1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Насиҳат ҳақидаги оятлар ва ҳадислардан намуналар

20:17 / 09.11.2017 5959 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насиҳат ҳақидаги оятлардан


Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Кейин улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг рисолатини етказдим ва сизга насиҳат қилдим. Лекин сиз насиҳат қилувчиларни севмассиз», деди» (79-оят).

Бу ояти каримадаги сўзлар Солиҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир. У киши Аллоҳ таолонинг набийларидан биридир. Аллоҳ таоло бандаларига юборган анбиёларнинг бош вазифаларидан бири ўз қавмига насиҳат қилишдир. Солиҳ алайҳиссалом ҳам ўша вазифани шараф билан адо этганлар. Аммо афсуски, насиҳат қилувчиларни ёқтирмайдиган нобакор қавм Солиҳ алайҳиссаломни севмаган, у кишининг насиҳатларига қулоқ осмаган ва оқибатда ҳалокатга учраган.

Аллоҳ таоло яна Аъроф сурасида марҳамат қилади: 

«Кейин улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг рисолатларини етказдим ва сизга насиҳат қилдим. Энди қандай қилиб кофир қавмга ачинай», деди» (93-оят).

Бу оятдаги сўзлар Аллоҳ таолонинг набийси Шуъайб алайҳиссаломга тегишлидир.

Яъни Шуъайб алайҳиссалом тўғри йўлга – ҳидоятга юришга кўнмаган саркаш қавмдан юз ўгирдилар ва ниҳоят, улар Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлганларидан сўнг уларга бу ҳалокатнинг асл сабабини эслатиб:

«Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг рисолатларини етказдим…» дедилар.

Яъни «Ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшаганингизда, бундай даҳшатли ҳолга тушмас эдингиз».

«...ва сизга насиҳат қилдим».

Яъни «Кофир ва осий бўлиб эмас, иймонда собит туриб, Аллоҳнинг шариатига амал қилган ҳолда яшашингиз хайрли бўлишини етказдим ва кўплаб панд-насиҳатлар қилдим. Аммо насиҳатларга қулоқ осмадингиз. Оқибатда амалингизга яраша барчангиз ҳалок бўлдингиз. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Сизнинг бу аҳволингизга қайғуриб бўлмайди:

«Энди қандай қилиб кофир қавмга ачинай», деди».

Аллоҳ таоло ушбу суранинг 61-62-оятларида марҳамат қилади: 

«У айтди: «Эй қавмим, менда залолат йўқ. Ва лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсаларни биламан».

Пайғамбарларнинг вазифаси – кишиларга тушунтириш, даъватни етказиш. Шунинг учун Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан номаъқул жавобни эшитган бўлишларига қарамай, уларга ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилдилар ва уларнинг кўнгилларини овлаш учун:

«Эй қавмим, менда залолат йўқ», дедилар.

Яъни «Мен сиз ўйлаётгандек, адашганим йўқ. Мен адашувда эмасман».

«Ва лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман».

Сизларга ўзимдан-ўзим сўзлаётганим йўқ. Барча оламларнинг Робби мени сизларга пайғамбар қилиб юборди. Ўша улуғ вазифани адо этиб, мен

«Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман...»

Аллоҳ таоло икки дунё саодатига эришишингиз учун нималар қилишингиз лозимлигини баён қилиб, сизларга кўрсатмалар – амрлар, наҳийлар, турли ҳукмлар йўллади. Мен сизга ушбу юборилган кўрсатмаларни етказ­япман, холос. Шу билан бирга, керак бўлиб қолганда, сизларга ўз томонимдан

«...насиҳат қиламан...»

Чунки мен

«...ва Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсаларни биламан».

Худди шу билимим менга сизларга насиҳат қилиш учун имкон беради.

Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳат борасидаги баъзи ҳадиси шарифлари билан танишиб чиқайлик.

 

Насиҳат ҳақидаги ҳадислардан


Бу борада келган ҳадиси шарифлар кўп. Улардан баъзиларини шарҳимиз давомида ўрганамиз, иншааллоҳ. Ҳозир эса баъзи намуналар билан танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

 

Насиҳат Аллоҳ таолога энг маҳбуб ибодатдир.

