1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Нега Қуръон Маккада, араб тилида ва арабларга нозил бўлган?

18:36 / 06.04.2018 8806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Энг муносиб жой» деганда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон: Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ жойларни кўзда тутмоқдамиз.

Бутун олам учун ҳидоят маёғи бўлмиш Аллоҳнинг охирги китобининг айнан шу ерларда нозил қилиниши беҳикмат бўлмаган. Аллоҳ таоло ўз Қуръонини нозил этиш учун ихтиёр қилган жой бир қанча ўта муҳим омиллар қатори, Қуръон даъватининг оламшумуллигидан ҳам келиб чиққан эди. Қуръон даъвати Аллоҳ таолонинг охирги ва ҳамма инсоният учун қиёматгача кўзланган бир даъвати эди.

Маккаи Мукарраманинг бундай даъватнинг маркази қилиб танланишининг ҳикмати шунда эдики, у муқаддас шаҳар қуруқликнинг қоқ марказида жойлашган эди. Инсоният бу ҳикматни яқинда, Қуръон оятларини ўрганиш жараёнида англаб етди. Қуръони Каримнинг «Анъом» сурасидаги: «Биз туширган ушбу Китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир...» оятини илмий равишда ўрганаётган жуғрофия олимлари Уммул Қуро номи билан машҳур бўлган Маккаи Мукаррама ернинг қуруқлик қисмининг қоқ марказида жойлашганлигини кашф қилдилар.

Демак, бутун ер юзи учун мўлжалланган илоҳий китоб –  Қуръони Каримни нозил қилишга энг муносиб жой сифатида ер куррасининг инсон яшовчи қисмининг қоқ ўртаси ихтиёр қилинган экан.

«Энг муносиб тил» деганда Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал рисоласи маъноларини ифода этиш учун ихтиёр қилган тилни – араб тилини кўзда тутмоқдамиз.

Дарҳақиқат, Қуръони Каримдек қиёматгача боқий қолиши лозим бўлган илоҳий дастур учун ўзига хос имкониятларга эга бўлган тил керак эди.

Қуръони Каримдек ҳидояти бутун инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошлаши лозим бўлган илоҳий Китоб учун мазкур масъулиятни адо эта оладиган тил керак эди.

Қуръони Каримдек ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжиза бўлган Китоб учун алоҳида хусусиятларга эга бўлган тил керак эди.

Ана ўша тил араб тили эди. Қуръони Карим нозил бўлгандан ҳозирги лаҳзагача барча илмий баҳсларда Аллоҳнинг охирги ва мукаммал каломининг баёни учун энг муносиб тил фақатгина араб тили экани қайта-қайта таъкидланмоқда.

«Энг муносиб халқ» деганда ўша, Қуръони Каримнинг нозил бўлиши даврида Арабистон ярим оролида яшаб турган арабларни кўзда тутмоқдамиз. Дунёдаги барча халқлар қатори, ўша вақтдаги арабларнинг ҳам яхши ва яхши бўлмаган томонлари бор эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримни биринчи бўлиб қабул қилиб олишга танлаган халқнинг – арабларнинг яхши сифатлари ҳам, яхши бўлмаган сифатлари ҳам Ул Зотнинг ҳикмати ила Қуръони Карим учун хизмат қиладиган бўлди.

Араблар ўша даврнинг энг жоҳил, энг илмсиз, энг урушқоқ, энг тартибсиз халқи эди. Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг қисқа муддат ўтиши билан улар энг маданиятли, энг билимдон, энг одобли ва энг тартибли халққа айландилар. Бу эса Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан бири эди.

Агар Аллоҳ таоло ўзининг охирги китобини ўша даврнинг энг билимдон, энг маданиятли ва қадимдан етакчилик қилиб келаётган халқига нозил қилганида, мазкур мўъжиза юзага чиқмас эди. Кишилар «Бу халқ азалдан илмли, маданиятли, интизомли ва одобли бўлиб келган, энди «Бизга илоҳий калом тушди», деб даъво қилишмоқда, холос», дер эдилар.

Арабларнинг Қуръони Каримни қабул қилиб олишлари учун хизмат қилган яхши сифатларидан бири уларнинг ёдлаш қобилиятларининг кучлилиги эди. Улар ўқиш-ёзишни билмаганлари учун ҳамма нарсани – тарихни, насабларини, турли қасидаларни ёдлаб олиб, авлоддан-авлодга ўтказиб келишарди.

Улардаги ана шу хислат Қуръони Каримни ҳам ўта аниқлик билан, Аллоҳ таолодан қандай нозил бўлса, шундай ҳолида ёдлаб олиб, авлоддан-авлодга ўтказишга хизмат қилди.

Албатта, Аллоҳ таоло ўз Қуръонини арабларга бевосита туширавергани йўқ. Балки уларнинг ичидан, нафақат арабларнинг ичидан, балки бутун инсоният ичидан энг афзал бандасини – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олиб, ўша зотга нозил қилди.

У зот эса Аллоҳнинг каломини ўз умматларига омонат ила етказдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг бу борадаги одати шу эди. Ана ўша урф бўлиб қолган одатга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илоҳий каломни Жаброил алайҳиссалом келтириб турдилар.

Олам тарихидаги энг муҳим ҳодиса Ҳиро ғорида Рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлди.

Ўша куни тарихдаги энг улуғ иш – Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал Китоби нозил бўла бошлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келсаю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. давоми...

7411 14:11 / 26.10.2018
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

3648 05:00 / 23.01.2017
Сабаби нузулни ифода қилиш бўйича ишлатиладиган таъбирлар ҳам турлича бўлади.Баъзида .Фалон оятнинг сабаби нузули бундай,, дея очиқ айтилади. Унда сабаб аниқ давоми...

4286 17:00 / 26.06.2019
«Энг муносиб жой» деганда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ жойларни кўзда давоми...

8806 18:36 / 06.04.2018
Аудиолар

120109 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41776 14:35 / 11.08.2021