиб берилмагунча мазкур мол пок бўлмайди. Ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳаққини - ҳаром молни қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, Закотни чиқариб берилсагина ўша мол пок бўлади.
Ислом жамиятидан бошқа жамиятларда бу тушунча асло бўлиши мумкин эмас. Замонамиздаги кўпгина молиявий муаммолар айнан шу руҳнинг етишмаслигидан келиб чиқаётганини ҳамма ҳам тушуниб етавермаса керак.
Мусулмон бой агар вақтида Закотини чиқариб бермаса, қолган моли ҳам ҳаром бўлиши, балки ҳалокатга учрашини яхши билади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида:
«Қачон бир молга Закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади», деганлар.
Шунингдек, Закот молнинг ўсишига, кўпайишига. Энг муҳими баракали бўлишига ва турли бало-офотлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Моларингизни Закот ила ўраб, ҳимоялангиз», деганлар.
Маълумки, Закот берувчи ўзига фарз қилинган молиявий ибодатни адо этиш учун Закотга ҳақдор кишиларга олиб бориб бериши керак. Улардан бошқага берса Закотнинг ўрнига ўтмайди.
Бунинг учун эса у аввало Закотга ҳақдор тоифаларни ўрганиши керак бўлади. Улар эса мискин, фақир, қул, қарздор, ватангадолардир. Бу тоифа кишиларни кимлигини ўрганиш, уларни излаб топиш ва ниҳоят улардан молиявий ибодатни адо этишга ёрдам сўраш керак, яъни, Закотни қабул қилиб олишни сўраши керак бўлади.
Бу ҳам бой-бадавлат одамда камтарлик, ўзини паст тутиш сифатларини мужассам қилиши билан бир вақтда бева-бечора, камбағал-мискин, қулу-қарздор, шунингдек ватангадоларда иззати нафс, хорликдан узоқ бўлиш, ўзлари ҳақида ўйлайдиганлар борлигини тушуниб етиш ҳиссини мужассам қилади.
Чунки, Закотни хоҳ давлат томонидан тайин қилинган вазифадорлар келтириб берсин, хоҳ Закот берувчининг ўзи олиб келиб берсин, Закот олувчини таҳқирлашга, уни паст санашга, унга миннат қилишга ҳеч ҳақлари йўқ. Агар шундай қиладиган бўлсалар, Закот олувчига миннат қилганлари туфайли берган Зокотлари ботил бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат қилиш ва озор бериш билан ботил қилманг!» деган.
Демак, Закот туфайли уни олувчилар хору зорлик, бировга ялиниш, ўзини пастга уриш ва бошқа шунга ўхшаш ҳоллардан қутиладилар.
Закот уни берувчиларни бахиллик, манманлик балосидан поклагандек, уни олувчини ҳам ҳасад, ичи куйиш каби дардлардан поклайди. Бойдан Закотни қабул қилиб олган, ундан гўзал муомала кўрган камбағал унга ҳеч қачон ҳасад қилмайди. Аксинча унга доимо ҳурмат-эҳтиром билан қарайди, унинг ҳаққига дуо қилади, Аллоҳдан «унинг моли яна ҳам кўп бўлсин, менга ўхшаганларга яна ҳам кўпроқ Закот берсин», деб сўрайди.
Ўрни келганда ўша бойнинг молини ҳам, жонини ҳам ҳимоя қилади. Ислом жамиятида шариат таълимоти татбиқ қилиниб турганда, бойлар вақтида Закотни бериб турганда «йўқолсин бойлар!» каби шиорлар кўтарилмаслиги ҳам шундан!
Закот ибодати Закот берувчига ҳам Закот олувчига ҳам кўплаб фойда келтирар экан, демак, у жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Шунинг учун ҳам Закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўпгина мушкилот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Ижтимоий таълимот масаласини олиб кўрайлик. Ислом бу масалани Закот орқали ўн беш аср олдин ҳал қилиб қўйган. Ҳозирги замонда эса кўп давлатлар бу муаммони ҳал қила олмай бошлари қотиб ётибди. Умуман «ижтимоий таъминот» деган истилоҳни ҳозирги ҳамжамият АҚШ ва Англия орқали 1941 йилдан ишлата бошладилар. Унгача бу нарса хаёлларига ҳам келмаган.
Закот орқали ижтимоий таъминот масаласи ҳал этилишини тушуниб етиш қийин эмас. Бунинг учун Закотдан тушган маблағ кимларга сарфланишига бир назар солинса кифоя.
Закот, фақирлага, мискинларга, унда хизмат қилувчиларга, қалбини Исломга улфат қилиш керак бўлганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва ватангадоларга берилади.
Бу масала кези келганда иншааллоҳ муфассал ўрганилади. Аммо, ҳозир бир назар ташлаш билан бир жамиятдаги бойлар ўз ихтиёрлари билан молларидан маълум қисмини чиқариб мискин, фақир, қул, қарздор, ватангадо каби кишиларга бўлиб бериб турганларида нима бўлишини тушуниб олиш қийин эмас.
Шундай қилиб, жамиятдаги барча ижтимоий таъминот масалалар ҳал қилинади. Закот туфайли жамиятда камбағаллик, тиланчилик, кўчада қолган шахслар, қаровсиз қолган қариялар ва болалар муаммоси ҳамда шунга ўхшаш кўпгина ишлар ҳал этилади.
