1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Никоҳнинг шаръий ҳукми

05:00 / 15.02.2017 3600 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқорида ўтган сатрларда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ўрганиб чиқдик. Албатта, булардан ўзга далиллар ҳам кўп, лекин уларнинг ҳаммасини зикр қилишга имкон йўқ. Баъзи намуналар билан танишиб чиққанимиз етади.

Хулоса шуки, Исломда кишилар никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳ таолнинг бандаларига қилган амри мана шу: бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда яшасинлар, жинсий майлларини пок йўл билан қондирсинлар. Мусулмонлар мана шу илоҳий кўрсатмага ҳамиша қатъий амал қилганлар.

Баъзи бир гуруҳлар ва дийнларда уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўша тоифаларнинг иши авжига чиққан даврларда уларнинг ўлкаларида аҳоли сони қисқариб кетган. Одамлар ўша дийнни маҳкам тутишга ҳаракат қилишлари оқибатида оила қуриш, бола-чақа орттиришдан бош торта бошлаганлар. Лекин инсон табиатига зид бўлган бу иш узоққа бормаслиги аниқ.

Дарҳақийқат, шундай ҳам бўлди. Кишилар мазкур дийнга қарши бош кўтардилар. Дийн фақат ибодатхонада бўлиши керак, бошқа нарсаларга аралашмасин, деган даъво билан чиқдилар ва бу талабларига эришдилар ҳам. Оқибатда ҳаётнинг ҳамма соҳаларида янгича йўналиш пайдо бўлди. Жумладан, эркак-аёлларнинг орасидаги муносабатларда ҳам. 

Мазкур дийндан ўч олиш учун ҳаракат қилаётган кишилар ҳар бир нарсани қасддан тескарисини қилишга уринар эдилар. Улар жинсий ҳаётда кўплаб тазйиқларга учраганликлари учун жинсий ҳурриятга даъват бошланди. Ҳамма зинони фахр деб биладиган даражага етди. Оила қуриш, никоҳда бўлиш қолоқлик, эскилик сарқитига берилиш, деб баҳоланадиган бўлди. 

Охир оқибат кишилар бошига кўплаб мусийбатлар ёғилди – турли касалликлар тарқалди, оила низоми бузилди. Бунинг натижасида ижтимоий алоқалар заифлашди, турли муаммолар келиб чиқа бошлади. Хуллас, инсоният катта зарар кўрди ва кўрмоқда.

Ана ўша муаммо ва мусийбатларни кўриб, биз, мусулмонлар бахтли кишилар эканлигимизни тушуниб етмоғимиз лозим. Бошқа халқлар оилавий ҳаётни қандай қуришни билмай, сарсон бўлиб турган бир пайтда бизнинг дийнимиз бизларни энг саодатли оила низоми билан таъминлаб қўйган. Биз фақат бор, тайёр нарсани ўрганиб, амал қилсак бўлди.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантиргандир. Чунки бу робита Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.

Аллоҳ таоло инсон ҳаётининг маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун аввало никоҳга амр этган. Қолаверса, У Зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун шундай қилган. 

Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча Пайғамбарларининг суннати, азиз-авлиёларнинг одати қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло никоҳни инсон наслининг кўпайиши учун энг яхши восита этиб қўйган.

Эркак ва аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.

Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.

Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлаш билан бирга, зино каби ҳаром ишдан ҳам ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз насли-насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди. 

Никоҳ туфайли оила деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан дунёга келган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этади. Шундай йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Уларнинг бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади. 

Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса, бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса, жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.

Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади. 

Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат, деганлар. Улар, Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир, дейишган. «Никоҳ ибодатдир» деб ҳукм чиқарган мужтаҳидларнинг пешволари имом Аъзам Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳи бўладилар. Албатта, бу гапни айтган азизларимизнинг далиллари бор. 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари: 

«Ё Аллоҳнинг Расули! Моли кўплар ажрни олиб қўймоқдалар. Биз намоз ўқиганимиз каби намоз ўқийдилар, биз рўза тутганимиз каби рўза тутадилар, молларининг ортиқчасини садақа қиладилар», дейишди.

«Албатта, ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир такбир садақадир, ҳар бир ҳамд садақадир, ҳар бир таҳлил садақадир, амри маъруф садақадир, наҳий мункар садақадир. Бирингизнинг (жинсий) яқинлиги ҳам садақадир», дедилар.

