1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нега дуолар қабул бўлмайди?

21:00 / 01.02.2019 11856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимиз ичида Аллоҳга муқарраб инсонлар кўп бўлган. Бутун вужуди, қалби покиза, муттақий зотларнинг дуолари боис эл-юрт осойишта яшаган, дастурхонлари неъматларга тўлган. Ҳойнаҳой, сиз ҳам дуолари ижобат бўлган улуғ зотлар хусусида эшитгандирсиз. Халқнинг: “Дуолар билан эл кўкарар, ёмғир билан ер кўкарар”, деган ҳикматларида ҳам бир олам маъно бор...

Бугунги ҳолатимизга назар солиб, гоҳ ўзимизга, баъзан қўшнимизга қараб ҳайратга тушамиз. Чунки қўллар дуога очилади, бироқ кўзлар олазарак кезинади. Тил бир хил дуоларни такрорлайди, хаёлимиз аллақаерларда сарсон: Аслида, дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири Аллоҳдан чин дилдан сўраш. Ўй-хаёл турли-турли жойларда юрса-ю, тил қуруқ ғулдираса, бундай ҳолатда дуоларимиз қабул бўлармикин?
Инсон зоти борки, ҳар доим, ҳар дақиқада Аллоҳ мададига муҳтождир. Гоҳо қалблар эриган, дил-дилдан Парвардигорга илтижо этилган бир камёб ҳолатлар содир бўлади, айнан шундай вазиятларда дуо ижобатидан умид бор.
Бизнинг жамиятимизда турли эътиқодий мезонлар асосида яшаётган одамлар кўп: ибодатли-ибодатсиз, тақволи-тақвосиз, иймонли-иймонсиз... Ибодатсиз, иймонсиз кимса қандай қилиб, қайси юз билан Аллоҳга илтижо этади? Тўғри, бошига мусибат ёғилса, ишлари юришмаса, тижорати касодга учраса ва шунга ўхшаш ҳолатларда ибодатсиз кимсалар ҳам беихтиёр Яратувчини эслаб қоладилар. Дуо талабида бўладилар. Фақат ва фақат ўз манфаатлари, моддий эҳтиёжлари, бу дунёдаги шоҳона маишатлари учун дуо сўраб кимларгадир мурожаат ҳам қиладилар. Бу тоифа одамлар фарз нелигини, дунёнинг ўткинчилигини, имонсизларнинг дўзахга тушишини, имонли-эътиқодли инсонлар учун жаннатлар ҳозирлаб қўйилганини билмайдими? Бирор даврда шу мавзуда сўз очилса, куч-қуввати, ёшлигини ёки кексайганида ибодатга ўтишини ичидан айтиб ўтиради. Айримлар эса бундай гапларни эшитмасликка олади, эшитган тақдирда ҳам уларга чўпчак деб қарайди.
Аллоҳни танимаган, ғафлат уйқусида ётган қалб эгаларининг дуолари қабул бўлмайди. Шу мазмунда ҳадислар бор.
Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Ким дуосининг қабул бўлишини ва ғамлардан фориғ бўлишини истаса, муҳтож кимсаларга ёрдам берсин”.

Аллоҳдан умидвор банда дуоларининг қабул бўлиш шартлари бор:
1. Луқмаи ҳалол дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири саналади. Ҳалол луқма билан вужуди озиқланган мўмин кишининг қалби ёруғ, юзи нурли бўлади. Ҳаром луқма қалбни қорайтиради, фикрни чалғитади, Аллоҳдан узоқлаштиради, ҳатто Аллоҳни унуттиради. Ҳалол луқма инсоннинг ичкарисини гўзаллаштиради, поклайди.
2. Айни чоқда, дуогўйнинг устидаги кийим-кечаги ҳам покиза бўлиши керак. Бу ҳам муҳим шарт.
3. Мўмин киши Аллоҳдан нимани сўраган бўлса, унинг қалби айнан шу нарса билан машғул бўлиши ва дуогўйда шу дуосининг ижобатига тўла-тўкис ишонч бўлиши лозим.
Биз инсонлар ожизмиз, хатокормиз. Дуо қилиб, умид этамиз. Тавба-тазарруъ қиламиз. “Энди бу дуоларим қабул бўлмаяпти, шекилли”, деган шубҳадан умидворлик доимо устун келиши керак. Чунки қабул бўлиш ёки бўлмаслик сири ёлғиз Аллоҳга аёндир. Эҳтимол, уларнинг ижобати қиёмат куни учун заҳирага қолдирилгандир.
Дуолар ижобати бойликка, куч-қувватга, насабу мансабга ва ҳатто баъзан илмга ҳам асло боғлиқ бўлмаслигини англаш керак.

