1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Никоҳ

15:31 / 07.10.2017 7521 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмоъси орқали кирган: 

1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган. 

Ўша оятлардан баъзиларини юқорида ўрганиб ўтдик.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар. 

Улардан баъзиларини ўргандик, қолганларини, иншааллоҳ, яна ўрганамиз.

3. Ислом уммати, жумҳури уламолар никоҳ зарур эканлигига доимо иттифоқ қилиб келганлар.

Турли кишиларнинг ҳолатига қараб, никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турличадир.

1. Вожиб-фарз.

Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан, ҳаққини адо этишига ишонса, ундай одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади. 

Чунки мусулмон киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши матлубдир. 

Ислом шариатида «Вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир», деган қоида бор. Бу ерда ана шу қоидага амал қилинади. 

Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш  оила қуриш вожиб бўлади.

2. Ҳаром.

Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, ундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади. 

Бу ҳолатда Ислом шариатининг «Ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир», деган қоидаси ишга тушади. 

Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлганлиги учун унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.

3. Макруҳ.

Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, никоҳ бундай одам учун макруҳдир.

4. Суннати муаккада.

Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса, жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.

Кишилар орасида оммавий учрайдиган ушбу ҳолат ва унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўпчилигида баён этилган ҳолатдир. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканлигига далилдир. Ҳанафийлар «Бу суннати муаккада вожибга тенг», дейдилар.

Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.

5. Мубоҳ.

Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади».

Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин никоҳ – оила қуриш дийнимиз тарғиб қилган ибодат эканлигини билиб олдик. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рисоладаги хотинБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймОна тилимизда ҳали чуқур луғавийилмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган давоми...

9806 04:25 / 15.03.2017
Рисоладаги эрБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳозирги кунда ҳаётнинг ndash умргузаронликнинг кўп соҳаларида инсоний алоқалар ниҳоятда издан чиқиб кетган ва бу нарса давоми...

6409 18:32 / 14.03.2017
10. 32. Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади.Луқмон ўғлига шундай деди .Эй ўғлим, ким отаонасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким отаонасини норози қилса, давоми...

8102 19:04 / 17.04.2018
.Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмоъси орқали кирган 1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида давоми...

7521 15:31 / 07.10.2017
Аудиолар

120283 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41929 14:35 / 11.08.2021