 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бандамнинг Менга қилган қуллигининг энг маҳбуби Мен учун насиҳат қилишидир», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Банда борки, Аллоҳ таолога иложи борича кўпроқ ва яхшироқ қуллик – ибодат қилгиси келади. Зотан, ўзини билган ҳар бир банданинг энг эзгу орзуси Аллоҳ таолога маҳбуброқ ишни қилиб, У Зотнинг розилигига ва кўп савоб олишга сазовор бўлишдир. Бу орзуга эришиш йўлида қўлидан келган барча чора-тадбирларни ишга солади. Ушбу ҳадиси қудсийда Аллоҳ таолонинг Ўзи банданинг энг маҳбуб қуллиги У Зотнинг розилиги учун насиҳат қилиш, холис бўлиш эканини айтиб турибди. Бас, мўмин банда ушбу ҳақиқатни бир зум ҳам унутмасин ва доимо Аллоҳ таоло учун насиҳатда бўлсин. Аллоҳ таоло учун насиҳат қандай бўлишининг тафсилотини Тамим Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини шарҳ қилиш давомида ўрганамиз.

 

Насиҳат Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва У Зотга ширк келтирмаслик билан бир қаторга қўйилган. 

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ уч нарсага рози бўлади ва уч нарсага ғазаб қилади: Унинг Ўзигагина ибодат қилиб, ҳеч нарсани Унга ширк келтирмаслигингизга, Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутишингизга ва Аллоҳ ишингизга валий – бошлиқ қилиб қўйганларга насиҳатлашишингизга рози бўлади. Сизлардаги «деди-деди»ни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёқтирмайди».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ўзаро ишбошиларига, раҳбарларига нисбатан бир-бирларига яхши насиҳатлар қилиб туришлари ўта аҳамиятли ишлардан бири экани алоҳида таъкидланмоқда. 

Ушбу ҳадиси шарифда бошлиқларга насиҳат қилиш иши Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиш ва У Зотга ширк кетирмаслик ишларига тенгаштирилмоқда.

 

Насиҳат мўминнинг мўминдаги ҳақларидан биридир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўминга нисбатан мўминнинг зиммасида олти хислат бор: бемор бўлса, кўргани боради; ўлса, ҳозир бўлади; даъават қилса, қабул қилади; учраса, салом беради; акса урса, соғлик тилайди; ва ғойиб бўлса ҳам, ҳозир бўлса ҳам, фойдасига насиҳат қилади».

Термизий ривоят қилган.

Демак, борида ҳам, йўғида ҳам бир мўминнинг фойдасига яхшиликни раво кўриб иш қилиш ҳар бир мўминнинг бурчи экан. Бу эса доимий равишда жамиятдаги ижтимоий алоқаларнинг яхшиланишига хизмат қилади. Ана шу муҳим ишлардан бири мўминнинг ўз мўмин биродарига насиҳат қилишидир.

Насиҳат банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган омиллардандир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга жаннатга энг аввал кирадиган учтаси арз қилинди: шаҳид; иффатли бўлиб, иффатини сақлаган; Аллоҳнинг ибодатини яхши қилган ва мавлоларига насиҳат қилган, холис бўлган банда», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Дин насиҳатдир китобидан)


 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик қилиб юриб кексайишдир. Агар банда Ўзини йўқдан бор қилган Роббини давоми...

2166 14:30 / 26.06.2019
Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жанглардан бирида яраландилар. Бадрда қатнашганлар, муҳожир ва ансорлар у киши ётган давоми...

1979 08:05 / 28.10.2019
Бир киши ҳаж қилди. Ҳаж амаллари тугагач, юртига қайтиш олдидан Каъбанинг эшиги олдига келиб .Аллоҳга ҳамд бўлсин, У Зотнинг биз биладиган ва билмайдиган барча давоми...

5088 12:00 / 17.03.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини намоз ўқишдан олдин бир неча дона ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо давоми...

1845 17:00 / 13.05.2020
Аудиолар

119967 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41656 14:35 / 11.08.2021