1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Никоҳ бу Аллоҳнинг амри

05:00 / 15.02.2017 4453 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшиш”, “яқинлик”, “боғланиш” маъноларини англатади. Никоҳдан асосий мақсад – зурриёт қолдириш ва ҳаромдан сақланиш, асосий шартлардан бири келинга куёв томонидан маълум бир ҳадя – маҳр берилишидир. Никоҳсиз қўшилиш зино ҳисобланади.

Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатлари билан гувоҳлар ҳузурида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида бандаларига қарата шундай хитоб қилади:

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Никоҳнинг учта асосий шарти бор: 1. “Ийжоб ва қабул”, яъни бирининг оғзаки таклифи ва иккинчи томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак. 2. Никоҳ чоғида камида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди. 3. Маҳр белгиланиши, яъни эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки нималиги аниқлаб олиниши керак.

Минг афсуски хозирги пайтда айрим инсонлар ислом динида никоҳда асосан мана шу учта шартини унитиб, уларга жуда катта эътибор бермай қўймоқдалар.

Никоҳдаги гувоҳларнинг қандай инсон бўлишлиги, уларнинг шарти ҳақида ҳам озроқ ўйлаб олсак, гувоҳлиги қабул бўлиши учун улар адолатли инсонлар бўлишлиги шарт қилинган-ку, гувоҳликка келаётган ёшларими шу масъулиятни тўлиқ биладими? Ёки улар фақат имзо чекиш учун келмоқдами? 

Маҳр масаласи ҳам айрим чекка туманларимизда нафақат ёшлар балки ёши катталар ҳам нима эканлиги ҳақида тўлиқ илмга эга эмаслиги афсуски ҳақиқат. Маҳр ҳақида илмга эга куёвларимиз ҳам шу борада озгина бахиллик қилаётгани, никоҳдан кейин бериш шарти билан никоҳлари ўқилгандан кейин ҳам маҳрни бермай ҳар куни маст холда келиб хотинини талоқ қилаётган, эртасига бу ишига пушаймон бўлиб илмли инсонларнинг олдига фатво сўраб келаётганлар кўпайиб кетмоқда.  

Юқорида келтирган никоҳнинг шартлари қолиб, биринчи қиладиган ишларимиз қуда тарафнинг бойлиги ва мансаби ҳақида ўйлайдиган, совчиликда шариат қонунлари ва ҳукмлари бир ёқда қолиб тоғорабоз айрим аёлларнинг ҳар хил урф одатлари ва исрофгарчиликдан бошқа нарса бўлмаган удумлари, тўйни қайси номдор тўйхонада қилиш, қайси машҳур саноткорларни тўйга чақириш, энг қиммат таклифномалар ёздириш билан ва қанча-қанча исрофлардан иборат тўйларимиз кўпайиб кетмоқда. 

Лекин никоҳ нима, унинг асосий учта шарти тўлиқ бажарилдими, маҳр берилдими ёки ўша пулнинг 10-15 баровари қайсидир видиога, расмга ва бошқа замонавий урфларимизга сарфланмоқда. 

Минг афсуски шунча исроф ва хўжакўрсинлар ила ўтган зиёфат ва тўйларимиз, бу икки ёшнинг бахтли бўлишига кафолат бўлмай қолмоқда. Тўйдан бир хафта ўтар – ўтмас аррашиб судда мол талашмоқда.

Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёв тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Бу нарса айримлар ўйлаганидай “кераксиз машмаша” ҳам эмас ёки пул бериб маълумотнома олувчилар фикрлаганидек уддабуролик ечими ҳам эмас. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта ҳаражатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг давосиз, бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. 

Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

2012 йил “Мустаҳкам оила йили”да оилаларнинг маънавий камолоти, моддий фаровонлиги, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг нурли келажаги учун давлатимиз истиқлол йилларида кўп хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Оиладаги унча-мунча катта-кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп хам эътибор бермаслик, ундан улкан иш ясамаслик лозимдир. Шунда, иншоаллоҳ, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Хуллас, оила бошлиқлари, яъни ота-оналар намунали, аҳил оила қурсалар, фарзандларнинг тарбияси ҳам осон бўлади. Бинобарин, оиланинг муқаддас даргоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим.

Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Ўз табиатига кўра, уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

“Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”.

Энг муҳими, ана шу барча жуфтликлар ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудодларнинг энг олийси бўлмиш одамзот жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган, айни пайтда бир-бирисиз ҳаёт кечиролмайдиган қилиб яратган.

Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Маълумки, мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқи тўла тўкис ҳимоя қилинади. Чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир. Аёллардан катта ва кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, сиёсат арбоблари, фан докторлари ва ҳатто Ўзбекистон қаҳрамонлари мавжудлиги дилимизни қувонтиради, албатта.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, насл давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.

Пайғамбар (а.с.) ҳам умматни никоҳ асосида турмуш қуришга чақирганлар. Бу мавзуда кўплаб ҳадис шарифлар ҳам ривоят қилинган. Бир ҳадисда: “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”, - дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш борки, булар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланиш”, - деб марҳамат қилинади (Имом Термизий ривояти).

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар (а.с.) ахлоқлари, ислом одоби билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради.

Демак никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар (а.с.)нинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, “қўли калталиги”ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки томоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда ҳар иккаласидан алоҳида розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар ҳам эшитишлари никоҳнинг шартларидандир.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.

Мазҳабимиздаги мўътабар манбалардан бири бўлган “Дуррул-Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да зикр этилганидек: “Одамзотга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларининг ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Никоҳдан сўнг қурби етганича, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда халққа дастурхон ёзиб меҳмон қилиш ва икки ёшнинг никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримиз кўрсатмаларидандир.

Анас (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келтирилади:

“Набий (с.а.в.) Абдураҳмон ибн Авф (рз.)да сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?”, - дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллони маҳр қилиб бериб, бир аёлга уйландим”, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима (зиёфат) қилиб бер”, - дедилар.

Ушбу ҳадисга биноан уйланган киши бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат бериши мустаҳабдир.

Никоҳда ҳозир бўлганлар, зиёфатга келганлар келин-куёвга Аллоҳ таолодан хайру барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб дуо қилишлари, уларни тўй билан табриклашлари Пайғамбаримиз (с.а.в.) қолдирган суннат амаллардандир.

Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз (с.а.в.)га эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигулик бўлиши лозим. Бу эса, ўртамизда сақланиб қолган ислом одоб-ахлоқи ва меҳр-оқибатининг давом этишига сабаб бўлади.

Урф-одатларимизга кўра катталар, хусусан ота-оналарнинг ёш келин куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кирган. Машҳур саҳобий Анас ибн Молик (рз.)дан нақл қилинган ривоятда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг саҳобалари эрининг ҳурматини ва хизматини қилишни янги келинларга буюрар эдилар, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор эрингни терговчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган масалаларни мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади. 

Энг аввало, аёлларга чиройли муомала қилиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзликда камчиликларини айтиш, буни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада биз билмаган, ақлимизга келмаган Аллоҳ таолонинг ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас бир неча яхшилик борлиги маълум. Аёлларнинг оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни дунёга келтириши шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу ҳақда ҳадис шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Мўмин одам мўминага ғазабланмасин! Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бежизга ҳадисда: “Агар бирон нохушлик қилса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, - деб айтилмаган.

Арзимас айб топиб, фарзандларингиз онаси, кечалари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин-ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга кучингиз етдими? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар такрорланмаслиги учун унга яраша шароит яратиб бериш эркак кишининг вазифаси эканини унутмаслик лозим.

Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбарининг суннатига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин! 


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Никоҳ, луғатда қўшилиш, жамланиш, яқинлашиш маъноларини англатади.Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли икки боғланувчига бир биридан шаръий асосда давоми...

11372 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Умр йўлдош танлаш давоми...

4871 05:00 / 06.03.2017
Ҳар бир жамиятда раҳбар бўлиши керак бўлганидек, оила деб номланган кичик жамиятда ҳам раҳбар бўлиши лозим. Бу масалани бошқалар қандай ечганига назар соладиган давоми...

6301 09:04 / 24.09.2021
Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд васалавотларимиз бўлсинСўнги даврларда дунёдаги оламийлашув натижасида давоми...

20409 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

118733 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40696 14:35 / 11.08.2021