«Ё Аллоҳнинг Расули! Биримиз шаҳватини қондирса, унга бу ишда ажр бўладими?» дейишди.

«Айтинглар-чи, агар у ўшани ҳаромга қўйса, гуноҳ бўлармиди? Шундай. Қачон уни ҳалолга қўйса, бу унинг учун ажр бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган. 

Зино хавфи аниқ бор бўлган вақтдаги никоҳ ҳатто Ҳаждан ҳам олдинги ўринга қўйилади. Аллоҳ насиб этиб, оила қурган кишилар катта бахтга эришган зотлар ҳисобланадилар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», дедилар». 

Тобароний ва Ҳоким ривоят қилганлар. 


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким уйланса, батаҳқиқ, иймонининг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилисин», дедилар».

Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Ҳатто зоҳирий мазҳабдагилар ўз одатларича тушуниб, мўътадил пайтда никоҳ фарз бўлади, дейишган. Лекин ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан уламолар жумҳури никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтганлар: 

Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати Набавия ва Ислом умматининг ижмоъси орқали кирган: 

1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган. Ўша оятлардан баъзиларини юқорида ўрганиб ўтдик.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар. 

Улардан баъзиларини ўргандик, қолганларини, иншааллоҳ, яна ўрганамиз.

3. Ислом уммати, уламолар жумҳури никоҳ зарур эканлигига доимо иттифоқ қилиб келишган.

Кишиларнинг турли ҳолатларига қараб, никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турличадир.

1. Фарз-вожиб.

Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан, ҳаққини адо этишига ишонса, бундай одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади. Чунки мусулмон кишининг ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши матлубдир. 

Ислом шариатида «вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир», деган қоида бор. Бу ерда ана шу қоидага амал қилинади. 

Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.

2. Ҳаром.

Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, бундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади. 

Бу ҳолатда Ислом шариатининг «ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир», деган қоидаси ишга тушади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш – ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлганлиги учун бу ҳолатда унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.

3. Макруҳ.

Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, бундай одам учун никоҳ макруҳдир.

4. Суннати муаккада.

Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса, жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.

Кишилар орасида оммавий учрайдиган ушбу ҳолат ва унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўпчилигида баён этилган ҳолатдир. 

Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканлигига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар «Бу суннати муаккада вожибга тенг», дейдилар.

Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.

5. Мубоҳ.

Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.

Ушбу зикр қилинган нарсалардан никоҳ – оила қуриш дийнимиз тарғиб қилган ибодат эканлигини билиб олдик. Эрдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Бу ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда қурилади, яхши билиб олмоғи керак.

Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади: 

1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини зийнатлаш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида оила олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий макон эмасми? Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақийқий ибодатни адо этган бўлади.

2. Оилавий ҳаётдан, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юкловчи гўзал бир ҳайъат деб қараш лозим. 

Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олижаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак. Бу эса ўз навбатида ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни ўзаро келишган ҳолда виждонан адо этишини тақозо қилади.

3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак. 

Никоҳ алоқаси маънавий, руҳий отифа – кўнгил алоқасидир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши лозим. Ҳар бир одам ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ЗИҲОРНИНГ БАЁНИЗИҲОРНИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ШАРЪИЙ МАЪНОЛАРИ Зиҳорrdquo лафзи зоҳрrdquo сўзидан олинган бўлиб, бел деган маънони билдиради. Зиҳор муфоъалаrdquo бобидан давоми...

2951 05:00 / 15.02.2017
ОТАОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ БАЪЗИ КЎРИНИШЛАРИ ЁҲУД МУШТИПАР ОНАНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИБу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. давоми...

4180 05:00 / 15.02.2017
Умр савдоси ҳақида бу китобчада ёзишнинг қандай зарурати бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, ҳалол савдо ҳақида гаплашишга киришдикми, демак, гапимиз давоми...

3633 05:00 / 15.02.2017
Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди ва энг аввал муносиб келин ахтаришга киришилади. Қандоқ келин энг муносиб келин ҳисобланади Бу саволга турли давоми...

3951 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118793 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40743 14:35 / 11.08.2021