Ҳозирги куннинг иқтисодий муаммоларидан бири жамиятдаги мавжуд пул-маблағ маълум бир жойга тўпланиб қолиб, «айланмай» туриб қолиши эканлигини иқтисодчилар кўп такрорлайдилар. Одамлар қўлидаги пулни қайтариб ололмай ҳукматлар, иқтисодий муассасалар қийналадилар. Нақд пулга эҳтиёж кўпайиб, янги пул чиқарилаверса пулнинг қиймати тушиб кетиши ҳам сир эмас. Закот ила ушбу муаммони ҳал қилишга ҳам йўл очилади. Ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан кабағалларнинг қўлига ўтади. Натижада «айланмай» туриб қолган нақд пулнинг маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди.
Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида душман томондан урушсиз ўлжага тушган молу мулкни бир неча синфларга жумладан, яқин қариндош, етимлар, мискинлар ва ватангадоларга бўлиб беришга амр қилганидан сўнг «Сизлардан бўлган бойларнинг орасида айланиб юрмаслиги учун», дейди.
Яъни, мол-мулк бойлар орасида туриб қолмаслиги учун мазкур синфларга ўлжани бўлиб беринг, деганидир. Худди шу ҳикмат Закотга ҳам тегишлидир.
Жамиятда Закотга ҳақдор кишилардан бир тоифаси қалбларини улфат қилиш зарур бўлган кишилардир. Яъни, Ислом жамиятига хайрихоҳ бўлишларига ҳожат тушадиган одамлардир. Бу тоифага янги мусулмон бўлган кишилар ёки мусулмон бўлишидан умид қилинган кишилар киради. Бу дегани бошқа халқлар вакиллари билан алоқаларни яхшилаш масаласида ҳам Закот хизмат қилади, деганидир.
«Аллоҳнинг йўлида» деган бандда эса, асосан, ҳарбий харажатлар киради. Яъни, жамиятдаги аскар-армияни тутиб туриш учун керак бўлган сарф-ҳаражатларга ҳам Закотдан сарфланади. Ҳозирги кунда бу мақсаддаги сарф-харажатлар давлатлар учун асосий муаммо бўлиб турганини ҳисобга олсак, бу билан жамиятнинг яна бир оғири енгиллашади.
Ҳозирги кунда жамиятдаги мавжуд ҳақиқий бойликни аниқлаш жуда ҳам мушкул ишлардан бири бўлиб турибди. Чунки мол эгалари солиқ тўлашдан қочиб, ўз молу мулклари, даромадларини турли услублар билан яширадилар. Бу эса ўз навбатида иқтисодий ҳисоб-китоб қилиш, келажак режалар тузиш ишини мушкуллаштирмоқда.
Агар Закот ибодати тўғри равишда йўлга қўйилса, бу муаммо ҳам осон ҳал бўлади. Чунки иймон-эътиқод тақозоси ила, Аллоҳ фарз қилган молиявий ибодатни адо этиш учун ҳар бир мулкдор ҳар йили бир марта ўз мулкини аниқ ҳисоблаб, Закотини чиқаради. Закот нафақат пулдан, балки чорва ҳайвонларидан, зироатчилик маҳсулотларидан, конлардан ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан ҳам чиқарилишини ҳисобга олсак, ҳар йили жамиятдаги молу-мулк ҳисоб-китоби харажат сарфламай амалга оширилади.
Мусулмонлар Закот ибодатини шариатда кўрсатилганидек адо этганларида уларнинг иқтисодий муаммолари бўлмаган. Албатта, Закот мукаммал Ислом низомининг бир ҳалқасидир. Бу халқанинг ёлғиз ўзи низомнинг бошқа ҳалқаларисиз ўзидан кутилган самарани бериши қийин. Лекин Ислом низомига тўла ҳаракат қилиш жараёнида Закотга ҳам иложи борича ҳаракат қилиб келинмоқда.
Умар ибн Абдулазиз халифалик даврларида кенг худуддли Ислом давлатида Закот тўпланиб, Закот оладиган одам топилмай қолган. Бу давлатдаги ҳар бир оила Закот бериш даражасига етган деганидир. Шунда уламолар йиғилишиб тўпланган Закотни «Аллоҳнинг йўлида» бандига амал қилиб, Африқода Исломни тарқатиш ишларига сарфлаш керак, деган фатво чиқарганлар.
Бугунги кунда кўпгина юртларда Закот ибодати адо этилмаётгани маълум. Баъзи жойларда қисман адо этилаётгани ҳам аниқ. Баъзи жойларда бу масалани қайтадан ўрганиб, йўлга қўйиш ҳаракатлари ҳам бор.
Бизнинг ушбу сатрларимиз ҳам Закотга тегишли шаръий таълимотларни ўрганиш йўлидаги ожизона бир уринишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи ёдамчимиз бўлсин ва ўрганганларимизга амал қилишни насиб этсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Бакр унга Аллоҳ Ўз Расулига амр қилган Закотни ёзганда .Закотга қари, ғилай ва қўчқор чиқарилмайди. Магар садақа давоми...

3125 05:00 / 14.01.2017
Ер ости бойликлариолтин, уран, кумуш, мис, қўрғошин, кўмир, нефт, темир ва ҳакозолар қанчалик катта бойлик эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Уламоларимиз Аллоҳ давоми...

4660 05:00 / 16.01.2017
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА НИМА БЎЛАДИАйтайлик, бир киши Закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, Закотини бераётган одам Закот олишга ҳақиқатда ҳақли, давоми...

3642 05:00 / 14.01.2017
Бу икки тоифа бирбирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар давоми...

3004 14:30 / 13.04.2022
Аудиолар

120091 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41760 14:35 / 11.08.2021