Воқеа: Фозил ака деган очиқкўнгил бир танишим бор. Уч-тўрт йил олдин ҳажга бориб келди (Аллоҳ қабул қилсин). Таассуротларини сўйлади ҳаяжонланиб. Мавзуга тегишли ўринларни ёзиб ўтаман:
“Худога шукр, ҳалоллик билан тирикчилик ўтказдим. Сомсапазлик, маҳсидўзлик қилдим, тижорат билан шуғулландим. Ҳозир иссиқхонада памидор-бодринг етиштириб сотаман...
Намозларимда дуолар қилдим: “Эй Аллоҳим менга ҳам ҳаж ибодатини насиб қилгин”. Аллоҳга осон-да! Қўлим узайди. Бордим. Энди ҳаж мавсумида, айниқса, Каъба атрофида одам жуда кўп бўлар экан. Ҳамма бутун вужуди билан ибодатга шўнғиган. Бу ибодатнинг ўзига яраша машаққати ҳам, ҳузур-ҳаловати ҳам бор-да. Каъбаи муаззама атрофида “лаббайка” айтиб айланамиз. Энди мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳажарул асвадни ўп-ганларини олимлардан эшитган эдим. Ҳаж ибодати кунлари шу гўзал амални ҳам адо этишни ўйлаб юрдим. Бироқ буни бажариш амримаҳолдек гўё. Ҳажарул асвадга яқинлашиш жуда қийин. Жуссам кичкина-да. Гўё ҳамма мени турткилайди, четга суради. Хўрлигим келади. Энди нима қилдим? «Нима қилардинг, Фозил, — дедим ўзимга ўзим, — дуо қиласан...» Қўл очиб: «Эй Аллоҳим, шу ҳажарул асвадни мен ҳам бир ўпайин. Аллоҳим, ўзингдан бошқа ёрдамчим йўқ», дедим. Шу дуодан сўнг қарасам, менга икки баробар келадиган басавлат уч-тўрт занжи мусулмон биродарларимиз изига эргашиб қолибман. Қай тарафга кетаётганим ҳам яхши ангашилмайроқ қолди. Кетавердим. Таваккал. Аммо бир пайт қарасам, Каъбанинг шундай бурчагида, шундайгина ҳажарул асвад ёнида турибман... Ўпиб-ўпиб олдим. Аллоҳга шукр”.
Дуоларнинг ижобат бўлиши хусусида Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул-Қофилин” китобида қуйидаги танбеҳлар келади:
Бир ҳакимдан сўраган экан: «Биз дуо қиламиз, лекин дуоларимиз ижобат бўлмайди. Аллоҳ таоло: “Менга илтижо — дуо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман”, деб айтган-ку?!»
Ҳаким айтибди: “Сиздаги етти хислат дуоларингизнинг ижобатини манъ қилади”.
“Қайси хислатлар?”
Ҳаким жавоб берибди:
“Сизлар Раббингизни ғазаблантирасизлар, аммо Унинг ризосини талаб қилмайсизлар, яъни, Аллоҳнинг ғазаби вожиб бўладиган ишларинг учун пушаймон қилмайсизлар.
Бизлар Аллоҳнинг бандаларимиз, дейсизлар, аммо банданинг ишини қилмайсизлар, яъни, банда хўжаси буюрганни бажаради ва Унинг амридан чиқмайди.
Сизлар Қуръонни ўқийсизлар, лекин унга эргашмайсизлар, яъни, тафаккур ва таъзим билан ўқимайсизлар, буйруқларига амал қилмайсизлар.
Биз Муҳаммаднинг (с.а.в.) умматимиз, дейсизлар-у, у зотнинг суннатига амал қилмайсизлар, яъни, сизлар одатларга ва расм-русумларга амал қилиб, суннатга эргашмайсизлар.
Сизлар дунёни яланғоч деб айтасизлар, аммо унга ишониб қолгансизлар.
Сизлар ҳаром ва шубҳали луқма ейсизлар. У икковидан қайтмайсизлар. Охират дунёдан яхшироқ, дейсизлар, лекин охират талабида ҳаракат қилмайсизлар ва охиратдан кўра дунёни кўпроқ хоҳлайсизлар”.
Бошқа бир ривоятда келишича, Саъд ибн Абу Ваққоснинг (р.а.) дуолари ижобат бўлмаётгани хусусидаги саволига Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Саъд, ҳаромдан сақлан, чунки қоринга бир луқма ҳаром кирса, банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”, дея жавоб берган эканлар. Ҳалол луқмада гап кўп.
Биз мусулмонлар кўпинча қуръоний дуоларни ўқиймиз. Бу дуолар маъносини билишимиз керак. Шунингдек, бизнинг ўлкамизда ўзбек тилида шеърий оҳангга солиб, сажли қилиб айтиладиган дуолар ҳам бор. Шаръан бу тарзда дуо қилиш исломий одобларга мувофиқ келмайди. Биз учун дуонинг оҳанги, сажи, узун бўлиши эмас, балки самимийлиги, қабул ва ижобат бўлиши муҳимдир.
Эй биродар! Агар дуоларингиз қабул бўлаётган экан, сиз бахтлисиз, сизга ҳавас қиламан!
Эй нафсим! Дуоларим ижобатида умидсизликка тушсам, ўзимдан хафаман, ўзимдан айб излайман, ўзимни ислоҳ этаман, ўзга чора йўқ.

Баҳодир КАРИМ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп. давоми...

1715 10:45 / 01.08.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ давоми...

1851 20:10 / 19.05.2019
Валид ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Жобирдан ривоят қилади .Абу Абдурраб Дамашқнинг бойларидан эди. Бир куни у тижорат қилиш учун Озарбайжон томонга йўлга давоми...

1657 11:36 / 28.11.2020
Жаннатда Одам алайҳиссалом қизларининг бир хил ёшда бўлиши, аммо ҳурлар турлича экани, жаннат аҳлининг нафслари қандай хоҳласа, шундай ndash кичик ёки катта давоми...

13842 08:45 / 17.01.2019
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021